Касб-ҳунар таълими : “Бутун ҳаёт давомида таълим” тамойили асосида иш олиб боради

0
39

Бугунги шиддатли даврдаги тезкорлик ва замонавийлик ҳар бир соҳа, жумладан, таълим тизимини ҳам замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ислоҳ этишни талаб этмоқда.

Мамлакатимизда ўтган ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик таълим тизими қайта тикланиши ўқувчига ўзи туғилиб ўсган ҳудудда ва ўзи ўрганган муҳитда ўқишини давом эттириш имконини берди. Бунинг натижасида таълим тизимида туб ислоҳотлар бошланди. Унинг узвий ва мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 25 январда “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон қабул қилди.

“Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг 1998 йилда қабул қилингани, ўтган давр ичида мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўзгаришлар, саноат диверсификацияси, меҳнат бозоридаги малакали ишчи ва ўрта бўғин мутахассисларига бўлган талаб ва эҳтиёж таълим соҳаси, хусусан, амалдаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш заруратини келтириб чиқарди.

Президентимиз таълим жараёнида кадрларни иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари эҳтиёжлари асосида тайёрлашнинг мутлоқ янги тизимини йўлга қўйиш, замонавий техника ва технология­лар талаб қиладиган янги кўникма, малака ва компетенцияларни шакллантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Замон талаби, хорижий давлатларнинг касб-ҳунар таълими соҳасида эришаётган ютуқлари, иш берувчиларнинг бевосита эҳтиёжлари бугунги кунда ҳам сон, ҳам сифат жиҳатидан янги таълим технологиялари ва инновацион ғояларни кенг жорий этишни тақозо этмоқда. Айни шу мақсадда касб-ҳунар таълимининг мавжуд ҳолатини таҳлил қилиш жараёнида халқаро тажрибалар, илғор таълим технологиялари, кўплаб маҳаллий ҳамда чет эллик экспертларнинг фикри инобатга олинди.

Янги истиқболлар, иш берувчиларнинг реал эҳтиёжлари, меҳнат бозори талаблари таълим сифатини янгилаш, ўқитишнинг янги метод ва услуб­ларини жорий этиш заруратини пайдо қилмоқда. Шу боис таълим сифатини оширишга қаратилган ўқув-меъёрий, ўқув-услубий ҳужжатлар тубдан қайта кўриб чиқилди. Замонавий техника ва технологияларни эркин ва маҳорат билан бошқара оладиган малакали кадрларни тайёрлаш касб-ҳунар таълимининг асосий мақсади ва йўналишлари этиб белгиланди. Ана шундан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар таълими дастурлари, дарсликлар, ўқув-услубий мажмуаларга инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, таълимни интерактив кўринишга ўтказиш, педагог ва ўқувчи муносабатларини таълим олувчи эҳтиёжлари асосида ташкил қилиш, у ёки бу муаммоларни ҳал этишда видеодарсга мурожаат этиш имконини берадиган визуал таълим ресурслари базасини яратиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланди.

Касб-ҳунар таълими ва ўқиш муддатлари эндиликда шу куннинг талаби, иқтисодиёт ва технологиялар тараққиёти, энг муҳими Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси — ёшлар, катта ёшдагилар, ишсизлар, касбини ўзгартирувчилар, ҳарбий хизматдан қайтганлар, захирага чиқарилган ҳарбий хизматчилар, қўйингки, касб ўрганмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро эҳтиёжларини қондиришга қаратилган табақалаштирилган муддатларда ташкил этилади.

Янги тизимга асосан амалдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув режасидаги умумтаълим фанлари ушбу фанлар узвийлиги ва узлуксизлиги тамойилидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларида ўқитилиши мақсадга мувофиқ, деб топилди. Ўз навбатида умумтаълим мактабларида ҳам 11 йиллик таълим олиш даврида 50 дан ортиқ касбни давлат бюджети ҳисобидан эгаллаш имконияти яратилди ва битирувчиларга ўрганган касблари бўйича давлат намунасидаги ҳужжат берилади.

11 йиллик таълим негизида касб-ҳунар коллежларига қабул қилинадиганлар давлат грантлари, буюртмачилар — вазирлик ва идоралар, йирик иш берувчиларнинг маблағлари, шунингдек ихтиёрий равишда касб эгалламоқчи бўлган жисмоний шахсларнинг жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади. Кам таъминланган оилалар фарзандлари давлат ҳисобидан ўқитилади.

Касб-ҳунар коллежларида “Бутун ҳаёт давомида таълим” тамойили асосида аҳолининг катта ёшдаги тоифалари ҳамда касбини ўзгартирмоқчи бўлганлар ва вақтинчалик иш билан банд бўлмаганлар учун ҳам имкониятлар яратилади. Вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат комиссия ҳамда ҳудудлардаги ишчи гуруҳлар томонидан касб-ҳунар коллежларининг фаолияти тўлиқ ўрганиб чиқилади. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришлар, технологиялар тараққиёти ва меҳнат бозоридаги кадрларга бўлган реал эҳтиёжлар, келгусида яратиладиган янги иш ўринлари ҳисобга олиниб, касб-ҳунар коллежлари сонини оптималлаштириш, уларни вазирлик, идора, корпорация ҳамда йирик иш берувчиларга бириктириш бўйича таклифлар, хулосалар тайёрланади. Пировардида меҳнат бозоридаги реал эҳтиёждан келиб чиқиб, иш берувчилар томонидан қўйиладиган малака талабларига мос равишда мақсадли кадрлар тайёрланади, бунинг натижасида битирувчиларни иш билан таъминлаш йуналишидаги мавжуд маммолар бартараф этилади.

Иш берувчиларнинг нафақат талаблари, балки уларнинг келгусидаги прогноз кўрсаткичларига мос, саноат диверсификацияси билан тенгқадам ташлайдиган замонавий кадрларни тайёрлаш, хорижий давлатларда таҳсил олган, мамлакатимиздаги хорижий олий таълим муассасаларида ўқиган иқтидорли ёшларни, шунингдек инноватор йирик иш берувчиларнинг вакилларини таълим жараёнига бевосита жалб этиш орқали касбий таълим сифати жаҳон миқёсида тан олинган ва эришилган даражага тенглаштирилади. Бу эса, ўз навбатида, жаҳон меҳнат бозорига рақобатбардош кадрларни тайёрлаш имконини яратади.

Мазкур жараёнларни тўлақонли амалга оширишда касб-ҳунар таълими тизимида янгича фикрлайдиган, илғор педагогик ва инновацион технологияларни эгаллаган замонавий педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муҳим ва доимий такомиллаштириб бориладиган соҳага айлантирилади. Улар учун нафакат мамлакатимиз, балки илғор хорижий мамлакатлар тажрибаларини ўрганиш, касбий таълим жараёнига татбиқ қилиш имонияти яратиб берилади.

Бугунги кун иқтисодиётидаги ўзгаришлар, технологиялар тараққиёти билан касбий таълимнинг мунтазам ҳамнафас ва интеграциялашган ҳолда фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти фаолияти йўлга қўйилади.

Мухтасар айтганда, касб-ҳунар таълими тизимидаги мазкур ўзгаришлар  мамлакатимиздаги модернизациялаш жараёнларига мос равишда иқтисодиётни ҳаракатлантирадиган, унинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшадиган, халқаро майдонда юртимиз байроғини баланд кўтарадиган ватанпарвар, маҳоратли, малакали ва рақобатбардош ўрта бўғин кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

Шарифжон ЭРГАШЕВ,
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ўрта махсус,
 касб-ҳунар таълими муассасаларини ахборот-
методик таъминлаш хизмати бошлиғи

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг