Хотин-қизлар ва ёшлар учун “Хизмат — беминнат”

0
49

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида кенг билимли, эркин фикрлайдиган, ватанпарвар, ҳар томонлама етук ва иқтидорли ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Партиянинг  “Хизмат — беминнат”  лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган ўқув курслари ана шу дастурий мақсад-вазифалар ижроси ҳамда аҳоли манфаатларига хизмат қилмоқда.

Айни пайтда мамлакатимизнинг турли ҳудудида мазкур лойиҳа доирасида ўқув курс­лари ташкил этилмоқда. Жумладан, ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда партиянинг Нукус шаҳар кенгаши ҳамкорлигида “Сарбиназ ўқув маркази”да “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида уюшмаган ёшлар ва хотин-қизлар учун ўқув курси иш бошлади.

Ўқув-курсининг очилиш маросимида сўзга чиққан Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Жўқорғи Кенгеси депутати Раъно
Қаландарова мазкур лойиҳа  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, хусусан, ишсиз ва ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва келажакда ўз бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Айни пайтда “Сарбиназ ўқув маркази”да хорижий тилларни ўрганиш, тикиш-бичиш, моделлаштириш, пазандачилик, компьютер устаси, каштадўзлик, косметология, сартарошлик сингари 20 га яқин йўналишларда хотин-қизлар ва ёшларга касб-ҳунар сирлари ўргатиб келинмоқда.

Шунингдек, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қошидаги тикув цехи раҳбари Тамарахоним
Жумагалиева раҳбарлигида ҳам “Хизмат — беминнат” ўқув курси ташкил этилди. Мазкур ўқув курсида Нукус шаҳри “Қумбыз аўыл” маҳалла фуқаролар йиғинида  яшовчи ўнга яқин уй бекаларига тикувчиликдан сабоқ берилмоқда.

— Маҳалламиз раиси Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси  бепул ўқув курси ташкил этгани, унда тикувчилик сирларини ўрганишим мумкинлигини айтганида, жуда хурсанд бўлдим, — дейди икки фарзанднинг онаси, уй бекаси Қирмизи Айимбетова. — Айни пайт­да мазкур ўқув курсида таълим оляпман. Тикувчилик сирларини мукаммал ўзлаштириб, ўз ишимни йўлга қўймоқчиман. Бу билан оиламнинг моддий таъминотига ўз ҳиссамни қўшиш имкониятига эга бўламан.

* * *

“Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги ўқув курси Сергели туманидаги “Халқа­обод” маҳалла фуқаролар йиғини қошида ҳам ташкил этилди.

— Мазкур ўқув курси ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар, фанлардан ўзлаштириши паст ўқувчиларга бепул қўшимча таълим беришга йўналтирилган, — дейди тумандаги 47-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Маҳбуба Қодирова. — Ўқув курсларининг самарали натижага эришишида, аввало, оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда ўқув курсимизда 24 ўғил-қиз таълим олмоқда. Маҳалла аҳли фарзандлари учун яратилган ушбу имкониятдан ниҳоятда мамнун.

“Хизмат — беминнат” лойиҳаси юртимизда кўплаб ёшларнинг касб-ҳунарли бўлиши ҳамда имкониятларини юзага чиқаришга ҳисса қўшишни мақсад қилган.

— Туманимиздаги “Халқаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида бугун 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда, — дейди халқ депутатлари Сергели туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Хирожиддин Ибрагимов. — Ҳудудда 1 мактаб, 1 коллеж ҳамда 2 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Мактаб ва коллеж ўқувчиларининг чет тилларини ўрганиши учун қулайлик яратиш мақсадида “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ўқув курси ташкил этдик. Мазкур ўқув курси Халқаобод маҳалласи ёшларининг  бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг билимини бойитишга хизмат қилади.

Айни пайтда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари жойларда хотин-қизлар ва ёшларга беминнат таълим берувчи, касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув курсларини ташкил этмоқда. Ушбу лойиҳанинг амалга татбиқ этилишида кўп йиллик тажриба ва касбий маҳоратга эга педагоглар, ҳунармандлар жалб этилган.

Айнура УТЕНИЯЗОВА,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон
Республикаси кенгаши
етакчи мутахассиси
Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
Сардор МУЛЛАЖОНОВ (сурат),
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг