Миллий қиёфамизнинг мангу тимсоли

0
27

Наврўз — халқимизнинг минг йилликлар билан бўйлашган миллий-маънавий қадрияти, табиатнинг уйғониш фасли, ҳаёт байрамидир. Наврўз коинот ва табиат қонунларининг уйғунлиги, қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг вақт жиҳатидан баробар бўлиши, кундузнинг узая бориши, табиатда жонланишнинг бошланиши, баҳорнинг келиши билан боғлиқ умумхалқ айёми. Шу боис халқимиз уни доимо эъзозлаб, қалб тўрида асраб келган, жуда катта шодиёна ва хурсандчилик билан нишонлаган.

Наврўз айёмида вужудга келган руҳий кўтаринкилик кишиларни эртанги кунга, порлоқ келажакка умид ва ишонч билан қарашга, ҳаётни янада гўзал қилишга ундайди. Барчани ҳалолликка, покликка чорлайди. Наврўз она табиатнинг бетакрор манзаралари ва мўъжизаларини, одамларнинг орзу-истакларини англаш фасли, халқ сайли, маҳалла, қишлоқ, туман ва шаҳарларни яшнатувчи файзли мавсум сифатида бугун юртимизга ҳам ўзгача нафас билан кириб келмоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 февралдаги “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори мисолида яна бир карра ҳис қилдик.

Мазкур қарор билан Наврўз ҳар бир маҳалла ва қишлоқда сайил сифатида байрам қилиниши белгилангани унинг қадим илдизларини янада мустаҳкамлайди, баҳор айёми шодиёналарини юртимиз бўйлаб кенг нишонлаш, умумхалқ сайиллари шаклида юқори даражада ўтказишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорда кўзда тутилганидек, ушбу айём руҳини, нафасини ўзида мужассам этган
оммавий сайиллар ташкил этилиб, бунга фольклор-этнографик гуруҳлари ва ансамбл­лар, таниқли санъаткорлар, хонанда-ю созандалар, бахшилар, аскиячи ва қизиқчилар, дорбозлар, ёш ижрочилар кенг жалб қилинади. Бу байрамнинг асл миллий қиёфасини намоён этишда, халқимизнинг ўзига хос урф-одатларини яна бир карра кўз-кўз қилишда муҳим омил саналади. Сайилларда кўнгиллар покланиб, руҳ тетиклашади, маънавий озуқа олинади. Халқ сайли шаклида ўтадиган айём кунларида, албатта, Наврўз таоми — сумалак тайёрланиб, барчага қувонч улашилади. Сумалак — баҳорнинг шифобахш, тансиқ ва шоҳ таоми, кўклам даракчиси. Уни тайёрлаш жараёнида кўплаб қадимий урф-одатларимиз, миллий ўйин ва томошаларимиз ёрқин намоён бўлади. Миллий халқ ўйинлари ўзига хослиги, миллийлиги, халқоналиги, ҳаммани бирлаштира олиши билан Наврўз сайилларига ўзгача руҳ ва кайфият улашади. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий кураш, кўпкари, арқон тортиш каби халқ ўйинлари фарзандларимизни жасурликка, мардликка, сабр-матонатга, руҳан тетикликка чорлайди.

Давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, Наврўз байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, ижодий кечалар ўтказилади. Бундай мулоқот ва ижодий кечаларда, албатта, ушбу қутлуғ айёмнинг тарихи, ўтмишдаги кечинмалар, бизгача қай ҳолатда етиб келгани-ю истиқлол шарофати билан қайта тиклангани кенг тарғиб этилади, халқимиз ҳаётидаги ўрни, фарзандлар келажаги йўлидаги аҳамияти ҳаётий мисоллар асосида таҳлил қилинади. Бу эса Янги куннинг, айниқса, ёшлар ўртасидаги мақомини оширишга, уларнинг миллий қадриятларимизга нисбатан фахр-ифтихор туйғуси билан улғайишига  хизмат қилади.

Қарорда Меҳрибонлик, Саховат, Мурувват уйлари, кам таъминланган оилалар ва ногирон шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш вазифалари ўз аксини топгани Наврўз фалсафасига хос саховатпешалик хислатларини янада бойитади, юртдошларимиз ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, файзу баракани оширади.

Бир сўз билан айтганда, неча минг йиллик миллий қиёфамиз, урф-одатларимизнинг мангу ифодаси бўлган Наврўзни кенг нишонлаш барчамизга шодлик-бахт, омад, келажакка умид-ишонч бахш этади. Шундай экан, бу айёмни Президентимиз қарорида кўзда тутилганидек кўтаринки руҳда нишонлашга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Бу, айниқса, миллий урф-одат ва қадриятларни тараннум этишни, ёш авлодни миллий ўзига хослик руҳида тарбиялашга кўмаклашишни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди, жойлардаги тарғибот ишлари, халқ сайиллари намунали ўтказилишида ташаб­бускор бўлишни тақозо этади.

Козим ТОЖИЕВ,  ЎзМТДП
фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг