“Ҳикматлар олами”: ушбу номда мамлакатимизда илк бор республика хаттотлик фестивали бўлиб ўтди

0
49

Маълумки, араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиётида асосий ўрин тутган. Ушбу ёзувнинг график асослари бир хил бўлишига қарамай ундаги ҳарфлар шакл жиҳатдан турли услуб­ларда битилган. Ўрта асрларда, ҳали китоб чоп этиш техникаси ихтиро этилмаган вақтда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китобат қилинар эди. Шу боис, китоб кўчириш ўша даврда энг нуфузли ҳунар, ҳатто, санъат сифатида баҳоланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб аталган.

Санъаткор хаттотларнинг ёзган хатлари ҳам маъно, ҳам эстетик завқ берган. Моҳир котиб қалами билан ёзилган ҳар бир хат бебаҳо, ўлмас асар ҳисобланган. Муҳаммад бин Ҳусайн ат-Тибий, Мир Али Табризий, Султон Али Машҳадий, Мир Али Хисравий, Мунис Хоразмий, Аҳмад Дониш хаттотликни санъат даражасига кўтарган. Шу боис улар қолдирган маданий меросни ўрганиш, сақлаб қолиш ва анъаналарини ривожлантириш борасида юртимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан илк бор ташкил этилган хаттотлик фестивали хаттотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, халққа таништириш, ота-боболаримиз анъаналари давомчилари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда истеъдодли ¸шларни рағбатлантиришга қаратилган. “Ҳикматлар олами” деб номланган
I республика хаттотлик фестивали уч кун давом этди ва унда юзга яқин хаттотлар ўз ишлари билан қатнашди.

Фестивалнинг очилиш маросимида турли вазирлик ва идоралар, дипломатик корпус ва элчихоналар вакиллари, Олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, музей ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

— Бу фестивални ўтказиш орқали хаттотларни уюшма атрофида жамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ишлаган маҳсулотларини нафақат ички, балки ташқи бозорга экспорт қилишга кўмаклашишни мақсад қилганмиз, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси раиси ўринбосари Лутфия
Мирзаева. — Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ҳунармандчиликнинг 34 йўналиши белгиланиб, улар қаторига хаттотлик ҳам киритилди. Бунинг натижасида мамлакатимиздаги барча хаттотлар қатор имконият ва қулайликлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди. Биринчи марта ўтказилаётган мазкур фестивалда вилоятлар ҳамда пойтахтимизда фаолият юритаётган таниқли ва тажрибали хаттотлар билан бирга ушбу соҳага эндигина кириб келаётган ёш хаттотлар ҳам қатнашмоқда. Бу, албатта, унутилиб борилаётган халқ амалий санъатининг анъанавий турларини қайта тиклаш, сақлаш ва уни келгуси авлодга борича етказишга хизмат қилади. Келгусида ушбу фестиваль доирасини янада кенгайтириш, уни халқаро фестиваль даражасига кўтаришни режалаштирганмиз.

Дарҳақиқат, шарқ халқларининг узоқ асрлик тарихида яратиб қолдирган маданий меросида хаттотлик ва китобат санъати алоҳида ўрин эгаллаган. Эски ўзбек ёзувидаги битиклардан нафақат китобларни, балки турли сўзана-ю гиламлар, бино пештоқлари, сопол ва ёғочдан ишланган буюмларни безашда ҳам фойдаланилган. Бунда уста ҳунармандлар ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик каби ҳунармандлик турларидан кенг фойдаланган.

Иштирокчилар ишларини баҳолаш ва рағбатлантириш мақсадида фестиваль доирасида “Энг моҳир хаттот”, “Хаттотликда тасвирий санъат воситалари уйғунлиги”, “Энг ёш хаттот”, “Насх хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Настаълиқ хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Сулс хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Девоний хати бўйича энг моҳир хаттот”, “Меъморий хаттот”, “Хаттотлик китобларини яратган моҳир хаттот”, “Қуръон хаттотлиги”, “Тафсир кўчирган хаттот” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга уюшманинг сертификат ва дипломлари топширилди.

Фестивалда “Энг ёш хаттот” номинацияси ғолиби бўлган Абдулазиз Салимжонов айни пайтда 14 ёшда. Ёш бўлишига қарамай, у ишлари билан кўплаб танлов ва кўргазмаларда иштирок этган, совринли ўринларни эгаллаган.

— Хаттотлик санъатини бобом — Салимжон хаттотдан ўрганганман, — дейди у. — Олти ёшимдан буён у кишининг қўл остида ушбу ҳунар билан шуғулланаман. Бугунги фестивалда куфий, сулс, насх хатларида ёзган қўлёзмаларим билан қатнаш­япман. Ушбу хатларда ҳикматли сўзлар, шунингдек, буюк бобокалонларимизнинг насиҳат сўзлари ҳамда Қуръон оятларини акс эттирдим. Мақсадим — хаттотлик санъати бўйича чуқур билимга эга бўлиш, унинг ҳар бир жиҳатини синчковлик билан ўрганиш ва моҳир хаттот бўлиб етишиш. Ана шундан сўнг, халқ амалий санъатининг мазкур турини нафақат юртимиз, балки чет давлатларда ҳам кенг ёйилишига хизмат қиламан.

Фестивалнинг иккинчи ва учинчи кунида малакали хаттотлар ёш иштирокчиларга ўзларининг тажрибаларини ўргатиш мақсадида маҳорат дарсларини олиб борди. Соҳага қизиқувчи ёшлар хаттотликнинг ўзига хос жиҳатлари, ёзувларнинг хато ва камчиликлардан холи бўлишини таъминловчи унсурлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, хаттотлик ҳозирги кунда ўрта-махсус диний таълим марказлари, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент Ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ўргатилади.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг