“Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим…”

0
33

Бобур Мирзо ижоди бетакрорлиги, халқчиллиги билан адабиёт мухлисларининг меҳрини қозонган. Бобур Алишер Навоий ижодини чуқур ихлос билан ўрганган, ғазалларини ёд олган. Унинг яхшилик, одамийлик, одоб-ахлоққа оид ғазаллари Алишер Навоий ижодидан руҳланиб, таъсирланиб яратилгани илмий тадқиқотчилар ва адабиёт ихлосмандларига яхши маълум.

Бироқ шу ўринда савол туғилади: унда нега аксарият олимлар Бобур шеърияти Навоий шеъриятига нисбатан халққа тушунарлироқ ва соддароқ, деган тўхтамга келган? Бунинг биринчи сабаби — халқчиллик, яъни шеърни халқ тушуниб ўқишига мослаштирилган фазилат барча шоҳ шоирлар ижодий услубига хос хусусиятдир. Иккинчидан, бизнинг тушунчамиздаги Бобур шеъриятидаги турконалик — мутлақо янги ҳодиса — юксак бадиий ва таъсирчанлик билан омухта соддаликдир. Яъни тасвир ва талқинда фикр мукаммаллиги, манзара аниқлигига асосланган таъсирчанлик ва образлилик Бобур шеъриятига хосдир.

Навоий:

Беҳи рангидек ўлмиш дарди ҳажрингдин манга сиймо,
Димоғим ичра ҳар бир тухми янглиғ донаи савдо.

Бобур:

Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлағил, эй лоларух, бу чеҳраи зардим.

Навоий лирик қаҳрамони ёр айрилиғидан юзим беҳи рангидек сарғайиб кетди, деса, Бобур рубобий ошиғи ёр жудолигидан юзим кузги сап-сариқ япроққа ўхшаб қолди, демоқда. Ҳар икки ташбеҳ — ўхшатиш ҳам табиий.

Навоий байтидаги беҳи образи ва Бобур матлаъсидаги хазон япроғи тимсоллари ҳар иккала байтда ажойиб образлиликни вужудга келтирмоқда.

Бобур мисралари бўйлаб тизилган таъсирчанлик яратувчи омиллар — бадиий санъатлар силсиласини кузатайлик.

Хазон (кузги) япроғи янглиғ сарғардим, дер экан, бунда ташбеҳ яққол сезиларли. Қандай япроқ? Хазон (кузги) япроғи — сифатлаш амалиёти аниқ-тиниқ. Гул юзунг — яъни гулдай юзинг — истиорага яқинлашган ташбеҳ. Китобхон гулни қизил атиргул сифатида тасаввур этади. Демак, маъшуқ юзи — ловуллаган қизил. Ошиқ ранги эса хазон япроғидек заҳил. Бундай қиёсда ранглар зиддияти — тазод санъати қўлланилган. Чеҳраи зард — сариқ чеҳрада ҳам сифатлашдан фойдаланилган. Байтдаги япроқ, гул ва лола сўзлари — бир туркумга мансублиги туфайли таносиб санъати амал қилмоқда. Биргина байтда юз маъносида бирданига уч (юз, рух, чеҳра) синонимни — маънодошни қўллаш ижодкордан катта маҳоратни талаб қилади. Хазон, сарғармоқ, зард сўзларида ҳам маънодош сўзларни моҳирона қўллаш яққол намоён бўлган. Хазон сўзини китобхон хазон ва куз каби икки маънода тушуна олса, ийҳом санъатини ҳам идрок эта олган бўлади.

Эй лола рух — эй лола юзли! — мурожаат ва хитобида нидо санъати зуҳур этмоқда.

Байтнинг намоён фазилати: мазмун яққоллиги, манзара аниқлиги, ўта таъсирчан ва воқеийлигидадир. Навқирон йигит севгилисига ўз аҳвол руҳиясидан дарак бермоқда:

— Эй лола юзли севгилим! Сендан жудоликда юзим кузги япроқдек сарғайиб кетди. Ўзинг бу заҳил юзимни кўриб менга раҳм-шафқат қил!

Демак, бир қарашда оддий ва содда туюлган Бобур байтида бадиий санъатдан тўққиз маротаба маҳорат билан фойдаланилган. Фикран аниқ, ҳиссий жиҳатдан таъсирчан, образлилик барқ уриб турган бу байтда ҳусни матлаъ санъати ҳам яққол намоён бўлган. Шу боис Бобур ғазалининг бу бош байти, шубҳасиз, шоҳ байт даражасидаги адабий мўъжизадир.

Бобурнинг яна бир матлаъига кўз ташлайлик:

Янги ой ёр юзи бирла кўруб  эл шоду хуррамлар,
Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.

(Мазмуни: халқ янги ой ва ёр юзи висолидан шод ва хуррамдурлар. Мен эса сенинг юз ва қошингдан жудоликда байрам ойида ғамлар чекяпман.)

Бир байтда икки хил ҳолат, бир-бирига зид манзара ифода этилган. Ҳамма янги байрам ойи­ни кўриб, ўз ёри билан шодиёнада. Биргина  лирик қаҳрамон танҳоликда, ғам-алам оғушида изтироб чекмоқда.

Энди байтдаги бадиий унсурларни илғашга уринамиз: “янги ой” — ҳилол иккинчи мисрадаги “қош”га ўхшаш бўлгани учун зимдан ўхшатиш — ташбеҳи измор, “юз” сўзининг байтдаги икки маротаба такрори — такрир санъати кўрсаткичидир. Биринчи мисрадаги бирла (бирга) сўзи билан иккинчи мисрадаги “айру” тазод санъатини намоён этмоқда. Байтдаги юз ва қош сўзлари таносиб санъатидан дарак беради. Биринчи мисрадаги ой — планета, иккинчи мисрадаги ой — байрам ойи (календарь) — вақт тушунчасини ифодалагани учун шаклдош сўзнинг икки маъноси — тажнис санъатига мисолдир. Хуррам ва ғам сўзлари зид маъноли сўзлар бўлиб, улар ўзаро тазод санъатини юзага чиқармоқда.

Биз бадиий санъат арифметикаси билан бежиз шуғулланаётганимиз йўқ. Қайд этилган бадиий санъатнинг байтга дахлини ўйлаб кўрсак, улар ташбиҳ орқали образлилик яратмоқда, нур ва соялар (тазод) ўйинидан таъсирчанликни вужудга келтирмоқда, жинсдош сўзлар иштироки китобхонни сўзга, сўз маъносига нисбатан сезгирроқ бўлишга даъват этади, маънодош сўзлар эса ўқувчи сўз бойлигини оширишга хизмат қилади.

Байт ва мисрадан санъатларни топиб кўрсатиш Бобур Мирзонинг сўзга нисбатан заргарларча қунт билан муносабатда бўлганини кўрсатади.

Навоий ва Бобурдай сўз сеҳргарлари учун мумтоз байт яратишдан мақсад нуктапардозлик қилиш — фикрий кашфиётлар билан шуғулланишдир. Ҳали бошқа шоир айтмаган, китобхон бошидан кечган ажиб савдолар ва ҳиссиётларни қаламга олиш заруратидир. Унинг байтларини ўқиган ҳар қандай ўқувчи ҳам ҳайратланиши шубҳасиз.

Шу ўринда яна бир мисол. Бир-бирига зор ошиқ-маъшуқларнинг учрашганида бўлар-бўлмасга ўзаро жиззакилик ¸ки гинахонлик қилиши ҳа¸тда учраб турадиган ҳодиса. Буни Бобур ҳам илғаган, ўйлаган ва нукта — фик­рий кашфиёт сифатида айтиб қўйган:

Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр мушкулдур,
Сенинг бирла чиқишмоқлик доғи  бисёр мушкулдур.

Бобур шеърияти том маънодаги дилбар шеъриятдир. Ундаги самимият, чин инсоний туйғулар, оқилона панд-насиҳатлар — ҳамма-ҳаммаси китобхонни маҳлиё этади. Шу маънода абадият фарзанди бўлган шоир Бобур шеърияти улкан адабий ҳодисадир.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,
Халқаро Бобур мукофоти совриндори

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг