Момомерос анъаналар бардавом

0
51

Каштачиликнинг Шаҳрисабз мактаби дунёга машҳур. Матоларда акс этган фусункор нақшлар, бежирим гуллар, турли шаклдаги чизгилар кўзни қувнатади, дилни яйратади.

Бу қадим юртда момомерос анъаналарни давом эттириб келаётган моҳир ҳунарманд Ойжамол Сатторова тикаётган кашталарнинг ҳам харидори кўп.

— Момом моҳир каштачи эди, онам билан кеча-кундуз кўз нурини тўкиб, қалб қўрини бериб ишларди, — дейди Ойжамол опа. — Эсимни танибманки, уларнинг ёнидан нари жилмасдим. Қўлимга игна тутқазган ҳам, меҳнатга муҳаббат уйғотган ҳам шулар. Айниқса, момомнинг ўгитлари ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради. Эндиликда минг машаққат билан тикилган каштачилик маҳсулотлари тайёр бўлганида бир қувонсам, улар халқимизнинг яхши кунларида ишлатилаётганини кўриб, яна бир фахрланаман.

Ҳа, Ойжамол Сат­торова каштачиликда учинчи авлод вакили. Улуғ анъанани собитқадамлик билан давом эттириб келаётган моҳир ҳунарманд каштачиликнинг ироқи ва попурчилик йўналишида турфа намуналар яратди. Бундан ташқари у дўппи, сўзана, аёллар сумкаси, ёстиқ жилд­лари, халат, келин куйлаклар, телефон ва чойнак ғилофлари каби ҳам миллийлик, ҳам замонавийликни ўзида мужассам этган чинакам санъат намуналарини тайёр­ламоқда. Улардаги нафислик, нозик дид ва бежиримлилик кишини ўзига мафтун этади. Ўзгача иштиёқ билан ишланган ҳар бир мато ва буюмда жилоланган санъатни кўрган киши борки, беихтиёр ҳунарманд меҳнатига таҳсин айтади. Инсоннинг қўли гул эканлигига яна бир бор амин бўлади.

Ойжамол Сатторова ҳозирга қадар қарийб 400 нафарга яқин шогирдлар тайёрлаган. Айни пайтда моҳир ҳунарманд қўлида 24 хотин-қиз каштачилик ва попурчилик сирларини қунт билан ўрганмоқда.

— Устозимиз ҳар биримиз билан алоҳида-алоҳида, қунт билан матога нақш туширишнинг нозик сирларини ўргатиши маҳсулотларимизнинг сифати ва салмоғи ортишига хизмат қилмоқда, — дейди унинг шогирдларидан бири Маҳбуба
Му­ҳаммадиева. — Бу бизни янада изланишга, кўпроқ ишлашга ундамоқда. Талаб­чан устозимиз нафақат ҳунар сирларини ўргатади, балки ҳаётий масалаларда ҳам бизга кўмакдош ва маслаҳатдош.

Ойжамол Сатторова каштачилик ва попурчиликда шогирдлар тайёрлаш баробарида 14 хотин-қизни доимий иш билан таъминлаган. Улар гулдаста, атиргул, тўртгул, узмагул, босмагул ва попур кашталари, шунингдек, турли мато ва буюмлар, бир-биридан бежирим миллий либос ва кўйлаклар тикиб, ўз маҳсулотларини республикамизнинг турли ҳудудларидаги мижозларга етказиб беришаётир. Шаҳрисабзга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳлар, айниқса, улар тайёрлаётган каштадўзлик маҳсулотларига катта қизиқиш билдирмоқда. Миллий матоларимизда жо бўлган турфа нақшлар, чизгиларни кўриб, ҳайратларини яширишмаяпти. Бу санъат намуналарини яратиш ортида қанчадан-қанча меҳнат ва машаққат борлигини ҳис этиб, ҳунармандларимиз ишига тасанно айтишмоқда.

Мамлакатимизда ҳу­­­­­­нармандчиликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳунармандлар учун янгидан-янги имкониятлар эшигини очди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги амалий ишларни янги босқичга кўтарди.

Ҳунар — ҳунардан ризқинг унар, дейди доно халқимиз. Ойжамол Сатторова каби ўзининг ҳунармандлик имкониятларини ишга солиб, изланиш ва меҳнатдан тўхтамаган инсонлар бугун юртда азиз, давлатимиз эъзозида. Чунки бундай кишилар эл-юрт равнақи учун ҳисса қўшмоқда, унинг бой маданий меросини дунё миқёсида кенг тараннум этмоқда. Юртни улуғлаганни юрт ҳам улуғлайди, деган нақл Ойжамол Сатторовадек ҳунармандлар мисолида яна бир бор ўз тасдиғини топаётир.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши бош мутахассиси

 

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг