Ўрганиш якунлари сессияда муҳокама қилинди

0
29

Халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг навбатдаги сессияси парламент аъзоларининг шу йил 16-22 февраль кунлари ҳудудни ривож­лантиришнинг энг устувор вазифаларини ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир ўтказган ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланди. Сессияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ишчи гуруҳ раҳбари, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Раҳмонов ўрганиш якунлари юзасидан ахборот берди.

Таъкидланганидек, Наманган вилоятидан парламент қуйи палатасига сайланган депутатлар ва сенаторлар Чортоқ туманидаги мавжуд муаммоларни жойида ўрганиб, уларни бартараф этишга кўмаклашди, уйма-уй юриб, аҳоли билан очиқ мулоқотда бўлди. Мулоқотларда аҳолидан 380 га яқин мурожаат бўлиб, уларнинг 206 таси депутатлар ва сенаторлар ташаббуси билан ўз жойида ижобий ҳал қилинди. 80 мурожаат туман ҳокимлиги орқали тегишли мутасадди ташкилотларга ижро учун юборилди. Айрим муаммолар  вилоят ташкилотлари ҳамкорлигида ечилди. Шунинг­дек, 15 муаммони бартараф этиш бўйича тегишли давлат бошқаруви органларига парламент ва депутатлик сўровлари юбориш, парламент эшитувларини ташкил этишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ўрганишлар мобайнида ишчи гуруҳ аъзолари ташаббуси билан эҳтиёж­манд хонадонларга янги 202 дона суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. “Наманган универсал савдо инвест” корхонаси орқали қўшимча имтиёзли нархларда 65 тонна ун етказиб берилди. Қўшни Қирғизис­тон Республикасининг Жалолобод вилояти билан чегарадош, 3 минг 680 киши яшайдиган “Ора-ариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига 50 метр масофага  янги ичимлик суви қувурлари тортилди.

Мазкур жараёнда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам аҳоли мурожаатлари асосида муайян ишларни амалга ошириб, турли муаммоларнинг олдини олишда муносиб ҳисса қўшди.

Масалан, Нодир Мухторов иштирокида Корос­кон шаҳарчасидаги хонадонларда ўтказилган мулоқотлар натижасида Мафтун кўчаси 28-уйда яшовчи, бош мияга қон қуюлиш касаллиги билан ётиб қолган Абдували Усмонов, Р.Ортиқов кўчаси 38-уйда истиқомат қилаётган 1-гуруҳ ногирони Равзахон Аълоевага туман прокуратураси ҳомийлигида ногиронлик аравачаси олиб берилди.

Навбаҳор кўчаси 14-уйда яшовчи Ёрқиной Исмоилова суҳбатда турмуш ўртоғи Тўхтасин Иномовнинг иккала буйраги ҳам ишламаслиги, уни операция қилиш зарурлигини билдирди.

Беморнинг айни пайтдаги ҳолати туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари томонидан ўрганилди. Сурункали гломеролонефрит хасталигига чалинган 1-гуруҳ ногирони Т.Иномовда ҳақиқатан ҳам буйрак кўчириб ўтказиш амалиётига зарурат борлиги аниқланди. Бемор вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси кўмагида академик В.Воҳидов номидаги республика хирургия марказига текшириш учун имтиёзли ордер билан таъминланди. Бундан ташқари, вилоятдаги даволаш-профилактика муассасаларидан тажрибали 12 шифокор жалб этилиб, ногиронлиги бор ва уйида ётиб қолган беморлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тумандаги “Тинчлик”, “Ора-ариқ”, “Дамариқ”, “Ўзбекистон”, “Саркор”, “Наврўз”, “Алихон” ва Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи кам таъминланган, пенсионер ва ногиронлиги бўлган 12 кишига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан “Чортоқ”, “Олтиариқ”, “Товоқсой” каби сиҳатгоҳларга бепул йўланмалар берилишига кўмаклашилди.

Депутат Шуҳрат Тўхтабоевнинг ўрганишлари натижасида Гулшан маҳалласи ҳудудига электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида битта трансформатор ва 30 га яқин симёғоч, “Гулдиров” маҳалла фуқаролар йиғинида эса 5 симёғоч ўрнатилди. Мазкур маҳалла фуқаролари билан бўлиб ўтган мулоқотда ҳудудда мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж борлиги аниқланди. Парламент аъзоси ушбу масала туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қаратилган “Йўл харитаси”га киритилганлиги, жорий йил якунига қадар қурилиш ишлари бошланишини маълум қилди.

Сессияда айтиб ўтилганидек, ўрганишлар якуни туманда ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар талай эканлигини кўрсатди. Жумладан, ҳудудда 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 1 минг 39 та бўлиб, шундан 508 таси турли сабабларга кўра ўз фаолиятини тўхтатган. Бундан ташқари, имтиёзли кредит ажратиш орқали аҳолини кичик тадбиркорликка жалб этишда аксарият фуқаролар наслли қорамолларни сотиб олиш, иссиқхоналар қуриш учун материалларни пул кўчириш орқали харид қилишда муаммоларга йўлиқмоқда.

Бугунги кунда туманда субвенция улуши жуда баланд — 61 фоиз. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан атиги 3 фоизга камайтирилган. Иш жойларини кўпайтириш, тадбиркорлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратиш, ишбилармонликка ҳалал бераётган тўсиқларни олиб ташлаш, истиқболли йирик лойиҳалар устида изланиш орқали юқоридаги муаммоларга ечим топиш мумкинлиги билдирилди.

Сессияда йўллардан фойдаланиш ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш ишларини бажариш, ичимлик суви таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш каби масалалар кенг муҳокама этилди. “Чортоқ деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилган ишларга қарамай, бозор атрофининг тозалиги талабга мутлақо жавоб бермаслиги, бозордан ташқарида, яъни белгиланмаган жойда савдо қилиш ҳолатлари учраётгани танқидий таҳлил қилинди.

Шунингдек, туманда тиббиёт соҳасидаги мавжуд камчилик ва муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, бугун туман аҳолиси тиббиёт соҳасидаги ўзгариш­лардан, соғлиқни сақлаш муассасаларининг айни кундаги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Айниқса, қишлоқ оилавий полик­линикалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳолати, моддий-техник базаси талаб даражасида эмас. Ўрганиш давомида соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар ҳам борлиги аниқланди. Қишлоқ врачлик пунктларида асосан умумий амалиёт шифокорлари етишмайди. Умуман, ҳозирги вақтда тиббиёт муассасаларида 21 нафар тор доирадаги мутахассисга, 8 нафар умумий амалиёт шифокорига эҳтиёж мавжуд. Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2017 йил 24 февралдаги қарорига асосан, тегишли ҳудудга хизмат кўрсатаётган оилавий поликлиника ва қиш­лоқ врачлик пунктлари мудирларининг ўзини ўзи бошқариш органлари қўшма йиғилишларида ҳар 15 кунда ахборотини эшитиб бориш белгиланган бўлса-да, бундай тизим туманда ҳали тўлақонли бажарилаётгани йўқ.

Сессияда ўрганиш давомида аниқланган камчиликларга барҳам бериш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг Бюджет масалалари доимий комиссияси раиси, ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Абдусамад Тожибоев, туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳамда саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари ахборот берди.

— Парламент аъзоларининг ўрганишлари туманимизда анчадан буён йиғилиб қолган муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этади, — дей­ди халқ депутатлари Чортоқ тумани Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Абдусамад Тожибоев. — Партиямизнинг қуйи палатадаги фракцияси аъзолари тумандаги қатор таълим-тарбия масканларида ҳам бўлиб, мавжуд ҳолатни ўрганди. Ҳудудимиздаги аксарият касб-ҳунар коллежларининг ахборот ресурс марказларида бадиий адабиётлар етишмайди. Ёш авлодни жисмонан соғлом ва руҳан тетик қилиб ўстириш, ўқувчиларни чуқур билим олишлари ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун айрим умумтаълим мактабларида шарт-шароитлар етарли даражада эмас. Хусусан, тумандаги 54 мактабнинг 8 тасида спорт заллари йўқлиги сабабли ўқувчиларга жисмоний тарбия машғулотлари талаб даражасида ўтилмаяпти. Айрим умумтаълим мактабларининг биноси эса таъмирталаб ҳолатда, 10-синф ўқувчиларига дарсликлар етиб келмаган. Бундан ташқари, тумандаги 52 та маҳалла фуқаролар йиғинидан атиги 2 тасида стадион мавжуд, холос. Қолганларида на стадион бор, на бошқа турдаги спорт иншоотлари. “Ҳазратишо”, “Пешқўрғон”, “Короскон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида спорт мажмуалари қурилишига катта эҳтиёж мавжуд. Бу каби масалалар сессияда қизғин муҳокама этилиб, уларни бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши эътиборга молик. Бу жараёнда, албатта, биз маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ўз ваколатларимиздан самарали фойдаланиб, фаол иштирок этишимиз лозим.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилиниб, мутасаддиларга тегиш­ли вазифалар юклатилди. Халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратилиши инсон манфаати ҳар нарсадан устун эканлиги, унинг ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланаётганидан далолат беради. Зеро, халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлса, юртимиз тинч-осойиш­та, янада фаровон бўлади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг