“Мақом илк марта ўзбек миллий мақом санъати номини олди”

0
52

Инсоният яралибдики, ўзини англашга, ўзлигини топишга интилади. Шу боис донишмандлар томонидан инсон руҳий олами, тафаккури, унинг билан боғлиқ зиддиятли ҳолатлар, у яратган бунёдкорлик ва эзгу ишлар ҳақида кўп ва хўб фикр­лар айтилган.

Лекин шундай бўлса-да, саволлар пайдо бўлаверади:  ўзлик нима? Уни қандай англаш мумкин? Ўзлигини англаган шахс қандай бўлади? Унинг кишилик жамиятидаги ўрни нималардан иборат? Бу саволларга, албатта, узоқ йиллик ҳаёт тажрибасига эга, интеллектуал салоҳияти ва бадиий тафаккури юксак инсонгина жавоб бера олади. Шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қуриш, уларнинг бой тажрибасини оммалаштириш, юртимиз аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида миллий ўзликни англашга бўлган интилишни ошириш, тарихимиз, аждодларимиз қолдирган меросга ҳурмат билан қараш муҳитини шакл­лантириш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш”
демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида эълон қилинган мулоқотларимиз ўз ўқувчисини топиб улгурди. Бу галги меҳмонимиз — Давлат мукофоти соҳиби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Отаназар Матёқубов.

Таниқли мусиқашунос билан суҳбатимиз миллий мусиқа санъати, хусусан, ўзбек миллий мақомининг инсон тафаккури, шуурига таъсири, унинг ўзликни англашдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида. Суҳбатни таниқли ёзувчи, партиямиз фахрийси Хуршид Дўстмуҳаммад олиб борди.

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Ҳуқуқшуносликда шундай тушунча бор:  бир воқеа тизимга айланиши учун у камида уч марта такрорланиши керак. Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг газетасининг “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳаси доирасида тўртинчи бор учрашиб турибмиз. Демак, у анъана тусини олди, гўзал одатга айланди, дейиш мумкин.

“Ўзлик ҳақида суҳбат”да ҳар қандай мавзуга кириб бориш мумкин. Миллатнинг ўзлиги, шахснинг ўзлиги, жамиятнинг  ўзлиги, миллий ўзлик ва ҳоказо. Лекин сиз билан бугунги суҳбатимиз ўзбек миллий мақом санъати ҳақида бўлади. Савол туғилиши мумкин: нега унга Отаназар Матёқубов танланди. Албатта, ҳеч нарса тасодифан пайдо бўлмайди. Ҳар қандай тасодифнинг  ҳам қонуний асоси ва замини бор.

“Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”нинг бешинчи жилди 320-бетида Отаназар Матёқубов ҳақида маълумот бор. Унда келтирилишича,  Отаназар Матёқубов 1946 йилда туғилган. 1970 йилда Ўзбекис­тон давлат консерваториясини битирган. Бундан роппа-роса 30 йил муқаддам Ўзбекистон санъат арбоби, ундан кейин Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби унвонини олган. Консерватория­да Шарқ мусиқаси кафедраси мудири, санъатшунослик фанлари доктори, профессор…

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 август­даги “Ўзбекистон Рес­публикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини ривож­лантиришга қўшган ҳиссаси, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида сизнинг ҳам борлигингиз, албатта, барча ижод аҳлини беҳад қувонтирди.

Сиз мусиқашунос, ҳам назариётчи, ҳам амалиётчи олим сифатида нафақат Ўзбекистонда, ҳеч иккиланмасдан айта оламиз, жаҳонда ўз ўрнига, ўз сўзига эга мутахассис саналасиз. Шу боис бугунги суҳбатимизда асосан жамият, халқ ва шахснинг ўзлигини англашида мусиқанинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритамиз. Демак, дастлабки саволимиз қуйидагича: мусиқа қандай ҳодиса ўзи? Уни қандай идрок қилганимиз маъқул?

Отаназар Матёқубов: — Гап мусиқа ҳақида борар экан, суҳбатимизнинг боришини, пайравини чеклаш, чегаралаш қийин. Лекин шундай бўлса-да, барибир жилов керак.

Айни пайтда илм-фан, санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари вакилларининг машаққатли меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қуввватлаш, уларни доимий рағбатлантириш борасидаги амалий ташаббуслар ижод аҳлини янгидан-янги марралар сари руҳлантирмоқда. Қаранг, биргина 2017 йилда давлатимиз раҳбари томонидан санъат, хусусан, мусиқа билан боғлиқ бир нечта ҳужжат имзоланди. Улардан бири, 2017 йил 17 ноябрда эълон қилингани “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” бўлди. Давлат раҳбари қарорининг ҳар бир сўзи, одатда, юз чиғириқдан ўтади. Унинг номланишининг ўзиданоқ мамлакатимизда қадимий ва бой маданиятимизни, миллий қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимиз қолдирган маънавий меросни ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилаётгани англашилади. Ахир ўзингиз ўйланг, мақом деган сўзни бир пайтлар шивирлаб айтар эдик. Мақом деб эмас, қандайдир сунъий ибора — оғзаки анъанадаги профессионал мусиқа, дейиларди. Ушбу қарорда миллий қадриятларимиз, жумладан, бой маданий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган ўзбек миллий мақом санъати ва унинг йўналишларини кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш, энг муҳими, мақом ижрочилигини ривожлантириш назарда тутилган. Эътибор қилайлик, мақом илк марта “ўзбек миллий мақом санъати” деб аталмоқда!

Чин маънодаги юксак, бадиий баркамол мусиқий асар тингловчи дидини чархлаши, унинг санъат, ҳаёт ва умуман, борлиқ ҳақидаги фалсафий фикрларини янада теранлаштириши, тиниқлаштириши барчамизга яхши аён. Шу ҳақда гап борар экан, айтиш жоиз, глобаллашув истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам худди Қуёш Ер атрофида айланганидек, қонуниятга айланиб қолди. Ривожланиш, юксалиш учун бугун фақат иқтисодиётнинг ўзи етарли эмас. Айни шу маънода мусиқанинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни жуда муҳим. Қуръони каримда мусиқа, оҳанг, куй деган сўз йўқ. Лекин Оллоҳнинг ўзи гўзалдир ва гўзаллик унга мақбулдир, мазмунидаги оят бор. У гўзаллик тарафдори: ҳамма нарсанинг гўзал бўлишини истайди. Мусиқа, оҳанг ана шу гўзалликнинг энг асосий омил ва воситаларидан бири. Муқаддас манбаларда руҳ инсон танасига соз орқали киритилгани айтилади.

Ўзбекистон мумтоз мусиқий меросга бой диёр саналади. Бу заминда нафақат Шарқ, балки жаҳон мусиқий тафаккури тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган Форобий, Хоразмий ва Ибн Сино, Ғаззолий, Навоий, Бобур, Муҳаммад Раҳимхон Феруз, Комил Хоразмий каби алломалар етишиб чиққан. Улар яратган бой ва мўътабар илмий мерос ҳанузгача ўз қадр-қимматини йўқотган эмас.

Қадимги Римда давлатнинг тўрт асосий устуни бўлган: биринчиси — файласуфлар. Улар барча давр илмини билган. Иккинчиси — ҳарбий қўшин. У давлатни ёвдан ҳимоя қилган. Учинчиси — табиб. Тўртинчиси эса мусиқа. Мусиқа ҳам давлатнинг, ҳам инсоннинг руҳини созлайди — тозалайди. Хоразм шоҳи Муҳаммад Раҳимхон I давлат ишларига киришишидан аввал ярим соат дутор чалар экан.

Юсуф Хос Ҳожиб “Кимки эрур қалби бенаво, На ўликдир, на тирикдир, дарди бедаво”, деб айтган.

Наво ҳақиқий наво бўлиши учун камида учта сифатга эга  бўлиши керак: оҳанг, сўз ва ҳаракат мутаносиблиги. Адабиётшунос олим Эргаш Фозиловнинг “Алишер
Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” китобида “наво” сўзининг ўндан ортиқ муқобили келтирилган. Улардан бири Мажнун. Мажнунга ҳеч нарса — йўл ҳам, дунё ҳам керак эмас. Чунки у ўз йўлини — Худони топган. Демак, навонинг яна бир луғавий маъноси йўл экан.

Деди: қайдин сен, эй мажнуни гумроҳ,
Деди: Мажнун ватандин қайда огоҳ.

Мажнунга Ватан керак эмас, Лайли бўлса бас. Ундан кейин Лайлидан ҳам воз кечади. Лайли: “Қайс, бу менман”, деса ҳам қарамайди.

Навонинг яна бир муқобили машраб, учинчиси дарвеш…

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Китоб­ларингизни ўқиб, менда бир савол пайдо бўлган.  “Сўз тугаган жойда куй бошланади”, деган жумлани келтиргансиз. Қизиқ, мусиқа сўздан аввал пайдо бўлмаганми? Шахсан мен куй сўздан қадимийроқ, деб ўйлайман. Куй фольклори бор, сўз фольклори бор. Уларнинг муштарак жиҳатларини  тушунтириб берсангиз.

Отаназар Матёқубов: — Бир куни тақдир тақозоси билан Хоразм танбур чизиғи нотаси қўлимга тушиб қолди. Уни 30 йил ахтарганим рост: изламаган, сўралмаган жой қолмаган. Қўлёзмани олти ой тозаладик, муқоваладик. Яна олти ой деганда Биринчи Президентимиз  Ислом Каримовга киритдик. “Бу нима?”, деди. “Нота” дедик. Қизиқиб, олиб кўрди. Унинг бир жойида “генетик код”, деб ёзган эканман. Танбур чизиғи ўнгдан чапга ўқилади. Худди кардиограммага ўхшайди. Кутилмаганда “Буни менга куйлаб бер-чи”, деб қолди. “Бу ўнгдан чапга ўқилади”, деганимни биламан, “код бўлса фарқи нима”, деган жавобни эшитдим. Ҳақиқатан ҳам кодда белгилар тартибининг фарқи йўқ. Шу нарса ҳеч хаёлга келмаганини қаранг?!  У кишидан секингина буни қандай билдингиз, деб сўрадим.  У киши “ўзинг код деб ёзиб қўйибсан-ку”, деди. Шунда давлат раҳбарларида бир сифат бўлишига амин бўлганман…

Демоқчиманки, мусиқий меросимиз ғоят бой ва бетакрор. Юқорида номи келтирилган тадқиқотлар миллий мусиқа санъатимизнинг чексиз уммонидан томчи холос. Яхши асарнинг асл маъноси унинг боши, охири ёки ўртасида эмас, бутунлигида. Сўз ва куй ўзаро муштарак. Фольклорнинг ўзига хос хусусияти унинг синкретиклигида. Лекин мумтоз куй муайян тизимга солинган, шаклланган. Айрим олимлар ҳаракат сўз ва куйдан ҳам олдин пайдо бўлган, дейди. Буни Оллоҳга мурожаат қилинаётганда биринчи сўз айтиладими ёки ҳаракат қилинадими тарзида исботлашга ҳаракат қилишди. Сўз шундай бир оламки, унинг ҳар бирининг камида 20 та жилоси бор. Куй эса атиги 7 та белги, нотадан иборат. Лекин унинг чеку чегараси йўқ — тугамайди, ҳад-ҳудуд билмайди. Куй илгари “тариқ”, “роҳ”, “парда”, “наво” дейилган. XIII асрга келиб мақом деб атала бошланган. У дастлаб арузнинг мусиқий доираларини англатган. Мақом тушунчаси анча кейин пайдо бўлган, лекин у универсал хусусиятга, математик асосга эга. Эътибор беринг, ракетани коинотга учиришдан олдин дастлаб аниқ ҳисоб-китоб қилинади. Учиши ва қўниши билан боғлиқ барча жараён аввал ерда пиширилади. Сониянинг ҳатто мингдан бир улушига ҳам хато қилинса, у ойга эмас, бошқа сайёрага учиб кетиши, алалоқибат ҳалокатга учраши мумкин. Худди шундай, сўз, оҳанг ва ҳаракатни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди.

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Китоб­ларингизда мақомнинг бир неча йўналиши — Бухоро, Хоразм, Фарғона-Тошкент, Қашқадарё-Сурхондарё мактаблари мавжудлиги қайд этилган. Булар қачон пайдо бўлган, қачон шаклланган? Улар шаклланганидан сўнг бир жойда қотиб турадими ёки муайян эволюция жараёнини бошидан ўтказадими? Қайси бирида эволюция, қайсинисида регресс кўпроқ? Ёки ҳаммаси бир қонуниятга бўйсунадими?

Отаназар Матёқубов: — Албатта, ҳамма нарсанинг ўз ривожланиш қонунияти бор. Мендан кўпчилик мақомларни нега “мақомот”  дейсиз, деб сўрашади. Мақомот — бу атама, турланмайди. Яъни мақомнинг арабчадаги кўплиги.

Мақомот дейилганида таркибига Бухоро “Шашмақом”и, Хоразм олти ярим мақоми, дутор мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари ҳам киради. Лекин у пайтда ўзбек “Шашмақом”и деган атама бўлмаган. Бу сўз илк марта давлатимиз раҳбарининг қарори билан истеъмолга кирди. Тожик “Шашмақом”и бор, нега ўзбек “Шашмақом”и, деб аталмаслиги керак? Юнус Ражабий яратган ўзбек “Шашмақом”и юз фоиз ўзимизники. Ҳатто Бухоро “Шашмақом”и ўзбек “Шашмақом”идан фарқ қилади. Бухорода “Шашмақом”нинг ўз йўли, шеваси, мусиқий сайқали бор. Хоразм “Шашмақом”и эса бутунлай бошқача.

Эволюцияни ҳаётнинг  ўзи амалга оширади. Эволюция — бу табиий ўсиш, дегани. Революция эса мажбурий ўзгартириш. Эволюция созанда ва эшитувчи томонидан муайян вақт давомида рўй беради.

Мақом куйга нисбатан фарқ қилади. У муайян лад асосига мос келувчи куй ва ашулалар мажмуасидан иборат. Фитрат “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” китобида “Шашмақом”ни “олти қатор асос куй” деб айтади. Бу фундаментал илмий тушунча…

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Маълумки, Туркистондаги уйғониш даври жадидлар билан бевосита боғлиқ. Айни шу даврда Абдурауф Фитратга мусиқа ҳақида рисола ёзиш нега керак бўлиб қолди?

Отаназар Матёқубов: — Бунинг ўзига хос тарихи бор. Ўша пайтдаги Бухоро республикасида тўртта вазирлик бўлган. Уларнинг бири Маориф вазирлиги, деб аталган. Мактаб ва мусиқа таълими ана шу вазирлик тасарруфида бўлган. Фитрат маориф вазири лавозимида ишлаган. У Файзулла Хўжаевнинг устози саналади. Мадрасани тугатганидан сўнг, Туркияда таълим олади. Европа ҳаёт тарзини, рус тилини ўрганади. Ҳатто Карл Маркс асарини ҳам таржима қилган. Уларнинг мақсади дунёвий давлат қуриш бўлган — ўша даврда рус-тузем мактаблари очилган. Унда ҳам ўзбек, ҳам рус тили ўқитилган. Ўзбеклар рус, руслар ўзбек тилини ўрганган. Жадидлар рус тилини яхши билган. Улар тўртта тилни билиш шарт, деб ҳисоблашган.

Файзулла Хўжаев 1926 йилда, коммунис­тик партиянинг ХVI съездида жадидларнинг октябрь революциясига қўшган ҳиссаси ҳақида маъруза қилади. Бу, табиийки Сталинга ёқмайди. Бухорога Ян Рудзутак бошчилигида комиссия юборади. Улар Бухоро республикасини бош­дан-оёқ тафтиш қилади. Ўшанда Фитрат Бухородан Москвага бадарға қилинади. Москвадалигида “Шайтоннинг Раҳмонга исёни”, “Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи” каби асарларни ёзади. Бу асарлар, албатта, бировнинг топшириғи билан эмас, балки эҳтиёж туфайли дунёга келади. Улар шундай йўллар билан миллатнинг руҳини, ўзлигини асраб қолмоқчи бўлган.

Мен В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида дарс берганман ва биламан: ҳозирги ёшларимиздан 10-15 йил ичида ҳақиқий мусиқачи ва мусиқашунос чиқади. Дилором Омонуллаева, Алишер Икромов каби мусиқашунослар ана шу мактабдан чиққан. Нимасини айтасиз, шундай замонлар бўлдики, эшикни беркитиб олиб мақом айтардик. Энди-чи? Ёшларнинг мусиқий диди, бадиий савиясини тобора юксалтириш, мусиқа таълимини сифат ва мазмун жиҳатдан янги, юқори босқичда ташкил этиш, ўғил-қизларни миллий мусиқий мероснинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Қаранг, бир пайтлар, эшикни беркитиб мақом айтишган. Бугун мақом айтгин, деб қарор чиқиб турибди…

Отаназар Матёқубов: — Бир куни маъмуриятга уйдан дуторимни олиб келиб қўяй, болалар чалиб юрсин, дедим. Мабодо ким сўраса эсимдан чиқиб қолиб кетибди, деб айтаман, майли, у бироз ақлдан озган, деб айтсанглар ҳам розиман, дедим. Лекин маъмурият рози бўлмади — нима истасанг қил, лекин дутор олиб кела кўрма, деди. (Чунки акс ҳолда мактабда болалар пианино эмас, дутор чаламиз, деб қолиши мумкин-да).

Ушбу академик лицейга яқин жойда истиқомат қиламан. Қарасам, бир ўқувчи қўлида соз кўтариб юрибди. Нима бу, десам, ғижжак деди. Ғижжак чаласанми ёки ғижжакда ўқийсанми, деб сўрадим, йўқ, мен скрипкада ўқийман, деди. Билсам, ҳозир уларга ўзи истаган бошқа бирорта созни ҳам  танлашга ижозат беришган экан.

Скрипка билан ғижжакнинг зоҳиран фарқи йўқдай. Лекин скрипканинг тембри ғижжакникига сира ўхшамайди. Айтмоқчи бўлганим —  болаларимиз аввал миллий созларни чалишни ўргансин. Европалашиб бўлганидан кейин улардан биз кутган мусиқачи чиқмайди…

Шу ўринда ўзимнинг бошимдан кечган бир воқеани сўзлаб берсам. Бухорода мактабни аъло баҳога тамомлаб, Тошкентга, консерваторияда таҳсил олиш учун келганман: Бетховеннинг бешинчи сонатасини чалиб берсам ҳам ўқишга қабул қилишмади. (Уни ҳозир консерваторияда ўргатишади). Пианинода махсус ўқимаганман  — яхши устозим бор эди, ўша кишидан ўрганганман. Тайёргарлигинг суст, бу чалишинг бўлмайди, дейишди. Тўғри, Успенский мактабида ўқиган, мендан устунлар бор эди. Бу менга қаттиқ таъсир қилди, дадамга телефон қилдим: мени қабул қилишмади, пианинодан паст балл қўйишди, Москвага кетаман, дедим. Тез орада дадам Тошкентга етиб келди — Комилжон Отаниёзовнинг уйига бордик. Комилжон ака консерваторияга қўнғироқ қилиб: Ҳамиджон, бу пианинони сендан ҳам яхши чалади-ку, нега олмадиларинг, деди. У эса “Комилжон ака, энди талаб шундай, нима қилайлик”, деб тушунтирган бўлди. “Э, талабинг қурсин сенинг, “кар”ларни индамай олаверасан”, деди Комилжон ака. Ҳайрлашаётиб дадамга бунингни Москвага юбора кўрма, ўрис­лашиб кетади, деб тайинлади. Бу гапнинг тагида бир олам маъно бор. Камина бир китобни ўзбекча ёзсам, иккинчисини рус тилида битаман. Бу, албатта, менинг ютуғим, бироқ шунга қарамай инсон характери деймизми, психологияси — миллийликдан узоқлашмаса, энг муҳими шу.

Гапнинг сирасини айтганда, ўзбекчилик гердайиш эмас, аксинча, ўзлигингни англаш. Қани, айтинг, европаликдан бизнинг нимамиз кам? Ўзбекистон маданияти азалдан иккита муҳим омилга таянган. Биринчисини халқимизнинг қадимги анъана ва урф-одатлари, мустаҳкам миллий қадриятларимиз ташкил этса, иккинчиси бу кенг кўламли ўзгаришлар, жаҳон маданияти ютуқларидан ўрнак олишдир. Мусиқа, театр, рассомлик, шеърият, адабиёт соҳасида кўплаб улкан ютуқларга эришилаётгани ҳам ушбу икки омил самарасидан далолат беради. Биринчи Президентимизнинг бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди. Қайсидир давлат вакили Шоҳизиндани таъмирлашга қанчадир маблағ берамиз, депти. Ислом Каримов ўшанда гап пулда эмас, ким билан бўлмасин тик туриб, тенг бўлиб гаплашинглар, деганди. Шу гап қулоғимга қуйилиб қолган. Эътибор беринг, тенг дегани бошқаларни менсимаслик эмас, аксинча, уларни ҳурмат қилиш ва ўзи ҳам ҳурматга эга бўлишни англатади. Халқимизда “ҳурмат қилсанг, ҳурмат кўрасан”, деган нақл ҳам бор-ку! Тасаввур қилинг, Навоийнинг ўзбек эканини бировга исботлаш шартми? Уни шусиз ҳам бутун дунё танийди. Худди шу каби миллий мақом санъатимизни ҳам бутун дунё билади. Ўзлик — гердайиш эмас, масъулият, дегани.

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Унинг ёнига яна бардош, чидам ва иродани ҳам қўшсак, нима дейсиз, Отаназар ака? Чунки Нажмиддин Кавкабийдан бошлаб Фитратгача бўлган замонларда мумтоз мерос, яъни мақомни эъзозлаш эмас, таҳқирлаш, тепкилаб йўқотиш авж олмаган эдими, ахир!? Ёки узоққа бормайлик, мустабид ту­зум ҳукмронлик қилган йилларда Отаназар Матёқубов турли уқубатларга гирифтор қилинмаганмиди? Шахсан ўзим гувоҳ бўлганман: “Матёқубовни гапирманг”, дейишарди. Айби — билимдон, айби — бўйсунмас, айби — ўзлигини англаган. Айби — ичи тўла мақом, мақоми баланд. Отаназар Матёқубовнинг ўзлигини, шахсини, интеллектини, бадиий тафаккурини ушлаб турган ўзак бу — мақом, оҳанг, соз. Улкан санъаткор Комилжон Отаниёзовга минг раҳмат, ўша вақтда сизни Москвага юбортирмагани учун. Бу — ўзакни мустаҳкамлайдиган муҳим омиллар. Ўзингиздан қолар гап йўқ, катта ашула ноёб, айни пайтда ғоят машаққатли санъат туридир. Мақомни ижро этишгина эмас, балки уни тинглаш, маънавий озуқа олиш ҳам тингловчидан муайян тайёргарлик талаб этади. Қадимгилар айтганидек, “Яхши назариёт — энг афзал амалиётдир”. Шундай эмасми?

Отаназар Матёқубов: — Яқинда “Янги майни эски кўзада сақлаб бўлмас”, деб номланган мақола ёздим. Мақомнинг “маънавий эскирган” жойларини олиб ташлаш керак. Шунда у аста-секин тозаланади. Фақат биз энди унга бошқа гард юқтирмаслигимиз лозим. Тозалаш қўлимиздан келмас экан, уни чуқур ўрганайлик, фарзандларимизга ўргатайлик.

Ўн уч ёшлигимда форс тилини уч ойда ўрганганман. Бу билан ҳар нарсанинг ўз вақти бор, демоқчиман. Бугун ёшларга урғу бераётганимизнинг сабаби шунда. Ҳозир мақомни Абдуҳошим Исмоилов, Муножот Йўлчиева, Маҳмуджон Тожибоевдек биладиган санъаткорлар йўқ, лекин эртага улардан ҳам ўтадиган ёшлар чиқишига ишонаман. Зеро, Президентимиз қароридан кутилаётган асл мақсад ҳам шу. Қолаверса,. бугун миллий санъатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларни кўриб, ижод қилишга, янгилик яратишга иштиёқимиз яна-да ортиб бормоқда.

Шу жойда Нажмиддин Кавкабийнинг бир шеъри хаёлимга келди. У Жомий ва Навоий замонида бўлган. Ўша даврда унга тенг келадиган мусиқашунос топилмаган. Уни “Шашмақом”нинг отаси, деб аташ мумкин. Лекин у пайт “Шашмақом” эмас, “Куллиёт” дейилган. У амалда мавжуд жами парда, лад ва усулларни ўзида жамлаган.

Нажмиддин Кавкабий: “Мусиқа шундай сир-асрорки, у Раҳмоннинг хос бандаларигагина муяссар бўлур”, дейди. Форсийда ёзилган рисоласининг сўнггида шундай тўртлик бор:

Пардали бўл, деди наққоши азал,
Баҳсда қилмагин кўп жадал.
Қалбингни эшитсин, десанг агар,
Гап-сўзни йиғиштир, кўрсатгин амал.

Нажмиддин Кавкабий айтганидек, энди гап-сўзни йиғиштириб, амал қилиш фурсати келди.

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Отаназар ака, мақомни тарих ёки фалсафа ҳам, дейиш мумкинми? Мақом йўлидаги мумтоз куй-қўшиқларимиз тингловчи руҳига ҳаловат, таскин, ўзига хос маънавий қувват бағишлайди. Уни тинглаганда аждодларимизнинг олис ўтмиши, дард-изтироблари, орзу ва армонлари кўз олдимизга келади. Шунингдек, у ҳар қандай зиёли кишини мушоҳада юритишга, тафаккур қилишга ундайди…

Отаназар Матёқубов: — Мақом, инчинун, адабиёт, бадиий тафаккур дегани ҳам. Масалан, танбур чизиғида “Рост” мақоми бошидан охиригача Мунис, “Наво” мақоми Огаҳий, “Сегоҳ” ҳазрат Навоий, “Дугоҳ” Феруз, “Бузрук” эса Комил Хоразмий шеъри билан айтилган. Феруз бу бой меросни ҳар томонлама асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш учун кўп иш қилган. Ўша шароитда бу чинакам жасорат намунаси эди. Уни тартибга солган ҳам, танбур чизиғини яратган ҳам, миллий мусиқа санъатимиз ривожи йўлида фидойилик кўрсатган ҳам Феруз. Сирасини айтганда, халқимиз ўзининг улуғ сиймоларини ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг ижодий мероси ҳар биримиз учун қадрли ва ардоқлидир.

Албатта, кейинги йилларда ёшларнинг мусиқий диди, бадиий савиясини тобора юксалтириш, мусиқа таълимини сифат ва мазмун жиҳатдан янги, юқори босқичда ташкил этиш, ўғил-қизларни миллий мусиқий мероснинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу маънода санъат йўналишида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчиларга мақом санъати борасида алоҳида дарслар ўтилиши маданият соҳасига энди қадам қўйиб келаётган ёшларда миллий ўзликни англаш туйғуси, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккур шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, халқимиз маданий меросидан ёшларимиз ҳам баҳраманд бўлиши, ҳам ўрганиши шарт. Жорий йил биринчи курс, келаси йил яна бошқа гуруҳ болаларига мақом санъати борасида алоҳида дарслар ўтилади. Яъни революцион эмас, эволюцион йўл билан ўргатамиз.

Америкада метрополитен опера, деган санъат тури бор. Россия телевидениесида “Большая опера” деган кўрсатув эфирга узатилади. Уни ёшларимиз, албатта, кўриб-кузатиб бориши керак, бу фойдадан ҳоли эмас. Чунки опера қўшиқчилик санъатининг энг юксак тури саналади. Унинг ичида  симфония ҳам, театр ҳам, артистизм ҳам, овоз ҳам, соз ҳам бор. Таъбир жоиз бўлса, биздаги мақомни операга бемалол тенглаштириш мумкин. Унинг  ичида ҳам ҳамма нарса мавжуд. Шу боис Президент қарорига мувофиқ мақом алифбосини жорий этишга — юртимизда миллий маданиятимиз ва санъатимизни равнақ топтириш, унинг бебаҳо намуналаридан халқимизни баҳраманд этиш, ёшларнинг мусиқий дидини ўстириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир.

Муҳим жиҳат — илгариги кезларда зиёли оила уйида дутор осиғлиқ турган. Бугун майли дутор бўлмаса, гитара турсин. Уйимизда бирорта соз турса, уни, албатта, фарзандларимиз ё набираларимиз қўлига олиб чалишга уринади, қизиқиш пайдо бўлади. Мақом олдин ҳам оммавий санъат ҳисобланмаган. Унинг фақат оммавий шўъбачалари нисбатан кенг тарқалган.

Ферузнинг Матёқуб Позачи, деган ашулачиси бўлган. Бир куни Бухоро амири Абдулаҳадхон Феруздан шу қўшиқчини юборишини сўрайди. Позачи Бухорога борганида тўй борлигини,  ундан шуларни ҳам ўтказиб беришини илтимос қилишади. Феруз, табиийки, бундан хабар топади. Ҳатто тўй эгалари кимлигини ҳам билган. Албатта, дарров ашулачига бир нима демайди: пайт пойлайди. Бир куни Позачи мусиқа чалаётганида бир пардани сал бузиб ўтади. Уни шу хатоси учун хон эллик дарра уришга ҳукм қилган. Дарра, албатта,  дурра эмас. Шундан сўнг Матёқуб Позачи куйни шунақа берилиб ижро қилганки, Феруз бармоғидаги қимматбаҳо узукни олиб унга тухфа қилган.

Яна бир куни базмда Худоёр деган уламо соз чалаётганида пардани бузади. Хон базми, табиийки, тонгга қадар давом этган. Эрталаб уламо уйига борса, хон навкарлари уйининг томини бузаётган экан. Нега бундай қилаяпсизлар, деб сўраса, бу хоннинг буйруғи дейишибди. Хоннинг олдига югуриб бориб, навкарларингиз менинг уйимни бузаяпти, дебди. Феруз унга: “Сиз биз қурган уйни буз­ганингизда, нима, тек қараб туришимиз керакми?”, дей­ди. Шеър­да икки мисра “байт” дейилади, куйда эса парда ичидаги бўлакчалар “хона” деб аталади.

Хоннинг гапи тагидаги маънони дарров англаган уламо: “Ҳазратим, кечирасиз, бошқа такрорланмайди”, деганидан сўнг, хон ҳам: “Бораверинг, бизники ҳам бошқа такрорланмайди”, дейди. Худоёр уйига қайтиб келса, навкарлар томини қайта қураётган экан. Биласизми, ўша пайтлар Хивада 34 та мақом гуруҳи бўлган. Хоннинг шахсан ўзи эшитиб кўрганидан сўнг, уларга мақом айтиш учун рухсат берилган.

“Шоҳнома”да ҳам бир ривоят бор. Хус­равшоҳнинг “Шабдиз” номли суюкли оти бўлади. “Шабдиз” кулранг деган маънони англатади. Маълумки, от йигирма-ўттиз йил яшайди. Хусрав суюкли оти қариганини, аста-секин кучдан қолаётганини сезади. Бир куни Хусравшоҳ шикорга йўл олади. Овдалигида эса оти ўлиб қолади. Ким шу пайтда унга нохуш хабар етказса, жазоланишини яхши билади, лекин хабар бермаса ҳам бўлмайди. Шунда донишмандлардан бири бу юмушни фақат мусиқачи Борбад эплай олиши мумкин, дейди. Борбад Хусрав ов қилаётган жойга боради. Кечки пайт базм қизиганда Борбадга навбат беришади. У аввал мусиқани аста-секин чала бошлайди, куй пардасини оҳиста юқорилатиб боради, ундан сўнг нолага ўтади. Нолани ҳам ярим пардадан оширмай кўтариб бораверади. Шу пайт Хусравнинг ўзи “Шабдиз ўлдими?!” деб юборади. Кўраяпсизми, мана сизга куйнинг  куч-қудрати!

Хуршид Дўстмуҳаммад: — Отаназар ака, сизнинг шеър ҳам ёзишингизни эшитганман…

Отаназар Матёқубов: — Кундалик тутиш одатим бор. Ҳар гал ёзганимда унинг ярмидан кўпи шеърлардан иборат бўлади. Гарчи шоирликка даъво қилмасам-да, суҳбатимиз якунида битта тўртлик ўқиб беришни жоиз, деб топдим:

Эй дўст, кўп тутама, ён, ҳожат битир,
Ё ит осиб хон бўл, ё бақа ўлдир.
Жимлик водийсига кетмасдан бурун,
Дунёга сен ҳам бир ғулғула келтир…

Суҳбатни “Milliy tiklanish” мухбирлари
Исмат ХУДОЁРОВ,
Мухторбек АБДУЛЛАЕВ
ёзиб олди

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг