Тинчлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик

0
174

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқини бутун Ўзбекистон халқи катта қизиқиш ва мамнуният билан кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб, мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида аниқ далиллар, мисоллар билан ўз фикрларини баён этди.

“Бугунги кунда ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакл­лантириш йўлидан бормоқдамиз”, деди давлатимиз раҳбари. Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бораётгани, барча соҳада чуқур ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва улардан кўзланган мақсад — “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойил эканини таъкидлади.

Айниқса, нутқда мамлакатимизда сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг роли тобора ортиб бораётгани, бу тизимда аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, жойларга чиқиб одамларни ўйлантираётган муаммо-масалаларини ўрганиб, унга ижобий ечим топишга хизмат қилаётган янги механизмнинг ишлаб чиқилгани борасида тўхталгани сиёсий партияларга нисбатан ҳам юксак ишонч, ҳам  катта масъулият демакдир. Бу эса, ўз навбатида, сиёсий партиялардан янада фаол ва ташаббускор бўлишни, давр талабига мос ҳаракат қилишни талаб этади.

Давлатимиз раҳбари ўзбекистоннинг БМТ тузилмалари билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришини, ушбу нуфузли халқаро ташкилотни босқичма-босқич ислоҳ этиш зарурати мавжудлигини таъкидлади ва бир қатор амалий таклифларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида таклиф билдирди. ёшлар келажагимиз экани, уларнинг тақдирига бефарқ, эътиборсиз қараш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан дунё жамоатчилигини яна бир бор огоҳлантирди.

Қўшни Афғонистонда тинчликни таъминлашга эришиш, қуриётган Орол денгизи муаммоси, Марказий Осиёда умумий сув манбаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалаларда ҳам ўз қарашлари, аниқ фикрлари, таклифларини илгари сурди. Дунё ҳамжамиятини яна бир бор терроризмга қарши курашда кучларни бирлаштиришга чақирди. Бу борада куч ишлатиш сиёсати кутилган натижани бермаётгани, терроризмнинг оқибатларидан кўра, унинг сабаблари билан қизиқиш тўғри бўлишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ўзининг бугунги ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётгани, минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничиликни ривожлантириш, ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканлигини қайд этгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳақиқатдан ҳам, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли сўнгги пайтларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошиб, кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилгани минтақа халқларининг тарихий илдизлари ва мақсадлари муштарак эканлигини яна бир бор исботлади.

Бу ўринда Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифини минтақа халқлари тақдири учун жонкуярлик намунаси сифатида баҳолашимиз мумкин.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлигини таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуси минтақада прагматик сиёсатни амалга оширишга қаратилган. ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолияти, ҳусусан, Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаётгани, минтақадаги ижобий ўзгаришларга сифат жиҳатидан янгича руҳ бағишламоқда, унинг барқарор ва жадал суръатларда ривожланиши учун қулай шароитларни яратмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев қисқа муддат ичида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан мазкур мамлакатга уч маротаба амалий ва давлат ташрифи билан борди. қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан 6 марта учрашди. ШҳТнинг Остона саммити доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан мулоқотда бўлди.  9-10 сентябрь кунлари Қозоғистонда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити доирасида Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний ҳамда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан иккинчи марта учрашди.

Шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг 4-5 апрель кунлари давлат ташрифи билан Россияда, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 2017 йилнинг 11-13 май кунлари давлат ташрифи билан Хитойда, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрида бўлди.

Мазкур учрашувларнинг барчаси Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканлигидан далолат беради. Дарҳақиқат, мамлакатимиз бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда. Бу — ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўл. Минтақада барқарорлик, изчил тараққиёт ва тинчлик-осойишталик таъминланишида, албатта, яхши қўшничилик алоқаларининг ўрни беқиёс.

Давлатимизнинг бу борадаги ташқи сиёсати минтақамизда сиёсий ишонч даражаси ошиши, принципиал жиҳатдан муҳим масалаларга ечим топиш ҳамда халқлар ўртасида қўшничилик муносабатлари яхшиланишига хизмат қилаётир. Хусусан, яқинда амалга оширилган тарихий воқеа — Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши азалий дўст ўзбек ва қирғиз халқининг асрий орзу-умидлари ушалишини таъминлади.

Андижон ва ўш вилоятлари ўртасидаги “Дўстлик”, Косонсой ҳамда Олабуқа туманлари ўртасидаги “Косонсой” чегара пунктларининг очилгани узоқ йиллар давомида борди-келди қилолмаган қўшни халқларнинг бугун бемалол алоқа қилиши учун шароит яратди.

Давлатимиз раҳбари БМТ саммитида шу йилнинг ноябрь ойида Самарқандда халқаро ҳамжамият шафелигида ўтказиладиган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро анжуманда ҳам минтақадаги фундаментал муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилганига эътибор қаратди.

Минтақа мамлакатлари раҳбарлари билан учрашувларда Президентимиз минтақа ёхуд халқаро майдонда содир бўлаётган ҳар қандай масалага тинч йўл билан ёндашиш лозимлигини билдирмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти экани, донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлилиги, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдан иборатлигини эътироф этди. ўзбекистон ўз позициясини фақат сўзда эмас, амалда ҳам кўрсатмоқда: мамлакатимиз қўшни Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга ва бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Президентимиз нутқида яна бир муҳим масала — бугунги глобаллашув даврида жаҳонда терроризм таҳдидлари тобора кўпайиб бораётгани, дунёда ислом дини ғоялари ва маданияти нотўғри талқин қилинаётгани, шу боис бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш асосий вазифа эканлигига эътибор қаратди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Боиси она заминимиз ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда ўз даврида инсониятга ислом дини маданияти, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этган буюк алломаларимиз Бухорий ва Термизийларнинг бу мазмундаги асарларини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда.

Ёш авлодни “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида тарбиялаш, аждодларимизнинг бой илмий, маънавий меросини кенг ўрганиш ва жаҳон афкор оммасига таништириш мақсадида Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилаётгани ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ана шундай мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, Президентимиз саммитда БМТ Бош Ассамблеясига “Маърифат ва диний бағрикенглик” ҳақида махсус резолюция қабул қилиш таклифини билдирди. Бундан кутилган мақсад — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, диний эркинлик, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишдан иборат.

Шу нуқтаи назардан бундай таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабабларни янада чуқурроқ ўрганишимиз, уларни бартараф қилишнинг оқилона ечимларини ишлаб чиқишимиз лозим. Маърузада қайд этилганидек, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоғи лозим.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида таъкидланган ҳар бир масала ва йўналиш миллий давлатчилик манфаатлари устуворлигига, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки ҳарбий таҳдиддан тийилиш, чегаралар дахлсизлиги ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа меъёрларига оғишмай амал қилиш каби тамойилларга асосланган, деб билади ва қўллаб-қувватлайди. Жойларда ўтказиладиган учрашув ва мулоқотлар давомида мазкур тарихий нутқнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш олдимизда турган устувор вазифадир.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг