“Куйласа — чолғуси бир, йиғласа — қайғуси бир”

0
47

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қисқа муддат ичида қўшни давлатлар билан бўлган муносабатлар тубдан ўзгарди. Бугунги кунда Марказий Осиёда интеграциялашув жараёнларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун янги имкониятлар очилди. Мамлакатимизнинг минтақа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, барча муаммоли масалаларда оқилона муросага эришиш, барқарор ривожланиш учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратишга қаратилган ташқи иқтисодий сиёсати ҳам бунга хизмат қилмоқда.

Хусусан, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, анъанавий яхши қўшнилик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатлар ҳар икки халқ манфаати йўлида изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон — Тожикистон муносабатларида туб бурилишлар рўй берди. Икки томонлама алоқалар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ижтимоий-маданий соҳаларда изчил ривож топиб бораётир.

Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги ҳамрозлигу дўстлик кўҳна тарихимизнинг олтин зарварақларига битилган.

Зеро, азалий қардош бу икки халқ қадимдан бир заминда ёнма-ён яшаб, моддий ва маънавий бойликлар яратиб келган, ёвнинг тажовузига қарши бақамти курашган, турмуш аччиқ-чучукларини биргаликда тотишган. Тақдирдошлик, ҳамзаминлик уларнинг турмуш тарзи — тўй-томошаси, урф-одати, эътиқоди, касб-кори-ю либосини ҳам муштарак қилган.

Ана шу ҳамкорлик, айниқса, адибларимиз ва олимларимиз фаолияти, икки халқ тарихига доир асарларда яққол кўзга ташланади. Чунончи, Панжакентдан топилган ҳужжатлардан бирида (VIII асрнинг биринчи чораги) турк йигити Уттегеннинг тожик қизи Дугдончага уйланиши тафсилоти битилган.

Марказий Осиёда қадимдан бирга яшаб келаётган форсигўй ва туркийзабон халқлар ўртасидаги адабий, илмий-маданий яқинлик азалдан мустаҳкам. Абдураҳмон Жомий билан Алишер Навоий ўртасидаги маънавий бирлик, устоз-шогирдликни олимларимиз ўзбек ва тожик адабий ҳамкорлигининг олтин чўққиси, деб атайди. Чунки Жомий ўз шогирди Навоийни ҳамиша руҳан қўллаб-қувватлаган, унинг маслаҳат ва хоҳишларини бажонидил қабул қилган.

Жомийнинг деярли барча асарида Навоий таърифига бағишланган тавсифлар мавжуд. Уларда улуғ ўзбек шоири беқиёс истеъдод соҳиби, сўз заргари, илм-фан аҳли, халқ ғамини ейдиган одил давлат арбоби сифатида таърифланади. Хусусан, биринчи девони “Фатиҳат — уш шабоб” дебочасида Навоийга “уни халқ севгани учун таърифга сиғмайди”, деб баҳо берган бўлса, “Ҳафт авранг”да Навоий “Хамса”сини форсий тилда ижод этган барча хамсанависларнинг асарларидан юксак, деб баҳолайди.

Зайниддин Маҳмуд Восифий Жомий ва Навоийнинг назари тушган, беназир ўзбек шоирининг мададидан баҳраманд бўлган форс-тожик адибидир. Ўн икки яшарлигидаёқ Навоий муаммо ечишдаги қобилиятини тан олган Восифий кейинчалик “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида устози хусусида кўп илиқ гаплар  айтган, Навоий ҳақидаги халқ китобларини тўплаган.

Восифий тожик-ўзбек адабий-маданий ҳамкорлиги тарихида муҳим ўрин тутади. Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, Восифий ўзбек хонадонига яқин бир киши бўлган, умрининг қарийб 20 йилини Тошкентда ўтказади. У Тошкент ҳокимлари Келдимуҳаммадхон ва Наврўз Аҳмад саройида ишлайди, муаллимлик қилиб, ўнлаб ўзбек фарзандларига китобат санъати, бадиий ижод сирларини ўргатади, шеърият анжуманларига раҳбарлик қилади. У “Бадоеъ ул-вақоеъ” таркибидаги ўзбек тилидаги ғазалларни Тошкентда яшаган пайтида ёзган.

Восифийга Тошкент иккинчи Ватан бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам у бу кўҳна шаҳарнинг боғу роғларига бағишлаб қасидалар битган, халқнинг турмуш тарзи, касб-кори, маданияти, мусиқа ва тасвирий санъати, меъморчилиги ҳақида тўлқинланиб ёзган. Таниқли шарқшунос, тарих фанлари доктори Бўрибой Аҳмедовнинг аниқлашича, Восифий Шайхонтоҳур қабристонига қўйилган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абулғози Баҳодирхон асарларида ҳам ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги ҳамкорлик ва яқинликка доир далиллар мавжуд. Мумтоз шоир, олим ва давлат арбоби Бобур ўзининг мемуар асари — “Бобурнома”да Ўрта Осиё ва Хуросондаги тожиклар яшайдиган шаҳар ва манзилгоҳларни ҳам алоҳида таърифлайди.

Таниқли олим ва давлат арбоби, Хива хони Абулғози Баҳодирхон (XII аср) ўзининг
Хуросон ва Мовароуннаҳр халқлари тарихини ўрганишга бағиш­ланган “Шажараи тарокима”, “Шажараи турк” асарларида бошқа халқлар қатори тожик тили ва тарихига доир қимматли фикрлар баён этган. Умуман Абулғозининг тарихий асарлари Ўрта Осиё халқларининг этнографияси ва тарихини ўрганишда камёб манбалардан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, ўзбек адибининг тожик халқи ҳаётини тасвирлашга интилиши, тожик ижодкорининг ўзбек халқи ҳаётини ўз асарларида акс эттиришга мойиллиги қадимий анъанадир. Ана шу анъана XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларига келиб янада кучаяди. Бу давр ҳар икки халқ ижод аҳли орасида руҳий муштараклик, ғоявий бирликнинг турли қирраларини кузатиш мумкин. Аҳмад Дониш, Комил Хоразмий, Тошхўжа Асирий ва Фурқат ижодидаги адолатпешалик, маърифатпарварлик, илғор илм-фан, таълим усулини тарғиб этишда умумийлик бор. Фурқат, Муқимий, Завқий, Боқий Риштонийнинг Хўжанд адабий муҳитининг забардаст вакиллари Фахрий Румоний, Тошхўжа Асирий, Нозим Хўжандий, Файёз Хўжандий, Зуфархон Жавҳарийлар билан бевосита ижодий ҳамкорликлари, бир-бирларига битган шеърий мактублари бунга яққол мисол бўла олади.

Бу қутлуғ анъана кейин ҳам турли авлодга мансуб ижодкорлар томонидан давом эттирилмоқда. Абдулла Қодирий ва Садриддин Айний, Ғафур Ғулом ва Мирзо Турсунзода дўстлиги бунинг ёрқин далилидир. Уйғун, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Барот Бойқобиловнинг шеърларида тожик халқи ҳақида ҳароратли фикрлар мавжуд. Тожик ёзувчиларидан Жалол Икромий, Фотиҳ Ниёзий романларида, Фазлиддин Муҳаммадиевнинг “Муҳожирлар” ҳамда “Кўҳна одамлар” қиссасида, Ҳасан Ирфоннинг “Косиблар кулбаси” романи, Ҳабибулло Назаровнинг “41-баландлик” қиссасида ўзбек халқи вакиллари образлари зўр маҳорат билан тасвирланади.

Ўзбек-тожик маданий, адабий алоқаларини И.Брагинский, Э.Шодиев, С.Воҳидов, А.Сайфуллоев, М.Бақоев каби адабиётшунослар ўрганган. Лекин тожик шоирларининг ўзбек тилидаги, ўзбек ижодкорларининг тожик тилидаги асарларини ҳар томонлама мукаммал тадқиқ этиш ва нашр қилиш, ҳар икки халқ олимларининг бир-бирлари тарихи ҳақидаги фикрларни, адиблар ижодида шу халқлар фарзандлари образининг яратилишини ўрганиш ҳамон галдаги вазифа бўлиб келмоқда. Икки халқ адабиётшунослари бу мавзуларни биргаликда ўрганиб, илмий рисолалар яратса, хайрли иш бўларди. Бу эса азалий ҳамрозлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз. Икки халқ ўртасидаги алоқаларнинг бугунги янги босқичи бунга ҳар томонлама имкон беради.

Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик азалий ва абадийдир. У замонлар тўфони-ю даврлар бўронида тобланган, асрлар синовига бардош берган. Унга ҳеч қандай куч раҳна сола олмайди. Чунки уларнинг “Куйласа — чолғуси бир, йиғласа — қайғуси бир”. Биз бугун ана шу улуғ дўстликнинг ворислари сифатида уни ҳамиша юрак тўрида сақлашимиз ва янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоғимиз зарур.

Ҳамиджон ҲОМИДИЙ,
филология фанлари доктори,профессор

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг