Клуб “руҳияти” акс этган ўйингоҳ

0
14

Лондон шаҳрида жойлашган, “Арсенал” футбол клубига тегишли “Эмирейтс” стадиони катталиги жиҳатидан Англияда “Уэмбли” ҳамда “Олд Траффорд” ўйингоҳларидан кейинги ўринда туради. Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) ўз шафелиги остида ўтказиладиган мусобақаларда стадионларнинг тижорий номлардан фойдаланишига рухсат бермагани боис Еврокубок мусобақалари пайтида мазкур стадион  “Эшбертон Гроув” ёки “Арсенал Стэдиум” деб  аталади.

“Эмирейтс” қурилгунига қадар “Арсенал” жамоаси мезбон сифатидаги ўйинларини “Хайбери” стадионида ўтказган. Лондоннинг “Арсенал” клуби учун янги ўйингоҳ қуриш ғояси ўтган асрнинг 90-йилларида пайдо бўлди. Стадион 38 минг 419 кишини сиғдирар, бу футбол ишқибозлари учун торлик қиларди. Қолаверса, стадион эскириб, жаҳон стандартларига жавоб беролмай қолганди. Шу боис жамоа 1998-1999 ҳамда 1999-2000 йилги мавсумларда Европа чемпионлар лигаси мусобақасида мезбон сифатидаги ўйинларини “Уэмбли” стадионида ўтказади. Дастлаб “Уэмбли”ни ижарага олиш, кейинчалик эски “Хайбери” ўйингоҳини бироз кенгайтириш таклифи илгари сурилди. Бироқ стадион атрофида истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли ҳамда шаҳар маъмурияти бунга қарши чиқди. Охир-оқибат жамоа раҳбарияти фурсатни бой бермай, клуб учун янги, замонавий ва муҳташам стадион қуриш лозим, деган қарорга келади. Янги ўйингоҳни барпо этиш учун “Хайбери”дан унча узоқ бўлмаган ҳудудда махсус жой танланди. 1999 йилда иншоотни қуришга киришилди. Ўйингоҳни 2003 йил қуриб битказиш мўлжалланган бўлса-да, аммо молиявий муаммолар туфайли қурилиш ишлари 2006 йилгача чўзилади. Иншоотнинг томи 2005 йилда, томошагоҳдаги илк ўриндиқ эса 2006 йилнинг 13 март куни “Арсенал” жамоаси футболчиси Абу Диаби томонидан тантанали тарзда ўрнатилди. Стадионнинг очилиш маросими ўша йилнинг 26 октябрида ўтказилди.

Ўйингоҳни бош меъмор сэр Роберт Макалпин бошчилигида “Популус” меъморчилик, “Буро Хаппольд” муҳандислик фирмалари бунёд этди. Иншоот қурилишига 390 миллион фунт стерлинг сарфланди. Ўйингоҳ юқоридан ликопчани эслатади. У 59 минг 867 томошабинни сиғдира олади. Ичидаги тўрт томошагоҳнинг ҳар бири тўрт қаватдан иборат бўлиб, ҳаммасининг том қисми тўлиқ ёпилган. Спорт иншоотининг баландлиги 41 метрни ташкил қилади. Стадионда 3 лифт, 5 эскалатор мавжуд.  “Эмирейтс”да дўкон ва рес­торанлар ҳам фаолият юритади.

Шунга қарамай, спорт иншооти “клуб руҳиятини” ўзида акс эттирмагани учун 2009 йилда “Арсенал” жамоаси мухлисларининг эътирозига сабаб бўлади. Шу боис стадионни “арсеналлаштириш”га, унда клуб муҳитини яратишга киришилди. Бунинг учун шарқий томошагоҳнинг биринчи қаватида оқ рангли ўриндиқлар ёрдамида жамоа рамзи саналган “замбарак” тасвири ҳосил қилинди. Стадионнинг ташқи томонида “Арсенал” жамоасининг афсонавий футболчилари тасвири акс эттирилган 8 йирик расм илиб қўйилди. Уларнинг ҳар бирида “Арсенал”нинг собиқ тўрт нафар футболчиси бир-бирининг елкасига қўл ташлаган ҳолати тасвирланган. Бу жамоанинг жипслиги рамзидир. Стадион қаршисида жамоанинг уч афсонавий футболчиси — Герберт Чепмен, Тони Адамс ҳамда Тьерри Анри ҳайкали ўрнатилган.  Стадионда клуб музейи ҳам фаолият кўрсатади. У шимолий томошагоҳда жойлашган.

Стадион “Emirates Airline” компаниясининг номи билан аталади. Сабаби клуб 2004 йилда мазкур компания билан ўн беш йилга мўлжалланган 100 миллион фунтлик шартнома тузган. Унга кўра, клуб стадиони “Emirates” деб аталиши, клуб либосида эса “Fly Emirates” ёзуви акс этиши лозим эди. Эришилган янги келишувга мувофиқ ўйингоҳ 2028 йилгача ана шу ном билан аталадиган бўлди.

“Эмирейтс” стадионидаги илк ўйин жамоанинг афсонавий футболчиси Деннис Бергкампнинг футболдаги фаолиятини якунлаши муносабати билан Лондоннинг “Арсенал” ҳамда Амстердамнинг “Аякс” жамоалари ўртасида ўтказилди. Ўйинда ҳар иккала жамоадан бир нечта таркиб майдонга тушган. Биринчи бўлимда иккала жамоанинг асосий таркиби, иккинчисида эса жамоаларнинг кекса, афсонавий ўйинчилари тўп тепишган. Ўша ўйинда мезбонлар сафида Тьерри Анри ва Нванкво Кану, меҳмонлар таркибида эса Клаас Ян Хунтелаар гол муаллифи бўлган эди.

Мазкур стадиондаги илк расмий ўйин Англия премьер лигаси доирасида “Арсенал” ҳамда “Астон Вилла” клублари ўртасида ўтказилиб, унда 1:1 ҳисоби қайд этилган. “Тўпчилар”нинг расмий мусобақалар доирасида ушбу стадиондаги илк ғалабаси 2006 йилнинг 23 сентябрида қайд этилган бўлиб, ўшанда “Арсенал” “Шеффилд Юнайтед” жамоаси устидан 3:0 ҳисобида устун келган эди.

Ш. ВОҲИДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг