Халқ оғзаки ижоди намуналари: буюк мутафаккир ижодида

0
36

Алишер Навоий ижодий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон маданияти ва цивилизацияси ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади. Унинг асарларида чуқур фалсафий фикр, комил инсон ғоясининг бўртиб туриши китобхонни бефарқ қолдирмайди. Буюк шоир асарлари барҳаётлиги, аввало, унинг ҳам умуминсоний ғоялар, ҳам теран илдизлар — халқ оғзаки ижоди билан тўйинганлигидадир.

Атоқли олим Натан Маллаев Алишер Навоий ва халқ оғзаки ижоди мавзуси ҳақидаги йирик тадқиқотида шундай дейди: “Халқ ижодиёти санъаткорларга илҳом, куч-қувват ва маҳорат бағишлайди. Халқ ижодидан баҳраманд бўлмаган бирор буюк санъаткорни тасаввур этиб бўлмайди. Сўз санъаткорларининг фольклор асарларидан ижодий фойдаланиши ёзма адабиётнинг тараққийсига, шу билан бирга, халқ асарларнинг сақланиб қолиши ва янгича умр кўришига хизмат қилади.” Бу тадқиқотлар кейинчалик “Алишер Навоий ва халқ ижодиёти” номи билан алоҳида китоб ҳолида нашр қилинди.

Ушбу китоб ўзбек ва халқаро навоийшуносликда катта маданий-маърифий ҳодиса характеридаги тадқиқот саналади. Унинг анъаналари асосида мустақиллик даври навоийшунослигида бу мавзу Маматқул Жўраевнинг “Эл деса Навоийни…” китобида ва Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий манбаларининг қиёсий, типологик, текстологик таҳлили” китобининг алоҳида бир бобида, Ёқубжон Исҳоқовнинг эса “Сўз санъати сўзлиги” китобида берилган “Ирсоли масал”, “Марсия”, “Муболаға”, “Сажъ”, “Суруш”, “Талмеҳ”, “Тансиқ ус-сифот” каби мақолаларда алоҳида ўрганилган.

Умуман, Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бошқа тадқиқотларда ҳам мазкур мавзу юзасидан у ёки бу даражада фикрлар, мурожаатлар, изоҳ ва шарҳларни ўқишимиз мумкин.

Дарҳақиқат, улуғ шоир ўз асарларида халқ оғзаки ижоди намуналари, жумладан, айрим миф, афсона, ривоят, ибора ва қуйма поэтик қолиплардан маҳорат билан фойдаланган. Унинг ижодида, айниқса, миф ва афсоналарга кенг ўрин берилган. Аторуд каби юлдуз билан боғлиқ рамзий образлар, Сотих коҳин, Салосил дев, Судо афсуни каби халқ афсона ва ривоятларининг бадиий талқинлари ана шулар жумласидандир.

Алишер Навоий ҳатто дунё халқлари ва ўзбек халқ эртаклари аввалида айтиладиган машҳур бошланмани қофияга тушириб “Хамса”да “Бир бор эди-ю, бир йўқ эди” равишида қўллаган. Бу унинг ғазалларида ҳам учрайди. Даҳо санъаткор “Сабъаи сайёр” достонида ёзган “Аввалғи иқлим йўлидин кетурган мусофирнинг фасона демаги” номли бобида, биринчидан, ушбу бошланмани вазн, тил қоидалари, услуб талаби ҳамда ҳикоя мазмунига мувофиқ тарзда маҳорат билан ишлатган, иккинчидан эса китобхонни ўз асарига нисбатан ҳайрат ва қизиқишини орттириб ўз муддаосига тўлиқ эришган. Чунончи:

Бору йўқ чун дуоки билди деди:
Деди: “Бир бор эди-ю,бир йўқ эди.
Ҳинд мулкида бор эди шоҳе,
Шоҳлиғ ишларидин огоҳе…”

Достонда тасвирланган қолган олти мусофирнинг ҳикоятида улуғ шоир мазкур бошланмани қўлламаган ва улар айтган ҳар бир ҳикоятни “дедики” шаклида бошлаган ҳамда мароқ билан баён қилишда давом этган.

Мумтоз адабиётимиз намояндалари қаторида Алишер Навоий ижодида, яъни у қўллаган 16 жанрда энг кўп учрайдиган анъанавий характердаги мифологик рамзий образ Аторуд (Уторуд, Меркурий — сайёра номи) саналади. Мифологик қарашларга кўра, Аторуд ёзувчи ва шоир, санъаткор, умуман, донишмандликнинг ҳомийси ҳисобланади. Алишер Навоий “Хамса”да сўз, қалам ҳақида васфлар битар экан, Аторуд сайёраси ҳақидаги мифологик қарашларга ҳам ишора қилган ўринлар учрайди:

Рақам азмиға йўнғач хома бошин,
Аторуд йиғди сочилғон тарошин.

Салосил (силсила сўзининг кўплик шакли; занжирлар дегани) — тоғ устидаги қўрғон номи. Эл орасида жуда машҳур бўлган қўрғон. Ривоятларга кўра, бу қўрғонни дев Салосил қурган бўлиб, бу ҳақида Алишер Навоий шундай ёзади:

Ясаб деви ҳамул қўрғонни ҳосил
Ки, бор эрмиш анинг оти Салосил.

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони сюжетига кўра, Хусрав Парвез вазири Бузург Уммид маслаҳати билан Фарҳодни бир шайтоншева ҳийлакор ёрдамида ҳийла-найранг ишлатиб, қўлга туширади ва  банди қилиб Салосил қўрғонига қамаб қўяди.

“Дам бу дамдир” — халқона сайёр ҳикмат, халқ достонларида асардан-асарга кўчиб юрадиган бадиий қолип ёки фольклоршунослар тили билан айтганда услубий формула. Халқ достонлари, жумладан, “Алпомиш” достони матнида, яъни Ёртибой оқсоқолнинг Бойсарига қарата айтган “Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема, бошинг эсон, давлатингни кам дема” ёки  Бойбўрининг ўғли Алпомишга қарата айтган “Дам шу дамдир, ўтган дамни дам дема, ростин айтсам, шу давлатни кам дема” каби насиҳатларида ҳам учрайди. Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”нинг 124-танбеҳида бир турк (халқ вакили) сўзи шаклида ёзади ва ушбу халқона сайёр ҳикмат асосида шоҳ байт битади: “Бир турк бу маънида дебдурким: “Дам бу дамдур”.

Байт:

 Мозию мустақбал аҳволин
такаллум айла ком,
 Не учунким дам бу дамдур,
дам бу дамдур, дам бу дам.

Улуғ шоир бу халқ ҳикматини такрор санъати ёрдамида такрор-такрор қўллайди ҳамда бу ўткинчи дунё — карвонсаройда инсон фақат ўтмиш ёхуд келажаги ҳақида гапирмай, Оллоҳ тўла қалби билан бугунидан ҳам огоҳ бўлиши, уни обод қилишни уқтиради.

Сотих коҳин — сосонийлар давлати ҳукмронлиги даврида яшаган машҳур коҳин номи. Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асарининг “Нўширавон ул одил бинни Қубод” зикрида Сотих коҳин номини ёдга олади. Асарда берилган тасвирга кўра, Муҳаммад с.а.в. туғилган кечада оташкададаги неча минг йил ўчмаган олов ўчади, Сова дарёси қурийди… Бу ҳолатдан таажжубга тушган Кисро саройига Сотиҳ коҳинни чақиртириб, бу ҳолатнинг сабабини, кайфиятини изоҳлаб, тушунтириб беришни сўрайди. Шунда Сотих коҳин бу ҳолат ва кайфиятлар сабабини, бу кеча Арабнинг Қурайш қабиласида бир боланинг туғилганида, ўн икки киши ҳукмдорлигидан сўнг форс мулки, давлатининг таназзулга юз тутишида, деб айтади ва асар мазмунига кўра, келажакда Сотих коҳин айтган башоратлар тўғри бўлиб чиқади.

Даллат ул-муҳтола — афсоналарда ҳийла, макр билан ном чиқарган машҳур маккора хотин — “ҳийлаи шум”. “Фарҳод ва Ширин” достони сюжетига кўра, сарой аъёнлари шоҳ талаби билан Даллат ул-муҳтолани топиб, Хусрав Парвез ҳузурига олиб келади. Бу тасвирда Алишер Навоий муболаға санъатидан фойдаланганини кўрамиз ва у маккоранинг макрини ишга солган шоҳни кескин қоралаб афсусу надомат билан шундай ёзади:

Атаб кўк пиразоли хола они,
Ано деб Даллат ул-муҳтола они.

Барқандон — Рамазон ойи яқинлашиши муносабати билан шаъбон ойи охирларида ўтказиладиган маҳсус базм, суҳбат, маросим. Алишер Навоий ўзи ҳам шаъбон ойида рўзага ҳар томонлама тайёргарлик кўриш, кутиш билан боғлиқ ҳолатлари тўғрисида “Вақфия” асарининг “Равотиб” қисмида  алоҳида ёзган. Унинг ўзи ҳам бундай барқандонларни нафис мажлислар тарзида ўтказган, бу мавзуни шеърларида ҳам бадиий талқин қилган. “Рўзаву гул еттию ичмас, у ой гулгун қадаҳ” деб бошланувчи, 9 байтли, “қадаҳ” радифли ғазалида ёрининг барқандон қилишга ҳаракат бошлаганини эшитган лирик қаҳрамон, ёрим барқандонда мени ҳам ёдга олиб, лутфу иноятини раво кўрадими, деган нек ниятини соқийга мурожаат тарзида ифодалаган. Барқандон маросими Навоийнинг мазкур ғазални ёзишига туртки бўлган. Буни ғазалнинг характерли, охирги  хулосавий байтидан — мақтасидан билиш мумкин:

Эй Навоий, бизни ёд эткайму
         барқандон куни,
Ичса жоми Жам тилаб сонийи
         Афридун қадаҳ.

“Маҳбуб ул-қулуб” асарининг “Деҳқонлар зикрида” номли 31-фасли халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган, қўш, хирмон каби мавсум-маросим қўшиқларини ёдга солади. Бундан ташқари Навоий асарларида болалар фольклори, хусусан, болалар ўйинларининг турлари ҳақида ҳам кўплаб маълумоту изоҳлар берилган.

Мухтасар айтганда, халқ оғзаки ижоди Навоий асарларига адабий манба, маънавий хазина, фалсафий сарчашма сифатида хизмат қилган бўлса, улуғ шоир адабий мероси, ўз навбатида, туркий, форсий халқлар, жумладан, ўзбек фольклорини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга.

Буробия РАЖАБОВА,
ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва
фольклор институти
катта илмий ходими,
филология фанлари номзоди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг