“Журналист кўрганини кўрдим деб айтиши, ёзиши керак” : Таниқли олим, публицист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори Сайди Умиров билан суҳбат

0
42

— Сайди ака, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 августда ижодкор зиёлилар билан учрашуви маданий-маърифий ҳаётимизда муҳим, унутилмас воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари мазкур тарихий маърузасида ижод аҳлини халқнинг орзу-интилиш­лари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган кишилар сифатида таърифлаб, уларга юксак баҳо берди. Ушбу учрашувда Сиз ҳам иштирок этдингиз. Учрашув чоғида кўнглингиздан қандай ҳис-туйғулар кечди?

— Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг кўнгли истаган киши суҳбатига орзу­мандлиги ҳақида пурмаъно мисралари бор. Биз, ижодкор зиёлилар юртимиз куч-қудрати, осойишталиги, бахт-саодати, фаровонлиги йўлида тиним билмай, кечани кеча, кундузни кундуз демай, ҳузур-ҳаловатдан воз кечиб, бошқаларни ҳам шунга даъват этиб келаётган бу фидойи инсон билан юзма-юз кўришиш, мулоқот қилиш, дилимиз тўрида, тилимиз учида турган гапларимиз, орзу-истакларимизни изҳор этишга иштиёқманд эдик.

Қарангки, Президентимиз Шавкат
Мирзиёев учрашувга ошкора, дўстона, мардона мулоқотга биздан кўра кўпроқ орзу­манд бўлиб, узоқ тайёргарлик кўриб, нигоҳ-кузатиш­лари, фикр-ўйлари, таклиф-режаларини дилида тугиб келган экан. Илм, таълим, матбуот, адабиёт, санъат намояндаларининг алоҳида-
алоҳида эмас, бир жамоа тарзида таклиф этилганида ҳам бир ҳикмат, маъно  бордай. Турфа  соҳа мутахассисларининг ишлари, йўналишлари ҳар хил бўлса-да,  қайсидир жиҳатлари билан эш, бири бирини  тўлдириши, тақозо этиши  боис уларнинг вазифалари  пировард натижада умумий мақсадни амалга оширишга — юртимиз салоҳиятини кучайтириш, маънавиятини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни қадрлаш, муқаддас динимиз софлигини сақлашга  қаратилгандир.

Тарихий учрашувни халқимиз телеэк­ранларда кўрди, радиода эшитди, матбуот саҳифаларида ўқиди, қизғин муносабатлар билдирилди.  Юртбошимизнинг ижод аҳлига катта ҳурмати ва ихлоси мажлис давомида, айниқса, сезилиб турди. Кўпчилик шоир, адиб, олим, рассом, бастакор, актёр, режиссёр, хонанда, созанда, муҳаррирларни анчадан буён яхши билиши, фаолияти, асарлари, ижодий имкониятларидан  яхши хабардорлиги, номларини тутиб мурожаат этиши, “ўртада бегона йўқ”лигини таъкидлаб бориши  иштирокчиларга хуш келди. Йиғилишда баландпарвоз гаплар бўлмади, лекин иштирокчилар хоҳиши билан қарсаклар кўп бўлди. Ахир ўзингиз ўйланг, ижодкор ёшлар пропискаси ҳал бўлажаги, қалам ҳақи ошажаги, айрим чегириб қолишларга барҳам берилажаги, ижодий жамоаларга муҳташам бинолар ажратилиши, моддий-техник шарои­т­и яхшиланажаги, иқтисоди бақувват ташкилотлар ҳомийлиги йўлга қўйилиши, қатор имтиёзлар тилга олинганида, атоқли адиб, олим, санъаткор шаънига айтилган дил сўзларни, кўрсатилаётган ғамхўрликни эшитиб тўлқинланмай, олқишламасдан бўладими?!

Маърузани эшитган, ўқиган ҳар бир ижодкорда унинг мазмуни, моҳиятини кенг, теран англаш, ғояларидан илҳомланиш, доимий изланиш, интилиш истаги жўш урди. Айтилган сўз ижроси қандай бўлиши кераклигини давлатимиз раҳбаридан ўргансак арзийди: эртасидан бошлаб чиққан бири биридан муҳим қарор ва фармонлар, ўтказилган тадбирлар…

Булар — сўз ва иш бирлигига ажойиб мисол. Мазкур учрашувдан руҳланиб, мен ҳам Президентимизнинг Сурхондарё ва Навоий вилоятларидаги Халқ қабулхоналари фаолиятидан туркум мақолалар ёздим, 500 дан ортиқ асар (мақола, дарслик, луғат, таржима, газета, журналлар) муаллифи, 14 тилни билган, қатағон домига тушиб кейин оқланган самарқандлик мутафаккирга бағишлаб бир тўплам тузишда, ҳужжатли фильм, сценарий ёзишда, илмий-конференция ўтказишда иштирок этдим, янги китоб нашр эттирдим…

— Сиз билан суҳбатлашган инсон болаларча беғуборлик, самимият туяди. Кўринишингизга қараб ҳеч ким сизга саксон ёш бермайди. Болалик ҳақида сўз очилган экан, мактаб ва ёшлик давридаги хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз…

— Болалигимиз оғир йилларга тўғри келган. Отам урушнинг иккинчи йили бошларидаёқ фронтга кетган, отлиқ кавалерияда хизмат қилган, ноябрь ойида Сталинград остоналаридаги жангда ҳалок бўлган. Энди бир-бир қадам ташлаб йиқилаёзганимда тутиб қолиб эркалагани, Булунғурнинг Оқтепа деган жойида отда машқ қилишаётганида ойим, опам, укам билан бориб кўрганимиз эс-эс ёдимда.

Бир умр отам дийдорини қўмсаб ўтдим. Онажоним ёш бева қолиб, ўзини уззукун меҳнат билан овутиб, аёллигини унутиб, уч фарзандини кипригида катта қилган. Ҳар гал Абдулла Ориповнинг “Аёл” шеърини ўқиганимда хаёлимда онаизорим сиймоси гавдаланади, кўзимга ёш қалқийди. Отамнинг номи Мустақиллик майдони айвонидаги “хотира китоби”да нақшланган. “Дорилфунунлар тақдиримда” китобимни ота-онамнинг ёрқин хотирасига бағишлаганман. Уруш тугаган йили биринчи синфга борганман. Эсимда: биринчи ва иккинчи синфлар бир хонада ўқишарди, муаллимимиз қора доскани бўр билан тик иккига бўлиб, “чап томони биринчи, ўнг томони иккинчи синфлар учун”, дерди. Қизиқишим яхши бўлган шекилли, иккинчи синф учун берилган саволларга ҳам қўл кўтариб жавоб берардим. Учинчи синфда ўқитувчи Ғани тоғамнинг карточкасига нон олиш учун пиёда тўрт чақирим йўл босиб Челакка борганимни ҳисобга олмаганда бир марта ҳам дарсдан қолмаганман. Ойим ҳар куни латтадан тикилган папкамга (агар папка дейиш жоиз бўлса) битта нон солиб қўярди. Қайтишда ердим, мазаси, таъми ҳали унут бўлгани йўқ. Буғдой ўрилган майдонларда машоқ териб, “гулдаста” қилиб уйга олиб келардик, мол боқардик. Жамоа хўжалиги ишига қарашганимга ярим меҳнат куни ёзиларди. Ўша вақтлар ғўза “оқсой” деган оддий техника воситасида озиқлантириларди. Ёши катта одамнинг узун “коса”сига ўғит тўлдириб берардим, “оқсой”нинг қўш дастагини ушлаб эгатнинг нариги бошига бориб келгунича китоб ё газета ўқишга тутинардим. Ўқишга иштиёқимиз кучли эди-ю, китоб кам эди. Қишлоққа концерт, кино келиши катта воқеа ҳисобланарди. “Тоҳир ва Зуҳра” қўшни қишлоқда қўйилишини эшитсак, эринмай борардик…

— Сайди ака, инсон ҳаётда иккита дорилфунунни тамомлаши керак дейи­шади: бири олий ўқув юрти бўлса, иккинчиси — ҳаёт мактаби. Бой ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида бу фикрга қандай қарайсиз?

— Катта ёшли ҳар бир инсон умри бир неча дорилфунунда кечади, тобланади, деб ўйлайман. Энг биринчи дорилфунун — оила, ота-она, қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, мактаб… Ҳарбий хизмат, ўқув юрти, иш — ҳар бири бир университет. Мен Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқидим, таниқли олимлардан сабоқ олдим, устозларим тавсияси билан пойтахтга келиб, “Фан” нашриётига ишга кирдим, эллик саккиз йилдирки, тошкентликман. Фанлар академиясида саккиз йил ишладим, ўқидим, илмий даражали, уйли-жойли бўлдим, умримнинг салкам ўттиз йили — куч-ғайратга тўлган дамлари Тошкент давлат университети  (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида кечди. Йигирма йилдирки, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида таълим бераман. Ҳар икки факультетда деканлик қилдим, кафедра бошқаришга ҳам тўғри келди. Журналист талабаларга ҳамкасбларим қатори сабоқ бераётганим, Навоий бобомиз айтганидек, ранж билан бир ҳарф ўргатаётганимга нақ эллик йил тўлибди. Бу айтишга осон. Ҳамкасбларим “журналистларга сабоқ беришда Гиннес рекордчисисиз”, дея ҳазиллашиб, кўнглимни кўтаришади. Дорилфунунлар дорилфунуни — ҳаёт. Шунча йил умр ато қилгани, ҳаёт дорилфунун бўлиб сабоқ бераётгани учун Яратганга беадад шукрлар, ҳамду санолар айтаман.

— Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров сиз ҳақингизда ёзган мақоласида  “у инкор этувчи эмас, тасдиқловчи, табиати, тийнатидан келиб чиқиб тасдиқлаш орқали тасдиқловчи ижодкорлар сирасидан”, деганди…

— Бахтиёр Назаров адабиёт каҳкашонида порлаб кўзга ташланди, академиямизнинг мухбир, кейин ҳақиқий аъзоси, кенг қамровли олим бўлди. Салмоқли китоблар, мақолалар чиқарди, шогирдлар тайёрлади, масъул лавозимларда ишлади. Ўтган йили “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонига сазовор бўлди. Бахтиёр Назаров тасдиқловчи, кашф этувчи, асардан, ижодкордан нур қидирувчи ва топувчи, қўлидан келган ёрдами, маслаҳатини аямайдиган олижаноб инсонлар тоифасидан. Тасдиқлаш орқали бевосита, инкор этиш орқали билвосита тасдиқлаш, деган иборани энг аввал  кўпчилигимизнинг устозимиз, академик Матёқуб Қўшжонов айтган, мисоллар билан исботлаган эди. Қай усул, услубни танлаш — мунаққиднинг ижодий йўналишига, шахсиятига, материал характерига, яна бошқа сабабларга боғлиқ бўлса керак.

Ўзимни сағир сезиб, синиқроқ ўсганим, илиқ сўз ва муносабатга интиқ бўлиб, яхшилик­лар кўриб яшаганим учунми, қўлимдан келганча ишим, тилим, дилим билан яхшиликлар қилишни, нурли одамлар, ёруғ воқеа­ларни қаламга олишга интилиб яшаяпман. Академик Бахтиёр Назаров шуни назарда тутгандир балки…

— Ижодда қайси мезонларга таянасиз? Сизни ёзишга, ижод қилишга нима илҳомлантиради ё ундайди?

— Публицистикада таянадиган мезонларимдан айримлари — ҳаётийлик, ҳаққонийлик, самимийлик. Бир китобда ўқигандим: разведкага юбориладиган аскар мудом уч хил хабар олиб қайтар экан – “кўрдим”, “эшитдим”, “тахмин қиламан”. Журналист, публицист қавми ҳам бамисоли разведкачи. Кўрганини кўрдим деб айтиши, ёзиши керак, лекин минбаъд эшитгани, тахмин қилганини кўрдим демасин, уйдирмага йўл қўймасин. Қаламга олган инсонларнинг аксариятини кўрганман, билганман, мулоқот қилганман, шахсиятидан хабардорман. Жиндай беозор, безарар бадиий тўқима қўшганим  —
таомга иштаҳа очиш учун мурч сепилгандай. Қаламга олишга ундайдиган нарса, ҳодиса кўпинча кутилмаганда ё бирор китоб ўқиганимизда, қандайдир воқеанинг гувоҳи бўлганимизда ёки бўш қолганимизда келиб қолади, ёзишга рағбат уйғотади. Мен учун ҳам қийини — илк жумла, мос оҳанг, хос сарлавҳа топиш. Сарлавҳа кўпинча мате­риалдан, матннинг ичидан чиқади, фольк­лор намуналари, мақол, матал, ҳикматли сўзлар кўп асқотади.

— Сизни нафақат публицист, балки адабий жараёнлардан теран хабардор, тажрибали ва маҳоратли мунаққид сифатида ҳам яхши биламиз. Бу йўналишда ҳам сермаҳсул ижод қилиб келяпсиз. Бугунги кунда адабий-танқид йўналишида ижод қилиб келаётган ёш мунаққидлар ижодидан кўнглингиз тўляптими?

— Мен кўпчилик публицист, адабиётшунос, мунаққидларнинг бириман. “Теран хабардор, тажрибали, маҳоратли” каби маҳобатли мақтовларнинг ўз эгалари бор. Ўн чоғли китоб, 500 атрофида мақола, тақриз, очерк, эссе, тадқиқот, таржима, киносценарий, эфир, экрандаги чиқишлар, тўпловчилик, муҳаррирлик — ярим асрдан ортиқ ижод маҳсулим. Булар — оз. Кўп асар яратган, қўш-қўш китоблар чиқараётган сермаҳсул ижодкорлар бор. Лекин бир нарса тасалли беради, қувонч бағишлайди: маданиятимиз, илмимиз, таълимимизга сидқидилдан хизмат қилаётган, эл-юртга таниқли қанчадан-қанча инсонларга, ўз вақтида, ҳамкасбларим қатори Навоий бобомиз айтгандек, бир ҳарф ўргатганимдан фахрланаман, уларнинг ютуқларидан қувонаман. Ҳозир истеъдодли адиб, шоирлар кўп, “шеър” ижод қилувчилар, “ёзувчи”лар ҳам анчагина. Сохта олимлар ҳам топилади, бир мақола ёзиш учун ўнлаб китоблар ўқийдиган, ҳаётни синчиклаб кузатадиган, билимдон ёш мунаққидлар ҳам бор, уларнинг сони кўпайиб бормоқда, фақат исм-шарифларини келтиришдан тийилиб турганим маъқул, негаки улар ичида ортиқча иззатталаблари бўлса, Абдулла Қаҳҳор айтганидай, “нега мен кўмир олувчилар рўйхатида фалончидан кейин қўйилибман”, “нега камина тилга олинмабди” қабилида
гинахонлик қилишларидан чўчийман.

— Сайди ака, узоқ йиллардан буён талабаларга журналистиканинг сир-
асроридан сабоқ бериб келяпсиз. Бир нечта авлод қаламкашларининг, бугун шу соҳада фаолият кўрсатиб келаётган таниқли публицист, радиобошловчи, телебошловчи, сухандонларга устозсиз. Ана шу шогирдларингизнинг фаолиятидан бугун қанчалик кўнглингиз тўлади? 

— Гап ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида яқин йилларда ўқиган, ҳозир ўқиётган талабалар ҳақида бораётган бўлса, уларнинг икки-уч тилни, айниқса, инглиз тилини яхши билиши, хорижий адабиётлардан дуруст хабардорлиги, компьютер билан тиллашиши, Интернетни “титкилаши”, мия деб аталмиш “завод”га хомашё ғамлаши каби жиҳатларини эътироф этиш мумкин. Нуқсонларига келсак, рус тилидан сал нўноқлиги, она тилининг бойлиги, софлиги учун етарли қайғурмаётгани, амалиётини ошириш, қўлёзмалари устида қайта-қайта ишлашдан эриниш, илмий ибора билан айтганда, “интеллектуал салоҳиятини реализация қилиш”га қаттиқ киришмаётганлигини ҳам айтмасам бўлмайди. Спортга, хусусан, футболга қизиқишим баландлиги боис телеканалларимиз орқали намойиш этиладиган спорт шарҳларини мунтазам кузатиб бораман. Улар орасида Хайрулла Ҳамидовнинг фаолиятига бефарқ эмасман. Унинг билимдонлиги, топқирлиги, юмор туйғуси, “теша тегмаган” шарҳлари… Умуман олганда, нафақат ёшлар, тажрибали ижодкорлар ҳам ўз фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаслиги керак, чўққига чиқаётган киши пастга қараса, боши айланади, “энг яхши асарим ҳали олдинда”, деб меҳнат қилавериш керак.

— Тажрибали журналист, публицист сифатида бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгариш­лар жараёнида журналистларнинг вазифаси нималардан иборат бўлиши керак, улар жамиятимиздаги қайси муаммоларни кўтариб чиқиши лозим, деб ҳисоблайсиз?

— Ҳар бир давр журналистлар олдига замон талабларига мос, янги вазифалар қўяди. Масалага глобал ёндашадиган бўлсак, мамлакатимизни нафақат Осиё, балки жаҳоннинг ривожланган мамлакатига айлантириш йўлида бетиним ҳаракат қилаёт­ган Президентимиз ёнида туриш, Ватанга муҳаббатимиз, садоқатимизни бетакрор сўз, оҳанг, рангларда тараннум этиш,  2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга ҳисса қўшиш — ҳар биримизнинг бурчимиз.

— Яқинда нашр этилган китобингизни “Сеҳрли ва меҳрли сўз” деб номлагансиз. Сўзнинг меҳри ва сеҳрини нималарда кўрасиз? 

— Сўз нафақат сеҳрли, меҳрли хилқат, уни эъзозласангиз, авайласангиз, у ҳам сизни
эъзозлайди, авайлайди, қадрингизни кўтаради. Сўз айни чоғда қаҳрли, хатарли хилқат, унинг ботинида Иброҳим Ғафуров айтганидек, катта энергия бор. Тузувчи ҳам, бузувчи ҳам сўз, бунга мисоллар кўп. Физикада марказдан қочма куч, марказга интилувчи куч, деган қонун бўлганидек, қалбга интилувчи сўз, қалбдан қочувчи сўз бор, бу аввало маҳорат, топқирликка боғлиқ. Электр токидан эҳтиёт бўлгандай, сўз қўллашда ва мулоқотда ҳам эҳтиёткорликка риоя қилмоқ даркор.

— Ҳаётда ҳар бир кишининг ишдан ташқари қизиқишлари, севган машғулотлари бўлади. Замонавий тилда у “ҳобби” деб аталади. Сизнинг ҳам ана шундай ёқтирган машғулотингиз борми?

— Ҳоббим — футбол ва шахмат. Бири танамга тетиклик бахш этади, бири ақлни пеш­лайди. Энг қулай, арзон, ҳамма биладиган, лекин кўплар амал қилмайдиган ҳобби — пиёда юриш. Етмиш икки томирим ҳаракатга келсин деган одам, пиёда юрсин…

“Milliy tiklanish” мухбири
Шаҳзод ҒАФФОРОВ суҳбатлашди.  

 

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг