Ўрганишлар самарасиз қолмайди: депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти қандай натижа билан якунланди?

0
28

Парламент аъзоларининг жойларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш амалиёти изчил давом эттирилмоқда. Бунинг натижасида чекка ҳудудларда турли соҳа ва йўналишларда йиғилиб қолган муаммолар, аҳолини кўпдан буён ўйлантириб келаётган масалалар ўз ечимини топаётир, халқ вакиллари аҳолининг ишончини қозонмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам аҳоли мурожаатлари асосида аниқ ишларни амалга оширмоқда, жойлардаги турли масалаларга партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиб, соҳалар ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшмоқда. 

ЎзМТДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий кўмак кўрсатиши юзасидан фракция аъзолари томонидан жойлардаги ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишни фракция раҳбари Сарвар Отамуратов бош­қарди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари
Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 июлидаги видеоселектор йиғилишида ҳамда 22 декабрда Олий Мажлисга
Мурожаатномасида депутатлар аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда муаммоларни ҳал этишда кўмак­лашиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Йиғилишда ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг ҳудудларда ўтказган ўрганишлари юзасидан фракция аъзоси Акмал
Умрзоқов ахборот берди.

— Фракциямиз аъзолари ҳар гал ҳудудларга чиққанида аҳоли мурожаатларига ечим топишга, партия дастурий вазифаларига мос равишда таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва санъат муассасалари фаолиятини обдон ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келади, — деди А. Умрзоқов. — Шу йилнинг январь ойида ҳудудларда ўтказилган кенг кўламли ўрганишлар давомида ҳам фракция аъзолари 67 давлат органи, 224 тадбиркорлик субъекти, 169 ижтимоий соҳа объекти, юздан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда мингга яқин хонадон, жами бир ярим мингга яқин объектлардаги ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан яқиндан танишдилар. Ўрганиш­лар, аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар жараёнида фуқаролар томонидан асосан тиббий хизмат, уй-жой, коммунал, аҳоли бандлиги, таълим, интерактив давлат хизматларини кўрсатиш, банк-кредит, тадбиркорлик, транспорт ва йўл қурилиши каби соҳаларга доир мавжуд муаммолар ўртага ташланди. Уларнинг аксарияти фракция аъзолари томонидан тегишли маҳаллий давлат органлари ҳамкорлигида жойида ҳал этилган бўлса, республика миқёсида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар юзасидан тегишли вазирлик, идора ва бошқа давлат ташкилотларига 17 та депутатлик сўрови юборилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Юзма-юз мулоқотлар давомида аҳоли кўтарган айрим масалалар юзасидан ташаббус кўрсатиш биз депутатларнинг муҳим вазифамиздир. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, барча туман ва шаҳарларда 11 йиллик мажбурий ўрта таълим тизими жорий этилиши муносабати билан бўшайдиган коллежлар биноларини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли кенгашлари ихтиёрига беғараз ўтказиш, уларнинг негизида Ёшлар марказларини ташкил этиш назарда тутилган. Жойлардаги ўрганишлар давомида айрим туманларда 6-7 тагача коллеж ўз фаолиятини тўхтатиш арафасида эканлиги аниқланди. Баъзи ҳудудлардаги аҳоли вакиллари мактаблар танқислиги, ўқувчилар 2, ҳатто
3 сменада ўқиётгани, шу боис ушбу биноларнинг айримларидан мактаб ўрнида фойдаланиш таклифини билдирди. Кўплаб ота-оналарнинг таклифидан келиб чиқиб, фракциямиз ушбу масала бўйича ташаббус билан чиқса, айни муддао бўлар эди.

Депутатлар жойлардаги ўрганишлар, дуч келинган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирдилар. Ўрганиш якунлари тегишли маҳаллий Кенгашлар сессияларига олиб чиқилгани, улар ечимига доир қарорлар қабул қилингани таъкидланди. Масалан, халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашида ўтган сессияда туманлардаги тиббиёт муассасалари ўрганилгани муҳокама қилиниб, 2018 йилда Жиззах вилоят ва туманларида тиббиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан Дастур қабул қилинди. Унда аниқ ва манзилли вазифалар ўз ифодасини топгани ҳудудда соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар бартараф этилишига хизмат қилади.

Шундан сўнг йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан келган таклиф-тавсиялар муҳокама қилинди. Айни пайт­да “Медиация тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Респуб­ликасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги (янги таҳрирда) қонунлар лойиҳалари юзасидан жойлардаги партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда электорат вакиллари таклиф-тавсиялар билдирмоқда. Қайд этилганидек, мазкур 3 та қонун лойиҳаси бўйича партия фаоллари ва депутатлар томонидан жами 210 та таклиф берилган. Шундан 60 таси “Медиация тўғрисида”ги, 48 таси “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда 102 таси “Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига тегишли. Таъкидланганидек, ушбу қонунлар лойиҳаларига билдирилган таклифларнинг аксарияти ЎзМТДП ғоя ва мақсадларидан келиб чиқилган. Таклифларнинг қонун лойиҳаларида акс этиши эса, ўз навбатида, партия дастурий вазифаларининг ижросига хизмат қилади.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан партия фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди ҳамда келгуси вазифалари белгилаб олинди.

Муҳтарама РАМАЗОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг