Айдаркўл — ноёб табиий ҳудуд

0
38

Мамлакатимиз бой табиати ва ноёб биологик ресурслари билан ажралиб туради. Юртимизда тўрт минг саккиз юздан ортиқ ўсимлик, қарийб ўн олти мингга яқин ҳайвонот тури учрайди. Уларнинг муайян қисми камёб бўлиб, фақат бизнинг минтақамизда мавжуд. Ушбу ноёб табиий бойликларни асраш, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириш, муҳофаза этиладиган ҳудудларни кенгайтириш, табиатга инсон омили салбий таъсирининг олдини олиш юртимизда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидандир.

Бугунги кунда мамлакатимизда ўттизга яқин қўриқхона, миллий табиат боғлари, ноёб ёввойи ҳайвонларни асраш ва кўпайтиришга ихтисослашган марказлар, табиат ёдгорликлари ташкил этилган.  Mамлакатимизда 505 сув омбори ва 500 кўл мавжуд. Улар орасида энг йириги Тузкон, Арнасой ва Айдаркўлдан таркиб топган Айдар-Арнасой кўллар тизимидир. Марказий Осиёдаги энг катта мазкур сув ҳавзасининг узунлиги 350, эни 45 километрни, чуқурлиги эса 45 метрни ташкил этади.

Аслида Айдаркўлнинг пайдо бўлганига кўп бўлгани йўқ. 1969 йилгача унинг ўрнида кичик-кичик шўр кўллар бўлган. 1968-1969 йилларда ёғингарчилик ҳаддан ташқари кўп бўлиши туфайли Сирдарё оқимининг бир қисми Чордара сув омбори ва Арнасой орқали Айдар ботиғига оқизилади. Шу тариқа табиатнинг камёб ҳодисаси рўй беради: саҳро қўйнида улкан кўл ҳосил бўлди. Айдаркўлнинг бир томони Шарқий Қизилқум чўли, яна бир тарафи Нурота тизма тоғлари билан туташиб кетган.

Рамсар конвенциясининг халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлари рўйхатига киритилган Айдар-Арнасой кўллар тизими Жиззах вилоятидаги Оқбулоқ, Сангзор дарёсининг Қийли ва Арнасойга қуйилаётган Марказий Мирзачўл ташламаси оқими ҳисобига тўйинади. Кейинги пайтда кўлларга сув тушиш ҳажми камайиши оқибатида унинг сатҳи пасайиб, минераллашув даражаси ортяпти. Бу, ўз вақтида, сув ҳавзасини барқарор сув билан таъминлаш масаласини ҳал этишни тақозо этади. Зеро, Айдар-Арнасой кўллар тизими минтақада биохилма-хилликни асраш, ҳайвонот ва наботот турларини сақлаш, ноёб қушларни кўпайтиришда беқиёс аҳамиятга эга.

…Мамлакатимиздаги энг катта табиий кўл ҳисобланган Айдаркўлнинг табиати мўътадил. Эрта тонгдан қуёш бўй кўрсатгач, теварак-атроф қирмизи тусга киради. Сув сатҳи минг бир жилоланиб, ўзгача жозиба касб этади.  Бу ерда қушларнинг баланд овоздаги шовқин-сурони эшитилиб туради. Айниқса, соқақушлар шовқини олис-олисларгача садо беради. Бу ердаги қушларни ўтроқ ва кўчиб юрувчилар тоифасига ажратиш мумкин. Муқим яшайдиган қушлар сирасига қорабузов, оқбош ўрдак, қашқалдоқ, қирғовул киради. Илгари кўлда қорабузов ва чағалайлар бармоқ билан санарли даражада эди. Энди улар сони кўпайиб, бошқа сув қушларининг тури ҳам ортиб бормоқда. Улар гала-гала бўлиб, товушсиз ҳаракат қилиб сув­нинг тебранишидан ўз ўлжасини осонгина топади. Шунингдек, қирғоқ бўйидаги ўсимликлар ва дон-дунлар билан озиқланиб, етарли ёғ заҳирасини тўплайди.

Қушларнинг кўчиб юриши яшаш тарзини белгилайди. Айдаркўлнинг суви қиш фаслида ҳам музламагани учун минглаб турфа қушлар гала-гала бўлиб, арғимчоқ ҳосил қилиб, узоқ Сибир ва Урал ортидан учиб келади. Шулардан соқақуш, қорабузов, оқбош ва олақанот ўрдаклар, оқ пешонали ва қизилтомоқ ғозлар, ноёб ва камёб оққуш ҳамда турналар бир-бири билан ўзаро хабар алмашиб, озуқа мўл бўлган жойларни топади.

Йиртқич қушлардан оқдумли сувбургути ҳамда сувқирғийлар ўткир кўзли айёр “овчилар”дир. Улар худди яшиндек тез ҳаракатланиб, балиқларни оёқ панжалари билан осонгина тузоққа илинтиради. Оққушлар — “кўл маликалари” — қордек оппоқ, тумшиғи сариқ тусда, кўриниши чиройли бўлгани билан жуда ҳуркак бўлади. Энг қизиғи, бўйни тана узунлигига тенг.

Нодир парранда ҳисобланувчи кулранг ғознинг ҳам ташқи кўриниши жуда фусункор — устки қисми кулранг, қорин томони оқ патлар билан қопланган, тумшуғи эса қизил рангда. Оёқ панжалари пардали бўлганидан сувда тез ва яхши сузади, учиш олдидан эса бироз югуриб, ҳавога аста-секин кўтарилади.Уни кўпроқ қамишли ҳавзаларда учратиш мумкин. Кулранг ғоздан ташқари ёввойи ва кўк ғозлар ҳам мавжуд. Улар бу ерга қишлаш учун учиб келади.

Сўнгги пайтларда Айдаркўлда балиқхўр қушларнинг қоравой, қашқалдоқ ва соқақуш каби турлари кўпайиб бормоқда. Аёзли қиш кунлари улар сафига бошқа ҳудудлардан учиб келган қушлар ҳам қўшилади. Аксарияти ҳавза бўйлари ва ботқоқ ҳудудларни макон тутади. Шимолдан учиб келган бу қушлар кўлда тўхтаб, озиқланиб ва куч тўплаб, яна сафар тадоригини кўради. Айдаркўл улар учун карвонсарой вазифасини ўтайди.

Қиш ва баҳор ойлари кўлнинг сув сатҳи кўтарилиб, қирғоқдан тошади. Бу янги сув ҳавзаларини вужудга келтиради. Қирғоқ бўйлаб бораркансиз, қизил шўразор ва шувоқзорларга дуч келасиз. Кўлнинг қумли соҳили кўриниб, юлғун ва қамишзорлар эътиборингизни тортади. Саксовул шохларининг танаси йўғонлашиб кетганини дарров илғайсиз. Улар қишда қушларга бошпана, ёзда соябон вазифасини ўтайди. Бундан ташқари, йирик буталар, қуёнсуяк, черкез, қандим каби чўл ўсимликлари ҳам борки, улар қум кўчкиларининг олдини олади…

Айдаркўл соҳилларида ўтган ҳар бир лаҳза киши руҳиятини кўтариб, кўнгилларни худди кўлнинг мавжланиб турган мовий ва мусаффо томчиларидек тозартиради. Шунда беихтиёр хаёлдан “инсон — табиатнинг бир бўлаги. У ўз эҳтиёжи учун барча маҳсулотни табиатдан олади. Шундай экан, юртимизнинг гўзал ва бетакрор табиатини кўз қорачиғимиздай асраб-авайлаб, ундан эҳтиёткорона ва омилкорлик билан фойдаланиш, ҳайвонот ва наботот турларини муҳофаза қилишга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир”, деган иштибоҳ ўтиши, шубҳасиз.

                                       Абдулла САИДОВ,
  журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг