Қадимий қалъа бузилиш арафасида: уни сақлаб қолиш туман туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилади

0
35

Юртимизнинг бетакрор табиати, сўлим ва хушманзара гўшалари азалдан дунё аҳли эътиборини тортиб келган. Жиззах вилоятида ҳам бундай масканлар кўп. Зомин ана шундай гўзал туманлардан.

Туманда истиқлол йилларида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Зомин янада чирой очиб, жаннатмонанд юртимизнинг кўркам масканларидан бирига айланди.

Замонавий меъморчилик андозалари асосида қад ростлаган турар-жойлар, маданий-маиший иншоотлар, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, ишлаб чиқариш объектлари, кенг ва равон йўллар, боғ-роғлар қалбимизда ифтихор туйғуларини юксалтирмоқда. Мақсад — аҳоли учун барча замонавий шароитларни яратиш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришдир.

Сўнгги йилларда матбуот орқали она-заминимиздаги ноёб тарихий меъморий, маданий-маърифий қадамжолар мамлакатимиз мус­тақиллиги туфайли янги қиёфа касб этаётгани, мислсиз ободончилик ишларидан аждодлар руҳи шод бўлиб, бундай даргоҳлар жозибали гўшага айланаётгани хусусида кўп ёзилмоқда. Бу — айни ҳақиқат. Шу билан бирга ҳали олдимизда барчамиздан фидо­йилик ва жонбозлик талаб этадиган, ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам мавжудки, шу ҳақда батафсил сўз юритсак.

Юртимизнинг ҳар бир гўшаси ўзига хос анъаналари, тарихий обидалари, табиий иқлим шароити билан диққатга сазовор. Тарихий манбаларда келтирилишча, Зомин уч минг йиллик тарихга эга. Буюк ипак йўлидаги йирик илм-фан ва маданият маркази сифатида жаҳонга танилган қадимий шаҳар ўзининг бой тарихи, ўтмиши, қадимий ёдгорликлари-ю муқаддас қадамжолари билан дунё жамоатчилиги, илм аҳли ва сайёҳларни жалб этиб келган. Бир вақтлар бутун Осиёда куч-қуд­рати, иктисодий салоҳияти билан машҳур кўҳна Уструшона давлатининг энг муҳим ҳудудларидан саналган бу замин “Сарсанда”, “Сусанда”, “Сабза” номлари билан аталган.

Бу ҳудудда жуда кўплаб маданий, тарихий ва археологик қимматга эга  объектлар мавжуд. Улардан бири Зомин шаҳарчаси марказида жойлашган, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва қаҳрамон аскарлар шарафига бунёд этилган ҳозирги Хотира майдони, яна ҳам аниқроғи мемориал мажмуа ўрин олган жойдир. Мемориал мажмуа собиқ совет даврида тарихий иншоот — Қўрғонтепа номи билан машҳур бўлган қалъа ўрнига қурилган.

Маълумотларга кўра, Қўрғонтепа қалъасини кўҳна қабристонга туташ 1,5 гектар майдонни ўз ичига олган, баландлиги 8-10 метрга тенг икки қават девор ўраб турган.  XVIII асрда суратга олиниб, каталогга киритилган расмлар мазкур қўрғоннинг чиндан-да қадимийлигини исботловчи далил ҳисобланади. Кейинчалик қўрғон тупроқ билан ёпилиб консервация қилинган  (бу 1866 йилда суратга олинган тарихий расмларда акс этган) ва худди шунинг устига мажмуа тимсоли ўрнатилган.

Археолог-олимларнинг тадқиқотларига кўра, Қўрғонтепа ёдгорлиги тарихий археологик объект ҳисоб­ланади ва у эрамиздан аввалги II асрга тегишли кўҳна Зомин шаҳри (ўрдаси) қолдиғидир. Қолаверса, ушбу мажмуа атрофидаги маҳалла ҳам бежиз Қўрғон номи билан аталмагани айтилмоқда.

Ҳақиқат шуки, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча эзгу ишларнинг замирида аввало инсон манфаати мужассам. Бугунги ободлик, фаровонлик, бунёдкорлик ишларининг ҳақиқий манзараси шаҳар ва туманларимизнинг янгиланаётган қиёфасида яққол намоён бўлмоқда. Аммо, бундай янги бино ва иншоотлар қурилиши халқимизнинг неча асрлик бой тарихини ўзида мужассам этган маданий мерос объектлари бузилиши ҳисобига бўлмаслиги керак, деб ҳисоблаймиз.

Албатта, барча соҳалар қатори туманда тадбиркорлик ва экотуризм­ни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан аҳоли бениҳоя мамнун, лекин кўҳна обида ва қадамжолар, хусусан, Қўрғонтепа қалъасининг бузилиши ота-боболаримиз тарихини ўз қўлимиз билан вайрон қилиш, том маънода ўз оёғимизга болта уриш билан баробардир. Айни вақтда режалаштирилаётганидек, бу ерда янги қурилиш лойиҳасининг амалга оширилиши тарихий иншоот — қалъага путур етказиши, ўзи ва тарихига соя ташлаши муқаррар. Билишимизча, янги лойиҳада бу тепалик аслидан 3-4 метр пасайтирилиши, қалъа қисми эса буткул бузилиши, унинг ўрнида Хотира хиёбони бунёд этилиши назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги гарчи Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси “Ўзбекистон шаҳарсозлик лойиҳалаш ва илмий тадқиқот институти” давлат унитар корхонасининг 2017 йил 23 октябрдаги хатига жавоб тариқасида Қўрғонтепа қалъасида, яъни археологик объект ҳудудида қурилиш, қазиш ва унга зарар етказадиган бошқа ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қилган бўлса-да, лекин тарихий иншоот устига янги хотира мажмуасини ўрнатиш лойиҳаси тайёрланиб, туман ҳокимлигига топширилган.

Президентимиз раҳнамолигида қадимий обидаларни тиклаш, таъмирлаш, уларнинг атрофини ободонлаштириш ҳамда халқимиз ва хорижий сайёҳлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, ушбу маданий мерос объектида ҳам  тадқиқотлар олиб борилса, унга Афросиёб сингари шаҳарча мақоми берилса, дунё олимлари ва сайёҳлар кенг жалб этилса, ўйлаймизки, айни муддао бўлар эди. Бу, ўз навбатида, вилоятда ички ва ташқи туризмни янада ривожлантириш учун қулай имконият яратишга йўналтирилган бир қадам бўлиши билан аҳамиятлидир. Аммо афсус­ки, мазкур объектни сақлаб қолиш мақсадида бир неча бор маҳаллий хокимият раҳбарларига ёзма ҳамда оғзаки тарзда мурожаат қилинса-да, ҳозиргача бесамар қолмоқда.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, ундан самарали фойдаланиш, аждодларимиз тарихини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш,  ўсиб келаётган ёш авлодни бебаҳо тарихий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга даъват этиш, уларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада кучайтириш, жамиятда юксак маънавиятни теран қарор топтириш ЎзМТДПнинг устувор вазифалари сирасига киради.

Ирода МУРОДОВА, ЎзМТДП Жиззах
вилоят  кенгаши бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг