“Ўз миллий қадриятларини сақлаб қолган халқ мангуликка дахлдор” Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти директори, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов билан суҳбат

0
40

— Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолигига сайловнинг тикланиши, унинг таркибидаги институтлар фаолиятига эътибор, умуман, фан ва илм аҳлига муносабат бугун тубдан ўзгарди. Айни шу жараённинг бевосита иштирокчиси сифатида кўнглингиздан қандай ўйлар кечмоқда?

— Бу борада, авваламбор, шуни айтиш лозимки, аждодларимизнинг илм-фанга дахлдорлиги олис мозийга бориб тақалади. Бундан қарийб уч минг йил муқаддам аждодларимиз томонидан “Авесто” китобининг битилгани ҳам фикримизга яққол далилдир. Юртимиз ҳудудида  дастлабки ибодатхоналар бундан 3 ярим-4 минг йил илгари барпо қилинган. Агар ибодатхоналар ўша пайтларда асосан таълим ўчоғи ёхуд маркази вазифасини бажаргани инобатга олинса, биздаги илм-фан тарихини янада олисроқдан излашимиз кераклиги аён бўлади. Жаҳондаги кўп­лаб фан пойдевори, тамал тошини айнан бизнинг ота-боболаримиз қўйгани ҳам бежиз эмас.

Тан олишимиз керак, ХХ асрнинг 60-90 йилларига келиб ҳам республикамизда илм-фан анча тараққий топди. Олимларимиз ядро физикаси, кибернетика, математика, химия, биология, астрономия, геология, шарқшунослик, археология каби соҳаларда катта кашфиёт ва тадқиқотлар қилди. Бироқ муайян даврда Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги илмий-текшириш институтлари ходимлари сони қисқаргани, айрим институтлар ёпилиб, айримлари бошқасига қўшиб юборилгани, академия аъзолигига сайлов ўтказиш тўхтаб қолгани, пировардида кўплаб олимлар хорижга чиқиб кетгани ҳам сир эмас. Албатта, ҳар бир изланувчи ўз тадқиқоти маҳсулини эътироф қилиниши, тан олинишини истайди. Мана, бир йилдан ошяптики вазият бутунлай ўзгарди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 30 декабрида мамлакатимиздаги таниқли илм-фан аҳли ва арбоблари билан учрашиб, тўрт соатдан зиёд вақт мобайнида уларнинг кўнглидаги гапларни, фикр-мулоҳозаларини, соҳага доир муаммоларни эшитди. Президент учрашув бошланишидаёқ: “Мен бугун бу ерга сизларни эшитиш учун, ҳар бирингизнинг фикр-мулоҳазаларингизни тинглаш учун келдим”, деди. Бу ҳолатни пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Олимларнинг ёмони ҳукмдорларнинг олдига борадилар, ҳукмдорларнинг яхшилари олимларнинг олдиларига келадилар”, деб айтган ҳадиси шарифига менгзаш мумкин. Ўша учрашувдан сўнг Президентимиз олимларнинг барча таклиф ва мулоҳазаларини эшитиб, таҳлил қилиб, зарур фармон ва қарорлар эълон қилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси аъзолигига яқинда холис сайлов ҳам бўлиб ўтди: унда  30дан ошиқ янги академик сайланди. Мамлакатимиз илм аҳли янги давр ислоҳотларидан илҳомланиб, куч ва ғайрат билан ишга киришдилар. Энг муҳими, ўзбек олимларининг хорижлик илм аҳли билан ҳамкорлик ўрнатиши, бу жабҳага ёш олимларни жалб қилиш учун улкан имконият яратилди. Бу саъй-ҳаракатлар яқин вақт ичида ўз самарасини беришига аминман.

— Биз давлат қурган ва кўрган миллатмиз. Буни янги тарихимизда ҳам яна бир бор намоён қила олдик, деб ўйлайман. Мамлакатнинг бугунги раҳбари уни янада юксак босқичга кўтариш йўлида шиддатли ва кенг қамровли саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда…

— Давлатчилигимиз тарихи уч минг йилдан ошади. Бу давр мобайнида қанчадан-қанча сулолалар давлат тузиб, узоқ йиллар адолат билан бошқариб, аждодларимиз шон-шуҳратини оламга ёйганлар.

Ватанимизда қадим-қадимдан ҳукмдорлар ҳам, оддий халқ ҳам адолат тамойилини жуда қадрлаган. Тарихий манбаларда ёзилишича, бундан 2 ярим  минг-3 минг йил илгари қадимги Хоразм ва Суғдиёнада яшаган аждодларимиз адолат маъбудасига сиғинган: тақвимларидаги бир кун ўша маъбудага бағишланган бўлиб, ота-боболаримиз шу куни ибодатхоналарга бориб адолат маъбудасига қурбонлик қилган. Араблар келгунга қадар Самарқандда “Адолат уйи” номли ибодатхона бўлиб, бу ерда туркий тилда ёзилган қонунлар тўплами сақланган.

Соҳибқирон Амир Темур қўлидаги узукда ҳам: “Куч – адолатда”, деган ёзув бўлган. Ана шу узук тақилган қўл остидаги давлат 36 йил гуллаб-яшнаган, фаровон ҳаёт ҳукм сурганлигини эслайлик. Президентимиз Шавкат Мирзиеёв олиб бораётган бугунги ички ва ташқи сиёсат, эълон қилаётган фармон ва қарорлар ҳам адолат тамойилига асос­ланган. Бугун миллий давлатчилигимизда шундай замонавий ва адолатли механизм яратилганки, оддий фуқаронинг ўз Президентига ёзган мактуби ўша куннинг ўзидаёқ давлат раҳбарига етиб боради…

— Тарих билан археологияни, таъбир жоиз бўлса, эгизакларга қиёслаш мумкин. Улар бир-бирини тўлдиради ва бойитади. Лекин аксарият ҳолларда тарих фанига “қийин” бўлган: у салтанатлар, диктатуралар, айрим шахсларнинг сиёсати “қурбони”га айланган. Гарду чанглар тозаланганидан кейин бутун-бутун даврлар тарихи ҳатто қайта ёзилган ҳолатлар учрайди. Бунга инсониятнинг узоқ ва яқин ўтмишидан жуда кўп мисол келтириш мумкин. Тарихни сохталаштириш, оқни қора қилиб кўрсатиш — бу нима, эҳтиёжми ёки оний ҳолат? Умуман, тарихни қайта ёзиш мумкинми ўзи?

— Бу фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Дарҳақиқат, тарих фанига кўпинча жуда “қийин” бўлган, бу — очиқ ва аччиқ ҳақиқат. Бунинг, албатта, объектив сабаблари ҳам мавжуд. Бу, энг аввало, фаннинг бош вазифаси билан бевосита боғлиқ. Тарих — бу халқ хотираси. Унда аждодларнинг бир неча асрлик босиб ўтган йўли, шонли ёки ҳалокатли тақдири, тафаккур миқёси, ютуқ ва мағлубияти жамланган. Авлодлар унинг воситасида ота-боболарининг қандай яшагани, қандай юксалгани ва қудратга эга бўлгани, заифлиги, йўл қўйган хатоси туфайли ёв истибдодини қай даражада бошидан кечирганини билиб олади. Аждодларининг буюк хизматлари, Ватан эрки ва тараққиёти йўлидаги қаҳрамонликларидан ифтихор туяди, ғурурланади. Шу боис ҳар қандай истилочи босиб олган ери халқини ўз ўтмишидан бохабар бўлиши, ёвқур аждодлари билан фахрланишига йўл қўймайди: ўша халқнинг асл тарихини буткул йўқотиш ёки уни сохталаштиришга ҳаракат қилади. Мен яқин-яқингача бундай номақбул ишлар фақат бизда бўлган, деган фикрда эдим. Бундан йигирма йилча олдин қўшни Афғонистондан келган зиёли ўзбек йигити билан суҳбатлашиб қолдим. Унга: “Бизда советлар ҳақиқий тарихимизни ўрганишимизни истамагани учун кўплаб ноёб қўлёзма ва далилларни йўқ қилиб юборган. Сизларда эса бундай ҳолат рўй бермаган”, дедим. Унинг жавоби мени буткул ҳайратга солди. Маълум бўлишича, Афғонистон мактабларида ўзбеклар тарихи умуман ўқитилмас, у ерда узоқ йиллар ҳукмдорлик қилган, давлат қурган ўзбеклар ҳақида лом-мим дейилмас экан. “Ўзбекистондан энди китоблар олиб бориб болаларимизни ўқитяпмиз”, деди у.

Халқ тарихи ва тили унинг тараққиёти ва жипслашишида жуда муҳим ўрин тутади. Шу боис тараққий этган давлатларда тил ва тарихни ўрганишга катта эътибор қаратилади. Масалан, Францияда француз тили ва ушбу мамлакат тарихи барча ўқув юртлари учун мажбурий ва асосий фан ҳисобланади. Буни Япония, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлар мисолида ҳам айтиш мумкин.

Тарихни фақат мустамлакачилар сохталаштиради, уни ўз мақсад ва хоҳишларига мослаб тўқийди. Бунга ўзимизнинг яқин тарихимиз ҳам яққол мисол бўла олади. Аммо вақт — олий ҳакам. У пайт келиб барча сохтакорликларни тарих чиқиндихонасига итқитиб юборади. Ҳур халқ барибир ўзининг ҳақиқий тарихини ёзади ва ўрганади. Инсониятга тарихни ва ундаги воқеаларни ўзгартириш эмас, аксинча ундан сабоқ олиш, аждодлари йўл қўйган хатоларни такрорламаслик, шонли тарихидан ғурурланиш ва илҳомланиш ҳуқуқи берилган.

— Ўтиш даври ёки янгиланиш каби ҳам қизғин, ҳам мураккаб жараёнда миллий бирликка катта эҳтиёж сезилади. Назаримда бизга бугун айни шу жиҳат жуда зарур. Миллий бирлик миллатни жипс­лаштиради, қийинчиликларни мардонавор енгишга ундайди, уни юксалтиради. Шундай эмасми?

— Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Дарҳақиқат, миллий бирликда жуда катта қудрат бор. Қанийди давлат идорасидагилардан бошлаб, бепоён қир-адирда мол боқиб юрган чўпон ёки дала-даштда тер тўкаётган деҳқонгача бир хил фикр юритса, унга ёш авлодга билим бераётган домла ҳам қўшилса, уларнинг истак-мақсади шу Ватан ва халқни қудратли қилиш, юксалтириш бўлса — бу қандай ажойиб. Аммо бу жуда мушкул иш. Лекин нима бўлганида ҳам миллий бирликка интилиш ва эришиш зарур. Айниқса,  бугунги глобаллашув даврида буни энг долзарб вазифа, деб биламан.

— Маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик ҳар қандай миллатнинг оёғига тушов, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Сиз нима деб ўйлайсиз, миллат ундан юксакка кўтарилмоғи учун нималар қилмоғи, нималарни енгиб ўтмоғи керак?

— Бу саволингиз ҳар қандай зиёлини ўйлантириши табиий. Чунки биз маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик каби қусурларнинг жабрини кўп тортган, ундан катта зиён кўрган халқмиз. XVII-XX асрларда халқимиз бошига тушган катта кулфатлар айнан шу қусурлар билан боғлиқдир. Марказий Осиёда ҳукмронлик қилган уч хонлик ўртасидаги тинимсиз низолар, ўзаро урушлар, пировардида заифлашиб, Х1Х асрнинг иккинчи ярмида Россия империясига осон ем бўлишимизнинг асл сабаблари ҳам бевосита ана шу иллатга бориб тақалади.

Албатта, бу иллатни бир буйруқ ёки фармон билан йўқ қилиш жуда қийин. Уни йўқотиш ҳар биримизга боғлиқ. Буни бир ташкилот миқёсида тасаввур қилиб кўрайлик. Унинг раҳбари ўз идорасига ходимларни ишга олишда қандай тамойилларга амал қилиши керак? У аввало ўз ташкилотига ҳамшаҳри, ҳамқишлоғи ёки уруғ-аймоғини эмас, қўлидан иш келадиган, корхона ривожига ҳисса қўша оладиган малакали кадрни олиши шарт. Ташкилот ўшанда ривожланади. Аммо ҳаётда аксарият ҳолларда бунинг аксига дуч келамиз. Қўлидан иш келмаса ҳам бирор бир яқинимизга лавозим бериш — бу ўша соҳани яшнатиш ўрнига барбод бўлишига хизмат қилади, холос. Бунга буткул чек қўйиш вақти келди.

Тарихимиздан мисол келтираман. Жангда Жалолиддин Мангуберди қўшинининг ўнг қанот лашкарбошиси ҳалок бўлади. Султон бош вазирига унинг ўрнига муносиб одам топишни буюради. Вазир бир неча кундан сўнг номзодлар рўйхатини султонга тақдим этади. Рўйхат билан танишган султон вазирдан: “Ҳаммани рўйхатга қўшдиларингми, ҳеч ким қолмадими?”, деб сўрайди. Шунда бош вазир: “Султоним, кечиринг, фақат бир киши қолди. Лекин сиз уни ёқтирмайсиз, шу сабабли ушбу рўйхатга қўшмадик”, дейди. Вазир унинг исмини айтади.  Султон: “Ҳа, унда итнинг феъли бор, аммо қўмондонликда унга тенг келадигани йўқ. Қўмондонликка шуни қўйинглар”, дейди.

Етти ёт бегона бўлса ҳам ҳар бир ишга ўз касбининг устасини қўйиш керак. Давлатимиз раҳбари эл-юртга садоқатли кадрлар керак эканини бежиз бот-бот таъкидламаяпти. Демак, бундай иллатларга миллат ва Ватан манфаатини ўз шахсий манфаатимиздан устун қўя олган тақдиримиздагина чек қўйиш мумкин.

— Бу қўҳна очунда гарчи бундай воқеалар кўп учраса-да, шоҳ ва олим Мирзо Улуғбек билан ўғли Абдуллатиф ўртасидаги муносабат, зиддият, унинг сабаб ва оқибатларига яқин ўтмишимизда тарихий ҳақиқат эмас, ўша давр мафкураси асосида қарашган ва талқин этилган. Бу зиёлилар, хусусан, тарихчилар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Лекин сиз улар ўртасидаги зиддиятнинг сабаблари хусусида мутлақо янги далилларни илгари суряпсиз. Ва у кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотгани сир эмас…

— Қарийб олти асрдан буён инсоният ўз отаси Мирзо Улуғбекнинг жонига қасд қилган шаҳзода Абдуллатифни падаркуш сифатида лаънатлаб келади. 1449 йилнинг кузида Самарқанд чеккасида юз берган бу машъум фожеанинг ташкилотчилари ва ижрочилари ҳақида кўп маълумотлар сақланган. Аммо шунга қарамай собиқ совет тузими даврида бу фожеанинг асл сабаблари ёзилмади, балки ўша давр мафкурасидан келиб чиқиб ҳақиқат яширилди, сохта фикрлар айтилди. Бунда кўпчилик академик Қори Ниёзий ва профессор В.Шегловнинг илмий хулосаларига таянди. Улар Мирзо Улуғбек астрономия билан шуғуллангани учун реакцион диндорлар томонидан даҳрийликда айбланган, у прогрессив илмга қарши бўлган руҳонийлар фитнасининг қурбони бўлган, деб ёздилар. Уларнинг бу фикрлари ке­йинчалик Мирзо Улуғбек тўғрисида ёзилган барча бадиий асарлар ва фильмлар учун асос бўлиб хизмат қилди.

Хўш, бу икки олимнинг фикрлари асослимиди? Тарихий манбалар бу фикрни тасдиқлайдими? Бунинг учун, аввало, Шарқда астрономия билан шуғулланиш даҳрийлик ҳисоб­ланганми, деган саволга жавоб излаб кўрайлик.

Инсоният кашф қилган барча илмларнинг Ватани ҳисобланган Шарқда астрономия билан жуда қадимдан шуғулланилган. Ислом дини араб мамлакатлари, Эрон ва Мовароуннаҳрда кенг ёйилгач астрономия фани бойиб, ривожланди. IX асрда халифа ал-Маъмун даврида ислом фанининг маркази Бағдодда биринчи расадхона барпо қилинди. Айнан шу даврда ватандошимиз Аҳмад ал-Фарғоний ҳам астрономияда катта кашфиётлар қилиб, мусулмон ва христиан дунёсида ном қозонган. 1Х асрнинг иккинчи ярмида Самарқандда аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Юсуф ас-Самарқандий астрономик тадқиқотлар олиб бориб, “Ал-Ҳакимга бағишланган улуғ зиж” номли илмий китоб ёзганлиги маълум. Машҳур шоир, аллома Умар Хайём ҳам астрономия билан шуғулланиб, “Маликшоҳга бағишланган астрономик жадвал” номли асар ёзган. Аммо уларни ҳеч ким даҳрийлик ёки ширкда айбламаган.

Амир Темур саройида ҳам астрономлар илмий тадқиқотлар олиб борганликлари манбаларда қайд этилган. Юқорида келтирилган фикрлардан келиб чиқиб хулоса қилишимиз мумкинки, Шарқ мамлакатларида қадимда ҳам, ислом дини жорий этилганидан кейин ҳам астрономия билан шуғулланиш даҳрийлик ёки диндан қайтиш ҳисобланмаган. Аксинча, ислом давлатларининг ҳукмдорлари бу фаннинг ривожи учун ҳомийлик қилганлар. Шу сабабли, Мирзо Улуғбек астрономия фани билан шуғулланганлиги учун даҳрийликда, шариатдан чекинишда айбланган, деган фикр ўз-ўзидан пучга чиқади.

Собиқ совет даврида ёзилган айрим бадиий асарларда Мирзо Улуғбек ислом динига беписанд қараган, худосиз, атеист шахс сифатида тасвирланган. Аммо тарихий манбалар бунинг батамом аксини кўрсатади. Мирзо Улуғбек билан ёнма-ён илм қилган Ғиёсиддин Жамшид ал-Кошийнинг ёзишича, султон муқаддас Қуръоннинг катта қисми ва унинг ҳар бир оятига ёзилган шарҳларни ёддан билган. У ҳар куни қорилар ҳузурида икки сурани ёддан ўқиб шарҳлаган. Пайғамбаримиз ҳадисларининг катта қисмини ёд олган. Шундай художўй инсонни шаккок қилиб кўрсатиш учун авваламбор ўша “олим”нинг ўзи имонсиз бўлиши керак эмасми?

Унда Мирзо Улуғбек фожеасининг асл сабаблари қаерда, деган ҳақли савол туғилади. Бу саволга жавоб бериш учун Мирзо Улуғбекнинг ҳукмдор сифатидаги фаолияти ва у олиб борган ислоҳотларга эътибор қаратиш жоиз.

Маълумки, Мирзо Улуғбек чинакам халқпарвар, адолатпарвар ҳукмдор бўлган, халқнинг иқтисодий аҳволини енгиллаштириш учун учта йирик ислоҳотни амалга оширган.Дастлаб ердан олинадиган солиқ миқдорини анча камайтиради. Сўнг мамлакат ҳудудида пулни ислоҳ қилади. Ислоҳот икки босқичда амалга оширилади. Аввал қиймати ва оғирлиги баланд бўлган янги кўринишдаги мис тангалар зарб қилинган. Ундан сўнг эски тангалар янгисига алмаштирилган. Эски тангалар бутунлай алмаштирилиб бўлингач, янги тангаларни зарб қилиш марказлаштирилган, яъни улар фақат Бухорода тайёрланган. Пойтахт Самарқандда эса асосан олтин ва кумуш тангалар зарб қилинган. Бунинг натижасида халқнинг мис тангаларга бўлган ишончи ортиб, савдо-сотиқ ривожланган. Бироқ бу икки йирик ислоҳот натижасида катта ер эгалари, мулкдорлар ва йирик шаҳарларнинг ҳокимлари фойдадан маҳрум бўлган. Чунки, ислоҳотларгача мис тангалар Мовароуннаҳрнинг бир неча йирик шаҳрида зарб қилинар, чалкашлик ва қаллобликлар рўй берар, бундан кўп амалдорлар ўз манфаати йўлида фойдаланар эди.

Ислоҳотлардан давлат хазинаси кўрган зарар савдо-
сотиқ ва ҳунармандчиликдан олинадиган тамға солиғи эвазига қопланарди. Айнан мана шу солиқ катта мулкдорларнинг томоғига худди қаттиқ суяк каби тиқилади. Шариатда назарда тутилмаган бу солиқни дастлаб мўғуллар жорий қилган бўлиб, у Амир Темур давлатида ҳам ўз кучида қолган. Гарчи катта мулкдорлар бу солиққа ич-ичидан қарши бўлса-да, лекин ҳеч ким бу ҳақда Амир Темурга ботиниб айта олмаган. Оддий халқ манфаати учун тамға солиғини сақлаб қолган Мирзо Улуғбек мулкдорларнинг ҳар қандай норозилигига қарамай уни бекор қилмайди. Бунга чидай олмаган мулкдорлар уни шариат тартиб-қоидаларини бузганликда айблайди.

Мирзо Улуғбек ана шу сиёсати туфайли йирик мулқдорлар, бой-бадавлат дин арбоблари, амирларнинг қаршилигига
дучор бўлади: ҳукмдор сифатида уларга керак бўлмай қолади. Бундай вазиятни дарҳол англаган Абдуллатиф отаси билан низолашгач, ўзи ҳокимлик қилган Балх шаҳрида тамға солиғини бекор қилиб, катта мулкдорлар, савдогарлар, амирларнинг олқишига сазовор бўлди ва уларни ўз томонига оғдириб олади. Ана шундан сўнг мовароуннаҳрлик мулкдорлар ҳам ғимирлаб қолишади. Улар бизга энди ҳукмдор Мирзо Улуғбек эмас, унинг ўғли, шаҳзода Абдуллатиф керак, деган фикрга келадилар.

Мовароуннаҳрлик бой-бадавлат кишилар аста-секин
Абдуллатиф атрофига тўплана бошлайди. Кўнгли тожу тахтни истаб қолган падаркуш Абдуллатиф учун бу жуда қулай вазият эди. Мирзо Улуғбек фожеасининг асл илдизлари унинг олимлиги эмас, ҳукмдорлик фаолияти билан боғлиқ. Замонавий ибора билан айтганда, Мирзо Улуғбек ХV аср олигархлари уюштирган фитнанинг қурбони бўлган эди. Падаркуш
Абдуллатиф ҳатто шу даражага етадики, тахтни эгаллаганидан сўнг танга зарб қила бошлагач, унга “Абдуллатиф ибн Мирзо Улуғбек” деб эмас, “Абдуллатиф ибн Мирзо Шоҳрух” деб ёздиришгача боради.

Ҳақиқат шуки, ўз Ватани тарихини мукаммал билиш, улуғ аждодлар номини юксак эъзозлаш бугунги авлодлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

— Олим Амриддин Бердимуродовнинг болалиги, ёшлиги қандай ўтган, у қандай оилавий муҳитда ўсган ?

— 1954 йилнинг 10 октябрида Ургут туманидаги қадимий Мўминобод қишлоғида туғилганман. Ўша йили “СССРда хутор тизимини тугатиш” ҳақидаги қарорга биноан оиламиз Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги Қўнғирот қишлоғига кўчиб борган. Отам асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Болалигим Оқдарё бўйларида ўтган. Иштихонда 10 йил яшаб, яна Ургутга кўчиб келганмиз. Қишлоқ ҳавоси ва одамларини яхши кўраман. Лекин ўтган йили қишлоқдошларим олдида анчайин изза бўлганимни айт­масам, бўлмас. Гап шундаки ёз пайти қишлоққа бориб, дўстлар билан боғда дам олдик. Атрофимиз ўт-ўлан билан тўлган. Уларга тикилиб номини бирма-бир эслай бошладим. Аммо атиги беш-олти ўтнинг номини тўғри айтдим, холос. Қишлоқда яшайдиган дўстларим дастлаб мени ҳазиллашяпти, деб ўйлашибди. Лекин жиддий сўраётганимни билиб, ҳайрон қолишди. Болалигимда бу ўтларнинг ҳаммасини номма-ном айта олардим. Ўша пайтдаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Ўзимни болалигим ва ёшлигимдан, оддий қишлоқ ҳаётидан узилгандек ҳис қилдим, гўё…

— Миллий қадриятлар, урф-одатлар миллатнинг устунлари ва илдизларидир. Сиз тарихчи олим сифатида бу тушунчани қандай изоҳлайсиз?

— Миллий қадриятлар бир неча асрлар давомида шакл­ланадиган, даврларнинг элагидан ўтиб, аждодлардан авлодларга етиб келадиган ноёб қадриятлардир. Уларни миллатнинг ўзлиги ҳам, деб аташ мумкин. Шукурки, биз бу борада ҳеч кимдан кам эмасмиз, ноёб, сараланган, асрлар ва даврларнинг синовларидан ўтган қадриятларимиз бор. Ўз миллий қадриятларини асрай олган халқ узоқ яшайди. Миллий қадриятлар миллатни пароканда бўлишдан сақлайди, унга мудом ўзлигини эслатиб туради. Бир халқни босиб олган ёв дастлаб унинг тарихи, тили, дини ва миллий қадриятларини йўқ қилишга уриниши ҳам бежиз эмас. Шу боис глобаллашув ва “оммавий маданият”лар таъсири тобора чуқурлашиб бораётган бугунги даврда миллий қадриятларни сақлаб қолиш, унга чанг-ғубор теккизмай келгуси авлодларга бус-бутун етказиш энг долзарб вазифа саналади.

Суҳбатдош: Исмат ХУДОЁРОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг