Инновацион лойиҳалар қўллаб-қувватланади

0
24

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2017 йилда Парламент ҳузуридаги Жамоат фонди “учинчи сектор” субъект­ларининг 260 дан ортиқ дастур ва лойиҳаларига Давлат бюджети ҳисобидан 12,7 миллиард сўм маб­лағ ажратган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, ёш авлодни тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган 5 минг 700 дан ортиқ турли тадбирлар ташкил этган. Бунинг натижасида 439 фуқаронинг бандлиги таъминланган.

— Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш,  айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий фаоллигини юксалтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланган, — деди Парламент комиссияси аъзоси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир
Ши­ринов. — Шундан келиб чиқиб, жорий йилда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг дастур ва лойиҳаларини янада кенг қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 17,7 миллиард сўм маб­лағ йўналтириш кўзда тутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 1,4 баробар кўп демак.

Йиғилишда парламент комиссия­си аъзолари “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларга асосан 5 давлат гранти танлови мавзулари,  йўналишлари, давлат органларнинг ижтимоий буюртмалари доирасидаги лойиҳаларни танлов асосида молиялаштириш, давлат субсидияси шаклида йирик жамоат ташкилотларининг устав фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳа­ж­м­­ларини муҳокама қилди. “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ННТларнинг инновация лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор  қаратилади.

Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва соғлом этиб тарбиялашга, уларда тадбиркорлик, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятни шакллантиришга кўмак­лашиш мавзусида алоҳида танлов ташкил этилади. Айниқса, жойларда уюшмаган ёшларнинг қизиқиши, ҳоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда фуқаролар ташаббускор гуруҳлари  тузган ННТларнинг инновация лойиҳаларини молия­лаштириш қўллаб-қувватланади.

Бу жараёнда жамиятда юксак ҳуқуқий тафаккурни, инсон ҳуқуқлари маданиятини, жамоатчилик назоратининг инновацион шакл ва механизмлари,  ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа инс­титутларининг фаол иштироки, хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб этилиши муҳим аҳамиятга эга. Қайд этилганидек, ННТларнинг мазкур йўналишлардаги лойиҳаларига давлат грантлари шаклида 6 миллиард 550 миллион сўм маблағ ажратилади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, айниқса, ногиронлиги бўлган ёшлар соғлиғини реа­билитация қилиш шарт-шароит­ларини янада яхшилашга кўмак­лашиш, аҳолининг экологик маданиятини, фуқаро муҳофазаси соҳасида билим ва кўникмаларини юксалтириш, миллатлараро ва конфессиялар­аро ҳамжиҳатликни, яқин қўшничиликни, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли халқаро алоқаларни мустаҳкамлашда давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтиришга 3 миллиард сўмлик давлат ижтимоий буюртмалари тақдим этилади.

Парламент комиссияси аъзолари йирик жамоат ташкилотларининг устав фаолиятини давлат субсидияси шаклида қўллаб-қувватлашга 8 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратди. Булар ҳисобидан Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Давлат дастурини амалга оширишда фуқароларнинг ташаббускор гуруҳлари томонидан тузилган ННТларни уюштириш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, аҳолининг долзарб масалаларини ҳал этишда ижтимоий шериклик самарадорлигини юксалтириш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, тизимли жамоатчилик мониторингини олиб бориш, маҳаллий ва халқаро жамоатчиликни кенг хабардор қилиш ишлари кучайтирилади. Маҳаллий ва халқаро даражадаги турли конференциялар, форум, брифинг, матбуот анжуманлари, жамоатчилик муҳокамалари, ижтимоий сўровлар ўтказилади ҳамда телерадиороликлар, инфографик клиплар ва бошқа турли ахборот материаллари тайёрланади.

Бир сўз билан айтганда, 2018 йилда давлат томонидан ННТ ва ОАВнинг 280 та дастур ва лойи­ҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишда мингдан ортиқ фуқаролик жамия­ти институтлари иштирокини таъминлаш белгиланди.

Парламент комиссияси бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг