Наврўз — миллий қадриятларимиз ифодаси

0
24

Наврўз — янги кун демак. Бу кунда олам ва одам қалби янгиланади, эзгулик ва бунёдкорлик руҳи жўш уради. Кун билан тун тенглашади, моҳиятан қалблардаги туйғулар бирлашади, гина-кудуратлар унут бўлади, ўзаро меҳр-оқибат улашилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёгарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида Наврўз шодиёналарини миллий қадриятлар ва давр нафаси билан йўғрилган кўтаринки руҳда ўтказиш учун жойларда эзгу ишлар бошлаб юборилди. Зеро, она табиатни севиш ва ардоқлаш, ҳаёт гултожи бўлмиш инсонни қадрлаш, Ватанга муҳаббат ва садоқат каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган Наврўз халқимизнинг энг қадимий, асл миллий байрамидир.

Ҳар йили улуғ айём арафасида маҳалламиз аҳли ҳамжиҳатликда сумалак сайлини нишонлар экан, бу жараёнда юртдошларимизнинг меҳнатсеварлик, табиатга муҳаббат, шук­роналик каби фазилатлари намоён бўлади. Бундай пайтларда нуроний отахон-онахонларимиз шундай кунларга етказганига шукрона айтиб, Наврўз байрами билан боғлиқ воқеаларни эслашади. Ўзимиз ҳам яқин ўтмишда бу байрамга отилган қанчадан-қанча тошлар, тазйиқларни кўрганмиз. Ўша пайтларда Наврўз  бугунгидек умумхалқ байрами сифатида нишонланишини ҳатто хаёлга ҳам келтириб бўлмаган. Ҳа, фақат мустақиллик туфайли асл миллий байрамимиз аслига қайтди, халқимиз қалбидан янада чуқур жой олди.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, бу йилги Наврўз тантаналари халқ сайиллари кўринишида юртимизнинг барча шаҳар, туман ва қишлоқларида “Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!”, деган ғояни ўзида мужассам этган ҳолда, юқори савияда нишонланади. Шунингдек, Наврўз муносабати билан инсон ўзини табиат фарзанди, унинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга чорлайдиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш ҳам назарда тутилган.

Қарорда барча шаҳару қишлоқларда бўлиб ўтадиган тадбирларда Наврўз байрамининг тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-
одатлар, анъаналар ва қадриятларимизнинг моҳиятини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, халқ са­йиллари дастурларини тайёрлашда халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин бериш, ибратли оила, ибратли маҳалла, ибратли мактаб, моҳир бахши, моҳир лапарчи йўналишлари бўйича кўрик-танловлар ўтказиш, адабий-бадиий учрашувлар, ҳунармандлик кўргазмалари, китоб байрамларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Ушбу вазифалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган миллати, дини ва эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи ва барча фуқароларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, маънавий қадриятларни, урф-одат ва анъаналарни, бой тарихий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтиришга кўмаклашиш сингари дастурий мақсад-вазифалар билан уйғун ва ҳамоҳанг.

Шу боис мазкур жараёнларда фаол иштирок этишни мақсад қилганмиз. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари қаторида қутлуғ айёмга бағишлаб, қарорда белгиланган адабий-бадиий учрашувлар, ҳунармандлар кўргазмалари, китоб байрамлари ташкил этиш режалаштирилган. Аҳоли, айниқса, ёшларда Наврўз ва унга ҳамоҳанг бўлган ўзига хос қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат туйғусини шакллантириш, аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга етказиш  мақсади тадбирларнинг бош мавзусига айланади.

Тўрамурод РАҲМОНОВ,
ЎзМТДП Олтинсой
туман кенгаши раиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг