Бу йўлда хато қилма… Ёхуд умрининг хазонга айланмаслиги ҳар кимнинг ўз қўлида

0
27

Инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, ҳаётини асраш масаласига юртимизда доимо устувор аҳамият бериб келинмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини мунтазам такомиллаштириш шу мақсадга хизмат қилади.

Аммо шунга қарамай, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига беписанд муносабатда бўлиш ҳоллари ҳам йўқ эмас. Йўлларда транспорт воситалари қатнови йилдан-йил гавжумлашиб бораётгани йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишни тақозо этади. Гоҳ ҳайдовчи, гоҳ пиёданинг айби билан турли йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани ҳам ана шу қоидаларга амал қилмаслик, масъулиятсизлик натижасидир.

Ҳозир баён қилинадиган кундалик ҳодисалар эса ҳар биримизга яхши таниш. Бу қандай ҳодисалар дейсизми? Марҳамат…

…Харид учун Чилонзор буюм бозорига бордим. Автобус тирбанд — игна ташласангиз ерга тушмайди. Бекат ёнида бироз туриб қолдим-да, сўнг “Ипподром”га бир киши!” деб бақираётган ҳайдовчининг автоуловига чиқдим.

Йўлга тушдик — автомобиль салонида мендан ташқари яна уч йўловчи бор. Бозорга етай деб қолганимизда ҳамроҳларнинг иккитаси ҳайдовчидан уловни четроқда тўхтатишини сўради. Ҳайдовчи машинасини тақиқланган жойда тўхтатиб, йўловчиларни туширди-да:

— Яна юз метрдан кейин ер ости йўли бор, шундан ўтса бўлади-ку, — деди норози оҳангда. — Сира тушунмайман, бу ерда пиёдаларнинг ўтиши учун махсус жой бўлмаса, қарама-қарши томонга юриш учун йўлни кесиб, тўсиқдан ошиб ўтиш керак. Кўриб турибсиз, автомобиллар ҳар сонияда катта тезлик билан ўтиб турибди. Одамлар ўз ҳаётини лотореяда ютиб олганми, дейман. Худо кўрсатмасин, бир фалокат бўлса, ё умрбод майиб-мажруҳ бўлиб қолади, ё бундан ҳам баттари бўлиши мумкин. Яна ким айбдор — ҳайдовчи айбдор…

Дарҳақиқат, йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибати ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти ҳамда жамиятнинг маънавий ҳаётига жиддий зарар етказади. Шунинг учун ҳам бундай ҳодисаларнинг олдини олиш муҳим вазифалардан биридир. Ушбу йўналиш­ларда кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, бахтсиз ҳодисалар ичида энг кўп тарқалгани ва кишилар ҳаётига жиддий хавф солаётгани — йўл-транспорт ҳодисаси. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланади, 100 мингга яқин киши турли даражада тан жароҳати олар экан. Бир йилда эса йўл-транспорт ҳодисаси сабаб дунё миқёсида 1 миллион 300 минг киши ҳаётдан бевақт кўз юмади,
20-50 миллион одам турли тан жароҳати олиб, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолади. Жабрланганларнинг ярмини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед бошқарувчилари ташкил этиши эса вазият бу борада анчайин жиддийлигини англатади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг хабари янада ташвишли: 2020 йилга бориб йўллардаги бахтсиз ҳодисалар инсоният ҳалокати, жароҳат олишидаги асосий учинчи омилга айланиши мумкин. Бу хавфлилик даражасига кўра баъзи хасталикларни ҳам ортда қолдиради, дегани. Вазият шу тарзда давом этса — аҳвол ўнгланмаса, 2030 йилга бориб дунё бўйича йўл-ҳаракати ҳодисаси қурбонлари сони саратон ва орттирилган иммунитет танқислиги синдромига (ОИТС) чалинганлардан ҳам ўтиб кетиши мумкин.

Бугунги кунда автоҳалокатларнинг аксарияти Африка ва Ўрта ер денгизи мамлакатлари улушига тўғри келмоқда. “The Wall Street Journal”да қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаси энг кам учрайдиган мамлакатлар сирасига Голландия, Швеция ва Буюк Британия киради.

Юқорида келтирилган статистика маълумотларини бошқача ракурсда талқин этиб кўрайлик. Ҳар бир рақам ортида ота-она, фарзандлар, қариндош-уруғ, дўстлар, касбдошлар ҳам турганини тасаввур қилсак, бундай ҳалокатлар бир кунда қанчадан-қанча оилага ташвиш келтиришини англаш қийин эмас. Бу деганимиз шундайки, унинг асорати вақт ўтиши билан унут бўлиб кетмайди, ё ҳаммасини асл ҳолига қайтариб бўлмайди. Бунинг оқибатида кимдир ота-онаси, кимдир фарзандидан, оилалар эса яқинидан, боқувчисидан жудо бўлади, кимдир бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолади…

Шу ўринда таъкидламоқ жоиз, ўтган йил якуни бўйича амалга оширилган ишларнинг таҳлили мамлакатимиз йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, хайдовчилар, пиёдалар айби билан содир бўладиган турли нохуш ҳолларни камайтиришга қарши кураш анча самарали давом этаётганини кўрсатди. Бироқ бу хотиржамликка асос бўлолмайди. Таҳлиллар бундай ҳодисаларнинг олдини олиш ва янада камайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Таҳлилларга кўра, пиёдаларнинг айби билан содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисаларнинг аксарияти кечки пайт юз бераётир. Унда асосан йўл ҳаракати қоидаларига зид тарзда йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган ёки пиёдалар ўтиш жойидан ҳаракатланаётган йўловчилар жабр кўради ва афсуски бу каби аксарият ҳодисалар ё йўловчининг оғир тан жароҳати олиши, ё бўлмаса, ҳаёт билан видолашувига олиб келади.

2017 йилда мамлакатимиз йўллари бўйлаб 3 миллион 700 мингдан зиёд қоидабузарлик ҳолати аниқланган бўлиб, шундан 1 миллион 500 мингдан кўпроғи қўпол қоидабузарликлардан иборат. Икки мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган. Бундай қоидабузарлик­лар 2016 йилга нисбатан умумий ҳисобда 10,1, қўпол қоидабузарликлар эса 15,8 фоизга кўп демакдир.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 138-моддасида белгиланганидек, пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, йўлнинг ҳаракат қисми белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиши энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жаримага сабаб бўлади. Агар бу автоҳалокатга сабаб бўлса, энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солинади. Аммо фуқароларимизнинг кўпчилиги бундай меъёр борлигини билмайди ёки билгани ҳам қоидани бузаверади.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ўтган йили пиёдалар содир этган 39 мингдан зиёд қоидабузарликларни аниқлаган. Уларга нисбатан тегиш­ли чоралар кўрилиши, тарғибот-
тушунтириш ишларининг мунтазам равишда олиб борилишига қарамай, жавобгарлик ва масъулиятни ҳис этмайдиган бепарво юртдошларимиз ҳамон учраётгани кишида жиддий ташвиш уйғотади. Улар нафақат ўзлари, балки бошқа ҳаракат иштирокчиларининг ҳам ҳаётини хавф остига қўймоқда.

— Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар, айниқса, болалар ўртасида профилактик тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бош­қармаси матбуот хизмати бошлиғи, майор Акмал Юнусов. — Чунки йўл қоидасини барча яхши билиши ва уларга тўла амал қилиши зарур. Шунинг учун давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари нафақат кўчаларда транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя этишини назорат қилиш билан машғул, балки ўқув муассасаларида, жамоат жойларида, маҳалла, корхона ва ташкилотларда кенг кўламли тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқда.

Кейинги пайтда бошқармамиз томонидан чорраҳалар, транспорт қатнови тиғиз йўлларни назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўчаларнинг муайян қисмларига бириктирилган масъ­ул шахслар масъулиятини мунтазам ошириш яхши самара бермоқда. Ўтган йилда 2016 йилга нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари 2,2, ҳалок бўлганлар 1,5, тан жароҳати олганлар 2,7 фоизга камайгани буни тасдиқлайди.

Йўлларда инсон ҳаёти, хавфсизлигини асраш — соҳа ходимларининг бош мақсади. Саъй-ҳаракатларимиз самарадорлиги кўп жиҳатдан бутун жамоатчилик, ҳар бир фуқаронинг бу ишлардаги фаол иштирокига ҳам боғлиқдир.

Шу ўринда, бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Агар оила­ларда фарзанд тарбиясига қўшиб йўлда ҳаракатланиш маданиятини ҳам мунтазам шакллантириб борсак, эндиликда пиёдалар йўлларда юрганда, ўзлари учун ажратилган жойлардан кесиб ўтаётганда диққатни чалғитувчи нарсалар, жумладан, телефон, планшетдан фойдаланиш, видео кўриш, газета, журнал ва китоб ўқиши тақиқланишини ўғил-қизларимиз қулоғига қуйсак, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олган бўлардик. Аммо кўп ҳолларда ҳаётимизда ота-оналарнинг ўзи “ўрнак” бўлаётгани, йўлнинг дуч келган жойидан фарзандларини етаклаб ўтаётгани ёки бўлмаса, йўл-патрул хизмати ходимини кўргандагина хавфсизлик камарини тақиши каби ҳолатлар учрайди. Буларнинг барини фарзанд­ларимиз кузатиб, аксарият ҳолларда ота-онасидан андоза олаётганини инобатга олсак, муаммонинг туб илдизини топгандек бўламиз. Шу маънода ота-онанинг ўзи маданиятли ҳаракат иштирокчиси бўлиб, фарзандига намуна бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Зотан, нохуш йўл-транспорт ҳодисаларининг талайгинаси болалар иштирокида рўй бераётгани ташвишланарлидир.

— Фарзандларимни ҳар куни қўлидан тутиб ўзим мактабига олиб бориб қўяман, — дейди юнусободлик Ҳасан Исмоилов. — Дарси тугагач, онаси олиб келади. Мактаб унчалик узоқмас. Шундоққина йўлнинг нариги томонига ўтиб, бироз юрилади. Хавотирим — йўллар хавфли. Пиёдалар ўтиш йўлакчасига барча белгилар ўрнатилган бўлса-да, ҳайдовчилар доим шошиб юради. Иложи бўлса, пиёдадан олдин ўзи ўтиб кетса. Аксинча, ҳайдовчилар пиёдаларга ҳурмат кўрсатиши керак эмасми?

Дарҳақиқат, ҳайдовчилар айби билан содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили, аввало, ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка риоя этмаслиги, йўлчироқ ишораларига нисбатан эътиборсизлиги ва бошқа қоидабузарликлар туфайли юз бераётганини кўрсатмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Тошкент вилоятидан ўтиб, марказий йўл бўйлаб кетар чоғингизда Сирдарё вилоятининг Бахт, Гулистон шаҳарлари йўлига ҳеч аҳамият берганмисиз? Ўша шаҳарларда республиканинг бошқа ҳудудларида учратиш мушкул, ўрнак намунаси сифатида қўллаш мумкин бўлган бир ибратли амалга дуч келасиз. Яъни катта қатнов йўлидаги пиёдалар ўтиш йўлагининг ҳар иккала томони юқори ёруғликка эга алоҳида чироқлар билан ёритилади. Бунда чироқ нурлари айнан пиёдалар ўтиш йўлагига қаратилгани боис катта тезликда машина бошқариб келаётган ҳайдовчининг пиёдалар йўлагидан ўтаётган йўловчини узоқ масофадан туриб ҳам англашига имкон беради.

Ўтган йилнинг май ойидан бош­лаб пойтахт кўчалари ўртасидаги ажратувчи тўсиқлар олиб ташлана бошланди. Бу тўсиқлар 2015 йилнинг ёз-куз ойларида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтувчи йўловчилар ҳаракатини чеклаш мақсадида ўрнатиб чиқилган эди. Бироқ мазкур ажратувчи тўсиқлар амалда йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга эмас, балки пиёдалар ҳаётининг хавф остида қолиши ва ҳайдовчиларнинг тўсиқ бўйлаб хавотир билан ҳаракатланишига сабаб бўлди, холос.

— Мамлакатимизда йўлларнинг кенг ва равонлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган, — дейди “MY TAXI” компанияси ҳайдовчиси Мақсуд Носиров. — Айниқса, кўчалар ўртасидаги ажратувчи тўсиқларнинг олиб ташлангани маъқул иш бўлди. Чунки автомобиль ҳайдовчиси пиёдалар йўлакчаси бўйлаб келаётган одамларни тўсиқ ортидан кўриши тугул англашининг ўзи мушкул эди. Бир сафар мендан олдинроқда ҳаракатланаётган машина шу сабаб йўловчини уриб юборганига ўзим гувоҳ бўлганман. Аслида-ку пиёдалар йўлакчасига яқинлашган ҳайдовчи йўловчи бор-йўқлигидан қатъий назар тезликни камайтириши, ҳуш­ёрлик билан ҳаракат қилиши керак. Аммо шундай ҳоллар ҳам бўладики, ҳайдовчининг минг ҳуш­ёрлиги пиёданинг бир бепарволиги сабаб фалокат олиб келади.

Амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 19-бандига кўра, ҳаракат тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш жойларида, пиёдалар яқинлашиб келаётган транспорт воситаларигача бўлган масофани ва уларнинг тезлигини чамалаб кўриб, ўтиш ўзлари учун хавфсиз эканлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг йўлнинг қатнов қисмига чиқиш­ларига рухсат этилади. Шунингдек, улар йўлнинг қатнов қисмини пиёдалар ўтиш жойларидан ташқарида кесиб ўтишда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бермаслиги, яқинлашиб келаётган транспорт воситалари йўқлигига ишонч ҳосил қилмасдан туриб, кўринишни чекловчи, тўхтаб турган транспорт воситаси ёки бошқа бирор тўсиқ панасидан чиқмаслиги керак.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси яқинда яхши ташаббус билан чиқди: Нукус шаҳридаги пиёдалар ўтиш йўллари энди сариқ рангга бўялади. Бундан кўзланган асосий мақсад — йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш. Таклиф этилган намунага асосан мактаблар, спорт мажмуалари ва болалар қатнови кўп ҳудудлардаги катта йўлларга чизиладиган сариқ чизиқлар узунлиги 4 метр, эни 60 сантиметр бўлади. Бу ҳам ҳайдовчининг ҳушёрлигини оширади, ҳам йўловчиларни огоҳликка чақиради.

— Икки йилдан бери таксичилик билан шуғулланаман, — дейди АҚШнинг Сан-Франциско штатидаги Uber компаниясида меҳнат қилаётган ҳамюртимиз Ўткир Шералиев. — Штат кўчалари бўйлаб юрар эканман, бу ер тажрибасини ўрганиб, ўзимизга жорий этишимиз мумкин бўлган жиҳатлар кўплигига амин бўлдим. Йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида гапиришдан олдин, аввало, йўллар ҳолатини яхшилаш керак, назаримда. Бу ердаги йўл худди катак дафтаридек. Катакдан чиқиб кетмай тўғри ёзаётган ўқувчи уқувли ҳайдовчи демакдир. Пиёдалар ўтиш йўлакларига “Пиёда” белгисига қўшимча тарзда “Тўхта” белгиси ҳам ўрнатилган. Ҳайдовчи йўлак қаршисида пиёда бор-йўқлигидан қатъий назар, уч сониядан беш сониягача тўхтаб туришга мажбур. Бундан ташқари, ҳар бир йўлакда кузатув камералари ишлаб турибди. Пиёдага йўл бермай, уч марта қоидага бўйсунмаган авто­улов эгаси ҳайдовчилик гувоҳномаси билан хайр­лашишига тўғри келади…

Гап йўл-транспорт ҳодисалари, улар сонини камайтириш, имкон қадар бартараф этиш ҳақида кетар экан, масала ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчисининг — у йўловчи ёки ҳайдовчи бўладими, маданиятига — малакаси, интизоми, ҳаракатланиш қоидаларини мукаммал билишига бориб тақалаверади.

Йўлда ҳаракатланаётган йўловчи ҳам, ҳайдовчи ҳам, аввало, ўз эҳтиётини қилиши зарур. Бу инсонларни турли фалокатлардан асраш, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Эҳтиёткорликнинг ҳаётий аҳамияти ҳамда у бўлмаганда келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида жуда кўп ҳикматли гаплар айтилган. “Эҳтиётинг бўлса — эҳтиёжинг бўлмас”, “Оёқ остига қарамаган жарга қулар”, “Бир эҳтиёткор — юз бефарқдан афзал”, “Нарвонга чиқсанг, шошмай чиқ, ўз ҳаддингдан ошмай чиқ” каби ҳикматли гапларни эҳтиётсизлик туфайли панд еган инсон донишмандлигининг натижаси, дейиш мумкин. Бугунга келиб бу ҳикматлар қаторига “Йўл қоидаси — умр фойдаси” ҳам қўшилди…

Мухтасар айтганда, урбанизация жараёни тезлашиши, иқтисодиётнинг ўсиши натижасида шаҳар кўчаларида автомобиллар сони ҳам ортиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш каби кечиктириб бўлмас муаммони ҳал этишни тақозо этади. Аммо шуниси аниқки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси, у хоҳ ҳайдовчи, хоҳ пиёда бўлсин, бир-бирига ўзаро ҳурмат кўрсатиб, қонун-қоидага тўла амал қилса, ҳар қандай статистика ва тахминий натижани ҳам йўққа чиқариш мумкин.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
         “Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг