Омбудсман ахбороти, янги қонун лойиҳалари: партия дастурий вазифалари нуқтаи назаридан муҳокама қилинди

0
24

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари, тегишли идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни фракиция раҳбари Сарвар Отамуратов
бошқарди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари энг олий қадрият сифатида эъзозлаб келинмоқда. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Жумладан, мамлакатимиз парламентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсман инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш, муҳофаза қилиш борасида етарли ҳуқуқий асос, катта амалий тажриба, салоҳият ва имкониятга эга институтга айланди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларига доир шикоят ва мурожаат­ларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Омбудсман фаолиятининг энг муҳим йўналишларидандир. Унинг бу борадаги фаолияти янада такомиллашиб, фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал қилишдаги иштироки кенгайиб бораётгани эътиборга молик.

Жумладан, ўтган Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Омбудсман номига фуқаролар, хорижий давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органларидан жами 9 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Омбудсманнинг марказий идорасида ўтказилган шахсий қабул асосида 1 минг 774, минтақавий вакилларга 288, почта ва телефон орқали 6 минг 285, унинг виртуал қабулхонасига 913 та мурожаат бўлган. Мурожаатларнинг 50,9 фоизи аёллар, 116 таси юридик шахслар, 55 таси чет эл фуқаролари ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 459 таси жамоавий тарзда келган мурожаатлардир. 2017 йил давомида келган мурожаатлар 2016 йилга нисбатан 565 тага (2,7 баробарга) кўп. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, энг ками эса Сирдарё вилоятига тўғри келади. Иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий, экологик ва бошқа йўналишлардаги мазкур мурожаатларни тегишли ташкилот ва идоралар, мансабдор шахслар билан биргаликда ҳал этишга эътибор қаратилди. Мазкур жараёнда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳам фаол қатнашиб, жойларда юзага келаётган масалалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқишган.

Бундан ташқари, ўтган йил давомида фуқаролардан қонунчиликка оид ва бошқа қатор йўналишларда 150 га яқин таклифлар келиб тушган.

Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда Омбудсман фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар, тақдим этилган ҳисобот юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ЎзМТДП фракцияси аъзолари ташаббуси асосида киритилган.

— Мазкур қонун лойиҳаси партиянинг мақсад-вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ахборот олиш эркинлиги, омммавий ахборот воситаларига ўз фаолиятида ахборотни тадқиқ этиш, узатиш, фойдаланиш ва сақлашга оид қўшимча ҳуқуқларни беришни назарда тутади, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Тўхтабоев. — Шунингдек, унда рўйхатга олиш бўйича муассиснинг аризасини ваколатли орган томонидан кўриб чиқиш муддатини қисқартириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақида ахборот олишга доир сўров юбориш институтини жорий этиш каби масалалар ҳам ўз ифодасини топган. Интернет глобал тармоғида веб-сайт шаклида фаолият юритувчи оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Ахборот олиш эркинлиги, мулкдорлик ва фаолият эркинлигини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий шароитларини янада яхшилаш, оммавий ахборот воситалари фаолиятига аралашув, мансабдор шахслар, давлат органларининг ноқонуний хатти-ҳаракати ва ҳаракатсизлигидан ҳимоя қилишнинг механизмлари ўрнатилмоқда. Фракциядошларимизнинг мазкур қонун ташаббуси ЎзМТДП сайловолди Платформасида ахборот соҳасида белгиланган мақсад-вазифалар ижросига, қолаверса, электоратимиз манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини фракция аъзолари иккинчи ўқишда муҳокама қилди. Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан киритилган мазкур қонун лойиҳасида “журналист” тушунчасига таъриф берилмоқда, журналистларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, журналист шахси ва ҳулқ-атворига қўйиладиган талаблар мажмуи белгиланмоқда.

— Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат бошқаруви ва ҳокимияти органларининг очиқлигини таъминлаш ва кенг жамоатчилик қизиқиши асосидаги долзарб масалаларни ёритишда профессионал журналистларнинг нуфузи ошишига хизмат қилади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Илҳом Абдуллаев. —Профессионал журналистлик фаолиятини амалга оширишда журналистларни қўшимча ҳуқуқлар билан таъминлаш, қонунчилик даражасида журналистни аккредитация қилиш жараёнининг ҳуқуқий механизмлари ҳамда асосий тартибларини белгилаш каби масалаларни ҳал этади.

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари қонун лойиҳасига партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб ёндашдилар. ЎзМТДП миллий ахборот маконини ривож­лантириш, истеъдодли журналистларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилиб олган экан, бу борадаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

— Ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятни амалга оширишда парламент ролини ошириш ва мамлакатимизнинг халқаро имиджини мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар долзарб аҳамиятга эга, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Умрзоқов. — Мавжуд амалиёт халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари фаолиятини тартибга солувчи меъёрларни акс эттирадиган қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурати борлигини кўрсатади. Ушбу қонун лойиҳаси депутатлик парламентлараро гуруҳларини ташкил этиш, улар фаолияти юзасидан нормалар белгилаш, қонун ижодкорлиги фаолиятида хорижий тажрибани ўрганиш, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳаларини ривожланган хорижий давлатларда қабул қилинган шу каби қонунлар моделлари билан қиёсий таҳлилини ўтказиш, ҳамкор давлатлар ўртасида прогрессив мулоқотни ривожлантириш, демократик парламент тузилмаларини, маданий, ижтимоий ва ишбилармонлик алоқаларини илгари суриш, хорижий мамлакатлар парламентлари билан қонун ижодкорлиги амалиёти бўйича тажриба алмашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан партия фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг