Сергели метро йўналиши: Марказий Осиёда қўлланилмаган янгича усул

0
27

Тирбандликлар сабаб шаҳар кўчалари бўйлаб автоуловда ҳаракатланиш тобора қийинлашиб бормоқда. Бунда метро йўловчилар учун энг қулай ва тезкор қатнов транспортига айланяпти. Шу боис мамлакатимизда мазкур қатнов тизимини замон талабларига мослаштириш, йўловчиларга қатор қулайликлар яратиш ва янги қатнов йўналишларини ташкил этиш борасида саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Тошкент шаҳрида Сергели ва Юнусобод йўналишидаги метро қурилиши, пойтахтимиз атрофидаги катта ҳалқа йўли бўйлаб ҳаракатланувчи ер усти метроларининг қурилиш жараёни ва бу борада қўлланилаётган технологиялар, ўтган йил таҳлили ҳамда жорий йилдаги режаларга бағишланган брифингда маълум қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда пойтахтимизда метро қурилиши бўйича учта йирик лойиҳа — Сергели, Юнусобод ва халқа метро йўли қурилиши амалга оширилмоқда.

Узунлиги 7,1 километр бўлган Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишида бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаяпти. Лойиҳа умумий қиймати 170,1 миллион АҚШ долларига тенг мазкур йўналиш 2020 йилга қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

— Эътиборлиси шундаки, Сергели метро йўналиши ҳали Марказий Осиёда қўлланилмаган, бутунлай ўзгача эстакада усулида бунёд этилмоқда, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари, “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов. — Мазкур йўл кўприксимон шаклда бўлиб, аввалгиларидан фарқли ўлароқ бу поездлар ер устида ҳаракатланади. 6 та бекатдан иборат бўлиши кўзда тутилган ушбу йўналишда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Поездлар тўхташ маскани, яъни бекатлар 4 вагондан иборат метро поездига мўлжаллаб қурилади. Бекатларда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида махсус лифт ҳамда эскалаторлар ҳам ўрнатилади.

“Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши” лойиҳасининг умумий қиймати 124,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, у 2019 йилда тўла ниҳоясига етказилади. Ҳозирда бу объектда 100 дан зи¸д малакали муҳандис ва ишчилар, 40 га яқин махсус техникалар жалб этилган. Айни пайтгача қурилишнинг пойдеворини тайёрлаш ва тупроқни чиқариб ташлаш ишлари якунланган. Қурилиш ишлари якунига етгач, мазкур йўналишда яна икки бекат ишга тушади.

Ер усти метро ҳалқа йўли қурилиши учинчи лойиҳа бўлиб, унинг умумий узунлиги 52,1 километр. Ушбу йўналиш бўйича поездлар соатига ўртача 60 километр тезликда ҳаракат қилиб, ҳалқа бўйлаб йўлни 1 соату 10 дақиқа оралиғида босиб ўтади. Лойиҳанинг дастлабки босқичида Тошкент метрополитенининг “Дўстлик” бекатидан Қўйлиқ деҳқон бозоригача бўлган 8 бекатдан иборат қисми бунёд этилади. Кейин у “Олмазор”, “Беруний”, “Бодомзор” ҳамда “Тузель” бекатлари орқали яна “Дўстлик” бекатига туташиб, яхлит метро ҳалқасини ҳосил қилади. Бундан ташқари, иккита вагон депосини қуриш ҳам мўлжалланган. Лойиҳа режасига кўра, мазкур метро йўли Яшнобод, Учтепа, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудидан ўтади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги қурилаётган метро қурилишига Германия, Италия, Хитой, Сербия каби давлатларнинг энг илғор компания ва корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, замонавий техникалар олиб келинган. Бу эса иш сифати ва самарадорлигини оширмоқда. Ўрта Осиёда ягона бўлган иккита 220 тонналик юкни кўтара оладиган занжирли кран, учта 70 тонналик юқори аниқликда ишлайдиган автокран, шунингдек, мобиль бетон заводи ва ўндан ортиқ металлопрокатга ишлов берувчи ускуналар, ўта оғир — 350 тонна юкни ташишга мўлжалланган автоуловлар ҳамда бурғулаш воситалари ҳам қурилишга жалб этилган.

Анжумандан сўнг журналистларга мазкур қурилиш ишлари билан яқиндан танишиш учун имконият яратиб берилди.

И. НОРМАМАТОВ,
     “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг