Миллий драматургия: Муаммолар ечими нимада?

0
50

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиё­лилари вакиллари билан ўтказган учрашувида театрлар репертуарларини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ижодий уюшмалар биргаликда бугунги кун нафаси, одамларни ўйлантираётган ижтимоий муаммолар ўз аксини топган саҳна асарларини яратишни ташкил этиш бўйича аниқ таклиф ва дастурлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ Маданият вазирлигида таниқли ёзувчилар ва тажрибали драматурглар иштирокида “Миллий драматургия: муаммо ва ечим” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва бошқалар маданият ва санъатимизни янада ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар, миллий драматургиямиз ютуқ ва камчиликлари, уни давр талаби даражасида равнақ топтириш доимий эътиборда бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлади.

— Давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида театрлар фаолияти билан яқиндан танишиб, биноларини реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, энг замонавий саҳна жиҳозлари, техник ускуналар билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратмоқда, — дей­ди Ёзувчилар уюшмаси драматургия кенгаши раи­си Шуҳрат Ризаев. — Айни пайтда юрт равнақи йўлида самарали ва фидокорона меҳнат қилаётган, ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатувчи замон қаҳрамонларини самимий, ёрқин, ҳаётий образлар орқали акс эттирадиган, томошабинлар қалбидан чуқур жой олувчи бадиий баркамол саҳна асарларини яратадиган ижодкорлар, театр фидойилари, драматург ва режиссёрлар, саҳна рассомлари ва ижрочиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш борасида тизимли амалий чора-тадбирлар ҳаётга кенг жорий этилаётир.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугун халқимизга етук, бадиий мукаммал асарларни тақдим этиш учун барча шарт-шароит яратилгани ҳолда аксарият театрлар репертуари ҳали ҳам талаб даражасида эмас. Бу драматурглар ва режиссёрларнинг ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани билан бевосита боғлиқдир.

Шунингдек, янги спектакллар яратишда қалами ўткир ижодкорларнинг салоҳиятидан кенг фойдаланиш, янги саҳна асарини тайёрлашга театр жамоаси, олимлар, ёзувчиларнинг фикрига таяниб ёндашиш, олий таълим даргоҳларини тамомлаётган ёшларни театрларга кенгроқ жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида ёзувчилар, драматурглар ва иштирокчилар соҳани янада ривожлантириш, мавжуд камчилик ва муаммолар, келгусидаги вазифалар хусусида ўзаро ижодий фикр алмашдилар.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг