Мусиқа ва санъат дидни тарбиялайди

0
50

Миллий мерос, адабиёт ва санъат инсон маънавиятини шакллантиришда муҳим омил саналади. Айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига ҳар қачонгидан-да катта эътибор қаратилаётган бугунги кунда унинг аҳамияти янада ортиб бораётир.

Шу боис мамлакатимиз олий таълим муассасаларида “Маънавият куни” тадбирлари доирасида қизиқарли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Тошкент темир йўл муҳандислари институтида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамкорлигида ўтказилган “Ёшлар тарбиясида миллий куй-қўшиқларнинг аҳамия­ти” мавзусидаги тадбирда ҳам ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларнинг мусиқий, бадиий-эстетик дидини тўғри тарбиялаш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан ишончли ҳимоя­лаш, миллий мусиқа санъатимизни янада равнақ топтириш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларнинг кўлами ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

— Талаба-ёшларнинг ижодий имкониятларини юзага чиқариш, “устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, уларни ўзбек мумтоз адабиёти ва санъатининг энг нодир намуналари билан таништиришда бундай ижодий учрашувлар муҳим аҳамиятга эга, — дейди институт ректорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилшод Баратов. — Талабаларимиз орасида санъатга алоҳида меҳр қўйган истеъдодли ўғил-қизлар кўп. Уларни миллий санъатимиз намояндалари билан таништириш, санъаткорлар билан фикр алмашишлари учун имконият яратиш мақсадида бундай ижодий учрашувларнинг давомли бўлишини режалаштирганмиз.

Тадбирда санъат аҳлига яратилган имкониятлар, жонли ижро, миллий санъатимизни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр аламашилди.

— Гарчи бошқа соҳани танлаган бўлсам-да, лекин соз, мусиқа сеҳрига руҳан яқинман, — дейди Тошкент темир йўл муҳандислари институти талабаси Бунёд Жуманиёзов. — Маънавият кунларида, айниқса,  санъаткорлар билан ўтказилаётган ижодий учрашувлар жараёнида ҳам маънавий ҳордиқ оляпмиз, ҳам миллий меросимиз саналмиш санъатимиз ўтмиши ва бугуни ҳақида кенгроқ тасаввур ва билимга эга бўляпмиз.

Тадбир доирасида барча факультетда “Ҳаёт — бебаҳо неъмат”, “Ҳаёт қадри”, “Умримизнинг ҳар дақиқаси ғанимат, уни фақат хайрли ишлар учун сарф этайлик” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилди. Учрашувга ташриф буюрган ёш санъаткорлар Ватан, тинчлик, шукроналик ва муҳаббатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этди.

Нигора НИШОНБОЕВА,
                               “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг