Саломатлигимиз ўз қўлимизда

0
35

Остеохондроз — умуртқа поғонаси хасталиги. Асосан бўйин, кўкрак, бел ва думғаза суякларида кузатиладиган бу касалликнинг пайдо бўлишига умуртқага юкламани нотўғри тақсимлаш, ноқулай вазиятда узоқ ўтириш, белдаги жароҳатлар сабаб бўлиши мумкин.

Хасталик фақат ўтириб ишлайдиган соҳа вакилларидагина эмас, балки жисмоний иш билан шуғулланадиган спортчиларда ҳам кузатилади. Бундан ташқари, остеохондроз ривожига модда алмашинуви бузилиши, магний, рух, D витамини ҳамда микроэлементлар етишмовчилиги ҳам сабаб бўлади. Қайси умуртқа суяклари ҳаракатчан бўлса, ўша ерда хасталик келиб чиқиши эҳтимоли кўпроқ. Айниқса, бел-думғаза ва бўйин соҳасида остеохондроз кўп кузатилади.

Оғир юк кўтарганда, эгилганда оғриқ кузатилса ва бу мунтазам тус олса бўйин шишади. Остеохондрознинг асосий белгиси — оғриқ. Бунда қўл, бўйин соҳаси ва ҳатто кўкрак қафаси ҳам оғриши мумкин. Шу боис баъзан бемор ўзини юрагим оғрияпти, деб ўйлаб янглишади. Бемор оғриқ билан бирга кучли зўриқишни ҳам ҳис қилади. Айрим ҳолларда бош оғриғи, қулоқларда шанғиллаш кузатилиши мумкин.

Остеохондроз касаллигига ташхис қўйишда невролог ва вертеб­ролог (умуртқа поғонаси касалликларини аниқловчи ва даволовчи мутахассис) шифокорлар кўригидан ўтилади. Бунда умуртқа поғонаси суякларининг умумий ҳолати ўрганилиб, рентген, магнит-резонанс томографияси текширувлари ўтказилади. Шифокор кўрсатмаси ҳамда таҳлил натижаларига кўра, касаллик ҳолати аниқланиб, тегиш­ли муолажа тури танланади. Булар оғриқни қолдирувчи, яллиғланишга қарши дори-дармонлар, физиотерапия муолажалари ҳамда даволаш гимнастикаси  кўринишида амалга оширилади. Оғриқ хуруж қилган вақтда иссиқ ванна қабул қилиш, уқалаш муолажалари тавсия этилмайди. Бу оғриқнинг зўрайишига олиб келиши мумкин. Бундай пайтда ҳаракатни чеклаш ва қаттиқ ўринда ётиш керак.

Остеохондрозни даволаш инсондан узоқ вақт ва сабр талаб қилади. Мануал терапия ва гимнастика машқлари орқали ушбу касалликдан халос бўлиш мумкин. Касалликка чалинмаслик учун мактаб партасидаёқ тўғри ўтиришни ўрганиш, жисмоний тарбия билан кўпроқ шуғулланиш, парҳезга риоя қилиш, витаминли
таомлар, таркибида калций ва магний мўл маҳсулотларни, хусусан, балиқ ва денгиз маҳсулотлари, карам, ёнғоқ, писта, нўхат истеъмол қилиш, юк кўтарганда оғирликни иккала тарафга тенг тақсимлаш ҳамда ортиқча вазнни йўқотиш талаб этилади.

Ш. ВОҲИДОВ тайёрлади.

 

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг