“Калькулятор-бола” : Гиннес рекорди китобига кирмоқчи

0
51

Сарлавҳани ўқиб ҳайрон бўлаётгандирсиз? Ажабланманг, тўғри ўқидингиз: “калькулятор-бола”. Бугун уни деярли бутун Ўзбекистон танийди ва шу ном билан атамоқда.

“ZO‘R TV” каналидан эфирга узатиб келинган “Индиго” кўрсатувининг финал босқичи ўтган йил адоғида бўлиб ўтди. Кўрсатув мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қиладиган интеллектуал қобилияти юқори, билимли, ақлли ва ҳар томонлама зукко ёшларнинг билимлар беллашуви асосига қурилган. Ўша кўрсатувнинг финал босқичи иштирокчилари сафида Навоий шаҳридаги 14-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Муҳаммадали Тотлибоев ҳам бор эди.

Қаҳрамонимиз топшириққа кўра, 2 ва 3 хонали сонни 5 хонали сонга бемалол кўпайтириб, 5-6 хонали сонларни 2-3 хонали сонга ҳеч қандай қоғоз-қаламсиз хотирада бўлди. Ҳакамлар ва томошабинлар ҳайрат нелигини ўшанда яна бир бор ҳис қилишди. Шу ўринда бир гап: мана шу йўналиш бўйича ўрнатилган Гиннес рекордида Муҳаммадали қайд этган натижа энг юқориси экан. Ҳакамлар Муҳаммадали оғзаки ҳисоблаган амалларни калькуляторда ҳисоблашга зўрға улгурар, 7-8 хонали сонни ўқиб беролмай доналаб айтар эди. Жавобни эса битта-битта рақамлаб текширди. Савол устига савол ёғилди, ёш математик эса худди доимий машғулоти билан банд кишидек хотиржам жавоб бериб борди. Охири бўлмади. Берилаётган саволлар у учун жуда оддий туюлар, ўз иқтидорини тўлароқ кўрсатишни истарди.

…Муҳаммадали билан бўлган суҳбатимиз жудаям самимий кечди. Чунки бу йигитчанинг ўзи очиқкўнгил экан. “Бу амални сизга ким ўргатган”, десак    у:

— Ҳеч ким, — деб жавоб берди. — Бобом ёшлигимдан бундай математик машқларни бажаришга ундар, мен эса кун сайин ҳисоб-китоб оламига кириб кетаётганимни билмай қолдим. Натижада сонларнинг неча хоналиги, улар билан қандай амаллар бажариш ҳақида ўйламай ҳам қўйдим. Савол берилса, бас. Қисқа сониялар ичида хаёлан ҳисоблайманда, айтавераман.

Шундан сўнг Муҳаммадалининг келгуси режалари ҳақида сўрадик.

— Келгусида Гиннеснинг рекордлар китобига киришни ният қилганман. Бу билан шуҳрат қозонмоқчимасман, — дейди у ўзига хос камтарлик ва самимият билан. — Ўзбек халқи дунё илм-фани, тараққиёти ва ривожига улкан ҳисса қўшганини ва бу бугунда ҳам давом этаётганини яна бир бор исботламоқчиман.

Дунё неча минг-минглаб ноёб истеъдод эгаларини кўрган. Бунинг ҳаммаси Яратган “юқтирган” фазилатнинг машаққатли меҳнат ила юзага чиқишини ҳам исбот этган. Муҳаммадали буни жуда яхши билади.

— Неча йилдирки, Муҳаммадали билан тинимсиз машғулот ўтамиз, — дейди унинг ўқитувчиси Шоҳиста Турдиева. — Илк бор ундаги қобилиятни пайқаганим ҳам қизиқ бўлган. Бирор топшириқ берсам, синфдошлари ичида биринчи бўлиб бажарар, доскага бирор машқни ёзиб, ўқувчиларга умумий тушунтиришга киришиб кетсам, тез фурсат ичида машқнинг жавобини топиб, айтиб қўярди. Шундан сўнг у билан алоҳида савол-жавоб қилиб кўриб, чиндан ҳам истеъдодли эканига амин бўлдим. Ҳозирда жадвал асосидаги дарси тугаганидан сўнг ҳар куни икки-икки ярим соат математика билан шуғулланаяпмиз.

Ҳа, ал-Хоразмий, ал-Фаробий, Беруний, Улуғбекдек олиму алломаларнинг шунчаки тасодиф сабаб дунёга танилмаганини аждодларга чинакам авлод бўлиб камол топаётган Муҳаммадали сингари ёшлар яна бир бор исботламоқда. Дунё эътироф ва эътиборига сазовор бўлган инсонларга бешик бўлган она диёримиз бугун ҳам мана шундай истеъдод эгаларини тарбия қиляпти. Фақат бу истеъдодларни ўз вақтида англасак, қадрига етсак, бас.

И. НОРМАМАТОВ,
                     “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг