Электорат манфаатларини ҳимоя қилиш: партия ташкилоти ҳамда депутатлар зиммасидаги муҳим вазифа ва масъулиятдир

0
26

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ЎзМТДПнинг барча даражадаги ташкилотлари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Мурожаатномада қачон ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет  ижроси тўлиқ таъминланса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо берса бўлади, дея таъкидланган. Халқ билан мунтазам мулоқотда бўлиш, уларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор билан ёндашиш, одамларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилишга кўмаклашиш партия ташкилотлари  ва гуруҳларининг ҳамкорликдаги фаолиятини тақозо этади. Бу эса Президентимиз белгилаб берган ҳар бир вазифанинг ҳудудлардаги ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Жиззах. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши ҳам муносиб иштирок этишга интилаётир. Партия ғоялари, дастурий мақсад-вазифалари амалий тадбирлар воситасида кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

Инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш сифати ва даражасини оширишга кўмак­лашиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг устувор вазифалари сирасига киради. Бу борада партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, хусусан, қуйи бўғинлари давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Қуйи бўғинлар, айниқса, ҳудудий масалаларга ечим топишда электоратнинг энг яқин суян­чига айланган. ЎзМТДП Жиззах вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиб, ҳудуддаги мавжуд масала-муаммоларни ўрганиш, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини ҳудудий партия ташкилотлари ёхуд партиядан сайланган депутатларга етказишда бош-қош бўлаётир.

ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши аъзоларининг асосий қисми навқирон авлод вакиллари, яъни 13,5 мингдан ортиқ партия аъзосининг 9 минг нафари ёшлардан иборат. Партия “Ёшлар қаноти” сафига бирлашган бу ёшлар бугун ҳар жабҳада фаол. Ўтган даврда “Китобнинг ёшлар маънавиятини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамияти” лойиҳаси, “Юртим тарихини ўрганаман” шиори остида “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” акцияси,  “Депутат билан юзма-юз”, “Уйма-уй” каби лойиҳалар, очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар, “Навоий ворислари” кўрик-танлови партия аъзолари орасида фаол ва ташаббускор ёшлар сони янада ортишига хизмат қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демок­ратик партияси Марказий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятида 16 бепул ўқув курси фаолият юрита бошлади. Мазкур курс­ларда 150 нафар уюшмаган ёшларга таълим берилди. Шунингдек, “Иффатли келин” нодавлат таълим муассасаси Жиззах вилоят филиалида ҳам ушбу лойиҳа доирасида ўқув-курслари ташкил этилди. Мазкур ўқув-курсларида маҳаллалардан жалб қилинган 20 га яқин уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларга касб-ҳунар ўргатилди.

Партия ташкилотлари ўтган йилда халқ билан мулоқот қилиш ва уларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Масалан, партия вилоят кенгашидаги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш секторига 1 минг 373 мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 677 таси партия ташкилотлари ҳамда депутатлар иштирокида ижобий ҳал этилди, 488 таси юзасидан тегишли мутасаддиларга депутатлик сўрови юборилди, қолганлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.

Рақамларга таянилса, Жиззах вилоятидаги ЎзМТДП ташкилотлари талаб даражасида фаолият олиб борган, деб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, партия Жиззах вилоят кенгашининг мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш лозим.

— Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатларнинг асосий фаолияти партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, дастурий мақсад-вазифалар, электорат манфаатларини ҳокимият вакиллик органларида муносиб ифода этиш, ҳимоя қилишга қаратилиши лозим, — дейди халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Баҳром Мамажонов. — Партия ташкилотларимизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини танқидий-таҳлилий ўрганиш ва муҳокама қилиш амалиёти йўлга қўйилган. Бу ўз самарасини бермоқда. Партия вилоят кенгаши ҳам халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳларининг ҳар ойлик, чораклик, ярим йиллик ва йиллик фаолиятини таҳлил қилиб бораётир. Бунда кўрсаткичлар ўзаро қиёсланиб, муҳокама қилиняпти. Натижада қайси партия гуруҳининг иш самарадорлиги қай даражада эканлиги яққол намоён бўлмоқда.

Таҳлиллар ўтган йилда халқ депутатлари Жиззах вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар ўтган йилда сессиялар кун тартибига 32 масала, доимий комиссияларга 25 таклиф олиб чиқиб, қарор қабул қилинишига эришди. Партия гуруҳлари ташаббуси билан 48 мансабдор шахс ҳисоботи тингланди, депутатлар 420 депутатлик сўровини амалга оширди.

Тошкент вилояти. Бугунги тезкор замонда ҳал этилиши зарур бўлган долзарб вазифалар борки, бу ҳар бир кишига, айниқса, депутатларга алоҳида масъулият юклайди. Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари ана шу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлиш, уларни қийнаётган масалаларда ёрдам беришда муайян ишларни амалга оширмоқда. Тегишли ташкилот ва корхона раҳбарларига депутатлик сўрови юбориб, аҳолидан тушган мурожаатларни ҳал қилишга интилаётир.

Айни пайтда халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида 78 депутат фаолият олиб бормоқда. Ўтган йилда ЎзМТДП гуруҳлари амалдаги қонунлар, Президент фармонлари, давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари ижроси бўйича 492 депутатлик сўровини амалга оширди, уларнинг 324 таси ижобий ҳал этилди. Партия гуруҳларининг ташаббуси билан 98 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 28 ташаббус-масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинди.

Электорат манфаатларига хизмат қиладиган, ҳудудлар учун долзарб аҳамиятга эга масалаларни ўрганиш, улар юзасидан сессияларга таклиф-ташаббусларни олиб чиқиш партия гуруҳларининг доимий эътиборида. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари айни пайтда ҳудудда туризмни ривожлантириш, қадимий қадамжоларни ўрганиш ва уларни янада обод қилиш каби вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Масалан, ўтган йил давомида Оққўрғон туманидаги Шохруҳия ва Қанқа тарихий қадамжолари, Пискент туманидаги Қирққиз ва Бўғзиён ота зиёратгоҳларининг аҳволи ўрганилди. Мазкур масала халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясига киритилди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Сессиялар кун тартибига халқ депутатлари Бўс­тонлиқ ва Юқори Чирчиқ туман Кенгашларидаги партия гуруҳи 2 тадан, Бек­обод шаҳри, Бекобод, Оққўрғон, Пис­кент, Чиноз, Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Янгийўл туман Кенгашларидаги партия гуруҳи эса 1 тадан ташаббус-масала олиб чиққан. Ангрен ва Чирчиқ шаҳар, Бўка, Зангиота, Олмалиқ туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари йил давомида сессиялар кун тартибига бирорта ҳам масала олиб чиқмаган. Бугун партия гуруҳлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколатлари жуда кенг. Бироқ бу имкониятлардан мазкур партия гуруҳлари самарали фойдаланмаганини қандай изоҳлаш мумкин?

— Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳар куни ўз ҳудудидаги сайловчилар билан мулоқотга киришади, фикр-мулоҳазаларидан хабардор бўлиб, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганади, — дейди ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров. — Депутат, ўз навбатида, ваколатларидан фойдаланиб, аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳисса қўшадиган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш имконига эга. Фақат гап улардан самарали фойдаланишда, лоқайдликка берилмай, зиммасидаги масъулиятни унутмасликда.

ЎзМТДП Тошкент вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари 2018 йилда ҳам “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ҳаётга изчил татбиқ этиб, фаолият юритишни мақсад қилган.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг