Сессия қарор қабул қилди, лекин унинг ижроси-чи? : масъуллар қарор ижросига бефарқ қараётгани сабабли улар қоғозда қолиб кетмоқда

0
22

Депутатларимиз аҳоли билан юзма-юз бўлиб, уларнинг ўй-фикрлари, қийнаётган муаммоларини ўрганиб, уларга ечим топишга, ҳудудларга чиқиб, мавжуд камчиликларни аниқлаш, улар юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларига ташаббус-масала киритиб, қарор қабул қилинишига эришишга ҳаракат қилмоқда. Бу, албатта, яхши. Лекин уларнинг ижроси-чи? Мутасадди идоралар сессия қарорларини қай даражада ижро этмоқда? Партия ташкилотлари ёҳуд депутатлар улар ижроси устидан назорат олиб бораяптими? Ушбу саволларга Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти мисолида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Аввало, шуни айтиш жоиз, ўтган йили маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳудудларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ижтимоий-экологик муаммоларни ҳал этиш каби долзарб масалалар кўриб чиқилган, тегишли қарорлар қабул қилинган. Масалан, Ўзбекистон Рес­публикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг ижроси ҳақидаги масала ўтган йилда халқ депутатлари Тўрткўл, Кегейли, Қўнғирот, Шуманай, Хўжайли туманлари Кенгаши сессиялари кун тартибига киритилиб, қарор қабул қилинган.

Сессия қарорида тумандаги бир нечта мутасадди идоралар зиммасига муҳим вазифалар юклатилган. Жумладан, халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши сессияси қарорида туман ҳокими ва унинг ўринбосарларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг “Қорақалпоғистон Республикасида моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш тизимини қайта тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, маданий мерос объектларига масъул ташкилотларни бириктириш, улар атрофини муҳофаза қилиш, ободонлаштириш, туман ер ресурслари ва давлат кадастри масъул ходимларига уларнинг чегараларини аниқлаш, топографик карталарини шакллантириш, кадастр рўйхатидан ўтказиш, реставрация ишларини олиб бориш каби  вазифаларни амалга ошириш белгиланган. Туман маданият бўлими эса моддий маданий мерос объектларини рўйхатдан ўтказиши, республика тизимига киритиши, улардан фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши, улар юзасидан ҳисобот тақдим этиши керак эди.

Ушбу вазифалар ижроси бугунги кунда қай даражада таъминлаётгани юзасидан ЎзМТДП Хўжайли туман кенгаши етакчи мутахассиси Гулнора Нуримбетовага мурожаат қилдик. Унинг таъкидлашича, туманда айни пайтда 21 маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Сессия қарорида белгиланган вазифаларнинг айримлари бажарилган бўлса, айримлари юзасидан муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, тарихий қадамжоларга яқин йўлларга йўл белгилари ўрнатилган, уларнинг атрофи ободонлаштирилган. Тумандаги “Қирқчўпон” мақбараси реставрация қилинмоқда. Аммо сессия қарорида белгиланган аксарият вазифалар ижроси таъминланишида сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Яна бир мисол. Халқ депутатлари Янгибозор туман кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи “Туман ҳудудида “Экотуризм”ни ривожлантириш ва экотуристик база ташкил қилиш тўғрисида”ги масалани халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига киритиб, қарор қабул қилинган.

Туманнинг ташкил топганига кўп бўлмаса-да, у ўзига хос тарихи,  мафтункор табиати ва қулай географик жойлашувига эга. Янгибозор Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикасини ажратиб туради, Амударёга туташ ҳудудда жойлашган  туманда экотуризмни ривожлантириш имконияти мавжуд.

Туманнинг Чўболончи қишлоғи дарё бўйи соҳилида жойлашган. Бу ҳудуд ҳозирги кунда балиқчилик ҳовузларига айлантирилиб, ижара асосида фойдаланишга берилган. 50 гектар тўқайзор ва 1 гектар кўлдан иборат ушбу маскан экотуристик база ташкил қилиш учун қулай шароитга эга. Хоразм вилоятига келган сайёҳларни ушбу мас­канга ҳам жалб қилиш мумкин. Айни шу мақсадда “Янгибозор туманининг Чўболончи қишлоғи ҳудудидаги табиий кўллар атрофида сайёҳлик инфратузилмасини ташкил этиш ва уни сайёҳлик йўналишларига киритиш” тўғрисидаги масала Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Хоразм минтақавий бўлимининг “Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш борасида 2016-2017 йилга мўлжалланган аниқ амалий чора-тадбирлар режаси”га киритилган эди. Бунинг учун ҳудудда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, унинг сайёҳлик йўналишлари ва хизматларини такомиллаштириш, сайёҳлик имкониятини  намойиш қилиш ишларини амалга ошириш, сайёҳлар учун қўшимча объектлар ташкил қилиш лозим. Бу, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, миллий ҳунармандчилик ривожига замин яратади.

Мана шу омиллар инобатга олиниб, халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар ҳудудда экотуризм ривожини таъминлаш мақсадида сессия қарори қабул қилинишига эришди. Қарорда  қатор мутасадди ташкилот ва маҳаллий ҳокимлик вакилларига туман ҳудудида “Экотуризм”ни ривожлантириш ва экотуристик базаларни ташкил этиш мақсадида қулай ҳудудлар танлаб, тавсия қилиш, бу борада танлов эълон қилиш вазифаси юклатилди. Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси Янгибозор туман кенгашига туман ҳудудида экотуристик базаларнинг туристик инфратузилмасини ташкил қилиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, “Янгибозор кўзгуси” газетаси таҳририятига туманда “Экотуризм”ни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни газета саҳифаларида мунтазам ёритиб бориш вазифалари белгиланди. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Янгибозор тумани ҳокими ўринбосари О.Бекчанов, халк депутатлари туман Кенгаши депутати Р.Шержановга топширилди.

Аммо орадан бир йил ўтиб ҳам ушбу қарор ижроси таъминланмади. Бу борада на маҳаллий ҳокимлик, на мутасадди ташкилотлар ва на партия ташкилоти бирор бир амалий иш бажармади. Қарор ижроси таъминланмагач, ҳеч қандай амалий иш қилинмагач, газета ҳам бу ҳақда ҳеч қандай мақола чоп этмади. Белгиланган вазифалар ҳанузгача қоғозда қолиб кетмоқда.

— Халқ депутатлари туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари фаолиятига назар ташласак, улар орасида депутатлик масъулияти, ваколатидан унумли фойдаланаётган, сессияларга ҳудуддаги муҳим ва партиямиз дастурий мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг масалаларни олиб чиқиб, қарор қабул қилинишига эришаётган, унинг ижросини қатъий назоратга олаётганлари ҳам, аксинча, бу масалага панжара ортидан қарайдиганлари ҳам учрайди, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП ижрочи котиби Анвар Ибрагимов. —  Халқ депутатлари Янгибозор туман Кенгаши сессияси қарори ҳам ўз вазифаси, ҳам электорат манфаатларига бефарқ қараётган депутатлар туфайли ўз ечимини топмаган. Улар сессия қарорини қатъий назоратга олиши, мутасадди ташкилотлардан бу масалада ахборот сўрашга ҳақли эди. Сессияга шунчаки ҳисобот учун масала киритишу, унинг ижроси қоғозларда қолиб кетиши аҳолининг партия ва депутатларга бўлган ишончини йўқотишига олиб келиши табиий. Бу масалалар партия вилоят кенгаши эътиборидан четда қолгани ҳам бундан кейинги фаолиятимизга янада эътиборли бўлиб ёндашишни талаб этади.

Хулосага ҳали бор. Халқимизда “ҳечдан кўра кеч” деган нақл бежиз айтилмаган. Партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари бундан кейинги фаолиятида нафақат сессияга масала киритиб, қарор қабул қилинишга эришиш, балки сессия қарори ижросини таъминлашдаги фаоллигини ошириши кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Мазкур вазифани амалга оширишда ҳудудий партия ташкилотлари ва гуруҳларининг ташаббус­корлиги ва фаоллиги муҳим аҳамият касб этади.

Шоҳида ДАМАНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг