Халқ талаби — ҳақли талаб: Дўстлик туманида фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди

0
28

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудларда аҳолининг ижтимоий аҳволини ўрганиш, уларнинг кундалик турмушида учраётган муаммо ва камчиликлар билан яқиндан танишиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида мунтазам равишда сайёр қабуллар ташкил этиб келмоқда. Шу каби сайёр қабулларнинг навбатдагиси Дўстлик туманида бўлиб ўтди. Унда ЎзМТДП Жиззах вилоят ва Дўстлик туман кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, ташкилот ва муассасалар вакиллари ҳамда фуқаролар иштирок этди.

Юзма-юз учрашувларда ҳудуд аҳолисидан қирққа яқин мурожаат бўлди. Уларнинг аксарияти таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал соҳа, уй-жой, кадастр, банк-кредит, бандлик, иш ҳақи ва нафақалар билан боғлиқ муаммолар эканлиги аниқланди. Сайёр қабул давомида мурожаатларнинг 12 таси ўз жойида ҳал этилди. Жумладан, Дўстлик туманидаги “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Озода Очилова 2008 йилда туғилган ўғли Шукрулло Бойсуновни даволатиш учун ордер олишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Фуқаронинг сўзларига кўра ўғли беш ёшгача соғлом ўсган. Тўсатдан умуман юролмай, тўшакка михланиб қолган. Шифокорлар болага авж олиб борувчи мушаклар дистрофияси ташхисини қўйган ва бемор ҳар олти ойда даволаниб туриши лозимлигини айтган. Партия кўмагида фуқарога даволаниш учун ордер олиб берилди.

— Мурожаатим эътиборсиз қолмаганидан миннатдорман, — дейди  “Чин­обод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шаҳноза Муҳаммадиева. — Гап шундаки, 9 ёшли фарзандим Азим
Абдуллаевда туғма ногиронлик бор. Уни даволатиш учун бир нечта жойга мурожаат қилдим. Аммо ҳаракатларим бесамар кетди. Бугунги сайёр қабулда ЎзМТДП Дўстлик туман кенгаши раиси Санжар Қуроловнинг ёрдами билан ўғлимни Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида даволатиш учун ордер олишга муяссар бўлдим.

“Саноатчилар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фазилат Абдураҳмонованинг ягона фарзанди —
6 ёшли Диёрбек ҳам қисматнинг аччиқ синовига учраган: шифокорлар унга мукополисахаридоз икки томонлама эшитиш пастлиги ташхисини қўйган. Шунингдек, бемор ҳар 3 ойда бир марта даволаниб турса, бутунлай тузалиши айтилган. Бироқ оиланинг мунтазам даволатишга молиявий имконияти етарли эмас — дорилар анчагина қиммат, оила боқувчиси йўқ. Туман партия ташкилоти бу борада “Соғлом авлод учун” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлимига хат орқали мурожаат қилди. Бу тезда ижобий натижа кўрсатди — фуқарога икки турдаги қиммат дори воситалари етказиб берилди.

Фуқаролик паспорти Ўзбекистон Рес­публикасининг ҳар бир фуқароси учун шахсни тасдиқловчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. ЎзМТДП Дўстлик туман кенгашига фуқаролик паспорти олиш бўйича ҳам қатор мурожаатлар келиб тушган. Жумладан, “Қаҳрамон” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Хуршид Норқуловнинг мурожаатига кўра, пас­портининг амал қилиш муддати 2014 йил тугаган, шунча вақтдан буён фуқаро моддий етишмовчилик сабаб бўлиб пас­портини янгилашга, жаримани тўлашга имкони бўлмаган. Мурожаат атрофлича ўрганилиб, фуқарога жарима миқдори камайтирилган ҳолда паспорт олиб беришда кўмаклашилди. Шунингдек, Умида Шарофиддинова ва Зебинисо Алибекованинг паспорт олиш юзасидан мурожаатлари ҳам қаноатлантирилди. Уларга ҳам жарима миқдори камайтирилиб, фуқаролик паспорти олиб берилди.

“Наврўз” шаҳарча фуқаролар йиғинида яшовчи Ғанишер Шодиёров кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам сўраган. Асли уста-дурадгор бўлган фуқаро ҳунармандчиликнинг “Ёғочдан тайёрланган халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари” фаолият тури бўйича гувоҳнома олди, бизнес режа ҳамда барча ҳужжатлар тўпланиб банкка тақдим этилди. Яқин кунларда фуқарога 20 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилади. Фуқаро маблағни қўлга киритгач, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи. Шу билан бирга, маҳалла марказидаги мактабнинг бўш турган хонаси ихтиёрига топширилган уста-ҳунарманд маҳалладаги уюшмаган ёшларга, мактаб ўқувчиларига ҳунарманд­чиликнинг сир-асрорларини ўргатишни ниятида.

— Фарзандим юрак хасталиги билан туғилган, — дейди “Саритепа” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Наима Қўлдошева. — Уни операция қилдириш учун қўлимиз калталик қилди. Сайёр қабулда фарзандимнинг доимий шифокорлар назоратида бўлишини таъминлаш борасида амалий ёрдам сўрадим. Партия ташкилоти фарзандимга ногиронлик нафақаси тайинланишига кўмаклашди. Шу билан бирга, партия кўмаги билан Тошкент тиббиёт академиясида боламни тиббий кўрикдан ўтказиб қайтдик. Айни пайтда у туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимида шифокорларнинг доимий назорати остида.

Бир сўз билан айтганда, халқ билан очиқ мулоқот, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш партия ташкилотлари фаолиятининг асосий мезонига айланган. Айни пайтда ҳар бир туманда сайёр қабул ташкил қилиниб, аҳолининг қизиқишлари ва муаммолари ўрганилмоқда. Мурожаатларнинг ижобий ечим топишига эришиляпти. Дўстлик туманида бўлиб ўтган сайёр қабул давомида тушган қатор мурожаатлар бўйича мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

Улуғбек МУСТАФОЕВ,
ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши
етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг