Ҳазрати инсон тафаккурини ўзида жо этган асар

0
35

Инсоният пайдо бўлибдики, доимо мукаммалликка интилиб яшайди. Барча замон ва маконда бу мавзу бош масала бўлган. Ўз даврининг буюк алломалари баркамол шахс чизгилари ҳақида ўз фикр, ғоя ва тасаввурларини  баён қилишган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат
Мирзиёев ташаббусларида ҳам баркамол шахсни тарбиялаш долзарб масала сифатида яққол намоён бўлмоқда. Китобхонликнинг кенг тарғиб қилиниши, “Адиблар боғи”нинг ташкил этилиши, ёш ижодкорларнинг Зомин семинари тикланиши, адиблар ва матбаачиларга яратилаётган шароит ва имтиёзлар — буларнинг барча-барчаси айни шу эзгу мақсадларга қаратилган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарини ҳам барча ишларимиз ва саъй-ҳаракатларимизда маънавий дарслик деб биламиз. Китобда инсониятнинг тарихий тараққиёти “Инсон ва маънавият” нуқтаи назаридан таҳлил этиб берилган. Юксак маънавиятли жамият қуриш нафақат буюк алломаларнинг, балки энг оддий инсонларнинг ҳам оддий орзуси бўлиб келган.

Асарни ўқиб-ўрганган инсон маънавият жўн тушунча эмаслигига яна бир бор амин бўлади. Ишни нимадан бошлаш керак, деган саволга “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарига мурожаат қилишдан бошлаш керак, деб жавоб қилиниши табиий. Негаки, асар келажагимизга масъуллик руҳи билан ёзилган, қолаверса узоқ йиллар давомида тўпланган билим ва ҳаётий тажрибалар маҳсулидир.

Китобдаги “маънавиятни тушуниш, англаш учун аввало инсонни тушуниш, англаш керак”, деган теран мазмунли фалсафий хулоса инсон ва маънавият масалалари билан шуғулланувчилар фаолиятининг мазмун-моҳиятига айланиши лозимлигини англатади. Оддий хизматчидан тортиб юксак мартабали раҳбаргача, болалар боғчасидаги тарбиячидан тортиб йирик олимгача, уйида бола тарбияси билан машғул онадан то ҳар куни ишга бориб келаётган отагача — барча-барчаси таълим-тарбия масалалари билан шуғулланадилар. Таълим-тарбия инсон қалбига йўл очади. Инсон қалбига йўл топишда таълим-тарбия, маданият ва маърифат соҳаси вакилларининг масъуллиги алоҳида эканлигини қайд этиш лозим.

Жамият шиддатли ўзгаришлар, тезкор ахборот алмашувлари даврига тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Вақт ўтгани сари бу жараён жадаллашмоқда. Шунга мос равишда қарашларимиз, тушунчаларимиз, онгу тафаккуримиз ҳам замонавийлашиб, янгидан янги маълумотлар билан бойиб, билимларимиз кенгайиб, маънавий-маърифий соҳадаги фаолиятимизни муттасил равишда тўлдириб, унинг қирраларини тизимлаштириб боришимизни тақозо этмоқда.

Баъзан маънавият — бу шу соҳа ходимларининг иши, деган мазмунан нотўғри фикрлар ҳам қулоққа чалиниб қолади. Маънавият — ҳаммамизнинг ишимиз, юриш-туришимиздан тортиб гапирилаётган ҳар бир сўз, жумла маънавиятга дахлдор. У кўча-кўйда бўладими, бирон тадбир ёки бошқа жойдами, бир хил қийматга эга. Айниқса, таълим соҳасида таълим-тарбиянинг узвийлиги муҳим аҳамият касб этади. Ўқимишли инсон маърифатли бўлиши, бошқалардан бир даража юқори туриши лозим. У қанча кўп ўқиган бўлса, шу даражада юксалиши ҳам сир эмас.

Биринчи Президентимиз Ислом
Каримов ўз асари воситасида истеъмолга  янги тушунчаларни олиб кирди: “маънавият” тушунчасини бойитди, унинг ниҳоятда серқирралигини, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали кам эмаслигини кўрсатиб берди. Шу ўринда “маънавий таҳдид” тушунчасига эътибор қаратайлик. Маънавий таҳдид — тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлар, деб таърифланади. Маънавий таҳдид кўп ёхуд оз бўлса-да, ҳамма замонда ҳам бўлган. Ушбу асарда бу тушунча умумлаштирилган, таърифи келтирилган.

Биз бугун диний экстремизм, “оммавий маданият”, ёт мафкуралар,“қалам акулалари”, дауншифтерлар, айрим секталар ҳақида гапиряпмиз. Яна киберлудомания (гемблинг), космополитизм, эгоцентризм, гедонизм каби таҳдидли кўринишларга қарши маънавий кураш олиб боряпмиз. Уларнинг экспорт қилинаётганлиги, ёшлар учун ниҳоятда таҳдидли эканлигини таъкидлаяпмиз. Хўш, улар бугун бизга қай даражада таҳдид қилаяпти?

Яқинда бир йиғилишда ёшгина қизимиз “оммавий маданият” тўғрисида жўшиб гапирди. Қизимизнинг кийиниши эса менда бу қизча айтаётган гапларига нақадар амал қилади, ўзи нимани хоҳлайди, деган саволларни пайдо қилди.

Сайловчилар билан учрашиш мақсадида қишлоқларда кўп бўламиз. Бир мактабнинг дарвозаси рўпарасида ўрта ёшлилар, қариялар тўпланишиб, уззукун карта ўйнар экан. Ўқувчилар мактабдан чиқиб келяпти — уларнинг кўзи нимага тушяпти, онгу-шуурида қандай ўйлар кечяпти? 4 соат дарс осмонга учиб кетмаяптимикин?! Маҳалла раисига бир неча марта айтганимиздан сўнг карта ўйнаш жойини бироз нарироққа силжитишга эришдик, холос.

Назорат-таҳлилга чиқдик. Коллежга бордик. Ахборот-ресурс марказига кирсак, бир қиз кутиб олди. Жавонлардаги китобларга кўз югуртирдим. Ғоявий жиҳатдан мустақиллик мафкурасига мос келмайдиган китоблар турибди. Биттасини олиб, қиздан сўрадим. Бу китобчани ўқигансизми? Бу китобда нима ҳақида гап боради? Билмайди. Бошлиғини чақирдик. Зебу зийнатга чулғанган бир опа келди. Сўрадим. Билмайди. Директорнинг маънавият бўйича ўринбосарини чақиртирдик. У ҳам ўқимаган. Коллеж директорини чақиртирдик. Сўрадик, билмайди.

Зиёратгоҳлар буюк алломалар, улуғ зотлар таваллуд топган, улар мангу қўним топган табаррук жой. Унинг ёнидаги ресторанда никоҳ базми бўляпти, бир қарашда яхши. Лекин шундай айланиб юрсангиз, эшитиб қоласиз — “горько”, “горько”. Ё, товба, деб ёқангизни ушлайсиз…

Шулар ҳақида ўйласам, “оммавий маданият” тўғрисида жўшиб гапираётган қизимиз ҳеч нарсани хоҳламаётгани, биз қандай овоз чиқараётган бўлсак, у худди шундай акс-садо бераётганини туясан киши.

Халқ шоири сувратимга боққилу майли, сийратимга тикилма фақат, деганида умуман бошқа мазмун-моҳиятни назарда тутганлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Маънавий таҳдид ҳақида гапирганда, ташқаридан келаётган хавфдан огоҳ бўлишимиз яхши, лекин ички хавфлардан, иммунитетни сўндирадиган, дахлдорлик ҳиссини йўқ қиладиган ва алалоқибат таҳдид тусини оладиган хавфлардан ҳам огоҳ бўлишимиз зарур. Бу, албатта, жасоратни талаб этади.

Асарда “маънавий жасорат” тушунчаси ҳам илк маротаба қўлланилган. Бу ёруғ оламда энг буюк жасорат нима, деган саволга, ҳеч иккиланмасдан, энг буюк жасорат — бу маънавий жасорат, деб жавоб берсак, ўйлайманки, янглишмаган бўламиз, деб ёзган Ислом Каримов. Бу тушунча янгилик, эзгуликка бошловчи янгилик.

Асарда маънавиятни шакллантириш мезонлари батафсил тушунтириб берилган. Улар халқимизнинг тарихий ривожланиш жараёнида эришган барча урф-одатлари, илм-фани, инсоний муносабатларини қамраб олади. Масалан, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар, халқ оғзаки ижоди, муқаддас динимиз, илмий-
ижодий кашфиётлар, оила, маҳалла, таълим-тарбия… Бу мезонлар барча халққа хос, бу асардан бошқа халқлар, миллатлар ҳам унумли фойдаланиши мумкин. Маънавий жасорат, маънавий таҳдид тушунчалари ҳам барча халқларга хос бўлган тушунчалардир. Демак, бу асарнинг  жаҳон миқёсидаги аҳамияти ҳақида ҳам фикр юритишимизга асос бўлади. Инсоният комилликка интилар экан, албатта, у “Юксак маънавият — енгилмас куч” эканлигини идрок этиши, англаши зарур.

Ўрол ҲАИТОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг