Ҳудудий кенгашлар йиғилишлари: Партия Марказий Кенгаши пленумида белгиланган вазифалар муҳокамасига қаратилди

0
42

Шу кунларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудий кенгашларининг кенгайтирилган йиғилишлари бўлиб ўтмоқда. Уларда партия Марказий кенгаши Пленумида белгиланган вазифалар ижроси, партия вилоят кенгашларининг ўтган йилдаги фаолияти якунлари, жорий йилга доир асосий йўналишлар ва бошқа масалалар муҳокама этилмоқда.

ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида партия Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, партия вилоят ташкилотлари ходимлари, бошланғич партия ташкилотлари етакчилари иштирок этди.

Йиғилишда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов иштирок этиб, жумладан, шундай деди:

— Ўтган йилдан партия тизимида тадбирлар сонини кескин камайтирдик. Ишимизни лойиҳалар асосида ташкил этиб, аниқ, мақсадли ва натижали амалиётга ўтмоқдамиз. Партия Тошкент вилоят кенгаши ҳам 2017 йилдаги фаолияти давомида бир қатор ижобий натижаларга эришди. Жумладан, сайёр қабуллар ва очиқ мулоқотлар натижасида аҳолининг кўплаб мурожаатларига ечим топилди. Жорий йилда ҳам халқ билан мулоқот қилишда партия ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни тубдан кучайтириш, уларнинг ҳар бирини имкон қадар партия иштирокида кўриб чиқиб, ҳал қилинишини таъминлаш лозим.

Шундан сўнг партия Марказий кенгаши Пленумида белгиланган вазифалар, партия тизимида амалга оширилган ишлар, эришилган натижа ва йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратилди.

Йиғилишда ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров, халқ депутатлари вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Мунира Қориева  маъруза қилди.

Маърузада таъкидланганидек, партия вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари ўз фаолияти давомида ёшлар ва хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик каби фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Партия Қибрай туман кенгаши Ҳаракатлар стратегиясининг Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналиши ижросини таъминлаш мақсадида “Банк кредитлари — ҳунармандларга” лойиҳаси доирасида амалий семинар ташкил этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Тошкент вилояти бошқармаси партия кўмагида 5 нафар ёш ҳунармандга 5 миллион сўмдан имтиёзли кредит ажратилди.

Шунингдек, “Микрокредитбанк” Ғазалкент филиали ҳамда “Халқ банки” Бўстонлиқ филиали партия вилоят кенгаши кўмагида ташкил этилган “Баркамол ёшлар — юрт келажаги” номли форумда ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган Ғазалкент хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 3 нафар, Бўстонлиқ қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 5 нафар битирувчиларига 5 миллион сўмдан имтиёзли  кредит ажратилди.

Партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.
ЎзМТДП вилоят кенгаши ҳисобот даврида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш ва партиялараро соғлом рақобат муҳитини яратишда партия гуруҳларининг роли ва ўрнини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратди. Ҳудудий кенгашнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари натижасида халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи ишида бирмунча ўзгариш кўзга ташланмоқда. Хусусан, халқ депутатлари Тошкент вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида фаолият олиб бораётган 78 депутат ўтган йилда амалдаги қонунлар, Президент фармонлари, Давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари ижроси бўйича 492 депутатлик сўровини амалга оширди, уларнинг 324 таси ижобий ҳал этилди. Партия гуруҳларининг ташаббуси билан 98 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 28 ташаббус-масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинишига эришилди.

Кенгайтирилган йиғилишда партия фаоллари ва депутатлар йўл қўйилган камчиликлар, фойдаланилмаётган имкониятларга алоҳида эътибор қаратдилар. Айрим туман ва шаҳар партия ташкилотлари фаоллари ва партия гуруҳлари ЎзМТДП сайловолди Платформаси ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ва депутатлик назоратини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйгани танқид қилинди. Уларга тегишли тавсиялар берилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

                * * *

ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам Марказий кенгаш Пленумида белгиланган вазифалар, партия вилоят кенгашининг ўтган даврдаги фаолияти, галдаги вазифалари ва асосий йўналишлари муҳокама этилди.

Партия Фарғона вилоят кенгаши раиси Умид Жабборов ўтган йилда партия ташкилоти амалга оширган лойиҳалар партия хайрихоҳлари сафининг кенгайишида сезиларли таъсир кўрсатаётганига алоҳида эътибор қаратди. Таъкидланганидек, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларнинг вақтдан тўғри ва мазмунли фойдаланиш кўникмасини юксалтириш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш партия ташкилотларининг асосий вазифаларидандир. Бу жараёнда партия вилоят кенгаши бир қатор амалий лойиҳаларни ўтказди. Жумладан, ўтган даврда партия вилоят кенгаши уюшмаган ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратди. Партиянинг “Ёшлар қаноти” “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида 26 бепул ўқув курсини ташкил этди. Бу ўқув курсларида 105 нафар уюшмаган ёшлар, фанлардан ўзлаштириши паст ўқувчиларга қўшимча таълим берилмоқда.

Шунингдек, партия “Аёллар қаноти” “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ҳунармандчиликни ўргатиш мақсадида 15 та бепул ўқув курси ташкил этган. Мазкур ҳунармандчилик курсларида 73 нафар уюшмаган хотин-қизлар ҳунар ўрганди. Ҳозирда ушбу курсларни тамомлаган 29 хотин-қиз турли соҳаларда меҳнат қилмоқда. Мазкур лойиҳа асосида тарғибот-ташвиқот ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилади.

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида уюшмаган хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида юзлаб хонадонларга ташриф амалга оширилган. Бунинг натижасида 183 нафар уюшмаган ёшлар мазкур лойиҳага жалб этилган. Улардан 40 нафари иш билан таъминланди ва касб-ҳунарга йўналтирилди.

2017 йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан қонун ва ҳукумат қарорларининг ижроси юзасидан ҳамда фуқаролар мурожаати асосида жами 284 депутатлик сўрови юборилган. Шундан 202 таси ўз ечимини топди. Партия гуруҳларининг ташаббуси билан 11 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди, маҳаллий Кенгаш сессияларига 11 ташаббус-масала олиб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар бевосита ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш, қўшимча иш ўринларини ташкил этиш, ҳунармандликни ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга хизмат қилаётир.

ЎзМТДПнинг жамият ҳаётида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, унинг ғоялари одамларга етиб боришида сайловолди Платформада белгиланган вазифалар ҳаётга татбиқ этилиши муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан Партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида депутатлик ваколатидан унумли фойдаланмаётган, ўз вазифасига  совуққонлик билан ёндашаётган айрим депутатлар ва партия ташкилотлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Вилоятдаги маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар электорат манфаатларини ҳамда ҳудудларни ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, ўз фаолиятини янада кучайтириши, депутатлик назоратини олиб бориши, сессиялар, доимий комиссиялар мажлислари муҳокамасига масалалар киритишда фаоллик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.

Очиқ ва ошкора мулоқот тарзида бўлиб ўтган йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан музокараларда сўз олган партия фаоллари ва депутатлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирдилар.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг