Фракциялараро рақобат муҳити талабга жавоб берадими? ЎзМТДП фракцияси раҳбари журналистларнинг шу ва бошқа саволларига жавоб берди

0
33

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этди. Унда ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишлар ижроси юзасидан фракциянинг 2017 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоби ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномадан келиб чиқиб, 2018 йилдаги вазифалари хусусида ахборот берди.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган мазкур тарихий маърузалари асосида ўтган йилдан буён парламент палаталари, сиёсий партиялар ва уларнинг фракциялари фаолиятида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Сенатор ва депутатларнинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати ҳамда сайловчилар билан ишлаш борасидаги фаолиятида муайян натижаларга эришилмоқда.

Бу борада ЎзМТДП фракцияси аъзолари ҳам партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, самарали фаолият юритишга интилмоқда.

— Президентимизнинг дастуриламал маърузалари, уларда белгилаб берилган муҳим вазифалардан келиб чиқиб, фракциямиз ўз иш режасини қайта кўриб чиқди, тубдан янгилади, — деди С.Отамуратов. —Ҳар бир йўналишда олиб борилган ишлар, энг аввало, инсон манфаатини таъминлашга, одамларнинг дарду ташвишларини, муаммоларини ҳал этишга қаратилди. Фракция аъзолари ўтган йили қонун ижодкорлиги соҳасида партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган 20 қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида ташаббус­корлик кўрсатди. Шунингдек, 2017 йил 12 июлда Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, фракция аъзолари яна 3 қонун лойиҳасини ишлаб чиқди, унинг 2 таси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган 136 қонун лойи­ҳасининг 56 тасига фракция аъзолари масъул бўлди ва уларнинг такомиллаштирилишида фаол иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан фаолиятимизга Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда муҳокама этилган қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш амалиёти татбиқ этилди. Масалан, фракциямиз йиғилишларида биринчи ўқишда муҳокамадан ўтган 15 қонун лойиҳаси, жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонунларнинг лойиҳалари бош­ланғич, маҳаллий ва ҳудудий партия ташкилотларида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларида, турли ташкилотлар ва жамоат вакиллари ўртасида атрофлича муҳокама этилди. Натижада қонун лойиҳаларига 300 дан ортиқ таклиф-тавсиялар келиб тушди ва улардан 78 таси инобатга олинди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, партия ва унинг фракцияси ўтган йилда ЎзМТДП дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишга алоҳида аҳамият қаратди. Фракция аъзолари ташаббуси билан маданият соҳасига оид 2 та — “Маданият тўғрисида”ги ҳамда “Театр ва театр фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни қабул қилиш юзасидан ҳам фаол иш олиб борилмоқда.

Фракциянинг назорат-таҳлил йўналишидаги фаолияти бўйича ҳам муайян саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига “Туризм тўғрисида”ги қонун ижроси ҳамда мамлакатда соҳани ривожлантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий шарт-шароитлар яратиш истиқболлари ҳақида”ги парламент сўрови юборилиб, тегишли жавоб олинди ҳамда бу борада Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди. Шунингдек, фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш, ушбу қарорларнинг қонунийлигини таъминлаш тўғрисидаги ахбороти эшитилиб, кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва ижроси назоратга олинди.

Фракция аъзолари ҳудудларда соғлиқни сақлаш муассасалари ҳолатини атрофлича ўрганди. Бунинг натижасида айрим ҳудудлардаги тиббиёт масканларида дори воситалари ва тиббий буюмлар етишмаслиги, ушбу муассасалар малакали кадрлар билан таъминланмаганлиги, биноларнинг талабга жавоб бермаслиги каби муаммо ва камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Аниқланган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича маълумот тайёрланиб, Соғлиқни сақлаш вазирилигига тақдим этилди ва ижроси назоратга олинди. Фракция ҳамда Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан даволаш муассасасининг Ягона ахборот макони концепцияси ишлаб чиқилди. Электрон амбулатор карталар, электрон навбат, янги навигацион мажмуани шифокорларга йўналтиришдан иборат ушбу ахборот тизими синов тариқасида дастлаб Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникада жорий этилди. Бу тизим ижобий натижа бергани туфайли Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун уни республикамизнинг барча даволаш муассасаларида қўллашни режалаштирмоқда.

 

Фракция аъзолари “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганди ва муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрди. Ҳудудларда ўтказилган учрашувларда депутатлар 89 давлат органи, 541 тадбиркорлик субъекти, 319 ижтимоий соҳа объекти, 212 маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда 4 минг 149 хонадон — жами 5 минг 310 объект­даги ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишди. 60 мингга яқин аҳоли вакиллари билан хонадонларда юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Ўрганиш ва мулоқотлар давомида аҳоли, асосан, уй-жой коммунал, бандлик, таълим, тиббий хизмат, савдо ва маиший хизмат, банк-кредит, пенсия, нафақа таъминоти билан боғлиқ долзарб масалаларни кўтарди. Уларнинг учдан бир қисми жойида ҳал этилиб, қолганларига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Фракция аъзолари мурожаатлар асосида мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича тегишли ташкилотларга 86 депутатлик сўрови юбориб, 62 масалани (74 фоиз) ижобий ҳал этди, 13 мурожаат масъул вазирлик ва идоралар билан бирга ўрганилган бўлса, қолган 11 мурожаат 2018 йил Давлат дастурларига киритилди.

Матбуот анжуманида ЎзМТДП фракцияси жорий йилда ҳам қатор амалий ишларни бажаришни режалаштиргани алоҳида қайд этилди. Жумладан, маданият вазирининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси юзасидан ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича ахборотларини эшитиш назарда тутилган. Шунингдек, Ўзбекистон Респуб­ликасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга ошириш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция қабул қилиб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодекси, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар.

— Президентимиз ўз маърузаларида қонунчилик амалиётида ишламайдиган, яъни “ўлик” қонунлар ҳақида сўз юритиб, танқид қилган эди. Сизнингча, “ўлик” қонунлар бўлмаслиги учун нима қилиш керак?

— Ҳақиқатан ҳам, айрим қонунлар қонуности ҳужжатларига мувофиқ эмас ёки бир-бирига зид ўринлар мавжуд. Айрим қонунларда эса ишламайдиган меъёрлар кўп. “Ўлик”, яъни ишламайдиган қонунлар ва уларнинг меъёрларидан воз кечиш учун, энг аввало, соҳалар бўйича қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказишимиз лозим. Бундай холатга келгусида ҳам йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир соҳада қонун лойиҳасини тайёрлашда мавжуд ҳолатни пухта ўрганиш, уларни аҳоли, кенг жамоатчиликка мурожаат қилган ҳолда ишлаб чиқиш керак. Бунинг учун қонун ижодкорлари, депутатлар доимий равишда халқ билан мулоқот қилиши, одамларнинг муаммо-қизиқишларини ўрганиши лозим. Ана шунда ҳаётий ва халқчил қонунлар яратилади, уларда ишламайдиган меъёрлар бўлмайди.

— Бугун партиялараро рақобат, фракциялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар ва қизиқарли дебатлар қай даражада йўлга қўйилган? Бу борадаги мавжуд ҳолатни қандай баҳолайсиз?

— Бу борадаги фаолиятимизни қониқарли, деб бўлмайди. Энг оғриқли нуқтамиз, энг катта камчилигимиз ҳам шунда. Фракциялар қонун лойиҳалари муҳокамаси жараёнида ўз партияси позициясини тўлақонли ҳимоя қила олаётгани йўқ. Партия ва фракциялар ўртасидаги баҳс-мунозаралар ва қизиқарли дебатлар ҳам етарли даражада, деб бўлмайди. Фракциялар ўртасидаги соғлом рақобат, жонли баҳс-мунозара қонунчиликнинг янада такомиллашувига, миллий парламентимиз ривожига хизмат қилади.

— Бундан бир қанча вақт муқаддам ЎзМТДП фракцияси юртимиздаги маданий мерос объектларини инвентаризациядан ўтказиш, уларнинг рўйхатини шакллантиришни охирига етказиш масаласини кўтарган эди. Бу борада нима ишлар амалга оширилмоқда ва қандай натижаларга эришилди?

— Тан олиб айтиш керакки, юртимиздаги барча маданий мерос объектлари тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилган, деб бўлмайди. Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, айни пайтгача 7 мингдан ортиқ маданий мерос объектининг рўйхати шакллантирилган. Лекин қанчадан-қанча маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжати йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу рақам янада ортиши мумкин. Шу боис биз бу борада аниқ рўйхатни шакллантириш ишларини изчил давом эттиряпмиз. Шу пайтга қадар Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги тарихий мас­канларнинг кадастр ҳужжатлари тайёрланди ва рўйхатга олинди. Жорий йилнинг 10 февралигача барча маданий мерос объект­ларининг фотосуратларини йиғиб, Вазирлар Маҳкамаси ва Маданият вазирлигига тақдим этишни режалаштирганмиз. Қолаверса, маданий мерос объектларини ҳужжатлаштириш, уларни ҳимоя қилиш мақсадида давлат бюджетидан йилдан-йилга кўпроқ маблағ ажратилишига эришаяпмиз. Масалан, 2017 йилда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун давлат бюджетидан 22,5 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2018 йилда бу 38,7 миллиард сўмни ташкил этди. Келгуси йилларда бу йўналиш учун маблағларни янада оширишни мақсад қиляпмиз.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг