Илғор ғоя ва ташаббуслар: рўёбида маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрни яққол сезилиши керак

0
33

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан “ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзоларининг устувор вазифалари” мавзусида уч кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

ЎзМТДП сайловолди Платформаси ва дастурий мақсад-вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда партия гуруҳларининг ролини кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур семинар-тренингда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар фаолиятидаги муаммо ва ечимлар, партия гуруҳларининг ҳуқуқ ва ваколатлари, уларни амалга ошириш механизмлари, ЎзМТДП гуруҳлари фаолиятининг электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида ёритилиши каби масалалар кенг муҳокама этилди, мавзуга доир маърузалар тингланди.

Семинар-тренингда партия Марказий кенгаши раиси, парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов иштирок этиб, маъруза қилди.

—  2017 йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда 2017 йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлисга  Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббус ва белгилаб берилган вазифалар сиёсий партиялар ва депутатлик бирлашмалари зиммасига улкан масъулият юклади. Президентимиз ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талаб­ларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олишини таъкидлади. Бунинг учун биз бугунги давр муаммоларини чуқур англашимиз, халқ орасига кириб боришимиз, партиямиз ғояларини кенг тарғиб қила олишимиз зарур.

Сиёсий партиянинг ўз ғоя ва мақсадларини амалга оширишида, одамлар ишончига киришида депутатлик  корпуси фаолияти муҳим ўрин тутади. Партиямиз ўтган даврда парламент палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардан муносиб ўрин эгаллаш, халқ вакиллари воситасида одамлар орасига янада кенгроқ кириб боришга интилди. Халқ билан бевосита муоқот натижасида фракциямиз аъзолари, партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари жойлардаги давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда хонадонларда бўлиб, ҳақиқий ҳолатни ўргандилар. Уйма-уй юриб ўтказилган мулоқотларда аҳолини ўйлантираётган кўплаб масалаларга жойида ечим топилди.

Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари ташкил этилгани мазкур йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш ва янада самарали натижаларга эришишимизда кенг имконият яратади. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига партиямиздан 54 нафар депутат сайланди, депутатлик ўрни бўйича ЎзМТДП иккинчи ўринни эгаллади. Бу эса, албатта, пойтахт ҳудудидаги масала-муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишдаги иштирокимизни кенгайтиради, партия дастурий ғояларига ҳамоҳанг масалаларни кўтариб чиқиш, электоратимиз манфаатини ҳимоя қилишда муҳим восита бўлади. Шундай экан, ЎзМТДПдан пойтахт туманларига сайланган барча вакил ўз фаолияти давомида фаол, жонкуяр, халқ дарди билан яшайдиган, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни жойида ҳал қила оладиган халқ вакилига айланиши керак. Сиз фаолият юритаётган Кенгашлар “намунали Кенгаш” даражасига кўтарилиши учун барча имконият мавжуд, фақат депутатлик масъулиятини чуқур ҳис этиш, унинг ваколатларидан самарали фойдаланиш, ташаббускор бўлиш талаб этилади, — деди партия етакчиси.

Семинарда ЎзМТДП сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, камчилик ва муаммолар танқидий таҳлил қилинди. Бугунги янгиланиш, изчил ва шиддатли ислоҳотлар даврида ҳар бир депутатнинг  масъулияти, жавобгарлиги ва ташаббускорлигини ошириш лозимлиги қайд этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар кўпроқ электорат билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, аҳолини ўйлантираётган масалалар, долзарб муаммолар ва уларнинг қизиқишларини ўрганиши зарурлиги таъкидланди. Фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, турли даражадаги муаммоларини ҳал этиш ҳамда ҳудудлардаги мавжуд масалаларга ечим топиш юзасидан партия гуруҳларининг сессияларга масала киритишдаги фаоллиги ва ташаббускорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларидаги депутатларга аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, депутатлик ваколатларидан самарали фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

— Бугунги кенг қамровли ислоҳотлар даврида депутатлар зиммасига ҳар қачонгидан-да залворли вазифа ва масъ­улият юкланмоқда, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Азамат Пардаев. — Шундай экан, барча даражадаги депутатлар партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, аниқ таклиф ва ташаббус­ларни илгари суриши, амалий натижага эришиши лозим. Бунинг учун маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз тегишли ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалалар, мансабдор шахслар ва тўрт сектор фаолияти юзасидан самарали депутатлик назоратини ўрнатиши мақсадга мувофиқ. Президентимиз ҳудудлардаги вазият ижобий томонга ўзгарса, бюджет ижроси тўлиқ таъминланса, жиноятчилик камайса, янги иш ўринлари яратилса, энг муҳими, халқимизнинг турмуш даражаси яхшилансагина маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ижобий баҳо бериш мумкинлигини бежиз таъкидламади. Чунки ушбу масалаларда маҳаллий Кенгаш депутатлари асосий ташаббускор сифатида майдонга чиқиши, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари ўзаро ҳамкорликда ишлаши керак. Фаолиятимиздаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, илғор ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Шунингдек, ўзимиз мансуб бўлган партиянинг ҳудудлардаги нуфузини янада кучайтириш ва мустаҳкамлаш муҳим вазифаларимиз сирасига киради.

Семинар-тренингда партия ташкилотларининг депутатлик бирлашмалари билан ҳамкорлигини кучайтириш истиқболлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг депутатлик сўровини амалга ошириш тартиби, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлиги, партия гуруҳларининг маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларини шакллантиришдаги иштироки масалалари ва соҳага оид муаммолар атрофлича муҳокама этилди. Партия гуруҳларининг маҳаллий Кенгашлар сессиясига ташаббус-масала киритиш механизми юзасидан амалий машғулотлар ўтказилди. Ушбу амалий семинар-тренингдан кўзланган мақсадлар бўйича
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бош­лиғи Дониёр Тошбоев, ЎзМТДП фракцияси аъзолари Элдор Туляков, Жаҳонгир Ширинов, Муҳтабар Ҳусанова маъруза қилди.

Семинарнинг учинчи куни иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколатлари, уларни амалга ошириш механизмлари юзасидан амалий машғулотлар ўтди. Ўзаро фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашилиб, илғор иш услубларини партия гуруҳлари фаолиятига татбиқ этишга келишиб олинди.

Муҳтабар ҲУСАНОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Cеминар-тренингда асосан, партия гуруҳлари фаолияти самарадорлигини оширишга эътибор қаратилди. Айниқса, пойтахт туманлари Кенгашларида яқинда иш бошлаган депутатлар учун бу каби амалий, жонли тренинг­лар малака ошириш, иш тажрибаларини бойитишда муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда ЎзМТДП ўзининг устувор вазифаларидан бўлган маданият ва туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини танқидий таҳлил қилган эди. Партия ўтган қисқа фурсат ичида Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида улар билан ҳамкорлик Меморандумини имзолади. Шунингдек, ҳар иккала вазирлик ва қўмитанинг ҳудудлардаги бошқармалари ва вакиллиги билан ўзаро ҳамкорликда ишлашга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди. Таъкидлаш жоиз, ушбу тизим Тошкент шаҳрида ҳам самарали ишлаши ва, албатта, бунда ҳар бир туман Кенгашидаги депутатлар фаолияти натижаси сезилиши лозим. Партия гуруҳларининг ҳар бир йўналишдаги  фаолиятини юқори босқичга кўтаришда биз фракция аъзолари изчил ҳамкорликда иш олиб борамиз, бу, ўз навбатида, уларнинг жамиятимиздаги ўрни, мавқеи мустаҳкамланишига замин яратади.

Ҳанифа ЗОКИРОВА,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи:

— Давлатимиз раҳбари 12 июлдаги видеоселектор йиғилишидаги  маърузасида сиёсий партиялар депутатларининг иш услубини такомиллаштириш мақсадида жойларда “Марказ — вилоят — туман” тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этиш, қонун ҳужжатларини жойларга етказиш ва ижросини таъминлашда сиёсий партияларнинг ўрни сезилмаётганлигини таъкидлаган эди. Бугунги кунда айнан шу мақсадда, яъни партиямиз фаолиятида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамкорлигини таъминлашга йўналтирилган  “Марказ — вилоят — туман” тизими жорий қилинди. Семинарда ушбу тизим ҳали талаб даражасида эмаслиги, унинг янгича, замонавий усулларини амалиётга жорий қилиш олдимизда турган долзарб вазифа эканлиги таъкидланди. Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари аъзолари ҳам мазкур йўналишда фаол иштирок этиши лозим.

Дилшод ИСОМИДДИНОВ,
халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман
Кенгашига ЎзМТДП
дан сайланган депутат:

— Партия Марказий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган мазкур семинар-тренинг биз депутатларнинг келгуси фаолиятимиз учун ҳар жиҳатдан фойдали бўлди. Чунки семинарда тақдим этилган маъруза ва слайдлар воситасида депутатлик фаолиятини қандай қилиб самарали ташкил этиш мумкинлигини амалий тажрибалар мисолида кўрдик, ўргандик.

Маълумки, ўтган йили Президент Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига келган мурожаатларнинг аксарияти пойтахт аҳолисидан тушган. Бу кўпсонли шаҳар аҳолисини ўйлантираётган муаммо ва масалалар талай эканлигини, шу боис биз халқ вакиллари ҳам бор куч ва имкониятимизни ишга солиб, ваколатлардан самарали фойдаланган ҳолда фидойи бўлишимиз лозимлигини кўрсатади. Қонун ва қарорларнинг ҳудуддаги ижросини таъминлаш,  мавжуд камчилик ва муаммоларни тизимли ўрганиш, уларни сессияга масала сифатида олиб чиқиб, қарорлар қабул қилишда ташаббусни қўлга олишимиз керак.

Акмал РЎЗИТОЕВ,
халқ депутатлари Яшнобод
туман Кенгаши депутати:

— Семинар-тренингда бугунги кун кишиси, хусусан, биз депутатлар ҳам  давр тараққиёти, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда Интернет ва ижтимоий тармоқлар имкониятидан унумли фойдаланишимиз лозимлигини яна бир бор чуқур ҳис этдик. Партия етакчиси маҳаллий Кенгаш депутатлари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, фаолиятлари ҳақида сайловчиларни хабардор этиб боришини, шунингдек, аҳоли мурожаатларини ўрганишини самарали усуллардан бири сифатида қайд этди. Дарҳақиқат, бугун аҳоли, сайловчилар ўз вакилларини нафақат учрашувлар ёки телерадио дастурларида, балки ижтимоий тармоқларда “онлайн” режимида кўришлари, уларга мурожаат юборишлари мумкин. Шу боис халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги халқ вакиллари ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўлишимиз, фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ва мурожаатларини тезкор ўрганиш ва ҳал этишга эътибор қаратишимиз лозим. Зеро, ижтимоий ҳаётда “онлайн депутат” тушунчаси амалиётга татбиқ этилаётгани ҳам депутатга, ҳам сайловчига қулай ва тезкор имконият яратади.

Рухшона ХУДОЁРОВА,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси
девони етакчи мутахассиси:

— Ўтган 2017 йилда партия ёшлар масаласи, айниқса, уюшмаган йигит-қизлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратди. Масалан, ҳисобот йилида партия Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар билан яқиндан иш олиб борилгани натижасида мазкур ҳудудларда турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, ўқимайдиган, тайинли бир машғулотга эга бўлмаган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар аниқланиб, маълумотлар базаси шакллантирилди ҳамда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шу ўринда савол туғилади: ҳар бир партия гуруҳи аъзоси ўзи сайланган, яшаётган ҳудуддаги ёшлар билан боғлиқ жиноятчилик, турли оқимларга кириб кетиш, ишсизликка доир муаммолардан бугун қай даражада хабардор? Бу билан шуни таъкидламоқчимизки, ёш авлод вакиллари масаласига янада жиддий эътибор қаратиш, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни маҳаллий Кенгаш сессияларига олиб чиқиб, ҳал этишга ҳисса қўшиш депутатлар зиммасидаги энг муҳим вазифа саналади. Бундан ташқари, халқ вакиллари бугун ёшлар кўп вақтини сарф этаётган Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали улар билан интерактив алоқа тизимини йўлга қўйиши, партия “Ёшлар қаноти” фаолиятини янада кучайтиришга кўмаклашиши айни муддао.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
”Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг