Ёшлар муаммоларига ечим топишда кўмаклашиш — асосий вазифамиз

0
30

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама етук, соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда ўсиб-улғайиши учун барча зарур шароит яратилмоқда. Бу шароит ва имкониятлар келажак эгаларини ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши ва юксак марраларни забт этишига куч бағишлаётир.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси “Ёшлар қаноти” амалга ошираётган турли лойиҳалар ёшлар орасига кириб бориш, уларни бирлаштириш, қўллаб-қувватлаш, навқирон авлодда сиёсий етакчилик ва ташаббускорлик маҳоратини оширишга қаратилган. Зеро, келажак эгаларида соғлом фикр ва онгни шакллантириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини бойитиш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, сиё­сий-ҳуқуқий жараёнлардаги иштирокини таъминлаш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этишларига кўмаклашиш ЎзМТДПнинг устувор вазифаларидандир.

ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан партия тизимидаги йирик лойиҳалар доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. “Депутат билан юзма-юз”, “Хизмат — беминнат”, “Уйма-уй” лойиҳалари ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшлар муаммоларини, таклиф ва мурожаатларини ўрганишда ва ижобий ҳал этилишида айни муддао бўлди. Ёшлар фаоллиги остида ўтган “Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасидаги очиқ мулоқотлар кўплаб муаммолар ечими билан бир қаторда аҳолининг депутатга бўлган ишончи ортишида муҳим пойдевор бўлди. Мулоқотларда ёшлар билдирган таклиф-мулоҳазалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг сессиялари кун тартибидан  ҳам ўрин олди. Хусусан, халқ депутатлари Ромитан туман Кенгаши сессиясида туманда болалар спорти объектларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлодни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этишни кенгайтириш борасида болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг амалга оширган ишларини ўрганиш борасидаги масала юзасидан сессия қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, “Туманда фаолият кўрсатаётган ёзги дам олиш оромгоҳларида болалар учун яратилган шарт-шароитлар, мавсумни юқори даражада ҳамда соғломлаштириш дастури бўйича ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ташаббус-масала Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссия йиғилишига олиб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Вобкент туманида “Болалар спорти объектларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этилишини кенгайтириш борасида туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида амалга оширилаётган ишлар ҳақида”ги ташаббус-масала ҳам  туман Кенгаши сессиясида қизғин муҳокама қилинди. Масала юзасидан қарор қабул қилиниб, тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

ЎзМТДПнинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган ўқув курслари ёшларга қўшимча бепул таълим беришда муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур лойиҳа маҳаллаларда яшовчи уюшмаган ёшларнинг интелектуал, ижодий, жисмоний салоҳиятини камол топтиришга кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Туман ва шаҳар партия ташкилотлари томонидан ҳунарманд­чилик ва таълим соҳасида  ана шундай 35 ўқув курси ташкил этилди. Уларга 118 нафар йигит-қиз жалб қилинди. Албатта, мазкур лойиҳа доирасидаги амалий ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.

“Уйма-уй” лойиҳаси юзасидан амалга оширилган ишлар сарҳисобига келсак, маҳаллий Кенгаш депутатлари 2017 йилда уюшмаган 208 йигит-қиз яшаётган хонадонга бориб, уларнинг муаммоларини ўрганди. Ёшларнинг  100 нафари иш билан таъминланди. Мулоқотлар чоғида ёш йигит-қизлар  билдирган таклифлар, муаммолар юзасидан мутасадди ташкилотларга 64 депутатлик сўрови юборилди. Шунингдек, депутатлар кўмагида “Миллийбанк”, ”Қишлоққурилишбанк” ҳамда “Агробанк”нинг шаҳар ва туман филиаллари томонидан ёшларга ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун 55 миллион 800 минг сўмлик имтиёзли кредит олишда амалий кўмак берилди.

Хулоса қилиб айтганда, ЎзМТДП Бухоро вилоят, туман ва шаҳар кенгашларининг “Ёшлар қаноти” фаол­лари ва депутатларнинг ўзаро ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ёш авлодни ҳар жиҳатдан фаол этиб тарбиялаш, ҳаётда ўз ўрнини топишида алоҳида аҳамият касб этади. Бу  эса партиянинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашида, ёшларнинг партия ва депутатга, эртанги кунга бўлган умид ва ишончи ортишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дилфуза  ЯҲЁЕВА,
ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши
 етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг