Ёш ижодкорлар мактаби: истеъдодли ўғил-қизларни тарбияламоқда

0
43

Ўзбек адаби¸тини янги босқичга кўтарган улкан истеъдод соҳиби, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг теран фалсафий қарашлари билан йўғрилган бадиий юксак шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган, ¸д бўлиб кетган.Халқимиз учун самимий туйғулар куйчиси сифатида ғоят қадрли бўлган атоқли шоирнинг китоблари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Демак, бундай азиз зотларнинг номи ҳам, мероси ҳам биз учун жуда қадрли, доимо эъзозимизда бўлишга лойиқдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг февраль ойида Қашқадарё вилоятига ташриф буюрганида Абдулла Орипов ҳайкалини ўрнатиш лойиҳаси билан яқиндан танишиб, уни такомиллаштириш, шоир номидаги мактаб ва унинг ҳа¸ти ва ижодига бағишланган музей ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берганди.

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 майдаги “Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатини барпо этишга киришилди.

Орадан қарийб бир йил вақт ўтиб, Президентимизнинг жорий йил январдаги ташрифига қадар мактаб замонавий қиёфа касб этди. Янги жиҳозлар, бугунги кун талаблари даражасидаги барча ўқув анжомлари билан таъминланди. Энг асосийси, ўқув муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

Қарши шаҳрининг марказий Ислом Каримов кўчасида жойлашган мактаб ён томонидаги
Абдулла Орипов ҳайкали, деворга битилган шоир шеърларидан намуналар унинг бой маънавий
дунёсидан бохабар этади. Ҳайкал жойлашган кенг хиёбондаги яшиллик, манзарали кўчатлар, фаввора ва ундан таралиб, жило бахш этиб турган зилол сувнинг товланишидан ҳақиқий илҳом ҳиссини туясиз. Катта мониторда намойиш этилаётган бугунги куннинг ўзгаришлари, бунёдкорлик ишлари, айниқса, тунда порлаб, атрофни ёритиб турган ёрқин чироқлар жозибасидан ҳайратингиз ортади. Адабиётга, шеъриятга бўлган рағбат ва эътибордан таскин топгандек бўласиз.

Мана шундай ўй ва илҳом нафаси билан муассасага кириб борадиган ўғил-қизлар таълими учун мактабда барча шарт-шароит яратилган: шинам ўқув хоналар, ахборот-ресурс маркази, кутубхона, маънавият зали, қиз ва ўғил болалар учун алоҳида технология ва амалиёт хоналари, улардаги мавжуд ускуна ва жиҳозлар, ёпиқ спорт майдончаси, 50 ўринли ётоқхона, ошхона ва 200 ўринли фаоллар зали.

— Мактабимиз 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўқувчилар 5-синфдан танлов асосида қабул қилинади, — дейди Абдулла Орипов номидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Убайдулла Орипов. — Айни пайтда муассасамизда 142 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Таълим муассасамизнинг умумий ўрта таълим мактабларидан фарқи шундаки, барча фанлар чуқурлаштирилган ҳолда олиб борилади. Она тили ва адабиёт фанларига эса алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, нутқ маданияти, ифодали ўқиш ҳамда нотиқлик санъати фанларидан ҳам етук ва малакали мутахассислар жалб этилган.

Мактабда ўтказиладиган мушоира баҳслари ва шеърият кечалари ўзгача руҳда ўтади. Президентимизнинг яқинда мазкур мактабга ташрифи чоғида ҳам муассаса ўқувчилари Ибройим Юсупов, Муҳаммад Юсуф, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб ўқувчилари билан онлайн боғланиб, мушоира ўтказди ва ўзлари ёзган шеърлардан ҳам ўқиб беришди.

— Мен мушоирада устоз Абдулла Ориповнинг “Имтиҳон” шеърини Президентимиз билан биргаликда чуқур ҳаяжон ва зўр иштиёқ билан айтдим, — дейди мактабнинг 6-синф ўқувчиси Азизбек Ражабов. — Бу менга ўзгача ғурур ва мамнуният бахш этди. Юртбошимизнинг, айниқса, бизга қарата: “Ҳали вақтлар ўтади, кези келиб орангиздан Абдулла Орипов, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним сингари улуғ шоир ва шоиралар етишиб чиқади. Ўзбек адабиёти, шеъриятимиз довруғини сизлардек қалби қайноқ ва салоҳиятли ёшлар жаҳон узра тараннум этишига, мен, албатта, ишонаман”, деган сўзларидан жуда катта куч олдик. Ўйлайманки, бу ишонч бизга бир умр ҳамроҳ бўлади.

Мактаб ҳудудидаги Абдулла Орипов боғи ҳам гўзал ва ўзига хос қиёфа касб этган. Боғдаги манзарали кўчатлар ва анвойи гуллар, табиат гўзаллиги ёш ижодкорлар кўнглига илиқлик, янада илҳом бахш этиши аниқ. Ҳафтанинг ҳар жума кунлари боғда ўтказиладиган шеърият тадбирлари ижодкор ўғил-қизлар учун энг қувончли онлар ҳисобланади.

Таълим масканида жойлашган музей ҳам
Абдулла Орипов ҳаётига доир турфа экспонатлар билан тўла. Бу ерда улуғ шоир гўдаклик чоғларида ётган бешик, турли хил буюмлар, миллийлигимиз, миниатюра санъатимизни ўзида акс эттирган санъат намуналари, Ватанимиз ва хориждаги шеърият мухлислари томонидан тақдим этилган турли совғалар, портрет ва фотосуратлар жамланган.

— Дарсдан бўш вақтларим музейни алоҳида иштиёқ билан томоша қиламан, — дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова. — Бу ўзгача кайфият бахш этади. Абдулла Орипов босиб ўтган йўл, бу улуғ инсоннинг ҳаёти билан ҳамиша ҳамқадам бўлишни музейни кўргач, янада чуқур ҳис этаман.

Мактаб фаолият бошлаганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, таълим муассасасининг ўқитувчи ва ўқувчилари амалий ишларни бошлаб юборган. Жумладан, муассасанинг инглиз тили фани ўқитувчилари Дилнавоз Муродова ва Гулноза Ҳамидова Абдулла Ориповнинг шеърларини инглиз тилига таржима қилишга муваффақ бўлди, улар тўплам ҳолида нашр этилди. Шунингдек,
5-9-синф ўқувчиларининг сара шеърлари жамланган “Абдулла Орипов қалдирғочлари”, 15 нафар истеъдодли ўқувчиларнинг ижод намуналаридан иборат “Ватан фарзанди” тўплами босмадан чиқди. Қолаверса, мактабнинг 7-синф ўқувчиси Севинч Омонованинг республика мушоира баҳсида 1-ўринни қўлга киритгани муваффақият ва ютуқлар ҳозирданоқ бошланганини кўрсатади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ёш ижодкорлар мактабининг бундан кейинги фаолиятида янги саҳифаларни очиши тайин. Таҳсил олаётган ўқувчи-ёшларга яратиб берилган бундай кенг имкониятлар, албатта, адабиётимиз, хусусан, шеъриятимиз равнақи йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши
 бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг