Оламда бир неъмат бор… ёхуд “Ўзстандарт”нинг стандарти нечта?

0
92

Нон — ризқ-насиба, тўкинлик рамзи. Халқимиз азалдан нонни азиз неъмат ҳисоблайди. Шу боис бирор нарсага эҳтиром билдирса, “нондек азиз”, “нондек мўътабар”, дея нон сўзини қўшиб айтади. Мамлакатимиз гербида ғалла бошоғи тасвири туширилгани ҳам ўзбек халқининг буғдойга, нонга алоҳида ҳурмат-эътибори ифодасидир.

Бугун савдо дўконлари ёки бозорнинг нон растасидаги тўкин-сочинлик, хилма-хилликдан кўзингиз қувнайди. Нон ва нон маҳсулотларининг кўплиги, тўкислиги чиндан ҳам ризқи бутун халқ эканлигимиздан далолат беради.

— Бир вақтлар нон дўконларидаги маҳсулотлар турлари ҳозиргидек хилма-хил бўлмасди, — дейди сергелилик Ботир Жаҳонов. — Буханка нон учун баъзида соатлаб навбатда турардик. Истиқлолимиз шарофати билан юртимиз ободликка, халқимиз фаровонликка эришди. Нонга нав­батга турган дамлар ортда қолди. Энди ҳар қадамда нон дўконлари, уларда турли-туман нон маҳсулотлари…

Насибамизнинг бутунлиги, дастурхонимизнинг тўкинлиги йўлида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган жамоалар самарали меҳнат қилаётир.

Эътибор берсангиз, шаҳар жойларда истиқомат қиладиган аҳолининг булка нон (буханка)га бўлган талаби юқори. Чунки у ҳам арзон, ҳам тўйимли. Вилоятдаги дўкон ва бозордаги нон расталарини айланиб, бутун республика бўйлаб айнан буханка ноннинг турли хил кўринишларини учратиш мумкин. Қизиғи, унинг вазни ҳам бир-биридан фарқ қилади. Дастлаб бу ҳар бир ҳудуд, ҳар бир жойнинг ўзига хослигими, деган хаёлга ҳам борасиз.

Бироқ, афсуски, бундай ўйлаган одам адашади.

Чунки “Ўзстандарт” агентлиги берган
маълумотларга кўра, буханка нон ишлаб чиқариш истагидаги тадбиркорга бир қанча талаб­лар қўйилади. Ишлаб чиқариш учун махсус цех ташкил этиш, буғдой уни, туз, хамиртуруш, ўсимлик ёғини сақлаш, хамир қориш, ишлаб чиқариш — бижғиш ёки хамирни етилтириш жараёни, уни бўлиш, пишириш учун алоҳида ва махсус хоналар, тайёр маҳсулотни сақлаш учун омборхона бўлиши лозим.

Бундан ташқари, қолипли нон ишлаб чиқараётган тадбиркорнинг кунлик таҳлилларни ўтказиб бориш учун ишлаб чиқариш лабораторияси ёки аккредитациядан ўтган лаборатория билан шартномаси, корхонанинг тозалик техник ҳолати ҳақида худудий санитария эпидемиологик идорасининг рухсатномаси ҳам бўлиши, ишчи-ходимларнинг кийиниш ва ечиниш, ювиниш, овқатланиш ва дам олиш хоналари ҳам ташкил этилмоғи керак.

Шундан сўнг ишлаб чиқарувчи мувофиқлик сертификати олиш учун “Ўзстандарт” агентлигининг худудий синов ва сертификатлаштириш идораларига ариза ва унга қўшиб маҳсулотнинг меъёрий ҳужжат нусхаси, ёрлиқ намунаси, гигиена хулосасини синов баённомалари билан тақдим этади. Сертификатлаштириш идораси аризани ва унга қўшиб берилган ҳужжатларни таҳлил этиб, икки иш куни ичида қарор қабул қилади ва бу ҳақда талабгорга хабар беради. Агар қарор ижобий бўлса, сертификатлаштириш идораси синов дастурини тузиб, уни тасдиқлайди.

— “Ўзстандарт” агентлиги буханка нонга белгилаган стандарт вазн — 500 ва 600 грамм, ундан кам бўлса, билингки, бундай нон истеъмол талабига жавоб бермайди, — дейди Агентликнинг Стандартлаштириш ва давлат назоратини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зоиржон Омонов. — Мабодо текшириш давомида шу ҳолатга дуч келинса, буханка нонни ишлаб чиқараётган тадбиркорга сертификат берилмайди. Бу нонни ишлаб чиқариш вақтинчалик тўхтатилади, дегани. Одатда қолипли нон учун 3 йил муддатга мувофиқлик сертификати берилади ва битим тузилади. Битимда сертификатланган маҳсулот устидан инспекция назорати ўтказиш ҳақида ҳам келишиб олинади. Агар инспекция назорати натижасида улар фаолиятида стандарт нормалари бузилиш ҳолати аниқланса, мувофиқлик сертификатининг амал қилиши 10 иш кунига тўхтатилади ва кўрсатма берилади. Шу муддат ичида камчиликлар бартараф этилса, қайта назорат ўтказилади ва фаолиятга рухсат берилади. Йўқса, назорат қилувчи орган судга мурожаат қилади.

Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қолипли нон ишлаб чиқаришни мақсад қилган, агентлик қўйган қонуний талаб­ларни бажарган тадбиркорга маҳсулотнинг сифатли ва мавжуд стандартларга тўла мослиги ҳақида сертификат тақдим этади. Таҳлиллар шуни кўрсамоқдаки, тадбиркор аввал бошда, албатта, барча қонун-қоида ва стандартларга амал қилган ҳолда иш юритади. Сўнг… айримларнинг нафси ҳакалак ота бошлайди. Осон йўллар билан тезроқ бойиш пайига тушади. У одамлар ҳақига хиёнат қилган ҳолда қўшимча даромад орттириш ва битта нонга белгиланган ҳажмдан камроқ миқдордаги хомашё билан маҳсулот ишлаб чиқаришга киришади.

Рақамларга мурожаат қилинса, ҳаммаси гўё рисоладагидек. Ўтган йил бўйича график асосидаги инспекция назорати натижаларига кўра, текширувдан ўтказилган 120 та нон ишлаб чиқариш корхонасида умумий ҳисобда атиги бир фоиз қонун бузилиш ҳолати қайд этилган. Савол туғилади: хўш, унда бозорга чиқаётган сифатсиз ва ностандарт нон маҳсулотлари қандай пайдо бўляпти? Жавоби оддий: йил давомида ўзи билганича ишлаб келган тадбиркор фаолияти график асосидаги инспекция назоратига тушган бўлса, яъни, унинг корхонаси текшириладиган бўлса, у, албатта, битимда кўрсатилганидек олдиндан огоҳлантирилиши керак. Текширув борлигини эшитган “тадбиркор” ўз-ўзидан онгли равишда ҳаммасини бинойидек қилиб қўяди. Бир кун тўғри ишласа бас, кейин яна ўзи билганича давом этаверади…

Ҳолатни вилоятлар кесимида ўрганадиган бўлсак, вазият анча жиддий.  Бундай дейишимизга сабаб шуки, чекка ҳудудларда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан белгиланган стандарт деярли ишламайди. Ҳудуд марказларида бу салбий ҳолат камроқ учраши мумкин. Аммо ҳудуднинг чекка-чекка жойлари томон борилган сари вазият қолипли нон ичидаги майда-майда пуфакчаларнинг борган сари катталашиб боришига ўхшайди. Қолипли нонни текшириб кўриш учун уни ғижимлаб, бир кафтга жой бўладиган ҳолатга келтириб қўйиш мумкин. Табиийки, мазаси ҳам ўзгара бошлайди. Гўё у ерларда қолипли нон ишлаб чиқарувчи деярли ҳамма тадбиркорнинг ўз стандарти бордек. Тўғри, улар ичида виждонини йўқотмаган ҳалол ва пок тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Қолаверса, бори ҳам камчиликни ташкил этиши масаланинг нақадар жиддий эканлигини кўрсатади. Агентлик стандартини менсимайдиган, бошқача айтганда виждони билан “келишув”га эришган бундай “тадбиркор”лар эртами-кечми, албатта, қонун олдида жавоб бериши аниқ. Аммо бировнинг ҳақини ейиш, тарозига хиёнат қилиш энг оғир гуноҳ саналишини бундай кимсалар билармикин?

— Тарозидан уриб, бировларнинг ҳақига хиёнат қилиш динимизда қаттиқ қораланади, — дейди
Самарқанд шаҳридаги Шоҳи Зинда жомеъ масжиди имом ноиби Самариддин Мирзаев. — Бу ҳақда Қуръони Каримда аниқ оятлар келган: “Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ олурлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ана шулар қайта тирилишларини ўйламайдиларми?”. Тарозидан ургувчи кишининг иши, касби ва тижоратида барака бўлмайди, турмуши нотинч бўлади. Бундайлар ўз оиласи, ҳатто қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг ҳам баракасига зарар етказиши ҳақида ҳадислар бор.

Бунинг олдини олиш учун аввало, жамоатчилик назоратини кучайтириш керак бўлади. Бундай ҳолатга маълум маънода истеъмолчининг ўзи ҳам айбдор. Чунки у ҳар доим ҳам ўз ҳуқуқини паймол этилаётганига эътибор қаратмайди, ҳақини талаб қилмайди, кўпинча тадбиркорга инсоф тилашдан нарига ўтмайди. Юз иссиқ, деймиз, эртага кўз-кўзга тушади, деймиз. Лекин аслида кўз-кўзга тушганида биз эмас, истеъмолчи ҳақини еганлар уялиши кераклигини ўйламаймиз. Бир нарсани чуқур англаб, тўғри тушуниш жоиз: жамиятдаги бу каби иллатларни бартараф этиш кенг жамоатчилик билан амалга ошадиган жараёндир. Бундай иллатлар илдизига болта уриш учун ҳаммамиз бирдай ҳисса қўшмоғимиз, бундан ҳеч ким четда қолмаслиги лозим.

— Қолипли ноннинг дўкон ва савдо расталарида сотиш учун белгиланган нархи ҳозирги кунда 650 сўм, — дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Умида Мансурова. — Истеъмолчиларнинг тўқсон тўққиз фоизи харид қилган ноннинг сифати кўнгилдагидек эмаслигини билганидан сўнг ҳам уни ўша дўконга қайтариб топширмайди. Таассуфланарлиси, бу ҳақда на ишонч телефони орқали масъулларга хабар беради, на кўрган зарарини ундиради. Сабаби оддий: андиша. Шу арзимас нарса учун ҳам овора бўламанми, дейди. Агар ҳамма истеъмолчи ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олса, сифатсиз маҳсулот сотган дўкон, савдо шахобчасига уни қайтариб топширса, сотувчи ҳам ҳаракатга тушиб қолади. Бундай сифатсиз маҳсулот етказиб бераётган фирма ё ташкилот билан ҳамкорлигини тўхтатади. Натижада жамият бундай иллатлардан тозаланиб бораверади. Аҳамиятлиси, бу ишни аҳолининг ўзи бажарган бўлади.

Иштихонлик истеъмолчи Бегали Эшонқуловнинг ҳолат юзасидан билдирган фикри эътиборимизни тортди.

— Туманимиз марказида жойлашган бозордаги нон растаси ва дўконларда буханка нонга эътибор бериб, бир нарсага сира тушунмайман, — дейди Б. Эшонқулов. — Бир хил кўриниш ва сифатга эга бўлиши керак бўлган ноннинг (қолипли нон назарда тутилмоқда — таҳририят) кўплаб турини учратасиз. Қайси бири стандартга тўғри келишини билолмай бошингиз қотади. Бир куни ҳам қизиқиш, ҳам истеъмолчи ҳуқуқимдан фойдаланиб, сотувчидан маҳсулот сертификати бор-йўқлиги ҳақида сўрадим. Жавоб ўрнига сотувчи “нонда ҳам сертификат бўладими?” деб ҳайрон бўлди. Шундан сўнг нон тайёрланган цехнинг қаерда жойлашганини сўрадим. Бундан ҳам хабари йўқ…

Истеъмолчининг фикрини тинглаб, Иштихон деҳқон бозори томон йўл олдик. Бозордаги М. исмли нон сотувчи аёлдан икки дона буханка нон харид қилиб, ўзининг гувоҳлигида тарозида ўлчаб кўрдик. Бири 365, иккинчиси эса 382 грамм тош босди. Нархини сўрасак, 750 сўм экан. Маҳсулотнинг на нархи, на сифати талаб даражасида эмаслигини айтсак, елка қисишдан нарига ўтмади…

Бу йил Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили. Табиийки, тадбиркорларга яратиб берилаётган имконият ва шарт-шароитлар янада кенгаймоқда. Қонунчиликда амалга оширилган ўзгаришларга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барча тури бекор қилингани, Президентимизнинг Парламентга Мурожаатномасида 2018 йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятига тўғаноқ бўладиган ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, икки йилгача уларнинг молиявий фаолият юзасидан текширишлар ўтказилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Афсуски, билдирилган ишонч, берилган имтиёз ва имкониятларни суиистеъмол қилаётган “шоввоз”лар ҳам топилади.

— Ўтган йил якуни бўйича жами 122 та қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхона мувофиқлик сертификатини олган, — дейди Хоразм синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси етакчи мутахассиси Дилором Бозорова. — “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг ижросини таъминлашга барчамиз масъулмиз. Аммо баъзи тадбиркорлар буни унутиб қўймоқда. Қолипли нон ишлаб чиқарувчиларнинг айримлари маҳсулот оғирлиги, намлиги, ғоваклиги ёки нордонлиги меъёрида бўлишини таъминламасдан, истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол этмоқда. Уларнинг айримлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни синов лабараториясидан ўтказсангиз ноннинг юмшоқ қисми нам, яхши пишмаганлиги, ғоваклиги — хамири яхши етилмаганлигига (ноннинг ички юмшоқ қисми бармоқ билан босиб кўрилганида аввалги ҳолатига қайтиши керак) гувоҳ бўласиз.

Ҳалол меҳнат қилиб топилган ризқ баракали бўлади. Бу ҳикматни англаган кишининг ризқи бутун, қалби равшан, хонадони тинч-тотув ва энг муҳими, одамлар олдида доим юзи ёруғ бўлади.

— Баъзида иш сўраб келувчилар бир қоп унингиздан фалон дона нон тай¸рлаб бераман, деб қолади, — дейди боғотлик тадбиркор Бахтиёр Ибрагимов. — Шунда уларга уқтираман: менга ноннинг сони эмас, сифати муҳим, яъни ҳалол ишлайдиган одам керак. Тўғри, бундай “уддабурон”ларнинг ваъдасига ишониб, ҳалолликни унутаётганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу билан кимни алдаяпмиз, кимнинг ҳақига хиёнат қилаяпмиз? Биз фақат ўз ҳузуримизни, даромадимизни ўйлаб иш қиладиган бўлсак, аҳолининг истак ва эҳтиёжларини инобатга олмасак инсофдан бўлмас. Ахир, шу халқ, шу одамлар борки, касбу ҳунаримиздан барака топиб, ризқ-насибамизни териб юрибмиз. Халқини рози қилган кам бўлмайди. Бу ҳақиқат тарихда ҳам, шу кунларда ҳам ўз исботини топган ва топмоқда…

Нон дастурхонимиз кўрки, фаровон ҳа¸тимиз белгисидир. Бугун бозору дўконларда ноннинг турфа хилини учратамиз: оби нон, патир нон, ширмой нон, қатлама нон, жиззали нон, седанали нон… Қолипли нон ишлаб чиқариш бўйича эса “Ўзстандарт” агентлигининг фақат битта стандарти бор. Юқорида номи келтирилган барча ташкилотларнинг қисқа ва узлуксиз ишлайдиган “Ишонч телефон”лари мавжуд. Агар қонун бузилиш ҳолатларига дуч келсак, ўша қисқа рақамларни териб, ҳолат юзасидан ахборот етказсак, йўлдан адашган тадбиркор ҳақида тегишли мутасаддиларни хабардор этсак, аввало, ўзимиз, қолаверса, жамият равнақи учун ҳам ҳисса қўшган бўламиз. Бу билан саломатлигимизни асраган, ҳақ-ҳуқуқларимиз бузилишининг олдини олган бўламиз. Зеро, ЎзМДПнинг сайловолди Платформасида ҳам аҳоли турмуш сифати ва қулайликларини ошириш ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган фаолиятимизнинг бош мақсади экани, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг