Ечимсиз масала бўлмайди: фақат эътибор ва ҳаракат бўлса бас

0
8

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли ижтимоий, иқтисодий ва маиший муаммоларга дуч келиши табиий. Сир эмас, юзага келган мавжуд масалаларни ҳал этишда давлат идораларининг, жамоатчиликнинг амалий кўмаги, раҳбар ва мансабдор шахсларнинг адолатли қарори муҳим ўрин тутади. 2017 йилда мамлакатимиз ҳаётидаги энг катта воқелик айнан  давлат ва хўжалик бошқарув органларида мурожаатлар билан ишлаш тизимининг сезиларли даражада яхшилангани бўлди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ҳам жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларга қонуний ечим топишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу бўйича олиб бораётган кенг кўламли чора-тадбирлар ўз муаммосига ечим излаб сарсон юрган кўплаб фуқаролар учун катта мадад бўлмоқда.

Масалан, партиянинг Самарқанд вилоят ҳудудий ва маҳаллий кенгашларига ўтган йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 250 га яқин мурожаат келиб тушган. Жойларда ўтказилган сайёр қабулларда қарийб 200 фуқаро ўзларини қийнаб келаётган турли масалаларга ижобий ечим топишда партия фаолларидан амалий ёрдам кўрсатишларини сўраган. Партия фаоллари, депутатлар томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилган 440 мурожаатнинг 208 таси ижобий ҳал этилган, 124 таси юзасидан фуқароларга тушунтиришлар берилган, 108 таси кўриб чиқиш учун тегишли ташкилотларга юборилган.

— Бугун юртимизда юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиланишлар ҳақида гапирганда, энг аввало, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида мурожаатлар билан ишлаш тизимининг ҳар жиҳатдан яхшиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз, — дейди ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши  етакчи мутахассиси Ёлқин Оқбўтаев. — Партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз йил давомида ҳудудларда одамларни ўйлантираётган, қийнаётган масалаларга имкон қадар ечим топиш, уларнинг манфаати ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминланишига эришиш учун астойдил ҳаракатда бўлди. Мурожаатларнинг бирортаси эътибордан четда қолмади ва аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиганлари юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига депутатлик сўрови юборилди.

Мурожаатлари тегишли тартибда қаноатлантирилиб, масалалари ижобий ҳал этилган фуқаролар бугун Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари ва депутатларидан мамнун. Масалан, Нарпай тумани Оқтош шаҳарчасидаги Амир Темур номидаги маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси маҳалла ҳудудидаги Амир Темур ҳамда Имом Бухорий кўчалари кесишган нуқтага светафор ўрнатилишида амалий ёрдам сўраб ЎзМТДП Нарпай туман кенгашига мурожаат қилди. Ушбу мурожаат ечими юзасидан партия фаоллари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаевга мурожаат қилди. Ҳозирда марказий кўчалар кесишган нуқталарга светафор ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Партия фаолларининг фуқароларни иш билан таъминлаш борасида амалга оширган ишлари ҳам эътиборга молик. Самарқанд тумани Галаосиё маҳалласида яшовчи Тоҳир
Розиқовнинг қассоблик ҳунари бўлса-да, аммо фаолият кўрсатишга етарли имкон топа олмаётган эди. У бу борада партия туман кенгашига мурожаат қилди. Халқ депутатлари Самарқанд туман  Кенгашига пар­­­­­­­­­тиядан  сайланган депутат Шерали
Ҳамроқуловнинг саъй-ҳаракати билан фуқаро касбига мос ишга, яъни Конигул қишлоғида янги очилган “Самарқандсифатгўштсавдо” корхонасига ишга жойлаштирилди.

Аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг аксарияти коммунал соҳа билан бевосита боғлиқ. ЎзМТДП Пастдарғом туман кенгашига “Ҳиндибой” МФЙ фуқароси Мамазиё Тўқлиев тумандаги коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар хизматидан норози эканлигини, у истиқомат қилаётган ҳудуд хонадонларида табиий газ йўқлиги, электр энергиясида тез-тез узилишлар кузатилаётганидан нолиб шикоят қилди. Мазкур мурожаатни партия туман кенгаши раиси Анвар Тошев ва халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Абдухолиқ Абдумуродов ўрганганда ҳақиқатан ҳам юқорида кўрсатилган муаммолар мавжудлиги аниқланди. Депутат муам­моларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга сўров юборди ҳамда масала ижобий ҳал этилди — туман газ таъминоти корхонаси суюлтирилган газ баллонларини аҳолига етказиш бўйича тегишли чораларни кўрди, туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари ушбу ҳудудда юзага келаёт­ган муаммони ўрганиб, яроқсиз, эскирган электр симларини алмаштирди.

Қўшработ туманидаги “Новкат” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Санобар Ёрбекова фарзанди учун 2 ёшга тўлгунча бериладиган нафақа пулини ололмаётганлигини билдириб, ЎзМТДП Қўшработ туман кенгашига мурожаат қилди. Партия фаоллари мазкур мурожаат юзасидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси билан боғланиб, масалани қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқиш ҳамда лозим бўлса тегишли тартибда амалий ёрдам кўрсатишини сўради. Қисқа вақт ичида “Новкат” маҳалла фуқаролар йиғини ушбу фуқаронинг ҳам мурожаатини ижобий ҳал этди: С.Ёрбекованинг фарзандига шу йилнинг январь ойидан 2 ёшгача нафақа пули тўлаб бериладиган бўлди.

Партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг фуқаролар мурожаатлари юзасидан олиб бораётган бу каби саъй-ҳаракатлари уларни аҳолига янада яқинлаштириб, юзага келиши мумкин бўлган турли масалаларнинг олдини олиш ҳамда мавжуд муам­моларни бартараф этишида қўл келмоқда.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг