Ваколатдан унумли фойдаланиляптими?

0
17

“Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш — бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат — фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс”.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлда парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтган бу сўзлари бир ҳақиқатдан дарак беради: аҳоли ва давлат ўртасида кўприк бўлиб, кўпсонли фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, ҳудуд ривожи йўлида жон койитиб ишлаш депутат учун ҳам шараф, ҳам масъулиятдир.

Аслида ҳам ҳудуддаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, аҳоли турмуш фаровонлигига тўсиқ бўлаётган, одамларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиб, ўз ваколати доирасида уларни ҳал этиш чораларини кўриши сайловчи ишончини қозонишнинг муҳим омилидир. Депутат ўзи сайланган сиёсий партиянинг мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг электорати манфаатларини таъминлашда доим қатъиятлилик билан фаолият кўрсатиши, қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатлардан самарали фойдаланган ҳолда аниқ натижага эришишга интилмоғи лозим.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, партия гуруҳлари бугунги давр талабларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини тубдан кучайтиришга, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётир. Жойлардаги мавжуд муаммо ва камчиликлар, турли соҳа ва тармоқлардаги масалаларни ижобий ҳал этишга эътибор қаратиб, бу борада депутатлик сўровларини амалга ошириш, доимий комиссиялар, маҳаллий Кенгашлар сессияларига таклиф ва ташаббуслар киритишда муайян натижаларга эришмоқда. Масалан, 2017 йилда жойлардаги ЎзМТДП гуруҳлари 284 ташаббус-масалани сессиялар кун тартибига киритиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришди. Бу 2016 йилга нисбатан 150 тага кўп. Дарҳақиқат, жойлардаги мавжуд камчилик ва муаммоларни тизимли ўрганиш, уларни сессияга масала сифатида олиб чиқиб қарорлар қабул қилишда маълум бир тажрибага эришилди. Бу эса партия гуруҳларининг давлат ва жамият ҳаётига оид масалаларни ҳал қилишдаги иштироки янада кенгаяётганидан, ташаббускорлиги ортаётганидан далолат беради.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўтган йили маҳаллий Кенгаш сессияларига партия дастурий вазифаларидан, электорат манфаатларидан келиб чиқиб ташаббус-масалалар киритишда барча партия гуруҳлари ҳам ўз ваколатларидан самарали фойдалана олмади. Масалан, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи 2017 йилда сессиялар кун тартибига бирорта масала киритмади. Ваҳоланки, мазкур партия гуруҳи таркибида 13 депутат фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Асака, Хўжаобод, Жомбой, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Пайариқ, Ургут, Қува, Қувасой, Чироқчи туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳам 2016-2017 йилларда Кенгаш сессияларига умуман ташаббус-масала киритмаган. Мазкур партия гуруҳларининг аксарияти таркибида 8-9 депутат борлиги инобатга олинса, уларнинг мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланмагани, сайловчилар ишончини оқлашга ҳаракат қилмагани аёнлашади. Ҳолбуки, сайлов жараёнида ушбу ҳудудларда ЎзМТДП номзодлари сайловчиларнинг қўллаб-қувватлаши, билдирган ишончи эвазига кўпчилик ўринни эгаллаб, депутатлик мақомига эришган.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, депутат бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бир нечта номзод орасидан фуқароларнинг кўп овозини тўплаш, халқ вакили деган номга муяссар бўлиш, албатта, шараф. Аммо қонунчиликда белгиланган ваколат ва ҳуқуқлардан унумли фойдаланмаслик, шу ҳудуд аҳолиси манфаати учун жон куйдириб, ҳаракат қилмаслик аҳолининг нафақат депутатга, балки партияга бўлган ишончини  ҳам сўндирмайдими? Ёхуд юқорида қайд этилган ҳудудларда ЎзМТДП дастурий вазифаларига ҳамоҳанг масалалар, партия депутатлари эътибор қаратиши зарур бўлган муаммолар мавжуд эмасми?

Сессияларга ташаббус-масала киритишда сусткашликка йўл қўйган мазкур партия гуруҳлари фаолияти ЎзМТДП Марказий кенгашининг Пленуми ҳамда тегишли вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотларининг кенгайтирилган йиғилишларида танқидий таҳлил этилди.

— Депутат ва партия гуруҳларининг фаоллиги аҳолининг партияга  бўлган ишончини ошириш ва мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади, — дейди ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Азим Солиев. — Шу боис партия Марказий кенгаши депутатлик бирлашмалари фаолиятини тубдан кучайтиришга, амалий ишлар кўламини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратаётир. Шунга қарамай, ўтган йили вилоятимизнинг 6 туманидаги ЎзМТДП гуруҳлари сессияларга ташаббус-масала киритишда қатъият кўрсатмагани ачинарли ҳол, албатта. Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида айнан ЎзМТДП дастурий вазифаларига мос равишда биргина туризм соҳасини ривож­лантириш, мамлакатимиздаги тарихий обидаларни тиклаш ва таъмирлаш, буюк аждодларимизнинг қадамжоларини обод этиш бўйича олдимизда қанчадан-қанча вазифалар турганини таъкидлаган эди. Жомбой, Каттақўрғон, Қўшработ, Оқдарё, Пайариқ ва Ургут туманларида мазкур йўналиш ва бошқа соҳаларга оид муаммолар бўйича  партия гуруҳларимиз ташаб­бускорликни қўлга олиши, аниқ саъй-ҳаракатларга бош-қош бўлиши мумкин эди. Аммо ҳақиқатан ҳам бу ҳудудлардаги депутатларимизга қатъиятлилик, ташаббускорлик етишмади, улар фаолиятида сусткашликка йўл қўйилди. Бу борадаги камчилик ва фойдаланилмаган имкониятлардан тўғри хулоса чиқариб, 2018 йилги фаолиятимизни жонлантиришга эътибор қаратяпмиз. Сусткашлик қилган партия гуруҳлари ҳамда туман кенгашлари фаолияти жойига чиқиб ўрганилди. Уларнинг сессияларга ташаббус-масала киритишида нима тўсқинлик қилаётгани, қандай кўмак зарурлиги ўрганилди ва шундан келиб чиқиб чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳудудларнинг умумий ҳолати инобатга олиниб, сессияларга олиб чиқиш мумкин бўлган масалалар белгилаб олинди.

Танқид — келажак меваси. Шундай экан, ўз фаолиятимиздаги камчилик ва хатоларни тан олган ҳолда танқидий кўриб чиқа олиш, тўғри хулосага кела билиш — янги марра ва ютуқларга замин ҳозирлайди. Ўз ваколатларидан ўринли ва унумли фойдаланишда сусткашлик қилган, ҳудуддаги масала-муаммоларни илғай олмаган, ўзини минглаб аҳолининг вакили сифатида ҳис қилмаган депутат ва партия гуруҳлари ҳам ўтган йилдаги фаолиятини танқидий кўз билан баҳолаб, ишни янгича талаблар асосида ташкил этиш, халқ ичига янада чуқур кириб бориш ва амалий натижа берадиган ташаббус-масалаларни маҳаллий Кенгаш сессияларига киритишга эътибор қаратиши зарур. Зеро, депутатлик мансаб ёхуд мартаба эмас, одамлар ишончини қозониш йўлида, кенг омма билан ишлашда фидойилик ва масъулиятдир.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
”Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг