Инновацион ғоялар ва илғор тажриба: ЎзМТДП Наманган туман кенгаши тажрибаси вилоятда кенг оммалаштирилади

0
25

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилоят кенгаши маҳаллий партия ташкилотлари фаолиятини ўқув-услубий жиҳатдан яхшилаш, ходимларнинг ижтимоий-сиёсий билим ва иш кўникмаларини оширишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари масъуллари, депутатлик гуруҳи аъзолари, ёшлар иштирок этган  “Фаолият самарадорлиги: инновацион ғоялар ва намунавий фаолият” мавзусидаги навбатдаги ўқув-семинарда партия фаолиятига янги инновацияларни жорий этиш, илғор тажрибаларни бошқа туманларда ҳам оммалаштириш, партия ташкилотларининг олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини кучайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.

Семинар “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилди.

— 2017 йилги фаолиятимизда халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи билан ҳамкорликда қатор амалий ишларга қўл урдик, — дейди ЎзМТДП Наманган туман кенгаши раиси Ҳасанбой Холиқов.  — Жумладан, туман Кенгашининг сессияларида партия гуруҳи “Наманган туманида тиббиёт соҳасини жадаллаштириш тўғрисида”ги, “Ўлкашунослик музейини ташкил этиш ҳақида”ги, “Ички туризмни ривожлантириш мақсадида тумандаги мавжуд зиёратгоҳларнинг фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш тўғрисида”ги ҳамда “Тумандаги тўй ва маросимларни тартибга келтириш ҳақида”ги ташаббус-масалаларни киритиб, Кенгаш қарорлари қабул қилинди. Бу билан ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган бир қатор устувор вазифаларнинг туманимиздаги ижросини таъминлашга эришдик.

Семинарда шу йил март ойида бўлиб ўтадиган халқ депутатлари Наманган туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш ва муҳокама учун тайёрланаётган  “Туманда китоб савдоси дўконлари фаолиятини ташкил этиш ҳамда замонавий кутубхона ва кутубхона шохобчаларини очиш тўғрисида”ги масала юзасидан ўрганишларнинг таҳлили ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Партия Наманган туман кенгаши таж­рибасини барча туман ва шаҳар партия ташкилотларига намуна сифатида кўрсатиш, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Интерфаол усулда ташкил этилган ўқув-семинарда партия ҳаётида катта тажрибага эга бўлган депутатларнинг мавзуга доир маърузалари тингланди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг