ЎзМТДП мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг қонун: ижросини таъминлаш партия депутатлик бирлашмалари зиммасига катта масъулият юклайди

0
16

XXI асрга ахборот асри дея таъриф берилаётгани бежиз эмас. Чунки  бугун ахборот алмашинуви шу даражада тезлашдики, дунёнинг нариги бурчагида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар шу заҳотиёқ бу қисмида акс-садо бермоқда. Ахборотга бўлган қизиқиш ортгани сари, уни етказиш механизм ва технологиялари ҳам кенгайиб боряпти. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида Интернет, телевидение ва радио маҳсулотлари узатилишида янада қулай имкониятлар яратилаётир, босма нашрларнинг янги шакл ва турлари пайдо бўлмоқда.

Бироқ таёқнинг икки учи бўлганидек, ахборот маконида фойдали ахборотлар билан бир қаторда зарарли ахборотлар оқими ҳам мавжудлигини инкор эта олмаймиз. Бундай зарарли ахборотлардан халқимизни, айниқса, болаларимизни ҳимоя қилишимиз бугунги кунда кечиктириб бўлмайдиган долзарб масала ҳисобланади. Ўсиб келаётган ёш авлодни уларнинг саломатлигига, ҳаётига ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган ахборотлардан асрашни назарда тутувчи “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мазкур масалани ҳукумат даражасида тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонунда бузғунчи ғоялар билан болаларнинг руҳияти, ҳаётига ва саломатлигига зиён етказувчи ахборотлар тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлаш масалалари ўз ифодасини топган. Шунинг­дек, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш борасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг иштироки ҳамда улар томонидан жамоатчилик назоратини кучайтириш назарда тутилган.

Мазкур ҳужжат том маънода келажагимиз эгалари бўлмиш болаларнинг соғлиғини муҳофаза этишга қаратилган. Бинобарин, қонуннинг 3-моддасида унинг амал қилиши илмий, илмий-техникавий, статистик ахборотни ўз ичига олган ёки жамият учун тарихий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматга эга бўлган ахборот маҳсулотининг айланиши соҳасидаги муносабатларга татбиқ этилмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.

Қонунда ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи ва ёш тоифаларини белгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир. Бу жамиятимиз ҳаётида янгилик бўлиб, эндиликда оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар, блогерлар, реклама воситалари ҳамда бошқа турдаги ахборот каналлари орқали тарқатилаётган ахборотларда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотдан ҳимоя қилиш мақсадида 0+, 7+, 12+, 16+, 18+ ёзувлари акс эттирилиши шарт. Қонунга кўра, ёшга оид таснифни белгилаш ахборот маҳсулотини ишлаб чиқарувчилар ва тарқатувчилар томонидан, шу жумладан, экспертларни жалб этган ҳолда мамлакатимиз ҳудудида тарқатиш бошлангунга қадар амалга оширилади. Яъни, қонун кучга кириши билан ҳар бир ахборот тарқатувчи фуқаро ҳушёрликка амал қилган ҳолда ўзлари ёки бу соҳадаги экспертларнинг хулосасига кўра тарқатилаётган ахборотга ёш тоифасини қўйишлари керак бўлади.

2017 йилнинг 9 сентябрь куни қабул қилинган мазкур қонун жорий йил 9 мартдан бошлаб кучга киради. Унинг ижросини таъминлашда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари, депутатлар фаол иштирок этиши зарур. Чунки партия сайловолди Платформасида ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилишга кўмаклашиш вазифалари белгиланган. Халқимизга ёт ва ёш авлод онги учун зарарли бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ёшларни муҳофаза қилиш мақсадида уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш партиямизнинг устувор мақсад-вазифаларидан саналади. “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган мақсадлар, аниқ чора-тадбирлар ЎзМТДП дастурий вазифаларига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, унинг ижросида муҳим ўрин тутади. Шу боис ЎзМТДП депутатлик бирлашмалари мазкур қонуннинг тўлақонли ишлаши учун зарур бўладиган қонуности ҳужжатлари ўз вақтида қабул қилиниши устидан мониторинг олиб бориши, унинг ижросини назорат қилиши, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиши лозим.

Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг