Бунёдкор ғоялар устувор

0
45

Жаҳолатни маърифат билан енгиш, ўғил-қизларимиз онгида маънавий бўшлиқ бўлишига йўл қўймаслик зарурати бугун барчамиз учун долзарб вазифага айланган. Шу боис ҳам мамлакатимизда таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари томонидан кенг миқёсда ёшлар ва ота-оналар ўртасида маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам фаол иштирок этишга интилмоқда.

Партиянинг Хоразм вилоят кенгаши, вилоят ҳокимлиги, Ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллиги ҳамкорлигида ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, нотўғри йўллардан қайтариш мақсадида маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Шу кунларда мазкур дастур асосида воҳанинг барча шаҳар ва туманида “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш — барқарорлик ва тараққиёт гарови” мавзусида давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Урганч давлат университети, Хонқа туман давлат санитария эпидемиология маркази, Боғот туман иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи ва бошқа бир қатор идора, ташкилот ва муассасаларда ушбу долзарб мавзу бўйича ўтказилган тадбирларда аҳолининг кенг қатлами жалб этилди. Бу тадбирларда диний экстремизм ва терроризм дунё мамлакатларини демократик, ҳуқуқий, дунёвий тараққиёт йўлидан қайтаришга уринаётган турли хил куч ва марказларнинг асосий қуролига айланганлиги таъкидланмоқда. Афсуски бундай вайронкор ғоялар таъсирига тушиб, манқуртларча Ватанидан, ота-онаси, яқинларидан юз ўгириб, ўзга юртларда  инсонлар қонини  тўкаётганлар орасида бизнинг юртдошларимиз ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Ўз-ўзимизга савол берайлик: улар нима сабабдан шу даражага бориб етди?  Жавоб фақат битта: биз ота-оналар ўз фарзандимизни ўзимиз асрай олмадик.

Бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун барчамиз ҳушёр бўлишимиз, ўғил-қизларимиз нималарга қизиқиши, бўш вақтини қандай ўтказиши, дўстлари кимлиги, ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқот қилишини билишимиз зарур.

— Яратганнинг марҳамати билан жаннатмакон диёримизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон, тинчликнинг қад­ри дунёнинг баъзи жойларида бўлаётган хунрезлик ва турли бало-ю офатлар мисолида таққослаб кўрилса, янада аниқ намоён бўлади, — дейди Боғот тумани бош имом-хатиби Рашидбек Эрназаров. — Айни шу маънода тинчликни асраш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш энг мақбул йўлдир. Бунинг учун эса ёшларимиз илм олмоғи, динимиз кўрсатмаларида илм кенг тарғиб қилинганлиги, давлатимиз қонунларида ҳар бир шахснинг таълим-тарбияси кафолатланганлиги тушунтирилаётир. Жумладан, Қуръони каримда “Ўқи” деган оят туширилгани ҳам динимизда илм олишга тарғиб кучлилигидан далолатдир. Уламоларнинг “Илм олганларнинг баъзилари адашди, илм олмаганларнинг эса барчаси адашиб кетди”, деган сўзлари замирида ўқишда ниятнинг тўғри бўлишлиги, илм олиш фақат Аллоҳ таъолони рози қилиш ва инсонларга манфаат етказиш учун бўлиши кераклиги тушунтириб ўтилади.

Бола тарбиясида оила, таълим муассасаси ва маҳалланинг ҳамкорлиги ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Ёшларимиз онгида бўшлиқ ҳосил бўлмаслиги, унинг ўрнини ёт ғоялар эгаллаб олмаслиги учун барча бир ёқадан бош чиқариб, улар шуурига азалий маънавий қадриятларимизни сингдиришимиз лозим. Бунда аждодларимиз яратган, минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган комил инсон ҳақидаги ахлоқий мезонлар мажмуини, замонавий тилда айтганда, шарқона ахлоқ кодекси, унинг ўзаги, мағзини ташкил этадиган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчаларнинг маъно-мазмунини чуқур англаб етишига эришишимиз зарур.

Ёшларимиз тарбиясига бағишланган мазкур долзарб мулоқотларда ота-оналар ўғил-қизларимизни диний экстремизм ғояларидан асраш борасида  яна қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлиги хусусида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифлари билан ўртоқлашмоқда. Улар бугунги кунда Интернет орқали тарқатилаётган диний экстремизм ғояларининг асл мақсади тинч ва фаровон ҳаётимизни издан чиқариш эканлигини ёшларимизга тушунтиришдан асло чарчамаслигимиз, фарзандларимизни тинчликнинг қадрига етиш, ўз иқтидорини намоён этишлари учун яратиб берилаётган барча шароитдан тўла фойдаланишга ундашимиз, ёш авлод тарбияси учун биз катталар масъул эканлигимиз, уларнинг ҳаётда адашиши бизнинг афсус-надоматда қолишимизга сабаб бўлишини ҳеч қачон унутмаслигимиз  лозимлигини таъкидламоқда.

Ўтказилган тарғибот тадбирлари доирасида ҳудуддаги бир нечта ёш йигитни чет мамлакатга ишлаш учун кетиш ниятидан қайтаришга эришилди. Уларга муносиб иш ўринлари таклиф этилди. Демак, ҳамкорликдаги тарғибот ишларимиз бесамар кетмаяпти, деб айта оламиз.  Шундай экан, бундан кейинги ишларимизни янада кучайтириб, ёшлар орасига кенг кириб боришимиз лозим.

Юртимиз обод бўлиб, аҳолининг эртанги кунга ишончи юксалгани сайин юртдош­ларимизда Ватанимиз ва келажагимиз эгалари тақдири учун масъулият ҳисси ҳам ортиб бормоқда. Айнан шу жиҳат ёшларни ёт ғоялар таъсиридан, нотўғри йўллардан асрашимиз учун бош омил бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ражаббой  РЎЗМЕТОВ,
ЎзМТДП Хоразм
вилоят кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг