Мулоқот – муаммолар ечимида етакчи омил бўлмоқда: ЎЗМТДП фракцияси аъзоларининг ҳудудлардаги ўрганишлари самарали кечди

0
46

Парламент аъзоларининг ҳудудлардаги ўрганишлари, аҳоли вакиллари билан амалий мулоқотлари жойларда тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлаётир. Одамларнинг ҳаётий эҳтиёжлари, истак ва хоҳишлари, муаммолари жойига бориб ўрганилаётгани аҳолининг депутатлар ва давлат ҳокимияти идораларига бўлган ишончини оширмоқда.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳам ҳудудларда бўлиб, ўз ечимини кутаётган масалалар, уларни ҳал этиш чоралари билан яқиндан танишди, ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси билан қизиқди.

Масалаларга жойида ечим топилди

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида бўлган депутатлар Абдурашид Тўхтабоев,
Акмал Жумабоев ҳудуддаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинларида одамлар билан мулоқот қилди, йиғилиб қолган муаммолар ечимини топишда ташаббус кўрсатди. Жумладан, Абдурашид Тўхтабоев “Хондибоғи”, “Қайирма”, “Темирхўжа”, “Ҳасан-Ҳусан” ва “Маданий меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 50 дан ортиқ хонадон, 14 ижтимоий соҳа ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларида бўлиб, мавжуд ҳолатни яқиндан ўрганди.

“Хондибоғи” ва “Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ўрганишлар давомида аҳоли ҳудуддаги ички йўлларни таъмирлаш борасида амалий кўмак сўраб мурожаат қилди. Депутат мазкур масала бўйича туман ҳокимлиги ва Олтинкўл автомобиль йўллари туман бўлими билан боғланди. Натижада ушбу ҳудудлардаги йўлларда бирламчи жорий таъмирлаш ишлари бошланди.

“Хондибоғи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 47-оилавий поликлиника фаолияти ўрганилганда, хирург, акушер-гинеколог, уролог мутахассислари етишмаслиги аниқланди. Ушбу масала туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ҳал этилиб, ҳудуддаги марказий шифохона ва поликлиника мутахассислари ҳисобидан 0,5 ставка ўриндошлик асосида юқоридаги мутахассисликлар жорий этилди. Тиш шифокори хонасини талаб даражасига келтириш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш масаласи туман тиббиёт бирлашмаси зиммасига юклатилди.

“Хондибоғи” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан юзма-юз мулоқотларда одамларни ўйлантираётган кўплаб масалаларга ечим топилди. Масалан, Ҳа­қи­қат кўчаси 66-уйда яшовчи Саддихон Дадажонованинг пенсияга чиқиш борасида дуч келаётган муаммолари ҳам депутат саъй­-ҳаракати билан жойида ҳал этилди. Бу масала билан туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси шуғулланадиган бўлди.

— Халқ билан мулоқот қилиш тизими самарали йўлга қўйилгани одамлар турмуш ҳаётида йиғилиб қолган оддий муаммоларни ҳам ҳал этишда муҳим омил бўлаётир, — дейди Ҳақиқат кўчаси 85-уйда яшовчи фуқаро Жаҳонгир Эгамбердиев. — Бугун ўзимиз сайлаган халқ вакиллари хонадонимизга келиб, муаммоларимиз, анчадан буён ечилмай келаётган масалаларимиз билан қизиққани кўнглимизни тоғдай кўтарди. Келинларим Марҳабо Эгамбердиева немис тили, Гўзалой Эгамбердиева эса бош­ланғич таълим ўқитувчиси — ёш авлод камолотига ҳисса қўшадиган касб эгалари. Аммо уларни ишга жойлаштиришга қийналиб келаётган эдик. ЎзМТДП фракцияси аъзоси Абдурашид Тўхтабоев билан мулоқотда ушбу масалада кўмак сўрагандим, муаммомиз ҳал бўлди. Депутат бу борада туман халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими билан боғланиб, келинларимнинг таълим мас­канларига ишга жойлашишига кўмаклашди. Энди улар ўзлари танлаган касбда меҳнат қилиб, ҳам ўғил-қизларимиз таълим-тарбиясига, ҳам оилавий бюджетимизга ҳисса қўшади.

Мулоқотлар чоғида Хондибоғидаги 6-у­мум­таълим мактабининг иситиш тизими, шунинг­дек, 12-мактабгача таълим муассасасининг ошхонаси талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Депутат мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича туман ҳокимлиги, халқ таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига мурожаат қилди. Натижада мавжуд имкониятлар ишга солиниб, мактабни тўла иситиш йўлга қўйилди. “Майсадур” фермер хўжалиги раҳбари К.Мирзаев ҳомийлиги асосида 12-МТМга янги ошхона қурилиб, зарур анжомлар билан таъминланадиган бўлди.

Тумандаги таълим муассасаларининг фаолияти ҳам яқиндан ўрганилди. Ўрганиш­лар давомида 6, 10, 13, 14, 32, 42 ва 51-умумтаълим мактабларида алоҳида компьютер хонасини ташкил этиш ва компь­ютер жамланмалари билан таъминлаш юзасидан  мурожаат бўлди. Бу масала бў­йича Халқ таълими вазирлигига депутатлик сўрови юборилиши белгилаб олинди.

Парламент аъзосининг “Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўрганиш­лари ҳам самарали бўлди. Маҳалладаги Қайирма кўчаси 4-уйда истиқомат қилувчи оила фарзанди Азизбек Муҳиддинов 1-гуруҳ ногирони экан. У айни пайтда 7-умумтаълим мактаби қошидаги уй мактабининг 4-синф ўқувчиси. Азизбек билан суҳбатлашилганда, унинг теран фикрлаши, билими, айниқса, математика ва информатикага қизиқиши маълум бўлди. Шуни ҳисобга олиб, депутат бошчилигидаги ишчи гуруҳи ҳомийлик асосида унга планшет совға қилди, ногиронлик аравачаси берилди.

“Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмас. Бу табиийки ҳудуддаги болаларни мактабга тайёрлаш сифатига таъсир кўрсатади. Аҳолининг бу борадаги мурожаати туман ҳокимлиги ва туман мактабгача таълим муассасалари бўлими томонидан ўрганилиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурга киритишга келишиб олинди.

“Ҳасан-Ҳусан” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Шодлик кўчаси 25-уйда яшовчи Сабоҳат Раззоқованинг 2007 йилда туғилган қизи Дилноза  Абдусаломова 2-гуруҳ ногирони — мустақил юра олмайди. Хонадон эгалари қизини бир неча бор шифохонада даволатган, бироқ ҳалигача аниқ ва тўғри ташхис қўйилмаган. Сабоҳат Раззоқова бу борада депутатга мурожаат қилиб, малакали тиббий мутахассислар томонидан даволанишга ёрдам сўради. Халқ вакилининг саъй-ҳаракати билан бемор туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари ҳамроҳлигида Андижон вилояти кўп тармоқли болалар клиник шифохонасига даволаниш учун жойлаштирилди.

Тумандаги ўрганиш­лар давомида 47-оилавий поликлиника, “Маданий меҳнат” қишлоқ врачлик пункти бинолари таъмирталаблиги ҳамда замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлари етишмаслиги аниқланди. Депутат ушбу масала бў­йича Соғлиқни сақлаш вазирлигига депутатлик сўрови юборишини билдирди.

Очиқ мулоқотлар ўз самарасини беради

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Назир Собиров Ғиждувон туманининг “Сарвари”, “Тавариён”, “Зарангари”, Абдулла Қаҳҳор ҳамда “Қўрғон”  маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқотлар ўтказди, партия вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” вакиллари иштирокида “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида учрашувлар бўлиб ўтди.

Тумандаги 54-мактабгача таълим муассасасида бўлган депутат муассасанинг дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминланмаганлигига гувоҳ бўлди. Парламент аъзоси ушбу масала бўйича туман мактабгача таълим муассасалари бўлими билан боғланиб, тегиш­ли чоралар кўрилишига келишиб олди. 100 бола тарбияланаётган 13-мактабгача таълим муассасаси 2016 йилда капитал таъмирланган бўлса-да, унинг ошхонасида ўрнатилган электр печи талабга жавоб бермайди, канализация тизими йўқ. Ушбу камчиликлар сабаб овқат ҳовлида — ўчоқда тайёрланмоқда. Депутат шу куннинг ўзида туман электр тармоқлари корхонаси ва молия бўлими билан боғланиб, масалани ижобий ҳал этди.

Учрашувлар  давомида “Сарвари” маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси Ш.Бозоров ва А.Усмонова ҳудудда тоза ичимлик суви йўқлиги, йўлларни таъмирлаш зарурлиги каби долзарб масалалар юзасидан депутатга мурожаат қилди. Муаммони ўрганиб чиққан халқ вакили тегишли чоралар кўриш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан келишиб олди.

“Тавариён” маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари Сожида Иззатуллаева, Майсара Салоҳиддинова, Майсара Ҳайитова, Нилуфар Ражабова депутатга мазкур ҳудуддан шаҳар марказигача бўлган масофада йўловчи транспорти йўлга қўйилишини сўраб мурожаат этди. Депутат саъй-ҳаракати билан туман ҳокимлиги томонидан Тавариён йўналиши бўйича тендер танлови ўтказилиши, жорий йилнинг 20 апрелига қадар автобус қатнови йўлга қўйилиши аҳолига  маълум қилинди.

“Қўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Косибон кўчаси 34-уйда яшовчи фуқаро Бахтиёр Қаҳҳоровнинг ўғли Жасур Қаҳҳоров II-гуруҳ ногирони. Кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бу оила газ таъминотидаги қарздорлиги сабаб қишнинг изғиринли кунларда газ қувуридан узиб қўйилган. Партия фаоллари ва депутат хонадоннинг оилавий шароитини ўрганганда, ҳақиқатан ҳам ночор аҳволда эканлиги ва ёрдамга муҳтожлиги маълум бўлди. Шу боис улар кўмаги билан “Парвоз-Хумо-Равноқ транс” корхонаси раҳбари Тўймурод Маматов ҳомийлиги асосида мазкур оиланинг газдан қарздорлиги тўлаб берилди. “Тумангаз” корхонаси газ ҳисоблагич ўрнатиб, табиий газ билан тўлиқ таъминлади. Уйни таъмирлаш маҳалла ва ҳомийлар кўмагида ёз мавсумида амалга ошириладиган бўлди.

ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов ҳам Ғиждувон туманининг “Қорабоғ”, “Улфатбиби”, “Қорахони” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, қатор муаммо ва масалаларга ечим топишга эътибор қаратди.

Депутат дастлаб “Қорабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 55-мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ўрганиб, мазкур мас­каннинг шарт-шароити билан танишди. Камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича керакли таклиф-тавсияларини берди.

Ҳудуддаги Миришкор қишлоғида яшовчи фуқаро Обиджон Аҳмедов ва унинг рафиқаси Назира Шарипова ишсизлик муаммосидан қийналиб келади. Галаосиё педагогика коллежининг бошланғич таълим йўналишини тамомлаган Назира Шарипова депутатга иш масаласида мурожаат этди. Жаҳонгир Ширинов ушбу масалада тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан боғланди ва уларни ишга жойлаштириш борасида келишиб олинди.

Қўнғирот қишлоғида истиқомат қилувчи Рисолат Содиқова 2 фарзандини боқувчисиз вояга етказди, катта қизи Ойниса Обидова тўлов-шартнома асосида Бухоро давлат университетида ўқийди, кичик қизи тиббиёт коллежи талабаси. Ўзи эса туман тиббиёт бирлашмаси режали хирургия бўлимида 0,5 штат бирлиги асосида ишлаб, оила тебратади. Аммо 250 минг сўм ойлик маош оила эҳтиёжларини қоплашга етмайди. Шу боис фуқаро депутатдан моддий ёрдам масаласида кўмак сўради. Халқ вакили мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан боғланиб, ушбу оилага ҳар ой моддий ёрдам ажратилишини ҳал этди ва масалани ўз назоратига олди.

“Қорахони” МФЙ ҳудудидаги 36-мактабгача таълим муассасаси табиий газ билан таъминланган бўлса-да, болалар ётоқхонаси яхши исимайди, хоналар зах ва совуқ. Муассаса биноси ҳам таъмирталаб аҳволда. Депутат мазкур тарбия масканида бўлган куни тушлик учун тайёрланаётган овқатга умуман гўшт солинмагани маълум бўлди. Битта музлаткич бузилганлиги боис гўшт ва сут маҳсулотлари бир жойда сақланмоқда. Мавжуд ҳолатга гувоҳ бўлган депутат шу куннинг ўзидаёқ болалар ётоқхонаси иситиш тизимини йўлга қўйишга эришди, музлаткич таъмирга топширилди ва болаларнинг белгиланган меъёр асосида овқатланиши йўлга қўйилди.

— Халқ вакилларининг тумандаги ўрганиш­лари, аҳоли билан  учрашув ва мулоқотлари мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш имконини бермоқда, — дейди ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Дилфуза Яҳёева. — Депутат Жаҳонгир Ширинов Ғиждувон туманидаги “Улфатбиби” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўрганишлари давомида ҳудуддаги қатор муаммоларни ҳал этишга ҳисса қўшди. Масалан, Катта шайхлар қишлоғида яшовчи 10 фуқаро табиий газ таъминотидаги муаммолар юзасидан депутатга мурожаат қилди. Ўрганиш­лар давомида бу эътирозлар ўринли эканлиги аниқланди ва мазкур ҳолат тегишли мутахассислар билан муҳокама қилиниб, шу йилнинг 1 март кунига қадар ҳудуддаги хонадонлар таббий газ тармоғига улаб бериладиган бўлди.

Депутат кўмаги билан беморлар шифо топади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Қанликўл туманида ҳам бўлиб, аҳолини ўйлантираётган  мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатди. Хусусан, ЎзМТДП фракцияси аъзолари Зумрад Бекатова, Жолдасбай Абдижамилов туман аҳолиси билан суҳбат ўтказиб, уларнинг турмуш шароити билан танишди, мавжуд муаммолар ўрганилди, ҳудудда анчадан буён тўпланиб қолган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган беморларнинг аҳволидан хабар олинди, уларнинг мурожаатлари тингланди, тиббиёт масканининг фаолияти, муаммолари ўрганилди. Зарур тиббий асбоб-ускуналар, замонавий жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолати билан танишилди.

Қанликўл тумани “Дослиқ” овул фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашувда фуқаро Гулноз Шукруллаева 2013 йилда туғилган фарзанди Жақсибай Тулегеновнинг эшитиш
аъзосида туғма нуқсони борлиги ва бунга фақат жарроҳлик йўли билан даво топиш мумкин эканлигини билдирди. Аммо жарроҳлик амалиёти учун имконияти йўқлиги сабабли ўғлини даволатиш масаласида қийналиб келаётган эди. Фуқаронинг бу борадаги мурожаати депутат Зумрад Бекатова томонидан атрофлича ўрганилди. Шундан сўнг боланинг ҳужжатларини Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топшириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди ва Тошкент педиатрия марказига йўлланма бериладиган бўлди.

Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти
депутатлар эътиборида

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида бўлган ЎзМТДП фракцияси аъзолари Элдор Туляков ва Даврон Арипов тумандаги қатор ташкилотлар, хусусан, таълим масканлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини ўрганди. Маълум бўлишича, кўпгина умумтаълим мактабларида ўқувчилар белгиланган меъёрдан анча кўп. Шу сабабли дарслар икки навбатда ташкил қилинган, дарсликлар ҳамда фан ўқитувчилари етишмайди, тўгараклар учун алоҳида хона йўқлиги ўқувчи ва устозлар учун ноқулайликлар туғдиряпти. 2-, 33-, 51-, 54-умумтаълим мактабларининг бинолари кичиклиги боис ошхона, спорт зали, фаоллар зали, ўқитувчилар, профилактика нозирлари ҳамда ҳамширалар учун хоналар мавжуд эмас. 33-умумтаълим мактабида спорт зали бор, лекин совуқлиги сабаб дарс­лар ўтилмаяпти, зарур спорт жиҳозлари билан таъминланмаган.

51-умумтаълим мактабида ахборот-ресурс маркази учун алоҳида, замонавий талабларга жавоб берадиган хона ажратилмаган, ахборот-кутубхона сифатида фойдаланиб келинаётган хона эса кичик ва совуқ. Бундан ташқари, бадиий адабиётлар етишмайди, марказ Интернет тармоғига уланмаган.

54-умумтаълим мактабининг компьютер хоналари зарур мебель жиҳозлари, ахборот-техника воситалари билан таъминланмаган. 26- умумтаълим  мактабида таъминотдаги муаммолар сабабли ичимлик суви ташиб келтирилади. Яна бир қатор мактаблар бинолари атрофи ўралмаганлиги боис айрим муаммолар юзага келяпти. Масалан, қаровсиз қолган қорамоллар мактаб ҳудудига кириб, ободонлаштирилган ҳудудни пайҳон қилаётгани ачинарлидир. Айрим мактабларда тиббий хоналар ташкил этилмаган, ҳамшира фаолияти йўлга қўйилмаган.

Депутатлар таълим масканларидаги мавжуд муаммоларни батафсил ўрганиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли тартибда чора-тадбирлар кўришга киришди.

Фракция аъзолари Янгийўл туманида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммо ва камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Масалан, 74-қишлоқ оилавий поликлиникаси биноси жуда кичик ва таъмирталаб аҳволда. Бу, албатта, сифатли тиббий хизматга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Муассаса ичимлик суви билан таъминланмаган. Акушер-гинеколог хонасида зарур асбоб-
ускуналар етарли эмас. Стоматологик жиҳозлар йўқлиги сабабли бу хизмат йўлга қўйилмаган.

Мирзо Улуғбек, Болғабоев қишлоқ врачлик пунктлари, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимининг Халқабод филиали каби тиббий муассасаларда ҳам аҳвол деярли шундай. Масалан, Мирзо Улуғбек ҚВП биноси қаровсиз ҳолатда, ичимлик суви йўқ, тозаликка риоя қилинмайди. Даволаш профилактика ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шу йил 13 февралдан бери автомашина йўқлиги сабабли тиббий ходимлар тезкор чақириққа пиёда боришга мажбур бўлмоқда.

Тумандаги ўрганиш жараёнида депутатлар кўплаб маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолия­ти талабга жавоб бермаслиги, идоралар эски биноларда жойлашганлиги, ишлаш учун етарли шароит яратилмаганлигига гувоҳ бўлдилар. “Янгийўл”, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида соғлиқни сақлаш ҳамда ички ишлар органлари ҳисоботини эшитиш йўлга қўйилмаган. “Мирзабод”, “Ватан” МФЙларининг ҳужжат юритиш ишларида жиддий камчилик­лар мавжуд. Фуқаролар мурожаатлари қайд этилмаган, ижроси номаълум. Берилган маълумотномалар тартибсиз ҳолатда.

— Янгийўл туманидаги ўрганишларимиз давомида асосан камчилик ва муаммоларга эътибор қаратилди, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Элдор Туляков. — Аҳоли билан мулоқотлар чоғида, айниқса, коммунал соҳада кўп муаммо мавжудлиги аниқланди. Масалан, ҳудудда ички йўллар таъмирталаб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, аксарият ҳудудларда электр токи таъминотидаги узилишлар одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. “Ислоҳот” маҳалла фуқаролар йиғинида 31 хонадоннинг тоза ичимлик суви билан таъминланиши эътибордан четда қолган. Маиший хизмат соҳасида ҳам аҳоли ижобий фикрлар билдирмади. Хусусан, айрим ҳудудларда сартарошхона, дорихоналар етишмаслиги, жамоат транспорти қатнови сустлиги, мактаб ўқувчиларидан йўлкира ундирилаётгани фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ўрганишлар мобайнида аниқланган камчилик ва муаммоларнинг жо­йида ҳал қилиш мумкин бўлганларини бевосита туман ташкилотлари иштирокида ечишга ҳаракат қилдик. Шунингдек, ўрганишлар якуни бў­йича туманнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унда тегиш­ли мутасаддиларга масалаларни ижобий ҳал қилиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди. Бундан ташқари, вилоят ва республика даражасида ўз ечимини кутаётган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқишни ўзимизга белгилаб олдик.

ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш, иқтисодиёт, тиббиёт ва таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, аҳоли вакилларининг истак ва таклифларини ўрганиш борасидаги фаолияти ҳар жиҳатдан самарали кечди. Ўрганиш якунлари қайси соҳада қандай муаммо борлиги, қайси йўналишдаги ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатди, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга мутасаддилар эътибори қаратилди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг