Тилсими ечилмаган кўҳна тамаддун

0
29

Боливияда — Титикака кўлининг жанубий соҳилидан 15 километр узоқликда қадимий Тиуанако шаҳрининг харобалари жойлашган. Гарчи у машҳурлик борасида Лотин Америкасидаги Теотиуакан, Теночтитлан, Чичен-Ица, Эль-Тахин каби тарихий манзилгоҳлар билан рақобатлаша олмаса-да, бироқ қадимийлиги жиҳатидан улардан асло қолишмайди. 

Шаҳар ҳақида жуда кам маълумот сақланган. У қарийб 27 асрлик тарихга эга. Пукин давлатининг маркази бўлган Тиуанако милодий II-IX асрларга келиб, Жанубий Америкадаги йирик шаҳарлардан бирига айланган. Ўша пайтларда шаҳарнинг майдони 6 квадрат километр, аҳолиси 40 мингга етган. Шаҳар ке­йинчалик Тайпикала деб ҳам аталган. У маҳаллий халқ тилида “марказдаги тош” маъносини англатади. Олимларнинг тахмин қилишича, XII асрга келиб Анд тоғлари жойлашган минтақада кескин иқлим ўзгариши натижасида қурғоқчилик юз беради ва у қарийб бир аср давом этади. Оқибатда шаҳар аҳолиси бу ерларни тарк этишга мажбур бўлади. Шу билан қадимий тамаддун ҳам таназзулга юз тутган.

Бугунги кунда қадимий шаҳар ўрнида харобалар сақланиб қолган, холос. Улардан бири — Акапана эҳроми. У нафақат Тиуанако, балки мамлакатдаги энг қадимий тарихий ёдгорлик саналади. Эҳромнинг чўққисида ҳовуз, иншоотнинг ичида эса синиқ чизиқ шаклида қурилган сув ўтказгич ўрин олган. Бироқ улардан нима мақсадда фойдаланилгани маълум эмас.

Эҳромдан шимолроқда Каласасайя ибодатхонаси жойлашган. Иншоот йирик тош­лардан (айримлари 40 тонна келади) тўғри тўртбурчак шаклида қурилган. Унда астрономик кузатувлар олиб борилгани тахмин қилинади. 1960 йилда амалга оширилган таъмирлаш ишларидан сўнг ибодатхона қайта тикланган. Иншоот ўша давр даражасидаги коммуникация воситалари билан таъминланган. Мисол учун, унинг деворларига одамларнинг қулоқлари шаклида тирқишлар ҳосил қилинган бўлиб, бу муайян масофа оралиғидаги оломоннинг овозини эшитиб туриш имконини берган.

Тиуанаколиклар қуёшга топингани боис ялтираб кўринадиган нарсаларга ҳам илоҳий буюм сифатида қараган. Хусусан, олтинни қуёшнинг ҳосиласи деб ҳисоблашган. Шунинг маҳсули ўлароқ, Каласасайя ибодатхонасининг ички қисмида “Қуёш дарвозаси” (испанчада Puerta del Sol) деб аталадиган тошдан барпо этилган ёдгорлик жой олган бўлиб, у тарихий мажмуанинг сир-синоатга бой объектларидан саналади. Унинг оғирлиги 44 тонна, баландлиги 3, эни 4 метрни ташкил этади. Тош дарвоза ташқи томондан турли белги ва рамзлар билан безатилган. Юқори қисмида чизилган расмда қуёш инсон кўринишида тасвирланган. Икки қўлидаги таёқ ҳокимият рамзи саналади. Пастки қисмида эса ўн икки ойдан иборат тақвим ўрин олган. Олимлар ундан йил ҳисобини юритишда фойдаланилган, деб тахмин қилмоқда.

Каласасайя ибодатхонасининг ғарбий томонида жойлашган, “Ой дарвозаси” деб номланган арка “Қуёш дарвозаси”га қараганда кичик бўлиб, баландлиги 2 метрдан зиёд.

Перулик тарихчи ва ёзувчи Гарсиласо де ла Вега  (1539-1616) мазкур тарихий маж­муа ҳақида шундай ёзган: “Буни тасаввур қилиш жуда мушкул.   У шундай йирик ва кўп сонли тошлардан қурилганки, ҳиндулар қандай қилиб уларни қазиб олгани, бу ергача қай тарзда олиб келгани ҳамда бир-бирига шу қадар аниқликда териб чиққани кишини ҳанузгача ҳайратга солади”.

Дарҳақиқат, иншоотлардаги тошлар шу қадар зич терилганки, улар орасига ҳатто тиғ сиғмайди. Тошлар шаҳардан 80 чақирим узоқликда жойлашган кондан маҳаллий аҳоли қурган каналлар орқали усти очиқ юк кемаларда ташиб келинган. Улар тўғонлар воситасида каналнинг сув сатҳини кўтариш ҳамда тушириш илмидан хабардор бўлган. Бугун ҳатто Панама каналида ҳам ушбу қонун-қоидага амал қилинади.

2000 йилда Тиуанако шаҳри харобалари ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Ш. ВОҲИДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг