“Ақлли иссиқхона” йилнинг тўрт фаслида ҳам ҳароратни мўътадил сақлаб туради

0
76

Иссиқхоналар халқимизнинг барча мавсумда янги ва сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашда катта аҳамиятга эга. Мўл ва сифатли ҳосил олиш учун иссиқхонада мўътадил микроиқлим яратилиши керак.

Ундаги иқлим ҳавонинг исиб-совиши натижасида мунтазам ўзгариб туради. Бу, ўз-ўзидан, етиштирилаётган маҳсулот парвариши ва сифатига ҳам таъсир этмай қолмайди. Мазкур муаммо қишнинг изғиринида ҳам тиним билмайдиган деҳқонларимизни анчадан бери ўйлантириб келар эди.

Навоий кончилик институти магистранти Абдухалил Самадов ҳар бир хонадонда барпо этиш мумкин бўлган инновацион иссиқхона ихтиро қилиб, деҳқонларимизни ташвишга солиб келаётган мана шу муаммога барҳам бериш имконини топди.

“Ақлли иссиқхона” ўсимлик ва мевали дарахтлар учун йилнинг тўрт фаслида ҳам зарур бўладиган мўътадил ҳароратни сақлаб туради. Унинг ишлаш механизми жуда оддий. Иссиқхонадаги дарахт ва ўсимликлар учун, дейлик, 15 даража иссиқлик керак бўлса-ю, ҳавонинг совиб кетиши ичкаридаги ҳароратни 5-10 даражага пасайтириб юборса, ҳар икки-уч метрга ўрнатиб чиқилган сезгир ҳисоблагичлар бошқарув пультига мавжуд ҳолат ҳақида хабар узатади. Ҳаво ҳарорати пасайгани ҳақидаги хабарни қабул қилган бошқарув пульти шу заҳотиёқ иситиш ускуналарини ишга туширади. Энг муҳими, бу жараён инсон омилисиз — автоматик тарзда амалга ошади. Мабодо бунинг акси бўлса, яъни ҳаво ҳарорати 15 даражадан ошиб кетадиган бўлса, мослама иссиқхонани салқинлатиш пайига тушади. Иссиқхона деразалари ҳаво ҳарорати 15 даражага тушгунга қадар очиқ ҳолда туради. Ҳарорат мўътадиллашгач, деразалар автоматик тарзда ёпилади. Технология шу қадар аниқлик билан иш олиб борадики, инсон ақл-заковатига таҳсин ўқийсиз. Бундан мамнунлик туяётган деҳқон юзидаги қувонч қалбингизга қўчади.

— Бу янги технологияни, айниқса, тадбиркорлар катта иштиёқ билан кутиб олди, чунки уларнинг соҳадаги асосий муамммоларидан бири ҳам шу эди, — дейди Абдухалилнинг устози, Навоий давлат кончилик институти ўқитувчиси Одил Жумаев. — Мослама экиннинг агротехника талабларидан келиб чиқиб ишлайди. У мавсумий ва цитрус ўсимликларга мослаштириб борилади. Технология шундай аниқликка эгаки, у ҳатто деразаларнинг қандай қияликда очилишини ҳам назорат қила олади. Янгилик қишлоқ хўжалиги маданияти юксалишига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.

Ихтиро турли иссиқхонада синовдан ўтказилди. Натижа шуни кўрсатмоқдаки, ҳаво ҳароратини мўътадиллаштириб турувчи ушбу технология кўпроқ замонавий усулда қурилган иссиқхоналар учун қўл келмоқда. Унинг нархи ҳам ҳамёнбоп. Мавжуд иссиқхонани “ақлли иссиқхона”га айлантириш харажати ўртача 3 миллион сўмга яқин бўлади. Мазкур ихтиро ҳар бир хонадонда иссиқхона барпо этиб, мўмай даромад олиш учун айни муддао.

Ихтирочи яратган “ақлли иссиқхона” технологияси ҳам табиий газ, ҳам электр энергиясида ишлай олади. Бундан ташқари иссиқхонадаги намликни ҳам назорат қилади. Намликни сақлаш ўсимлик парваришида жуда муҳим саналади. Тупроқ остига ўрнатилган сезгир элементлар иссиқхона ҳудудининг қаерига, қанча намлик кераклиги ҳақидаги хабарни бошқарув пультига етказади. Тупроқ шунга қараб намлантириб борилади.

— Уйимиздаги иссиқхонада оилавий меҳнат қилардик, — дейди ихтирочи Абдухалил Самадов. — Баъзида қишнинг аёзли кунлари иссиқхонадаги мўътадил иқлимнинг ўзгариб кетиши барча меҳнатимизни бир лаҳзада йўққа чиқариб юборарди. Ўша пайтлардан бери мана шу муаммони қандай ҳал этиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб келардим. Кўп китоблар ўқидим, чет эл тажрибаси билан танишиб чиқдим. Мана, ниҳоят ўз мақсадимга етишдим. Ҳали шу йўналишда ўйлаб қўйган кўп режаларим бор. Насиб этса, бор куч-ғайратим, шижоатим ва ақл-
заковатимни одамлар оғирини енгил қилиш, жамиятимиз ривожига ҳисса қўшишга сафарбар этаман.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мазкур янгилик дастурхонларимиз тўкинлиги, ризқу насибамиз янада ортиши, деҳқонлар меҳнатининг табиат инжиқликларига қарамасдан қадр топиши ва энг муҳими, юртимизнинг мана шундай билимли, изланувчан фарзандларини дунёга танитишга ҳисса қўшади. Қолаверса, ихтирочининг бу янгилиги Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида ўзига хос туҳфа бўлди.

И. НОРМАМАТОВ,
          “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг