Тўғри овқатланиш: оғиз бўшлиғи яллиғланишининг олдини олади

0
44

Саломатликнинг энг муҳим омилларидан бири тўғри овқатланишдир. Организм учун зарур витаминларга бой озиқ-овқат истеъмол қилмаслик оқибатида турли касалликлар келиб чиқиши мумкин.

Стоматит ўзи мустақил касаллик сифатида кечиши ёки бошқа хасталиклар (қизамиқ, қизилча, грипп, тил оқариши) белгиси бўлиши ҳам мумкин. У оғиз бўшлиғи яллиғланиши, моддалар алмашинувининг бузилиши, витамин етишмаслиги (авитаминоз), асаб ва ички секреция безлар фаолиятининг издан чиқиши оқибатида пайдо бўлади. Чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, жуда иссиқ ёки ўта совуқ, нордон ва шўр таомлар истеъмоли ҳам оғиз яллиғланишига олиб келади. Яллиғланиш сабаблари ва кечишига қараб, касаллик бир неча турга бўлинади.

Катарал яллиғланишда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати қизаради, кўп миқдорда сўлак ажралади, овқатланиш вақтида оғриқ кучаяди. Ярали невротик яллиғланиш кўпинча болаларда, баъзан катталарда ҳам учрайди. Бунда милк­да йирингли яра пайдо бўлади. Бемор қувватсизланади, ҳарорати кўтарилади, оғиздан ¸қимсиз ҳид келади, овқат ейиш қийинлашади.

Афтоз яллиғланиш умумий қувватсизлик, оғизда сарғимтир парда билан қопланган юзаки яралар ҳосил бўлиши билан кечади — оғриқ кучаяди, ҳарорат кўтарилади, овқат ейиш ва гапириш қийинлашади. Афтоз яллиғланиш айрим дорилар, кимёвий моддалар таъсирида пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Ўткир яллиғланиш оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг жароҳатланиши оқибатида пайдо бўлади. Жароҳат турли сабаблар: нотўғри ўрнатилган тиш протези, ўткир учли буюмлар билан тишни эҳтиётсиз ковлашдан келиб чиқади.

Оғиз бўшлиғи яллиғланишининг олдини олиш учун доимий гигиена қоидаларига риоя қилиш, дори-дармонларни палапартиш ичишдан сақланиш, жароҳатланишлардан ҳимояланиш, тўғри овқатланиш (айниқса, витаминларга бой маҳсулотлардан истеъмол қилиш) лозим. Одатда, стоматитни даволаш махсус муолажаларни талаб этмайди. Оғизни антисептик хусусиятга эга воситалар: мойчечак ва қорақайин дамламаси билан чайиш яхши наф беради. Шунингдек, яллиғланиш тезроқ тузалиши учун анор пўстлоғини 5-6 дақиқа сувда қайнатиб, унда оғизни тез-тез чайиш керак. Бир ошқошиқ саримсоқ шарбатига 4 ошқошиқ қайнатилган сув қўшиб, чайилса, оғиз бўшлиғи яллиғланишига даво бўлади.

Саримсоқ — микробларни ўлдиришда самарали восита. Ибн Сино тут меваси ва унинг шираси билан яллиғланиш, оғиз бўшлиғи тошмаларини даволашни тавсия қилган. Мармарак ўти дамламаси билан оғизни чайиш эса нафақат стоматитда, балки тиш ва милклар учун ҳам фойдали. Алоэ шарбатини яллиғланган жойга суртиш ёки тозалаб ювилган япроғини чайнаш ундаги йирингларни бартараф қилади. Хом картошкани қирғичдан ўтказиб ёки юпқа кесиб, ярага қўйиш керак. Сабзи ёки карам сувини оғизнинг яллиғланган қисмида ушлаб туриш осон ва самарали усул ҳисобланади. Стоматит безовта қилган вақтда, тишларни 2-3 маҳал тиш пастаси билан ювишни канда қилмаслик лозим. Чунки паста таркибида бактерияларни ўлдирувчи воситалар бўлиб, у стоматитдаги яллиғланишларни ҳам камайтиради. Касалликка чалинган бемор бир муддат аччиқ, иссиқ, нордон, қаттиқ овқатлар истеъмол қилмай тургани маъқул.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг