Замонавий, зарарсиз, камхарж, лекин… Электромобиллар — келажак автоулови бўла оладими?

0
29

2011 йилда Японияда юз берган даҳшатли цунамидан таъсирланган япониялик кашфиётчи Хидео Цурумаки яқинда сузувчи электромобиль ихтиро қилди. Кашфиётчи унинг электромобили бир кун келиб оила аъзолари ва фуқароларни табиий офат — сув тошқинларидан омон қолишида асқотишига ишонади…

Оммавий ахборот воситаларида ана шундай кашфиётлар, инновацион технологиялар ҳақидаги хабарлар кун сайин кўпайиб бормоқда. Бугунги техника ва технологиялар асрида ҳатто ўзи ҳаракатланадиган, ҳайдовчисиз электр поездлар, электробуслар синовдан ўтказилаётгани, ҳаётга татбиқ этилаётгани айни ҳақиқат. Бундай кашфиётлар, албатта, узоқ ва машаққатли меҳнат маҳсули, изланишлар ҳосиласидир.

Электромобиллар кеча ёки бугун кашф этилган эмас. Дунёдаги илк электромобиль 1841 йилда ишлаб чиқарилган. Башарти шундай экан, савол туғилиши табиий: нега унда бундай автомобиллар шу пайтгача кенг оммалашмаган? Бу саволга жавоб топиш учун автомобиль тарихига юзланамиз.

Дарҳақиқат, электромобиллар автомобиллардан аввал пайдо бўлган. Бироқ уларни қувватлаш мураккаб ва кўп вақт талаб қилгани боис ички ёнув двигатели воситасида ҳаракатланадиган автомобилларга бўлган талаб юқори бўлган. Қолаверса, электромобиллар камроқ масофани босиб ўта олар эди. ХХ асрнинг 60-йилларида автомобилларнинг экологияга таъсир кўрсатиши, айниқса, ўтган асрнинг 70-йилларида кузатилган нефть инқирози туфайли электромобилларга қизиқиш яна орта бошлади. Сўнгги йилларда дунёда нефтга бўлган талабнинг ошиши  эса электромобилларга нисбатан эҳтиёжнинг янада кучайишига сабаб бўлди.

Хабарларга кўра, 2017 йилда электр двигателли автомобиллар савдоси 2016 йилга нисбатан 57 фоизга ошиб, 1,2 миллион донани ташкил этган. Электрокарлар савдоси бўйича Хитой етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакатда ўтган йили электромобиллар савдоси 72 фоиз ўсиб, 602 минг донага етган. 2017 йилда Европада 307 мингта, АҚШда 200 мингга яқин электрокар сотилган. Ўтган йил якунларига кўра, дунё бўйича 3 минг 230 электромобиль рўйхатдан ўтган бўлиб, 2018 йилда уларнинг сони 5 миллионтага етиши кутилмоқда.

Бугун электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича Хитойнинг “BYD”, АҚШнинг “Tesla Motors” Германиянинг “BMW” компания­лари етакчилик қилмоқда. Халқаро энергетика агентлигининг маълумотларига кўра, 2030 йилга бориб, дунё бўйича электромобилларнинг сони етмиш бараварга кўпаяди ва улар 140 миллионтани ташкил қилади. Бу кунига 1,8 миллион баррель нефтни, 7 фоиз бензинни иқтисод қилиш имконини беради.

Электромобилларнинг энг афзал жиҳати камхаржлиги ва экологияга деярли зарар етказмаслигида. Шу боис йирик мегаполис шаҳарларда экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида элекромобиль ҳайдовчиларига турли имтиёзлар берилган. Масалан, Лондонда электротранспорт эгалари автотураргоҳлардан бепул фойдаланиши мумкин. Париж шаҳри маъмурияти фуқароларга электр автомобилларни  ярим соатгача бепул ижарага беради. Италия ва Швейцарияда мазкур масалага нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Масалан, Флоренцияда бензин ёнилғисида юрадиган автомобиллардан фақат маҳаллий аҳоли фойдаланиши мумкин. Швейцариянинг Церматте шаҳрида эса ички ёнув двигателли машиналарда ҳаракатланиш бутунлай тақиқланган.

Германия ҳукумати 2011 йилда электромобилларни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш бўйича дастур қабул қилди. Бундан мақсад — 2020 йилга қадар мамлакатдаги электромобиллар сонини 1 миллион, 2030 йилга бориб 6 миллионга етказишдан иборат. Бунинг учун мазкур таранспорт воситаларига қизиқиш ва талабни ошириш ҳам кўзда тутилган. Маълумки, мамлакатда имконияти чекланган фуқаролардан ташқари транспорт воситаларига эгалик қиладиган барча ҳайдовчи машиналарининг двигатель ҳажми ва атмосферага чиқариладиган ис гази ташланмаси миқдорига қараб солиқ тўлайди. Дас­тур электромобиль ҳайдовчиларини солиқ тўлашдан ўн йил озод этади. Бундан ташқари, дастур доирасида электромобиллар учун махсус автотураргоҳлар қуриш, алоҳида йўлаклар, қувватлаш нуқталарини барпо қилиш назарда тутилган.

Бундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугун электромобилларга нисбатан талаб ошиб бораётир. Чунки улар бир қатор афзалликларга эга. Масалан, нефть ёнилғиси ёки мотор мойи буткул керак эмас. Оддий автомобилларга нисбатан камхарж. Ҳаракатланувчи механизмларнинг озлиги туфайли ўзидан деярли шовқин чиқармайди. Уларни қувватлайдиган нуқталарни ёнилғи қуйиш шохобчаларидан фарқли ўлароқ исталган жойда, масалан, супермаркетлар яқинида ҳам ўрнатиш мумкин. Яна бир устунлиги мабодо йўл транспорт ҳодисаси юз берса, ёнғин чиқиш эҳтимоли жуда кам. Электромобиль атмосферага заҳарли газларни деярли чиқармайди.

Бироқ улар камчиликлардан буткул холи эмас. Электрокар эгасининг асосий “бошоғриғи” — “улов”ини қувватлантириш учун жуда кўп вақт керак. Қолаверса, бундай транспорт воситалари тўлиқ қувватлантирилган тақдирда ҳам узоқ масофани босиб ўта олмайди. Мисол учун, 24 киловатт-соат қувватга эга литий аккумуляторга эга электромобиль қарийб 160 километр йўл босади. Борди-ю, иситгич ёки совитгичидан фойдаланилса, тезлик 90-100 километрдан ошса, унинг қуввати атиги 80 километр масофага етиши мумкин. Боз устига литийли батареялар жуда қиммат туради.

Электромобиллар ички ёнув двигатели билан ҳаракатланадиган машиналардан фарқли ўлароқ атмосферага ис гази чиқармайди. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, ис газини автомобиллар эмас, балки уларни электр манбаи билан таъминлайдиган элекростанциялар чиқаради. Электрокарлар билан боғлиқ муаммо эса уларни ишлаб чиқариш жараёнида юзага келади. Чунки электромобилларни ишлаб чиқариш учун оддий ёнилғида ҳаракатланадиган автомобилларга қараганда икки баравар кўп энергия сарфланади. Бу электромобилларга ўрнатиладиган батарея билан боғлиқ. Германиялик олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, битта электрокар аккумуляторининг ҳар бир киловатт қуввати учун 125 килограмм ис гази чиқарилмоқда. Мисол учун, батареясининг қуввати 22 киловатт-соат бўлган электромобилнинг ишлаб чиқарилиши жараёнида атмосферага 3 тонна ис гази чиқарилади. Бу бензинда юрадиган автомобиль 16 минг километр (100 километр учун ўртача 8 литр сарфланганида) масофани босиб ўтганда атмосферага тарқалган карбонат ангидрид миқдорига тенг дегани.

Электрокарларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ иккинчи муаммо — уларда фойдаланиладиган литий-ионли батареялари кўп миқдордаги кобальтни талаб қилади. Кобальт — табиатда учрайдиган ноёб металл саналади. Дунё бўйича ишлаб чиқарилаётган кобальтнинг 60 фоизи битта мамлакат — Конго демократик республикаси ҳиссасига тўғри келади. Бу давлат эса дунёдаги иқтисоди энг заиф мамлакатлардан саналади. Узоқ йиллардан буён Конгода давом этаётган уруш ва коррупция мазкур мамлакатни гуманитар инқироз ёқасига келтириб қўйди. Мазкур мамлакатда кобальтнинг 20 фоизи ноқонуний тарзда қўлда қазилмоқда. Бунга нафақат катталар, балки болалар ҳам жалб этиляпти. Конларда эса меҳнат шароити мутлақо талаб даражасида эмас. Шу боис инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар мазкур масалага бир неча бор эътибор қаратишди. Ташкилот ходимлари кончилар арзимаган пул эвазига ўз соғлиғи ва ҳаётларини хавф остида қолдираётганини аниқлади. Масалан, аксарият кончилар оддий қоидаларга ҳам амал қилмайди, кобальт қазиш жараёнида тери ва ўпка касаллик­ларига чалинишдан муҳофаза қилувчи қўлқоп, иш кийими ёки ниқобларни тақмайди.

“Электромобиллар биз ўйлаганчалик “гард-ғуборсиз” эмас. Харидорлар бундай машиналар Конгода болалар меҳнати, уларнинг жабрланиши ҳисобига ишлаб чиқарилаётганини ҳам ҳис қилишлари керак”, дейди “Amnesty International” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг бизнес ва инсон ҳуқуқи бўйича тадқиқотчиси Марк Даммет. Унинг сўзларига кўра, “болалар меҳнати ҳисобига қазиб олинаётган кобальт электромобиллар аккумуляторида фойдаланилмоқда, тағин “бундай автомобиллар атмосферага зарар етказмайди”, деган важ билан реклама қилинмоқда, инсон саломатлиги ва ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар эса эътибордан четда қолиб кетяпти”. Мазкур мамлакатда кобальтни “ибтидоий” қазиб олишни ноқонуний қуролли гуруҳлар назорат қилади. Африканинг мазкур мамлакатида урушнинг ҳали-ҳамон давом этаётгани дунё бозорида электромобиллар, унинг асосий хомашёси бўлган кобальтга бўлган талабнинг ортиб бораётгани билан ҳам боғлиқ.

Электрокарларда фойдаланилаётган батареялар нафақат бугун, балки келажакда ҳам инсон саломатлиги ва экологияга жиддий зарар етказади.  Чунки бундай батареялар таркибида хавфли ва заҳарли моддалар мавжуд. Аксига олиб бундай автомобилларнинг литий-ионли батареяларини утилизация қилиш масаласига ҳали ҳам ечим топилгани йўқ. Бугун ана шундай батареялар кичкина электр ускуналари (уяли алоқа воситалари)да фойдаланилаётгани ва уларни утилизацияси қанчалик муаммо туғдираётгани ҳисобга олинса, ҳажми йирик бўлган бундай аккумуляторларнинг атроф-муҳитга етказадиган зарарини тасаввур қилиш қийин эмас. Бугун Европа Иттифоқи мамлакатларида бундай батареяларнинг атиги 5 фоизи утилизация қилинади. Қолганлари эса чиқинди сифатида ташлаб юборилади. Бу европаликларнинг озодаликка риоя қилмаслигидан эмас, балки фойдаланиб бўлинган, яроқсиз батареяларни қайта ишлаш саноатининг оқсаётгани билан боғлиқ.

“Nissan” компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, электромобилларнинг бир килограммли литий-ионли батареяларини утилизация қилиш учун бир евро харажат қилинади. Ундан керакли материал ажратиб олиш ҳам жуда кам миқдорни ташкил этади. Экспертлар литий-ионли батареяларнинг утилизация қилинмаслиги яқин келажакда экологик барқарорликка хавф солиши мумкинлигини башорат қилмоқда. Бугунги кунда дунё бўйича 3 миллиондан зиёд электромобиллардан фойдаланилмоқда. Агар Халқаро энергетика агентлигининг башоратлари амалга ошиб, 2030 йилга бориб бундай автомобиллар ишлаб чиқариш етмиш бараварга ошса, унда яқин 12-13 йил ичида инсоният олдида 11 миллион тонна литий-ионли батареяларни утилизация қилиш масаласи кўндаланг бўлади. Бу муаммонинг ечими эса ҳозирча топилгани йўқ.

Халқимизда “ҳар тўкисда бир айб”, деган нақл бор. Электромобиллар қанчалик камхарж  бўлмасин, уларнинг аккумулятори атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий хавф солади. Бу эса дунё электромобиль саноати мутахассисларидан бу соҳада чуқур изланиш олиб бориш, бундай транспорт воситалари учун хавфсиз хомашёлардан фойдаланиш йўлларини излаш ва уларни амалиётга татбиқ этишини тақозо этади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” шарҳловчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг