Божхона кўриги соддалашса : ҳам тадбиркорга, ҳам давлатга, ҳам халққа фойда

0
32

Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортни рағбатлантириш, божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 5 январь куни Тошкент вилоятида жойлашган “Highway Logistics Center” транспорт логистика марказига ташрифи чоғида божхона тартиб-таомилларини соддалаштирилган ва инновацион технологияларни қўллаган ҳолда амалга ошириш, хавф-хатардан огоҳ этиш тизимини амалиётга жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, мазкур комплекс мисолида ушбу тажрибани республиканинг барча ҳудудида татбиқ этиш лозимлигини қайд этган эди.

Ана шу вазифадан келиб чиқиб, “Highway Logistics Center” масъулияти чекланган жамияти замонавий транспорт логистика марказининг божхона терминалида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун семинар-тренинг ўтказилди. Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси ташкил этган тадбирда божхона, сертификатлаштириш органлари ва тижорат банклари, халқаро ташувларни амалга оширувчи маҳаллий ва хорижий автоташувчилар, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидаги экспорт-импорт операциялари, маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи ва ушбу ҳудудларда замонавий логистика марказларини ташкил этишга қизиқаётган тадбиркорлик субъектлари, мазкур жойлардаги масъул божхона ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Семинар-тренингда таъкидланганидек, бугун божхона органлари амалий тадбирларга алоҳида эътибор қаратмокда. Хусусан, республикага олиб кирилаётган ва ундан олиб чиқилаётган товар ва транспорт воситалари фақат бир маротаба божхона кўригидан ўтказилиши, аэропортдаги божхона постларида фуқаролар учун “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий қилингани мана шу йўналишдаги ислоҳотларнинг дебочаси бўлиб, юртдошларимизга манзур бўлмоқда.

— Асосан газлама мато ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, — дейди “Зилол текстил” масъулияти чекланган жамияти ходими Шаҳзод Ҳақбердиев. — Ўтган йилда “Highway Logistics Center” замонавий транспорт логистика маркази билан 18 миллион АҚШ долларлик маҳсулотимизни Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Вьетнамга экспорт қилдик. Ушбу логистика марказининг тадбиркорлар вақтини тежаши, барча ҳужжатларнинг шу марказнинг ўзида расмийлаштирилиши бизга маъқул келмоқда. Марказ билан ҳамкорлигимизни келгусида ҳам давом эттириб, экспорт қиладиган давлатлар ва маҳсулот ҳажмини оширишни мақсад қилганмиз.

Семинар-тренинг қатнашчиларига мазкур комплексда тартиб-таомилларни амалиётга жорий этиш босқичлари, хусусан, тадбиркорлик субъектига қулай шарт-шароит яратиш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда сансалорликка барҳам бериш мақсадида жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган, замонавий инновацион технологиялар асосида соддалаштирилган, кам вақт ва маблағ сарфланадиган божхона расмийлаштируви, товарлар экспертизаси ва тегишли рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштируви жараёнлари ҳақида батафсил маьлумот берилди.

Божхона терминалида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Давлат ветеринария, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг сертификатлаш идораларининг пунктлари мавжуд. Улар билан ўзаро ҳамкорликда ягона экспресс-лаборатория фаолияти ташкил этилган. Бу, айниқса, вилоятлардан келган соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди. Чунки шу пайтгача бирор маҳсулот экспорт-импорт қилинса, тадбиркор, албатта, юқорида санаб ўтилган ташкилотларнинг ҳар бирига алоҳида-
алоҳида бош суқиб чиқишига тўғри келарди.

— Тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш ва ортиқча расмиятчиликларни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бўлим бошлиғи Нодирбек Салимжонов. — Хусусан, божхона органлари фаолиятига доир жорий этилган 20 дан ортиқ интерактив давлат хизматларини янада фаоллаштириш, янги электрон хизматларни жорий этиш назарда тутилган. Тадбиркор энди товар экспорт-импорт жараёнини ўз офисида ўтириб ҳам амалга ошириши мумкин бўлади. Ўз маҳсулотининг ҳудудга кириб келгани ва ҳудуддан чиқиб кетгани тўғрисидаги маълумот тадбиркорнинг телефонига юбориб турилади.

Тадбир иштирокчиларига “Highway Logistics Center” масъулияти чекланган жамияти замонавий транспорт логистика марказининг божхона терминалида яратилган шароит ва қулайликлар кенг намойиш этилди.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг