Ўтов — халқимиз амалий санъати маҳсули

0
49

Аждодларимиз уй-жой қуришда бой тажриба ва маҳоратга эга бўлган. Сурхон воҳасида шаҳарсозлик маданияти анча қадимимйлигига Сополлитепа, Жарқўтон каби манзилгоҳлар яққол далил бўла олади. Воҳада доимий турар жойлар, асосан, пахса, хом ва пишиқ ғиштдан барпо этилган. Асрлар ўтиши билан ўзига хос меъморий маданият шаклланган.

Этнографик тадқиқотларга кўра, Сурхон воҳасининг ярим ҳудудида аҳоли қадимда асосан деҳқончилик ва  чорвачилик билан шуғулланган. Аҳолининг турар жойлари ҳам шунга мос мавсумий ва вақтинчалик бўлиб, турли номлар билан аталган: лочиқ, капа, чум, чайла, чодир, ертом, тўла, боғ том, “қора уй”, яъни ўтов…

Бундай уй-жойлар маҳаллий аҳолига асрлар мобайнида хизмат қилиб келган. Улар орасида кенг тарқалгани  ўтов бўлиб, милодий биринчи минг йилликнинг ўрталарида пайдо бўлган.

— Воҳа иқлимига мос ўтовлар асосан икки қисмдан: сариқ тол новдасидан тайёрланадиган уйнинг асоси — керагаси увуқ ва чанғароқдан, уй устини ёпиб турувчи тўрлик эса узук ва туйнукдан иборат бўлган, — дейди тарих фанлари номзоди Тошкентбой Пардаев. — Уйнинг панжара қисми “керага”, деб аталиб, улар 48дан 74 бошгача бўлган. Битта “Қора уй” тўрт керагадан иборат бўлиб, ҳар бир керага уйнинг тўртдан бир қисмини ташкил этган. Уни одамлар “қанот” деб номлаган. Қанотларнинг бирлашган жойи “жавсар” дейилган. Жавсарларга баландлиги олти ярим, саккиз ярим қарич узунликдаги қозиқлар қоқилган ва керагалар уларга ип билан маҳкамланган. Тўртала керага бирлаштирилиб, “қора уй”нинг панжара қисмини ташкил этган. Керагалардан ҳосил бўлган панжара катаклари “кўзанак” деб аталган.  Кўзанакларнинг кенг, яъни ел ва тор кўзанак каби турлари бўлиб, воҳанинг ўтроқ деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳолиси асосан тор кўзанакли уйлар тиклаган. Кўчманчи ва ярим кўчманчи аҳоли эса ел – кенг кўзанакли уйларда яшаган. Чунки ел кўзанакли уйлар нисбатан енгил ва ихчам бўлиб, кўчиш чоғида кўп жой эгалламаган. Ҳар бир қанотда 12 тадан чиноқ, яъни қулоқ бўлса 48 бошли, 16 тадан чиноқ бўлса 64 бошли “қора уй”, деб аталган. Керага панжаралари керага кўки, яъни ҳўкиз ёки туя терисидан махсус тайёрланган тасмалар билан боғланган. Шунингдек, керага кўки “қора уй”нинг ошиқ-мошиғи вазифасини ҳам бажарган.

Бойсунлик ҳунарманд Ҳадича Раҳимбердиева аждодларимиздан мерос  ўтовларни тиклаш ва жиҳозлаш ишларида жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Бу ҳунарни сақлаш ва ёшларга ўргатишда ибрат бўлаётган ҳунарманд тайёрлаётган ўтовлар туманга ташриф буюраётган сайёҳлар ва меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётир.

— Ўтов тикишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тажриба ва анъанаси мавжуд, — дейди ҳунарманд Хадича Раҳимбердиева. — Хатто, биргина Бойсун туманининг ўзида ҳам ўтовларни турлича тиклашади. Бизнинг ўтовларимиз юқори қисмда оқ ва қора рангларни ишлатишимиз ва ички безакларда гулли нақшлардан фойдаланишимиз билан фарқланади. Ушбу ҳунар момомдан мерос, эндиликда уни фарзандларим ҳам давом эттиради…

Аввало, хонадонимизга келган меҳмон, албатта, эшик орқали киради. Олимлар воҳадаги ўтовларнинг эшиги “турди” деб аталишини қайд этган. Боиси ўтовни тиклаш аввал унинг эшигини ўрнатишдан бошланади ва барча ишлар ана шу эшик асосида ривожлантирилади. Демак, эшикнинг “турди” дейилиши бежиз эмас,чунки у “уйни турғизмоқ”, яъни тикламоқ маъносини англатади.

Уй ичидаги ҳарорат, албатта, мўътадил бўлиши жуда муҳим. Аждодларимиз қиш-қировли кунда ўтов ўртасидан ўчоқ қазиб, таомларни шунда тайёрлаганлар.  Оловдан ҳосил бўлган чўғ устига сандал қўйилган. Бу шамоллаш, бод каби касалликларнинг олдини олишда фойдали саналган.

Уй эгалари ўтовнинг ташқи томондан ўраладиган жиҳозларига ҳам алоҳида эътибор берган. Ўтовнинг таркибий қисми бўлмиш “чийлар” эса ташқи муҳитдан ҳимоя, шунингдек, турли ҳашарот ва кемирувчилардан сақлаган. Чийлар беш-олти қарич узунликдаги қамишдан тўқилиб, керагаларга уланган. Бунда икки ёки учта чий етарли бўлган. Чий тўқишда маҳаллий хомашё — қамишдан кенг фойдаланилган. Қамиш аввал пўстлоғидан ажратилиб, беш ёки олти қарич узунликда қирқилиб тайёрланган. Сўнгра дастгоҳда эчки жунидан йигирилган шардозлар, яъни иплар ёрдамида тўқиб чиқилган. “Қора уй”нинг керага ва бўсағалари ўрнатиб бўлингандан сўнг керагадан жундан тўқилган боғиш ҳамда айил айлантирилган ва икки учи ён бўсағаларига тортиб боғланган. Бу керагаларнинг чўкиши ва қийшайишининг олдини олади.

Ангор туманининг Хўжанқо маҳалласида истиқомат қилувчи тиббиёт ходими Саодат Ваҳобова биз билан суҳбатда бобоси, кейинчалик онаси ўтов тикишда моҳир ҳунарманд бўлганини эслади. Онаси доимо қизининг бу ҳунарни ўрганишини истаб ёнида бирга олиб юргани, бунинг асл моҳиятини кейинчалик англаганини таъкидлайди.

— Онам Ашурой момо чевар ва тадбиркор аёл эди, — дейди Саодат опа. — Қишлоқ аҳли ҳанузгача онам тиккан либослардан фойдаланади. Айниқса, ўтов жиҳозларини тикканларида уйимизга бутун қишлоқ келарди, десам муболаға бўлмайди. Содда ва самимий одамлар онам меҳнатини маҳлиё бўлиб томоша қиларди. Онам ҳар бир ҳаракати ва ишини сўз билан изоҳлаб, ҳар қандай кишини шу ҳунарга қизиқтира оларди. Мен ҳам аждодларимиздан мерос бу ҳунарнинг йўқ бўлиб кетмаслиги учун қизиқувчиларга қўлдан келганча ўргатиб келаяпман.

Тарих фанлари доктори, профессор Сайфулла Турсунов ўтов борасида олиб борган тадқиқотлари ва кузатувларини қуйидагича баён этди:

— “Қора уй”нинг юқори қисми чанғароқ деб аталиб, у толдан эгик доира шаклида тайёрланади. Айланаси 8-9, қалинлиги эса бир қарични ташкил этади. Маҳаллий аҳоли уни “қасқоқ” деб атайди. Чанғароқ қасқоқининг устки қисмига толдан тайёрланган таёқлар гумбаз шаклида эгилиб, чанғароқ тепароғидан ўйилган биринчи қатор тешикларига жойланади. Таёқлар хоч шаклида кесилиб, ўрта қисми туя ёки ҳўкиз терисидан тайёрланган тасма билан боғланади. Чанғароқнинг асоси бўйлаб “чанғароқ солма” деб номланган қизил ип айлантирилади. Сурхон воҳасида “қора уй” асосини кўтаришда, яъни тик қилишда иккита увуқ эчки шоҳига ўхшатиб, эгилган жойлари бир-бирига қарама-қарши ҳолатда боғланган. Чанғароқ унинг ёрдамида баландликка кўтарилган ҳамда уч ёки тўрт аёл увуқларни чанғароқнинг пастки қатор тешикларига жойлаб, пастки қисмини керага мустаҳкамлаб боғлаган. Увуқлар чанғароқ тешикларига жойлангандан кейин эни 2-2,5 бўғин узунликда бўлган жундан гулдор қилиб тўқилган тизмалар билан мустаҳкамлаган. Қур увуқларнинг эгилган жойидан, тизманинг тагидан уйнинг бутун айланасига тутилган. Қур жундан гулдор қилиб тўқилиб, эни 1,5-2 қарич узунликда бўлган. “Қора уй”нинг ичкариси қизил гулли, жундан тўрлаб, сачиқлари қуббали қилиб тўқилган гулдуровуқ эса қурнинг тагидан тутилган. “Қора уй”нинг устки қисми кигиздан тайёрланган иккита узук ҳамда тўртта тўрлиқ билан ёпилган. Кераганинг пастки қисмини тўрлиқлар ёпиб турган. Ёзнинг иссиқ кунларида тўрлиқлар белдовга йиғилиб, салқин бўлиши учун чийлар очиб қўйилган. “Қора уй”ларда сандал, ўчоқларнинг тутунлари ўтов чанғароғининг туйнуги орқали чиқариб юборилган. Туйнук эса кигиздан қилинган. Тўртта уч қулоч узунликдаги туйнук боғи – арқонлари, уйнинг тўрт томонидан пастга тушиб турган. Туйнукни очиб-ёпишда ана шу боғлардан фойдаланилган. “Қора уй”нинг эшиги нарвон шаклидаги икки қанотли “эрганак” бўлиб, унинг устидан уч қулоч узунликдаги махсус чий ва кигиз қопланган эшик ёпқич тайёрланган. Эшик ёпқичнинг тепа қисми узукка бирлаштирилган бўлиб, иссиқ вақтларда кўтариб қўйилган. Ҳаво совуганда тушурилиб, уй эшиги беркитилган. Ёғингарчиликда ўтов ташқарисидан “қўр”, яъни ариқча қазилиб, ёмғир ва қор сувлари унга туширилган. “Қора уй”нинг яна “оширма” арқонлари ҳам бўлиб, у чанғароқ устидан оширилиб, икки томонга қоқилган қозиқларга боғланган, ўтовни довул ва шамолллардан асраган. Ўтов ичига доимий равишда бўйра тўшалиб, унинг устидан кигиз ташланган. Бўйра ердаги намликни ўтказмаган.

Ўтовлар ҳақидаги маълумотларни батафсил келтиришимиз, албатта, бежиз эмас. Чунки бой тарихимиз ва бебаҳо қадриятларимиз жамулжам бўлган ўтовларда аждодларимизнинг ақл-заковати, неча асрлик ҳаёт тарзи яшаб келмоқда.

Бугун ўтов қуриш, уни безаш билан боғлиқ кўникмаларга эга бўлганлар кам учрайди. Шу боис биз ўтовларни фақат Наврўз байрамига бағишланган халқ сайлларидагина кўрамиз. Зеро, ундан туризмни ривожлантириш,
ноанъ­анавий сай¸ҳлик тизимини шакллантириш мақсадида ҳам фойдаланиш мумкин.

Ҳа, бир бор ўтовга кирган киши худди тарихга, ўтмишга саёҳат қилгандек бўлади. Ўтмишга саёҳат эса доимо завқли ва мароқлидир. Шу боис мозий нафаси-ю, аждодлар диди ва маҳорати, қалб қўри сингган амалий санъатимизга ёшларимизни кўпроқ ошно этиш олдимизда турган муҳим вазифалардандир. Зеро, юксак дид ва маҳирлик билан яратилган амалий санъат дурдоналари халқимизнинг ўша давр ҳа¸ти, касб-кори ва санъатини ўрганишга даъват этади.

Баҳром НОРМУРОДОВ,
“Milliy tiklanish“ мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг