Ташаббуслар натижа беряпти: лекин муаммолар ҳам йўқ эмас

0
16

Жамият тараққиётини янги босқичга кўтариш, одамлар шароитини тубдан яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда сиёсий партияларнинг етакчи куч сифатида майдонга чиқиши асосий омил ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар фаолияти танқидий таҳлил қилинганди. Шундан келиб чиққан ҳолда ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши ўтган йилда фаолиятини жонлантириш, муайян ташаббусларни амалга оширишга ҳаракат қилди.

Вилоятда “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида партия ташкилотлари ўтказган ўрганишлар жараёнида фуқароларнинг қатор муаммоларига ечим топилди. Сайёр қабул ва очиқ мулоқотлар ҳам аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилди.

— 2017 йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига партиямиздан сайланган депутатлар жами 287 депутатлик сўровини  амалга оширди, юзга яқин мансабдор шахснинг ҳисоботи тинг­ланди, сессияларга 31 ташаббус-масала олиб чиқилиб, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди, — дейди ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Сайфулла Махматмўминов. — Сайёр қабуллар давомида аҳолидан келиб тушган 150 дан ортиқ  мурожаатнинг юзга яқини ўз ечимини топди. Амалга оширилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар вилоятимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кўмаклашиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга ҳисса бўлиб қўшилаётир.

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари айниқса, ҳудудларни ободонлаштириш, туризмни ривож­лантириш, маданий мерос объектларини ўрганиш ва муҳофаза қилиш, таълим сифатини яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, йўл, сув, электр энергияси, газ, ижтимоий таъминот, бандлик соҳаларида учраётган муаммоларни бартараф этишда фаоллик кўрсатгани эътиборга молик. Бунда аҳоли билан очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар муҳим ўрин тутди. Масалан, очиқ мулоқотлар давомида фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари тингланиб, яқиндан ўрганиб чиқилди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти жойида, қолганлари мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиши натижасида ҳал этилди. Ўз ечимини топмаган мурожаатлар юзасидан депутатлик назорати ўрнатилди.

— Сайёр қабул ва очиқ мулоқотларда фуқаролар нафақат ўз муаммолари, қолаверса, ҳудуддаги камчиликларни ҳам бартараф этиш бўйича мурожаат қилмоқда, — дейди партия вилоят кенгаши етакчи мутахассиси Акром Тўлаганов. — Баъзи узоқ қишлоқларда автобус қатновини йўлга қўйиш, ичимлик сувини яхшилаш, спорт майдончалари ва маданият уйларини қуриш юзасидан келиб тушган таклифлар аҳолининг ҳуқуқий онги, маданияти ва дунёқараши юксалиб бораётганини кўрсатади. Фуқаро мурожаатларини ўрганиш қайси йўналишда муаммолар кўплиги, нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида муайян хулосага келиш имконини беради. Партия ташкилотлари, депутатлар ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасдан электорат манфаатлари ҳимоясини таъминлашга эришиши зарур. Бу партия хайрихоҳлари сафини янада кенгайтиришга, аҳолининг партияга бўлган ишончи ортишига хизмат қилади.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятида 14 мингга яқин аъзони бирлаштирган 577 бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар орасида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти, Қарши давлат университети ҳамда “Қиш­лоққурилишбанк” АТБ қошида тузилган қуйи бўғинлар ўз фаолиятида партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, бир қатор таклиф ва ташаббус­ларни илгари сурмоқда. Партиянинг мазкур бошланғич партия ташкилотларида аҳоли манфаатига хизмат қиладиган амалий тадбирлар ташкил этиш, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда фаолият юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, Миришкор туманидаги “Қишлоқ хўжалик кимё” АЖ, Помуқ шифохонаси ва “Қумбанги” маҳала фуқаролар йиғини, Чироқчи туманидаги “Меҳнатобод” машина трактор парки, Дурсун ҳамда Оқтош маҳалласи, Ғузор туманидаги “Шўртангазкимё” маж­муаси, “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими қошида тузилган қуйи бўғинлар аҳолининг турли қатламларидан иборат электорат манфаатларини изчил ҳимоя қилишда ўз имкониятларидан тўлақонли фойдалана олмаяпти. Сўнгги пайтларда улар ўз фаолиятларига панжа орасидан қараб, сусткашликка йўл қўймоқда.

— Барча даражадаги партия ташкилотларининг хотиржамликка берилиш, суткашликка йўл қўйиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий йил бошидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик, — дейди партия вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Туйғун Дўстқобилов. — Ҳар бир туман ва шаҳар кенгашларидаги бошланғич партия ташкилотлари ва уларнинг рўйхатини қайта кўриб чиқиб, тартибга келтирдик. Улардаги муаммо ва камчиликлар юзасидан керакли кўрсатмалар берилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар албатта, ўз самарасини бериши шубҳасиз.

Хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг жамият­ даги ўрнини юксалтиришда партия вилоят кенгашининг “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” масъуллари ҳам сезиларли ишларни амалга оширяпти. Жумладан, ҳар бир тумандаги касб-ҳунар коллежида ўтказилган “Биз эрта турмушга қаршимиз” мавзусидаги тадбир ва семинарлар, “Оила мустаҳкамлигини таъминлашнинг долзарб масалалари: муаммо ва ечим” мавзусидаги очиқ мулоқотлар коллеж ўқувчиларини келажакка масъулият билан ёндашишга ундаган бўлса, “Уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка йўналтириш — бугунги куннинг энг асосий талабидир” мавзусидаги амалий тадбирлар давомида мутасадди ташкилотлар кўмагида уч нафар ёшга имтиёзли кредит берилди ҳамда тўрт нафар  йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.

— Икки йилдан буён мутахассислигим бўйича ишга жойлаша олмаётган эдим, — дейди шаҳрисабзлик Нуриддин Ибрагимов. — Партиянинг туман кенгаши Шаҳрисабз қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўтказган очиқ мулоқотда ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Натижада халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши депутати Насиба
Жамолова ташаббуси билан туманимиздаги “Импекс люкс транс” фирмасига ишга жойлашдим.

Туризмни ривожлантириш, сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш партиямиз олдида турган энг асосий масалалар сирасига киради. Партия вилоят кенгаши  бу борада олиб борган ишлар дастурий вазифаларимиз ижросига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Халқ депутатлари Қарши шаҳар ҳамда Шаҳрисабз туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқилган “Ҳудудда экотуризм ва маданий туризм соҳасини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ташаббус-масала, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят бўлими, Қарши давлат университетининг туризм факультети, Қарши маданият ва туризм коллежи, меҳмонхона ва аҳоли дам олиш манзиллари, қўриқхоналар билан ҳамкорликда қатор амалий ишлар олиб борилгани эътиборга молик. “Пресс-тур” лойиҳаси доирасида партия аъзоларининг зиёратгоҳ, тарихий обида ва ёдгорлик мажмуаларига саёҳатлари уюштирилди.

Ташаббус ва ҳаракат бор жойда аниқ натижалар бўй кўрсатади. ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгашининг фаолиятида силжишлар кузатилаётганига  қарамай, муайян муаммо ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Шу боис, партия вилоят кенгаши ўз фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида жойлардаги партия бўғинлари самарадорлигини ошириш, энг илғорларини рағбатлантириш, партия ишида тўпланган ижобий тажрибаларни
оммалаштириш, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларидаги партия депутатлик гуруҳлари амалга ошираётган ишларни тарғиб этиш ва тушунтириш чораларини кўрмоқда.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Қашқадарё
вилоят кенгаши бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг