Компьютер “деразаси” : ёхуд “Windows” тизимини ихтиро қилган “Microsoft” компанияси фаолияти ва унинг асосчиси Билл Гейтс шахсига бир назар

0
30

“Камбағал бўлиб туғилиш айбингиз эмас. Аммо камбағал бўлиб кўз юмганингиз учун ўзингиз айбдорсиз”, деган эди “Microsoft” компаниясининг асосчиси, дунёнинг энг бадавлат инсонларидан бири Билл Гейтс.

Дарҳақиқат, бу дунёда ўзидан яхши ном қолдириш, инсоният тараққиётига ҳисса қўшиш, тўкин ва фаровон ҳаёт кечириш, энг аввало, ҳар бир инсоннинг ўзига, ҳаракати ва интилишига, ўз олдига юксак мақсадларни қўя олишига боғлиқ. Биз сўз юритмоқчи бўлган инсон — Билл Гейтс ҳам бугун қўлга киритган бойликка ўз-ўзидан эришгани йўқ. Бунинг учун ҳаётнинг турли қийинчиликлари ва заҳматларини енгишга, ўз устида тинмай ишлашига тўғри келган. Ана шу меҳнатлар самараси ўлароқ у асос солган “Microsoft” бугун дунёдаги энг нуфузли ва машҳур компаниялардан бири сифатида эътироф этилади.

Илк қадамлар

“Microsoft”ни Билл Гейтснинг ҳаёти ва фаолиятисиз тасаввур қилиш қийин.  Уильям (Билл) Гейтс 1955 йилнинг 28 октябрида  АҚШнинг Сиэтл шаҳрида туғилган. Отаси Уильям (Билл) Генри Гейтс — адвокат, онаси Мэри Максвелл Гейтс эса мактаб ўқитувчиси эди. Билл Сиэтлдаги “Лейксайд” ўрта мактабида таҳсил олган. Унда компьютер дастурларига қизиқиш 13 ёшида пайдо бўлади. 1970 йилда мактабдош дўсти Пол Аллен билан йўлларда транспорт оқимини ҳисоблайдиган илк дастурни ишлаб чиқади. Улар мазкур лойиҳадан 20 минг доллар даромад топишади. Бундан руҳланган ўсмирлар ўзларининг шахсий компанияларини тузишга қарор қилишади. Бироқ Гейтснинг ота-онаси ўғлини коллежни тамомлаб, ҳуқуқшунос бўлишини истарди. Шунга қарамай у мазкур дастурни оммалаштириш учун “Traf-O-Data” компаниясига асос солади. 1973 йилда Билл Гарвард университетига ўқишга киради. Бироқ икки йилдан сўнг талабалар сафидан четлаштирилади. Шундан сўнг у ягона мақсад — компьютерлар учун дастурий таъминот яратиш устида изланиш олиб боради.

1975 йилда Пол Аллен тасодифан “Popular Electronics” журналида янги ихтиро қилинган “Altair 8800” шахсий компьютери ҳақида ёзилган мақолани ўқиб қолади. Шундан сўнг Билл Гейтс мазкур компьютерни ишлаб чиқарган “Micro Instrumentation and Telemetry Systems” (MITS) компаниясининг президенти Генри Эдвард Робертс билан телефон орқали боғланиб, у дўсти билан ушбу компьютер учун дастурий таъминот яратиш устида ишлаётганини маълум қилади. MITS раҳбари уларни ўз офисига чақиради. Улар мазкур компьютер учун “Basic” дастурлаш тилида дастурий таъминот ўрнатиб беради. Кутилмаганда бу дастур муваффақият келтириб, бир неча ҳафтадан сўнг улар мазкур компанияга ишга олинади. Шундан сўнг икковлон компьютер учун дастурий таъминот ишлаб чиқарадиган компания ташкил қилишга қарор қилади. Улар даставвал компанияни “Аллен ва Гейтс” деб номламоқчи бўлишди. Бироз фурсатдан сўнг бу ном компьютер технологиялари учун эмас, кўпроқ юридик идораларига мос келишини пайқаб, фикридан қайтишади. Шундан сўнг Пол компанияга “Micro-Soft” деб ном қўйган маъқул, деган фикрга келади. Бу microprocessors (микропроцессорлар) ҳамда software (дастурий таъминот) сўзларининг қоришиғи эди. Шундай қилиб 1975 йилда дунёга машҳур “MicroSoft” компанияси дунё юзини кўради. Бир йилдан сўнг ташкилот номидаги икки сўзни бир-биридан ажратиб турадиган чизиқча олиб ташланиб, “Microsoft” деган ном билан қайта рўйхатдан ўтказилади. Компаниянинг 64 фоиз акцияси Биллга, 36 фоизи эса Полга тегишли эди.

Дунёдаги энг бадавлат инсон

Компания фаолиятида Пол Аллен асосан, техник ғоялар ҳамда истиқболдаги ишланмалар устида изланиш олиб борган бўлса, мижозлар билан музокаралар ўтказиш, шартномалар тузиш ва бошқа ташкилий ишлар билан Билл Гейтс шуғулланар эди. Гарчи кўп ўтмай MITS компанияси ўз фаолиятини тугатган бўлса-да, “Microsoft” ўша вақтда анча танилишга улгурган “Apple”, “Commodore”, “Tandy” компаниялари билан шартномалар тузишга муваффақ бўлади.

1980 йилда “Microsoft” “IBM” компаниясидан шахсий компьютерлар учун операцион тизим яратиш бўйича таклиф олади. Бунинг учун у “Seattle Computer Products” (SCP) ишлаб чиққан 86-DOS операцион тизими учун лицензияни қўлга киритади ва уни “IBM” эҳтиёжларига мослаштириб, “PC-DOS” номи билан мазкур компанияга мўмай пул эвазига сотиб юборади. Компания ўртасида тузилган шартномага мувофиқ “IBM” компанияси “Microsoft” етказиб берадиган ҳар бир дастурий маҳсулот учун мўмайгина пул тўлар ва “Microsoft”нинг ишлари юришиб, компания яратадиган дастурлар дунё компьютерлари учун стандарт сифатида қабул қилина бошланди.

1981 йилда компанияда олиб борилган ислоҳотлардан сўнг Билл Гейтс “Microsoft”нинг президенти, директорлар кенгаши раҳбари лавозимини эгаллайди. Гейтснинг ҳамкори ва яқин дўсти Пол Аллен 1983 йилда деярли барча акциясини Гейтсга сотиб, бизнесни тарк этишга қарор қилди.

1985 йилда “Microsoft Windows” операцион тизимининг илк намунаси ишлаб чиқилди. Аввалига у “Interface Manager” деб номланади. Бироқ якунда уни “Windows” (дераза) деб номлашга қарор қилинади. 1986 йилдан бошлаб “Microsoft” акциялари биржаларда сотила бошланди. Акциялар нархи яшин тезлигида ошиб борди. Натижада ўша йил 31 ёшни қарши олган Билл Гейтс миллиардерга, орадан икки йил ўтиб, яъни 1988 йилда у асос солган компания эса компьютерлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг йирик компанияга айланди. 1993 йили ҳар ойда “Windows” операцион тизими камида бир миллион нусхада сотилган. 1995 йилда компания “Windows 95” деб номланган янги операцион тизимни ишлаб чиқди. У Интернетга кириш имконини берувчи “Internet Explorer” деб номланган қўшимча дастурий восита билан ҳам таъминланган эди.

2014 йилда Билл Гейтс компания директорлар кенгаши раҳбари лавозимидан кетишга қарор қилди. Бу лавозимни 2012 йилдан директорлар кенгаши
аъзоси бўлиб келган Жон Томпсон эгаллайди. 1992 йилдан буён “Microsoft”да фаолият кўрсатиб келган Сатья Наделлас компания бош директори лавозимига тайинланади.

Узоқ йиллардан буён дунёдаги энг бадавлат инсон, деган номни ҳеч кимга бермай келган Билл Гейтс ўтган йили бу мақомни АҚШнинг “Amazon” компаниясининг раҳбари Жефф Безосга бой берди. Безоснинг бойлиги 93,1 миллиард долларга баҳоланганди (жорий йилнинг 21 февраль ҳолатига кўра 124 миллиард долларга етди). У Гейтсдан 3,2 миллиард долларга ўзиб кетишга муваффақ бўлди. Бунга Билл Гейтснинг ўтган йили август ойида компаниянинг қиймати 4,6 миллиард долларлик 38 фоиз акциясидан воз кечиб, уни хайрия ишларига йўналтиргани сабаб бўлди. Безос ҳатто бутун фаолияти давомида ҳам хайрия ишларига бундай миқдорда маблағ ажратмаган эди. Бу ҳақдаги хабарни маълум қилган  “Forbes” нашри шундай ёзади: “Агар Билл Гейтс ўз фаолияти давомида 35,7 миллиард доллар маблағни хайрия қилмаганида эди, у дунёдаги энг бадавлат инсонлар рўйхатини шунчаки эмас, балки катта фарқ билан бошқариб турган бўларди”.

Гарчи Билл Гейтс Гарвард университетини битира олмаган бўлса-да, бироқ унинг илм-фан, хусусан, информатика фани ва компьютер технологиялари ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ҳисобга олиниб, олий ўқув юрти маъмурияти қарори билан 2007 йил 7 июнда унга Гарвард университетини тамомлагани ҳақидаги диплом топширилди. Тантанали маросимда сўз олган Гарвард университети ректори Стивен Хайман шундай деган эди: “Унинг курсдошлари ҳали илм-фан тошини “кемираётган” бир пайтда, у шахсий компьютер тарихида инқилоб ясаш билан боғлиқ ўйлар билан банд эди. Унга дип­лом топширишнинг вақти келди”.

“Муваффақият — ёмон устоз”

Билл Гейтснинг бизнес олами чўққисига чиқишида унинг қатъиятлилиги, ўзига бўлган ишонч, муваффақиятсизликдан тўғри хулоса чиқариш сингари фазилатлари қўл келган. Бир мисол: Билл дўстлари Пол Аллен ҳамда Пол Гилберт билан ҳамкорликда 1972-1982 йилларда фаолият юритган “Traf-O-Data” компанияси даставвал яхши фойда олган бўлса-да, бироқ охир-оқибат (балки Билл­нинг бахтига) инқирозга юз тутиб, унинг ҳисобида атиги 794,31 доллар қолади, холос. Бироқ шунда ҳам у тушкунликка тушмайди, аксинча яна олдинга интилиб, мактабдош дўсти билан ҳамкорликда компьютерлар учун дастурий таъминот етказиб берувчи дунёдаги энг йирик компания —“Microsoft”га асос солади.

Билл Гейтс феъл-атворининг энг муҳим хусусиятларидан бири — бош­қаларнинг иқтидор ва билимини тан олиши. Бироқ у саводсизларни ёқтирмасди. “Мен саводсизларни ишга олмайман” деганда у буткул ҳақ эди. У компаниядаги бўш иш жойи учун даъвогар номзодлар билан шахсан ўзи савол-жавоб ўтказишни хуш кўрар, лозим бўлса, керакли кадрга ўзи қўнғироқ қилиб уларни компанияда ишлашга кўндиргани хусусида кўп-кўп мисол келтириш мумкин. Шунга қарамай, у вақтнинг қадрига етарди, бизнесда энг муҳим нарса — интеллектуал сармоя эканини яхши тушунарди. Унинг жамоаси — энг ақллилар, дастурчилар жамоаси бўлиши керак, деган мақсадни ўз олдига қўйгани ҳам муваффақият омили бўлди, дейиш мумкин. Юқори профессионал сифатларга эга мутахассисларга у “Microsoft”нинг бойлиги сифатида қарарди. Тўғри, унинг раҳбар сифатида ғалати одатлари ҳам бўлганидан кўз юмиб бўлмайди. Кейинчалик ўзининг тан олишича, қўл остида ишлаётган барча ходимларнинг машина рақамларини ёддан билган. Билл Гейтс ўтирган хонадан кўриниб турган автотураргоҳга разм солиб, ким ишга қачон келаётгани ва кетаётганини, шу орқали ким компания учун кўпроқ жон койитаётгани ҳақида хулоса чиқарган. Ишчилар сони кўпайганидан сўнг Билл бу одатидан воз кечган, албатта.

Билл Гейтс, шубҳасиз, интеллектуал мулкнинг илк сармоядорларидан эди. Ҳар доим ва ҳар жойда биринчи бўлиш, нимагаки ишга киришмасин ўшани бош­қаларга қараганда яхшироқ бажариш — Биллнинг болаликдан ҳаётдаги энг муҳим шиори саналган. Бу ўз ҳосилини берди. Бугун у асос солган компания компьютер саноатининг етакчиларидан саналади. Дунё миқёсида 80 фоиз шахсий компьютерларда “Microsoft”нинг дастурий таъминотидан фойдаланилаётгани чинакам муваффақият. Бироқ Билл бунга у қадар эътибор бермайди: “Муваффақият — ёмон устоз. У  одамларда хушёрликнинг бой берилишига сабаб бўлади”, деганди Билл суҳбатлардан бирида.

У одам ўз устида тинмай ишлаши, бир жойда тўхтаб қолмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Ортиқча дам олишни ожизлик аломати, деб билади. Шу боис кеча-ю кундуз ишлайди. Унинг фикрича, агар инсон бир жойда қотиб қолса, шу пайтгача қўлга киритган барча ютуқлари ҳавога соврилади. Бу айниқса, компьютер технологиялари соҳасида яққол кўзга ташланади. “Агар янги дастур ишлаб чиққан бўлсанг, демак у аллақачон эскирибди”, деган эди у.

“Microsoft” — инновацион компания

Бугун “Microsoft” компанияси шахсий компьютер, ўйин ускуналари, мобиль алоқа воситалари ва бошқа техника воситалари учун дастурий таъминот ишлаб чиқармоқда. Компания 2012 йилдан буён “Surface” деб номланган ўзининг планшет компьютерини ишлаб чиқара бошлади. Компания маҳсулотлари 80 дан зиёд мамлакатларда сотиляпти, дастурлари 45дан зиёд тилларга таржима қилинган.

“Microsoft” компаниясининг қароргоҳи АҚШнинг Вашингтон штатидаги Редмонд шаҳрида жойлашган. Компания тизимида 130 мингга яқин ходим ишлайди. “Microsoft” энг кўп патентни қўлга киритадиган АҚШдаги бешта компаниядан бири саналади. Ҳозирги кунда компания қўлга киритган патентлар сони 10 мингтага етди. Улар янада кўпайиб бормоқда. Айни пайтда “Microsoft” энг инновацион компаниялар рўйхатида 8-ўринни эгаллаб турибди.

Мамлакатимиз “Microsoft” компанияси билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Ўтган йили Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривож­лантириш вазирлиги ҳамда “Microsoft” компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Икки томонлама ҳамкорлик йўналишлари ифодаланган ҳужжат Ўзбекистон ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида жаҳоннинг нуфузли компанияларидан бири бўлган “Microsoft” билан алоқаларни янги босқичга кўтариши, шубҳасиз.

Ҳужжатда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни кучайтириш, Ўзбекистонда кибер хуружларга қарши тизимларни мус­таҳкамлаш, ахборот технологиялари ва “булутли” технологияларда, шунингдек, мобиль ишланмалар, очиқ маълумотлар ҳамда “салмоқли маълумот” (big data)ни тарқатиш ва қайти ишлашда, дастурий таъминот ишлаб чиқариш, “Интернет буюмлари” учун ишланмалар тайёрлаш йўналишларида инновацияларни амалга ошириш каби истиқболли ҳамкорлик белгилаб олинди.

Ҳамкорлик меморандумига кўра, алоқалар босқичма-босқич мустаҳкамланиб боради ва амалга оширилади. Ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш шартларига кўра, “Microsoft” компанияси ўзбекис­тонлик мутахассислар билан “булутли” ва мобиль технологиялар бўйича тажриба ҳамда билимларини ўртоқлашади, стартап­ларни амалга ошириш, “булутли” ва мобиль бизнес-ишланмаларни, очиқ ва салмоқли маълумот тизимларини яратиш, шунингдек, IT-кўникмаларни ва кибер хуружлардан ҳимояланиш бў­йича ташкил қилинадиган машғулотларни ўтказишда малакали экспертлар билан қўллаб-қувватлайди.

… Интеллектуал мулкка сармоя йўналтириш орқали дунёнинг энг бадавлат инсонларидан бирига айланган Билл Гейтс ҳақидаги ҳикоямизни унинг шахси ва ички дунёсини яққол намоён қилувчи қуйидаги сўзлари билан якунласак хато қилмаган бўламиз: “Менда овқат ва кийим-бош масаласида муаммо йўқ… Шундай кун келдики, энди пул мен учун ўз аҳамиятини йўқотди. Энди улар фақат дунёдаги камбағал ва ночор одамларга кўмак беришга қаратилган ташкилотларни ташкил этиш ва манбаларни излаб топишга хизмат қилиши мумкин, холос”.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” шарҳловчиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг